Линклар

Шошилинч хабар
01 июн 2023, Тошкент вақти: 21:43

“Озод юртда совет меросига ўрин йўқ!” Латвия СССР даври ҳайкалларини йиқитмоқда


Латвия пойтахти Ригада совет аскарига қўйилган ёдгорлик. Бу йил 9 майда ёдгорлик мажмуаси атрофи Украина байроқлари билан безатилди.

Латвия совет даври қолдиқлари – ҳайкал ва ёдгорликлардан воз кечмоқда. Пойтахт Рига маъмурияти совет жангчиларига қўйилган ҳайкални қўпориш қарорини олиб бўлди: ўтган жума куни шу ва бошқа совет ёдгорликларидан воз кечиш ташаббусини қўллаб-қувватлаб 5 мингдан зиёд киши намойиш қилди.

Намойишчилар ҳукуматдан Ригадаги ҳайкал билан чекланмай, мамлакат ҳудудидаги СССРдан қолган барча ёдгорликлар рўйхатини тузишни ва уларни демонтаж қилишни, шунингдек совет мулозимлари исми қўйилган кўчалар, майдон ва хиёбонлар номини ўзгартиришни талаб қилишмоқда. Латвиянинг бошқа шаҳарларида Ригадан ўрнак олиб, “совет босқини рамзлари” дея яқин ўтмишга оид ҳайкалларни бузиб ташлаш ёки кўчириш бошлаб юборилди.

“Озод Латвияда совет даври меросига жой йўқ! Бу ҳайкаллар совет армиясининг жиноятларини ҳам улуғлайди. Бу биз учун озод бўлиш эмасди, бу бир неча ўн йил давом этган оккупация эди”, дейди намойиш иштирокчиларидан бири – Матисс исмли ригалик йигит.

Аксар намойишчилар Россия февраль ойида Украинага қарши бошлаган уруш уларнинг фикрини кескин ўзгартирганини тан оладилар.

“Шу йилгача совет жангчилари ҳайкалларининг мен учун на иссиғи, на совуғи бор эди. Турса тураверсин, шуларга қараб ўлган яқинини хотирлайдиган одамлар бордир, деб ўйлардим. Бироқ ҳозирги вазиятдан келиб чиқадиган бўлсак, бунақа ҳайкалларга бизда ортиқ жой йўқ. Биз – ҳур мамлакатмиз, совет анъаналарини улуғламаслигимиз керак”, дейди Гита исмли намойишчи.

“Ригадаги ушбу ёдгорлик – қўшни мамлакат агрессияси рамзидир. Биз, латвияликлар унинг пойига гул қўйган одамни босқинчилик уруши дастакчиси деб тушунамиз. Бунақаларнинг мана шу истилочи аскардан фарқи йўқ”, дея ҳайкални қўпориш ғоясини маъқуллайди норозилик акцияси қатнашчиларидан Интарс Решетинс.

Латвияда совет даври меросидан фориғ бўлиш ҳаракатининг биринчи тўлқини 90-йиллардаёқ, яъни мустақиллик тикланганидан сўнг кузатилган эди. Ўшанда барча шаҳарларда Ленин ҳайкаллари қулатилган, унинг номи билан аталувчи кўчалар қайта номланган. Мисол учун, Ригадаги Ленин кўчаси Бривибас (Озодлик) кўчаси бўлди. Эндиликда совет меросидан воз кечишнинг иккинчи тўлқини кечмоқда – фаоллар, жумладан, Ригадаги Москва хиёбонини Латгаль хиёбони деб ўзгартиришни талаб қилишаётир (мазкур қарор шаҳар маъмурияти томонидан аллақачон маъқулланган).

Совет халоскор жангчилари монументини ҳаракат аъзолари “босқинчилик ҳайкали” деб аташади: зеро Иккинчи жаҳон уруши якуни кўплаб латвияликлар учун айнан СССР ҳокимияти остига ўтишнинг бошланиши бўлган. Бироқ, мазкур нуқтаи назарни ҳамма ҳам ёқламайди. Аҳолининг бир қисми, асосан русийзабон латвияликлар халоскорлар ҳайкалини ғалаба рамзи деб биладилар: ҳар йили 9 май куни ўн минглаб одам ҳайкал ёнига келади. Дунёқараш ва маслакдаги мана шу тарқоқлик Латвия жамиятининг чуқур оғриқларидан биридир.

Май ойи бошларида Латвия парламенти Россия билан тузилган ҳарбий ёдгорликлар ва хотира белгиларини сақлашга доир шартномадан чиқди. Бу – Риганинг Ғалаба боғидаги ҳайкални қўпориб ташлаш йўлидаги барча юридик тўсиқлар бартараф этилганини билдиради.

