Линклар

Шошилинч хабар
20 октябр 2019, Тошкент вақти: 22:28

Ўқитувчи ва шифокорни мажбурий меҳнатга чиқариш қарор билан тақиқланади


Андижонда ўқитувчилар Мирзиëев келиши олдидан мажбурий меҳнатга сафарбар қилинган эди

Ўқитувчи ва шифокорларни ўз касбидан ташқари бошқа ишларга мажбуран жалб қилиниши президент Мирзиёев томонидан кескин танқид қилинганидан сўнг, президент матбуот котиби Комилжон Алламжонов бу ҳақда Вазирлар Маҳкамаси қарори тайёрланаётганини билдирди. Президент тилга олган кўзбўямачилик ишлари, самарқандлик ўқитувчи Диана Еникееванинг кўча супиришда машина уриб кетиб, ҳалок бўлгани ҳақида Озодлик биринчи бўлиб хабар берган эди.

Ўқитувчи ва шифокорни мажбурий меҳнатга чиқариш қарор билан тақиқланади
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:03 0:00
Бевосита линк

17 апрель куни Тошкентда ўтказилган матбуот брифингида Комилжон Алламжонов президенти топшириғи билан “аҳолини, айниқса, соғлиқни сақлаш ва таълим соҳаси ходимлари, талабаларни ободонлаштириш ишларига жалб этишни қатъий тақиқлаш бўйича” Вазирлар Маҳкамасининг қарори ишлаб чиқарилишини маълум қилди.

-Ушбу қарорда жойларда ободонлаштириш хизматлари фаолиятини кенгайтириш, уларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш бўйича чора тадбирлар ҳам акс этади. Бунда хорижий давлатларнинг бу борадаги тажрибаси инобатга олинади. Фуқароларнинг жамоат ишларига мажбурлаш ҳолатлари шундан кейин ҳам қайтарилса, президент таъкидлаганидек, жазо қаттиқ бўлади. Жумладан, жиноий жавобгарликкача бўлган чоралар кўрилади, - деди Комилжон Алламжонов.

Матбуот котибининг бу баёноти Президент Мирзиёев 13 апрель куни Сирдарё вилоятининг Сайхунобод туманидаги йиғилишда унинг жойларга ташрифи олдидан ижтимоий соҳа вакилларининг ободонлаштириш ишларига жалб қилинаётгани, айрим жойларда жиддий “кўзбўямачилик”ка йўл қилинаётганини кескин танқид қилгани ортидан янгради.

Комилжон Алламжоновнинг айтишича, президент жойлардаги кўзбўямачилик ишларидан ўзининг қаттиқ норозилигини билдириб, қайд этилган ишлар юзасидан прокурорлик текшируви ўтказишни буюрган:

- Жумладан, Қашқадарёда йўл бўйида ясалган сохта иссиқхоналар, Жиззахдаги тиббиёт муассасасида эски жиҳозлар ўрнатилгани ва касалларни онлайн рўйхатга олиш дастури ишламаслиги каби ҳолатлар текширилади, - деди матбуот котиби.

Қашқадарёда Мирзиёев ташрифига шошилинч тарзда “хўжакўрсин”га иссиқхоналар барпо этилаётгани ҳақида Озодлик 25 январда биринчи бўлиб хабар берган эди.

Озодлик мобил мухбирлари юборган видеоларда йўл четига ичида ҳеч нарсаси йўқ парниклар барпо қилинаётгани акс этган эди.

Қашқадарëда Мирзиëевнинг келишига хўжакўрсинга парниклар қурилмоқда
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:00:39 0:00

“Мирзиёев ўтиш керак бўлган Қарши-Қамаши йўлининг икки чеккасига қатор қилиб парник қилишяпти. Ҳамма куч ҳозир шу ерга ташланган. Эни бир метрча бўлган жойга пасттаккина қилиб целофан ёпиб кетишяпти. Лекин бунинг хўжакўрсинга қилинаётганини ҳамма билади. Эртага бу парниклар йўқ бўлиб кетишини ҳам, ундан ҳеч ким бир сўм даромад ололмаслигини ҳам ҳамма билади”, деган эди Озодликнинг мобил мухбири.

16 март куни Озодликка айни парникларнинг президент сафари ўтиб бўлганидан кейинги бугунги аҳволи акс этган видеотасвир юборилди. Айни йўл бўйлаб қилинган саëҳатдан парникларнинг фақат президентга кўрсатиш учун қурилгани англашилади.

Қашқадарёдаги сохта "теплица"нинг бугунги ҳолати
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:00:24 0:00
Бевосита линк

Матбуот котиби Комилжон Алламжонов, президент самарқандлик ўқитувчи Диана Еникееванинг ўлимига сабабчи бўлган амалдорларни юридик жавобгарликка тортиш ҳақида ҳам топшириқ берганини айтди:

-Самарқандлик ўқитувчи Диана Еникееванинг бевақт ўлимига сабабчи бўлган мансабдор шахсларни юридик жавобгарликка тортиш бўйича топшириқлар берди. Ҳозирда бу ҳодиса бўйича ўрганиш олиб борилмоқда, - деди президент матбуот котиби.

Каттақўрғон тумани марказидаги 42- умумтаълим мактабининг меҳнат ўқитувчиси Диана Еникеевани 14 март куни Сув омбори қишлоғидан ўтувчи автомобиль йўлини тозалашга олиб чиқилган пайтда КамАЗ юк машинаси уриб юборгани ҳақида ҳам Озодлик биринчи бўлиб ёзган эди.

Диана Еникеева оиласи билан
Диана Еникеева оиласи билан

Бу ҳақда журналистик суриштирув олиб борган ўзбекистонлик Каримберди Тўхтамурод, босимга учраганлиги ҳақида Озодлик хабар берган эди.

Маҳаллий нашрларда ҳам шов-шувга сабаб бўлган бу ҳодиса ортидан, маҳаллий расмийлар Диана Еникеева мажбурий меҳнатга олиб чиқилмагани ва у бахтсиз ҳодиса қурбони бўлгани ҳақида баёнот бердилар.

Ўқитувчини фақат умумхалқ ҳашарида қатнашганини иддао қилган расмийларнинг баёнотидан сўнг, ўқитувчиларнинг хавфсизлигини таъминлай олмаган деган айб билан, Каттақўрғон тумани халқ таълими бўлими мудири ва мактаб директори ишдан олинди.

Президент Мирзиёев 13 апрель куни Сайхунобод туманида қилган чиқишида, Диана Еникееванинг ўлимида ўзини ҳам айбдор ҳис қилганини айтди:

“Мен самарқандлик ўқитувчининг вафоти ҳақида эшитдим. Қанақадир директор, раҳбар ёки ҳоким қачондир меҳмон келади, деб икки-уч кун олдин айтган. Лекин, менинг юрагимда бу худдики, мен туфайли юз бергандек туюлди. Яна бир бора ва сўнгги марта барча раҳбарларни алоҳида огоҳлантираман: бундан буён биронта ҳудудда ўқитувчи, шифокор ёки талабалар ободонлаштиришга жалб этилса, жазо жуда қаттиқ бўлади. Ишдан олиш билан бирга ўша раҳбар қонун олдида жавобгар бўлади. Менга фарқи йўқ, жуда катта хизмат қилган ҳоким бўлса ҳам, у ишдан кетади. Мен буни айтишга мажбурман, чунки бу давом этмоқда”, деди президент.

Шарҳларни кўринг (1)

Бу форум ёпилган
XS
SM
MD
LG