Линклар

Шошилинч хабар
23 январ 2019, Тошкент вақти: 20:47

Бир қўшиқ тарихи: Атиргулим, атринг қайга таралади?


Қодир Мирашуров

«Чодирхаëл» дастурининг «Бир қўшиқ тарихи» саҳифасида бундан 28 йил олдин ижро қилиниб, бугунги ëш авлод тарафидан ҳам тингланаëтган «Атиргулим, атринг қ​айга таралади?» қўшиғи тарихини ўргандик.

Ўзбекистон МТРК олтин фондидан ўрин олган «Атиргулим, атринг​қайга таралади?» қўшиғининг «Божалар» гуруҳи тарафидан жорий йил ижро қилинган варианти шу кунларда ижтимоий тармоқларда машҳур бўлди.

Бундан олдин бу қўшиқни Шуҳрат Давлатов ва Сардор Мамадалиевлар ҳам айтган эди.

Қўшиқ матни муаллифи, 58 яшар шоир Ибод Саъдулланинг Озодликкка айтишича¸ бу қўшиқнинг Тожикистонда хизмат кўрсатган артист Қодир Мирашуров ижросидаги варианти Миллий телерадиокомпания олтин фондига киритилган.

Чодирҳаëл: "Атиргулим" қўшиғи тарихи
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:19:13 0:00
Бевосита линк

Хиргойидан пайдо бўлган шеър қўшиққа айланди

Қўшиқ матнини ëзган шоир Ибод Саъдулла Озодлик билан суҳбатда «Атиргулим, атринг қайга таралади?» шеъри ички хиргойи натижасида пайдо бўлганиини айтади:

- Ўзим санъаткор бўлмасам ҳам ичимда хиргойи қилиб юраман. Бу шеърни қўшиқ бўлади деб ўйламагандим. Аммо шеърни олдин ичимда куйлаб, кейин ëзгандим.

Тожикистонлик ўзбек шоири Ибод Саъдулла
Тожикистонлик ўзбек шоири Ибод Саъдулла

Газетадаги шеър қўшиқ бўлди

Унинг айтишича¸ шеър илк марта Тожикистондаги «Халқ овози» газетасида 1990 йили босилган.

Қўшиқни ижро қилган Тожикистонда хизмат кўрсатган артист Қодир Мирашуров Озодлик билан 27 ноябрь кунги суҳбатда¸ шеърни ëқтириб қолиб қўшиқ қилганини сўзлаб берди:

- Тожикистонда чиқадиган ўзбекча газетани очиб, ичидаги шеърларни ўқирдим. Ибод Саъдуллани у пайтда танимас эдим. Аммо шеърни кўриб, ëқтириб қолиб, қўшиқ қилдим.

Қодир Мирашуров
Қодир Мирашуров

Премьера тўйда бўлган

Қодир Мирашуровнинг айтишича, у қўшиқни илк марта 1990 йили Жиззахдаги тўйда ижро қилган:

- Қўшиқни яхши қабул қилишди. Бу қўшиқ мени бутун Ўзбекистонга машҳур қилган қўшиқлардан бири бўлди.

Қўшиқ матнини ëзган шоир Ибод Саъдулланинг айтишича¸ бу қўшиқни бир пайтнинг ўзида икки ашулачи ижро қилган:

- Тожикистонда уруш-жанжал чиққанда мен Ўзбекистонга кўчиб келиб, Меҳнатобод шаҳрида яшадим. Янги квартирага кўчиб келган куним телевизорда эшитдим Қодир Мирашуров ижросидаги вариантини. Ўша вақтда бу қўшиқни Шуҳрат Давлатов ҳам ижро қилди. Одамлар бу икки вариантни солиштириб қайсиниси яхши деб муҳокама ҳам қилишганди.

Янги талқин

Ўтган асрнинг тўқсонинчи йиллари тинговчиси эшитган бу қўшиқ 2018 йили «Божалар» гуруҳи ҳонандаси Жаҳонгир Позилжонов ижросида янги авлодга тақдим қилинди.

Қўшиқчи Қодир Мирашуров Озодлик билан суҳбатда «Божалар» ижросидаги талқинни олқишлади:

- Жаҳонгир келиб шу қўшиқни айтмоқчиман деб мендан изн олди. Ўзига хос ижро қилди. Баракалла. Бу қўшиқни ëш авлоднинг янги аудиторияси эшитаëтганидан мамнунман.

Тожикистонда яшаб Ўзбекистонда танилган қўшиқчи

Тожикистонда хизмат кўрсатган артист Қодир Мирашуров ўтган асрнинг тўқсонинчи йилларида «Ёруғ дунё керак менга», «Мирзо Бобурман», «Нега келмассан», «Кетма ёнимдан», «Сарвиноз», «Атиргулим» каби ўнлаб қўшиқлари билан ўзбек томошабинлари назарига тушган эди.

Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасида муносабатлар совуқ бўлган ўтган чорак асрда Қодир Мирашуров Тожикистоннинг Нов (ҳозирги Спитамен) шаҳридаги Шукур Бурҳонов номидаги ўзбек давлат театрида ишлади.

Қўшиқчи 1957 йил 1 мартида Тожикистоннинг Нов (ҳозирги Спитамен) туманидаги Саидқўрғон қишлоғида дунёга келган.

Ўзининг айтишича¸ 16 ёшидан бошлаб ашула айта бошлаган.

Ўзбекистоннинг Бекобод шаҳридаги мусиқа билим юртини тамомлаган ҳофиз биринчи устози сифатида мактабда рубоб чалиш сирларини ўргатган Толибжон Тўрабоевни эҳтиром билан эслайди.

Озодлик билан суҳбатда Мирашуров Ўзбекистон Халқ ҳофизи Шерали Жўраев олқишини олиб санъатга кирганидан фахрланишини айтди.

Сизнинг фикрингиз

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG