Линклар

Шошилинч хабар
21 сентябр 2019, Тошкент вақти: 23:00

Президентга кўз-кўз қилиш учун Бўкада салкам $100 000 га стадион қурган тадбиркорга бир тийин ҳам берилмади


Мирзиëев 1 июнь куни бориб кўрган Бўстон маҳалласидаги "Ëшлар боғи"ни қуриш 31 май тунда тугаган.

Шавкат Мирзиëев кўриши учун Бўканинг Бўстон маҳалласида 710 миллион сўмга (15 июлдаги курс билан 82712 доллар) футбол майдони ва «Ëшлар боғи»даги баскетбол, волейбол ва стол тенниси майдончалари қурган ширкат ҳанузгача ҳукуматдан бир тийин ҳам пулини ололмаган.

Буюртмачиси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги бўлган бу майдонларни қуришда етти кунлаб тинимсиз ишлаган 30 дан ошиқ ишчи номидан Озодликка гапирганлар шундай деди.

Маълум бўлишича, Спорт вазирлиги¸ ëки бу жараëнни расмийлаштириш топширилган Ягона буюртмачи хизмати инжиниринг компанияси ўртасида 15 июлга қадар ҳам ҳеч қандай расмий шартнома имзоланмаган.

Стадионлар эса¸ 31 май куни¸ яъни бир ярим ой аввал қуриб топширилган¸ 1 июнь куни президент Мирзиëевга кўз-кўз қилинган.

Ишчиларнинг Озодликка айтишича, ўзларини ëллаган “SDKS-CREAT”қурилиш фирмаси ҳукумат расмийларининг оғзаки ваъдасига ишониб¸ пулини ололмагани ортидан қурилиш молларини насияга олган дўконлар ва ëлланма ишчилар олдида катта қарзга ботган.

Стадион ва спорт майдончалари буюртмачиси бўлган вазирлик расмийси Озодликка пулнинг Ягона буюртмачи хизмати инжиниринг компаниясига ажратилганини билдирди.

Бу компания расмийси эса¸ 31 май куни фойдаланишга топширилган футбол стадиони ва «Ëшлар боғи»даги универсал спорт майдони учун айни кунларда лойиҳа- ҳужжатлар тайëрланаëтганини айтди¸ аммо қурилиш фирмасига пулнинг қачон берилишига аниқлик киритмади.

Кечаю кундуз ишлаб¸ бир тийин ҳам ҳақ ололмай юрган қора ишчилар

Озодлик гаплашган бўкаликларнинг айтишича¸ ўзининг беш ташаббуси Бўкада қандай амалга оширилаётганини президент келиб кўрармиш¸ деган гап чиқиши ортидан тумандаги қатор маҳаллалар¸ хусусан¸ Бўстон маҳалласи бузилиш-қурилиш майдонига айланган.

Президентга ташаббусларининг қанчалар буюк экани¸ унинг «Бўка қиëфаси ва Бўка ëшлари ҳаëтини» тубдан ўзгартирганини кўрсатиш учун Спорт вазирлиги Мирзиëев борадиган Бўстон маҳалласида футбол стадиони ва бошқа спорт майдончалари қуришни бошлаб юборган.

"Ëшлар боғи"да қурилган баскетбол майдончаси
"Ëшлар боғи"да қурилган баскетбол майдончаси

8 апрелдан то 31 майга қадар бу ерда ўнлаб ëлланма ишчи¸ уларнинг таъбири билан айтганда¸ "кечаю кундуз ишлаган".

15 июль куни Озодликка мурожаат қилган бу ишчилар вакили¸ ҳозирга қадар қурилиш фирмасидан ҳақини ололмаëтганини айтади.

«Қурилиш даврида кечаю-кундуз оиламизни боқиш учун тинмай ишлаб¸ иш хақимизни ололмасдан сариқ чақасиз қолдик. Қурилиш фирмаси раҳбари Суҳробдан ҳақимизни сўраб борсак икки ойдан буён бир хил баҳона - “Мен бу қурилиш учун бир сўм пул олмаганман, ҳаммасини раҳбариятнинг ваъдаларига ишониб қарзга бажарганман, мени хам икки ойдан бери қоп-қоп ваъдалар билан алдаб келишмоқда ”деб бизларни ишонтириб келмоқда»¸ деди Озодлик гаплашган ëлланма ишчилардан бири.

Бу суҳбатдошларга кўра¸ қурилиш фирмаси нафақат ўзлари¸ балки Бўкадаги кўплаб қурилиш дўконлари¸ шунингдек¸ субпудратчи фирмадан ҳам катта қарз бўлган.

