Линклар

Ўзбекистонда чилонжийда экмаган ёки товуқ боқмаганнинг томорқаси тортиб олинади


Ўзбекистон бўйлаб аҳоли томорқалари тафтиш қилинмоқда. Махсус гуруҳ уйма-уй юриб, аҳолига арча, лимон, чилонжийда, ёнғоқ каби дарахтларни экиш ёки 100тадан товуқ боқиш мажбуриятини юклаяпти. Акс ҳолда томорқани тортиб олиш билан таҳдид қилинмоқда.

Томорқалар тафтиши

Икки ҳафтадирки, мамлакат бўйлаб аҳоли томорқаларини текшириш ишлари кетаяпти.

Ҳокимлик вакиллари, маҳалла йиғинлари фаоллари ва бир қанча тегишли идоралар ходимларидан иборат махсус гуруҳ аҳоли томорқаларини бирма-бир текширмоқда.

Маҳаллий ҳокимликлардан олинган маълумотларга кўра, бу тадбир Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 4 мартдаги 119-сонли қарори ижросини таъминлаш мақсадида амалга оширилаяпти.

Бош вазир Абдулла Арипов томонидан имзоланган "Деҳқон хўжаликлари ва аҳолининг томорқа ерларидан самарали фойдаланиш, сувга чидамли, экспортбоп дарахт плантацияларини ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарорда аҳоли томорқаларига нима экиш белгилаб берилган.

Қарорда деҳқон хўжаликлари ва аҳоли хонадонларида 100 тадан парранда боқиш, унаби (чилонжийда) ва ёнғоқ етиштиришни ривожлантириш, лимон етиштиришга мўлжалланган иссиқхоналар ташкил этиш белгиланган.

Мазкур қарор ижросини таъминлаш мақсадида тузилган махсус гуруҳ аҳолига ўз томорқасига қарордан келиб чиқиб, экин экишни таъкидламоқда.

“Биз ҳар-бир оиланинг томорқа майдонининг катта-кичиклиги, оилада меҳнатга яроқлилар сони ва молиявий имконларини инобатга олиб, нима экишни белгилаяпмиз. Албатта томорқада ёки лимон, ёки унаби, ёки ёнғоқ бўлиши шарт. Агар 100 бошдан товуқ боқаман деса, кредит билан таъминлаш имконларини ҳам тавсия қилаяпмиз”, деди Сирдарё вилояти Боёвут туманидаги маҳалла йиғинларидан бирининг раиси.

Томорқаси борларга огоҳлантириш хатлари

Айрим вилоятларда аҳоли томорқасига оид огоҳлантириш хатлари тарқатилмоқда.

Сentre1.com сайти эълон қилган шундай хатлардан бирида, аҳолига 3 кун муддат ичида томорқа ерларини тўлиқ шудгорлаб, экин экиш майдонларини тайёрлаш, хонадонни чиқиндилардан тозалаш, ёнғоқ, унаби каби мевали дарахтларни экиш буюрилган.

Шунингдек, мазкур огоҳлантирув хатида иссиқхона ташкил қилиб, лимон экиш ва 100 тадан парранда боқиш талаб қилинади.

Талабни бажармаганга чора кўрилади

Мазкур хатда талаб қилинган топшириқлар ўз вақтида амалга оширилмаган тақдирда тегишли чоралар кўрилишидан огоҳлантирилади.

Жиззах вилояти Пахтакор туманида яшовчи Азимжон аканинг айтишича, томорқасини текшириш учун келган махсус гуруҳ аъзолари ҳам, агар у Вазирлар Маҳкамаси қарорини бажаришдан бош тортса, жазоланиши тўғрисида огоҳлантиришган:

“Менга агар иссиқхона ташкил қилмасам ёки 100 та товуқ боқмасам томорқам тортиб олинишини айтишди. Иссиқхонага жой йўқ. Томорқамизда мевали дарахтлар ўсаяпти. Уларни қирқиб ташлашга кўзим қиймаяпти. Шу боис товуқ боқиш учун ариза берсакми, деб ўйлаб турибмиз. Бошида кредит беришар экан”, дейди Азимжон ака.

Ҳар бир оилада 4 тадан арча

Хоразмнинг Янгибозор туманида яшовчи Наргизанинг айтишича, томорқасини текшириш учун келган махсус гуруҳ 4 туп арча экишни ҳам буюрган:

“Ҳар бир уйнинг олдида тўртта арча бўлсин, дейишди. Кеча бозордан арча олиб келиб, ариқ бўйига экдик. Яна товуқ боқинглар, лимон, ёнғоқ экинглар, томорқа умуман бўш турмасин дейишди. Уже икки ҳафта ичида ҳокимият ва шўродан икки марта келиб кетишди. Яна келиб текширамиз дейишди”, дейди хоразмлик Наргиза.

Яна ўқитувчилар балогардон

Жиззах вилоятида ҳукуматнинг томорқаларга оид қарори бажарилишини назорат қилиш ўқитувчилар зиммасига юклатилган.

“Вилоятдаги барча мактабларнинг ўқитувчиларидан ишчи гуруҳ тузилган. Ҳар бир ўқитувчига 20 тадан хонадон бириктириб берилган. Ўқитувчилар ўзига бириктирилган оилаларга кириб, уларнинг томорқасига белгиланган экинларни тезроқ экиши ва парваришини текшириб боришади”, деди Жиззах вилоят ҳокимлигидаги масъул ходим.

Вазирлар Маҳкамасининг томорқаларга оид қарорида уч йил муддат ичида мамлакатда қанча дарахт экиш ва парранда етиштириш режаси қатъий белгилаб берилган.

Жумладан, қарорга кўра, жорий йилда мамлакат бўйича 3 миллион 51 минг туп лимон кўчати, 2 миллион 7 минг туп унаби, 2 миллион 49 минг 500 туп ёнғоқ экилиши ва 13 миллион 730 минг бош товуқ боқилиши лозим. Лекин қарорда арча экиш ҳақида бирор нарса дейилмаган.

Хусусий деҳқон хўжаликларида лимон етиштириш ва товуқ боқиш билан 4 миллион 200 минг оила шуғулланиши лозим. Қарорда таъкидланишича, улар томонидан етиштирган маҳсулотларни сотиш учун туманларда агрофирмалар ташкил этилади.

Марказий банк томонидан иссиқхоналар қуриш учун 5 йил, паррандачилик учун 3 йил муддатга кредитлар бериш тавсия этилмоқда.

XS
SM
MD
LG