Рига маъмурияти ёдгорликни олиб ташлаш қарорини қабул қилиббўлган, ҳозирда демонтаж лойиҳаси ишлаб чиқилмоқда – барча ишлар йил охиригача тугатилишига ваъда берганлар. Жума кунги намойиш қатнашчилари ҳайкални мумкин қадар тезроқ бузишни талаб қилишди. Айни чоғда Россия Федерацияси Ташқи ишлар вазирлиги Латвияга расмий норозилик нотаси йўллади: Россия томони зарарни тўлиқ қоплашни, жумладан, ёдгорликларни бус-бутун сақлаш тўғрисидаги битимдан чиққанлик учун товон тўлашни талаб қилмоқда. Латвия ТИВ раҳбари Энгар Ринкевич “Твиттер”даги саҳифасида ушбу нотага жавобан: “Россия совет даври ҳайкали учун компенсация эмас, шимилдириқ олади”, деб ёзди.

“Бу ҳайкал менда фақат нохуш ҳислар уйғотади. Бу ғазаб ва кўнгилдан ҳануз ўчмаётган алам ҳисларидир, – дейди Грата исмли намойишчи қиз. – Ҳар йили 9 май куни бу ердаги ҳолатни кўрганимда бизнинг мамлакатимизда нечук бунақа ишлар бўлиши мумкин, дея ажабланаман!”

Сиёсатшунос Филипп Раевский Ригадаги мазкур ёдгорлик “урушга топиниш ақийдасининг бир қисмига айланган”ини айтади: “Тўққизинчи майни одамлар ўтганларни хотирлаш ва ўта босиқлик билан нишонлашади, чунки бу ғалаба жуда қонли ва ниҳоятда оғир бўлган. Шундай кунни базмга айлантиришди. Ҳа, 9 май куни ҳайкал теварагида бўладиган воқеаларни бошқача аташ мумкин эмас: кабобхўрлик, маишат, ўйин-кулги, мушакбозлик ва ҳоказо”.

Ижтимоий тадқиқотларга кўра, Латвия аҳолисининг қарийб 70 фоизи Ригадаги совет жангчилари ҳайкалини олиб ташлаш тарафдори ёки ёдгорлик тақдирига мутлақо бефарқ. Аммо маҳаллий “Латвия Руслар иттифоқи” россияпараст партияси фаоллари монументнинг демонтаж қилинишига қарши чиқишмоқда. Улар норозилик акцияси ўтказмоқчи бўлишган эди, суд қарори билан буни тақиқлаб қўйишди. “Латвия Руслар иттифоқи” Латвия ҳукуматини атай рус миллатли аҳолига қарши ҳаракат қилаётган миллатчилар тўдаси деб атайди.

“Бу ишлар яхшиликка олиб бормайди, Шимолий Ирландия бўлади, асрлар бўйи давом этадиган нафрат ва адоват туғилади. Набираларимиз фақат латиш тилида гапиришга мажбур этилган тақдирда ҳам бу ранж-алам аримайди!” дея огоҳлантиради Рига думаси депутати Мирослав Митрофанов.

Латвиянинг бошқа шаҳарларида ҳам совет меросидан воз кечилмоқда: чунончи, хиёбон ва боғлар совет жангчиларига қўйилган хотира ёдгорликларидан тозаланмоқда. Рига яқинидаги Мадлиена шаҳарчасида маҳаллий депутатлар қарорига мувофиқ, бунақа тош ёдгорликларнинг барчаси демонтаж қилинди: айримлари уруш қурбонлари қабристонига кўчирилди, қолгани эса қурилиш ва ободончилик эҳтиёжлари учун сарфлашга топширилди. Ҳар ҳафта бирон ҳайкал ёки ёдгорлик қўпорилиши ҳақида хабарлар чиқмоқда.

“Совет меросидан халос бўлиш учун” ҳаракати аъзолари ҳукумат олдига яна бир нечта расмий талабларини қўйишди. Улар давлатга хайрихоҳ бўлмаганларни Латвиядан бадарға қилиш ва фуқароликдан маҳрум этиш, шунингдек уларга Сейм, маҳаллий муниципалитетлар ҳамда Европарламентга сайловларда номзод бўлишни, давлат ва маҳаллий бошқарув идораларида ишлашни қонун йўли билан тақиқлаш лозим, деб туриб олишган. “Хайрихоҳ бўлмаганлар” деганда аввало Россия агрессиясини ва Украинадаги урушни қўллаб-қувватловчилар назарда тутилмоқда.

XS
SM
MD
LG