«Дўконлардан насияга цемент¸ бўëқ¸ томга ëпадиган нарсалар олган. Улар ҳам пулини сўраб юрипти. Ҳар кун борамиз Суҳробдан пулимизни сўраб. Уям пулимни беришса¸ қарзимни тўлайман¸ дейишдан бошқа гап айтмаяпти»¸ дейди қурувчилардан бири.

Бўстон маҳалласида қурилган футбол стадиони
Бўстон маҳалласида қурилган футбол стадиони

Озодлик Бўка туманидаги “SDKS-CREAT”қурилиш фирмаси раҳбари Суҳроб Бобохўжаевнинг ўзи билан боғлана олмади. Аммо бу ширкатнинг Бўстон маҳалласида қилган ишлари тафсилотидан яхши хабардор бўкалик мулозимлардан бири¸ шахси очиқланмаслик шарти билан¸ ëш тадбиркорнинг ҳукумат амалдорлари томонидан чув туширилганини тасдиқлади.

«Бу бола қурилиш соҳасига яқинда кирган. Президент Бўкага келаркан¸ деган гап чиқиши билан ҳамма ëқ остин-устун бўп кетди¸ бузиб-қуриш бошланиб кетди. Беш ташаббусга кирган стадионларни кўраркан¸ дегани учун Спорт вазири ҳам югуриб Бўкага келди. Туман ҳокимлиги чақирган қурувчи фирма бошлиқлари орасида бу бола ҳам бўлган. Спорт вазири май ойи охиригача стадион ва спорт майдончаларини қура оласанми¸ деганда¸ «Ҳа¸ пулини берсангиз¸ қураман»¸ деган. Бу гапнинг эртасига на шартнома¸ на лойиҳа¸ на смета бор¸ унга давай-давай бошланган. «Вақт тиғиз¸ президент кеп қолади¸ сан қурилишни бошлайвер¸ ҳужжатлаштириш параллел бўлади»¸ дейишган. Шу гапларга ишониб¸ бу бор пулини тикиб¸ иш бошлаган. 15 кунлардан кейин¸ қани шартнома¸ қани пул¸ қарзга кирдим деса¸ энди тўхтатсанг, пулингни вообше оломайсан¸деган босим бўлган. Шу билан Шерзод деган шериги билан 31 майга стадионларни қуриб топширган. Лекин ҳозиргача на шартномаси бор қўлида¸ на пул»¸ дейди қурилиш фирмаси вазиятидан яхши хабардор бўкалик мулозим.

1 июнь куни Шавкат Мирзиëевнинг Бўка туманига қилган сафарини ëритган президент матбуот хизмати «Бешта ташаббус Бўка қиёфасини тубдан ўзгартирди» сарлаҳвали мақола ëзиб¸ унга айнан Бўстон маҳалласида “SDKS-CREAT” ширкати спорт майдончалари қурган «Ëшлар боғи» суратини ҳам илова қилди.

«450 томошабинга мўлжалланган “Бўстон арена” стадиони реконструкция қилинди. Болалар ва ўсмирлар спорт мактаби балансига ўтказилган стадионда барча зарур шароитлар яратилган. Бу ерда 100 дан зиёд ўқувчи-ёш футбол билан шуғулланади»¸ деб ëзди президент матбуот хизмати ҳалигача пули тўланмаган бу стадион ва майдончалар ҳақида.

20 апрель куни президентнинг тўнғич қизи Саида Мирзиëева эса отасининг бешта ташаббусини Бўка туманида жорий қилиш бўйича республика ва туман секторлари ишчи гуруҳлари билан биргаликда белгиланган ишларни амалга ошириш жараёнида бевосита қатнашгани ва бораëтган ишларини кўриб қайтгани ҳақида хабар берган эди.

Мирзиëевнинг тўнғич қизи Саида Мирзиëева 20 апрель - президент бориши учун Бўкада бузиш-қуришлар бошланган кунларда туманга бориб¸ қилинаëтган ишларни "кўздан кечирди".
Мирзиëевнинг тўнғич қизи Саида Мирзиëева 20 апрель - президент бориши учун Бўкада бузиш-қуришлар бошланган кунларда туманга бориб¸ қилинаëтган ишларни "кўздан кечирди".

Спорт вазирлиги изоҳи

Озодлик Бўкада футбол стадиони ва «Ëшлар боғи»даги спорт майдончалари буюртмачиси ва эгаси бўлган Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги амалдорлари билан боғланди.

Стадион қурилиши тепасида республика даражасидаги амалдорлар турган.
Стадион қурилиши тепасида республика даражасидаги амалдорлар турган.

Бўкадаги қурилишларга бевосита масъул бўлган вазирлик мулозими 15 июль куни Озодликка¸ бу объектлар учун қурилиш ширкатининг ҳозиргача бир тийин ҳам ҳақ олмаганини тасдиқлади.

