Линклар

Шошилинч хабар
29 июл 2021, Тошкент вақти: 07:31

Россияда ФСБ агенти билан учрашмоқчи бўлган Любовь Соболга қарши жиноят иши қўзғатилди


Полициянинг Коррупцияга қарши кураш фондига рейди чоғида Любовь Соболь жонли чиқиш қилмоқда - 26 декабрь, 2019.

Россияда Кремлнинг ашаддий танқидчиси Алексей Навальнийнинг Коррупцияга қарши кураш фонди (Фонд борьбы с коррупцией – ФБК) адвокати Любовь Соболга қарши жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда 25 декабрь куни фонд раҳбари Иван Жданов маълум қилди.

Ждановнинг сўзларига кўра, Соболь «зўравонлик билан ёки зўравонлик таҳдиди билан» бировнинг уйига киришга уринишда айбланмоқда. Соболь Навальний заҳарланишида Федерал хавфсизлик хизмати (ФСБ) қўли борлигини айтган агентнинг уйига бориб, унинг эшиги қўнғироғини чалган.

25 декабрь куни Соболнинг адвокати Владимир Воронин AFP агентлигига берган интервьюсида Соболга расман айблов қўйилиши кутилаётганини айтди.

Россия расмийлари бу ҳолатни ҳали изоҳлагани йўқ.

25 декабрь куни полиция Соболнинг квартирасига бостириб кириб, унинг компьютерлари ва телефонларини олиб кетган.

Коррупцияга қарши кураш фонди Twitterда «Любов Соболь Тергов қўмитасига сўроқ қилиниш учун олиб кетилди. Квартирасини тинтув қилишмоқда», деб ёзди.

Соболь ўз квартираси ичидан олинган видеони Twitterда улашганидан кейин кўр ўтмай тармоқдан ғойиб бўлди. Видеода биров эшикни очишни талаб қилиб уни тақиллатар экан, Соболнинг етти яшар қизи йиғлаётганини эшитиш мумкин.

«Улар эшикни тақиллатиб, полиция келганини айтишяпти. Афтидан, тинтув менинг уйимда бўлади. Аввал ҳеч қачон уйимни тинтув қилишмаган эди. Ҳамма нарса қачондир биринчи марта содир бўлади. Афтидан, мен яқинда Навальнийни заҳарлаган Кудрявцев олдига борганим учун», -дейди Соболь видеода.

Навальний жамоаси томонидан тарқатилган бошқа видеода Соболнинг Москвадаги турар-жой биноси ичида қора кийимдаги ниқобли одамларни кўриш мумкин.

Соболь Константин Кудрявцев билан 21 декабрь куни кечқурун учрашишга уринган журналистлар ва сиёсий фаоллар орасида бўлган. Ўша куни Навальний Кудрявцев билан унинг заҳарланишида ФСБ роли борлиги ҳақида қилган суҳбати аудиоёзувни эълон қилган эди.

Соболнинг адвокати тергов иши Кудрявцевнинг қайнонаси шикоят қилганидан сўнг очилганини айтди.

Навальний Россия ҳукуматининг «истерик реакцияси» улар айбдорлигини тасдиқлашини таъкидлади.

25 декабрь куни мухолифатчи Twitterда «Сиз қотилнинг эшиги қўнғироғини чалсангиз, улар сизнинг эшигингизни бузиб кириб, сизни сўроқ қилиш учун олиб кетишади», - деб ёзди.

Европанинг учта алоҳида давлатида ўтказилган лаборатория синовлари Навальний совет даврида яратилган «Новичок» асабни фалажловчи моддаси билан заҳарланганини кўрсатди. Бу хулосани кимёвий қуролларни назорат қилувчи глобал ташкилот ҳам тасдиқлади.

Россия Навальний заҳарланиши бўйича тергов очишдан бош тортиб келади. Кремль мухолифатчининг заҳарланишида ҳукумат агентлари қўли борлигини рад этмоқда.

Навальний айни пайтда Германияда бўлиб, соғлиғини тикламоқда. У ватанига қайтишни режалаётганини айтган.

Европа Иттифоқи ва Буюк Британия Навальний заҳарланиши учун жавобгар деб кўрилган олти нафар россиялик мансабдор шахсга, шунингдек, «Новичок» номи билан танилган ҳарбий заҳарларни ишлаб чиқарган дастурга алоқадор ташкилотга қарши санкция жорий қилган.

XS
SM
MD
LG