«Бу иш жуда срочно бўлди. Шу кунларда, мана энди ҳужжатларини тайëрладик¸ ҳамма қарорлар чиқди¸ адресний дастурлар тасдиқланди. У фирма проектни тайëрлади¸ экспертизасига вақт кетди. Нотўғри қилиб келган экан¸ қайтадан тайëрла¸ дейилгани учун вақт чўзилди. Бу жараëн Ягона буюртмачи компанияси орқали кетади. Ягона буюртмачи у билан шартнома қилганми-йўқми¸ хабарим йўқ. Лекин пули чиққан¸ ҳужжатлари ҳал бўлса¸ олади”¸ деди стадионлар буюртмачиси бўлган Спорт вазирлиги расмийси.

Май ойида қуриб топширилган стадионга шартнома ва лойиҳа июль ойида қилинадими?

Озодликка маълум бўлишича¸ Бўкадаги стадионларни қурган “SDKS-CREAT” ширкати билан улар буюртмачиси Спорт вазирлиги¸ ëки бу жараëнни расмийлаштириш топширилган Ягона буюртмачи хизмати инжиниринг компанияси ўртасида 15 июлга қадар ҳам ҳеч қандай расмий шартнома имзоланмаган.

Стадионлар эса¸ 31 май куни¸ яъни бир ярим ой аввал қуриб топширилган¸ 1 июнь куни президент Мирзиëевга кўз-кўз қилинган.

Қурилишлар нархи¸ вазиятга бевосита алоқадор бўкалик мулозим тақдим қилган ҳужжатларга кўра¸ 710 миллион сўм.

Бунча катта суммадаги қурилиш¸ қандай қилиб шартнома¸ лойиҳа ва смета имзоланиб¸ тегишли идоралар тасдиғидан ўтмасдан туриб амалга оширилди?

Озодлик шу савол билан Тошкент вилояти ҳокимлиги ҳузуридаги Ягона буюртмачи хизмати инжиниринг компанияси расмийларига мурожаат қилди.

"Ëшлар боғи"
"Ëшлар боғи"

Матбуотга гапириш ваколати йўқлиги боис исми очиқланмаслигини сўраган мулозимлардан бири¸ “кечаю кундуз тинимсиз ишлаб¸ президент келишига стадионларни ясатиб берган қора ишчиларнинг пулсиз қолдирилганидан” виждони қийналаëтганини айтди.

Қурилиш соҳасининг ҳар-хил талаблари бор. Проект экспертизадан ўтиши керак¸ танлов-манлов деган нарсалари бор. Ҳозир шу ҳужжатлар расмийлаштирилаяпти. Пул ажратилган¸ лекин уни беришга ҳали ҳужжатлар тайëр эмас”¸ деди бу мулозим.

Бундай ҳужжат ишлари¸ хусусан¸ танлов¸ проект-смета ва шартнома қурилиш бошланмай туриб қилиниши керак бўлган жараëнку¸ май ойида топширилган объект ҳужжатлари нега июлда қилинаяпти?”¸ деган саволга бу мулозим содда изоҳ берди.

Президент келади¸ деса бўлди¸ катта раҳбарлар келиб¸ срочно буни қиласан¸ уни қиласан¸ деб буйруқ бериб кетади. Бўкага президент ташриф қилади¸ деб қолишди. Бу стадионлар на режада бор¸ на унга пул бор эди. Йўқ жойдан¸ эртага иш бошлайсан¸ май охиригача қуриб битирасан¸ ҳужжатлар кейин ҳам бўлаверади¸ дейишди. Тўғри¸ қурувчи фирма стадионларни 31 май куни топширган¸ лекин ҳали ҳужжатлаштириш тугамади. Тезроқ битказиб¸ тезроқ беришга ҳаракат қиламиз”¸ деди Ягона буюртмачи хизмати инжиниринг компанияси мулозими.

Айни пайтда бу суҳбатдош¸ ҳужжатлаштириш жараëнининг айнан қачон тугаши¸ қурилиш фирмасига у сарфлагани айтилаëтган 710 миллион сўмнинг тўлиқ берилиш-берилмаслиги ҳақида аниқ гап айта олмаслигини билдирди.

Бўлмаган танлов ҳақидаги сохта ҳужжат

Тошкент вилоят ҳокимлигининг қурилиш соҳасига алоқадор мулозимларидан бири Озодликка “SDKS-CREAT”қурилиш фирмасига пул бериш учун қилиниши керак бўлган қатор процедуралар борлиги¸ улар олдиндан ўтказилмагани боис¸ бу иш айни кунларда қилинаëтганини тушунтирди.

Шундай меъëрий талаблардан бири¸ қурилиш учун тендер-танлов ўтказиш ва унда ўз лойиҳаси билан қатнашганлар орасидан¸ энг мақбулини танлаб олишдир.

Бўкада президентга кўрсатиш учун қурилган стадионлар қурилиши бошланганидан уч ой ўтиб¸ 11 июль куни бу жараëнга масъул Ягона буюртмачи хизмати инжиниринг компанияси Бўстон маҳалласида аллақачон қуриб битирилган футбол стадионини қуриш учун пудрат ташкилотини аниқлаш бўйича ўтказилган “танлов баëнномаси”ни қабул қилган.

Озодликка вилоят ҳокимлиги мулозимларидан бири томонидан тадқим этилган бу баëнномада¸ саккиз кишилик комиссия “SDKS-CREAT” қурилиш фирмасини ўтказилмаган танлов ғолиби деб топган.

Баëнномада¸ 31 май куни президентга топширилган стадион қурилишининг 90 кун ичида битирилиши ва унинг бошланғич нархи 710 миллион сўм бўлиши ëзилган.

Тошкент вилоят ҳокимлиги мулозимининг айтишича¸ “сохта танлов ҳақидаги сохта баëннома ҳақиқий ҳужжат деб қабул қилинадиган бўлса¸ на қурувчи ширкат ва на ундан ҳақини сўраëтган қурувчи ва дўкончилар яна камида уч ой пулини ололмасликлари эҳтимоли катта”.

Шавкат Мирзиëев "девор ортида нима борлигини билади"¸ аммо...

Ислом Каримов даврида 13 йил Бош вазир бўлиб ишлаган Шавкат Мирзиëев марҳум президентнинг вилоятларга қиладиган сафарига тайëргарликлар¸ хусусан¸ Каримов учун "Потëмкин қишлоқлари" қурилишига бош-қош бўлган.

Президентликка янги келган пайтларида Мирзиëев маҳаллий ҳокимларга бундай "кўзбўямачиликлар технологияси"дан яхши хабардорлигини бир неча бор эслатган.

Хусусан¸ 2018 йилнинг 13 апрель куни Сирдарё вилоятининг Сайхунобод туманидаги йиғилишда Мирзиëев ўзининг вилоятларга қилаëтган сафари олдидан қилинаëтган кўзбўямачиликларни танқид қилган ва маҳаллий ҳокимлардан бу ишларни тўхтатишни сўраган эди.

Мен осмондан пайдо бўлиб, тушиб келмайман: бир кун олдин қайси вилоятга ташриф буюришим ҳақида маълумот етказилади. Лекин, кўп жойларда кўзбўямачиликка йўл қўйилмоқда. Очиғи, менга бу ноқулай, менда нафрат уйғотмоқда. Ўқитувчиларни мажбурлаб чиқариб қўйиб, ободонлаштириш, уларга кўча супуртириш, тайёргарлик​ка жалб этиш - сиёсатга хиёнат. Бу ҳаракатлар фақат менга эмас, сиёсатга ҳам хиёнат.

Мен девор ортида нима борлигини, Ўзбекистонда қайси кўча супурилгани ё ободлигини жуда яхши биламан. Битта нарсани айтмоқчиман: йўлни супурганингиз билан ҳеч нима ўзгармайди, одамлар раҳмат демайди, лаънат айтади”¸ деган эди президент 13 апрель кунги чиқишида.

Кейинги ойлар давомида Мирзиëевнинг жойларга ташрифлари чоғида¸ у ҳокимиятга келгандан сўнг ўзбекистонликлар ҳаëтининг қанчалик яхшиланганини кўрсатиш учун уюштирилаëтган кўзбўямачиликлар ҳақида Озодликка келаëтган маълумотлар кўпайиб бормоқда.

Хусусан¸ Мирзиëевнинг вилоятларга қилаëтган сафарлари давомида қурилиши битмаган саноат ва хизмат объектларининг ишга туширилгани ва ҳужжатда бошқа одамларга сотилган уйларнинг кам таъминланган оилаларга президент совғаси сифатида топширилгани тасвирга олиниб¸ миллий ва маҳаллий телеканалларда халққа намойиш этилмоқда.

Бундай кўзбўямачиликлар ҳақидаги Озодлик хабарлари Ўзбекистон ичкарисида катта резонансга сабаб бўлаëтганига қарамай¸ "ўзининг ҳамма нарсадан хабардорлиги"ни таъкидлаëтган президент ҳозирга қадар бундай амалиëт учун бирор ҳокимни жазоламади.

Шарҳларни кўринг (7)

Бу форум ёпилган

Алоқадор

XS
SM
MD
LG