Линклар

Шошилинч хабар
09 октябр 2024, Тошкент вақти: 18:37

"Янги дўстлар ва уран". Макрон ва Мирзиёев Самарқандда нималарни муҳокама қилди?


Эммануэль Макрон ва Шавкат Мирзиёев. Самарқанд, 1 ноябрь, 2023.
Эммануэль Макрон ва Шавкат Мирзиёев. Самарқанд, 1 ноябрь, 2023.

1 ноябрь оқшомида Самарқандга етиб келган Франция президенти Эммануэль Макронни президент Шавкат Мирзиёев "азиз дўстим" деб кутиб олди ва узоқ қучоқлади.

Бунинг икки сабаби бор эди; биринчиси - Франция президентининг Ўзбекистонга ташрифи узоқ кутилган - охирги 30 йилдаги илк ташрифдир.

Иккинчи сабаб - Макрон Мирзиёевнинг ислоҳотларини қўллаб-қувватлаш учун ҳам Самарқандда эди.

"Ўзбекистон ўзгармоқда. Биз бу ерда бўлишимиз керак", дея Франция раҳбарининг Самарқандда 2 ноябрь куни ўтган бизнес-форумдаги сўзларидан иқтибос келтирмоқда Франс-Пресс агентлиги.

"Франция ҳукумати сизнинг стратегиянгизга ишонади", дея Мирзиёевга юзланган у.

Ўз навбатида Мирзиёев Макроннинг ташрифини "тарихий" деб атади. Ўзини дунёга ислоҳотчи деб тақдим этиб келадиган Мирзиёев ўзбеклар турмушини яхшилаш учун Ғарб сармояларига муҳтож. Самарқандга ташриф чоғида Макронга 60 га яқин француз ишбилармонлари ҳамроҳлик қилди.

Мирзиёев Парижда: Макрон билан музокаралар ва Луврга ташриф
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:08:25 0:00

Аммо Макроннинг мақсади Мирзиёевни фақат мақтов ва сармоя билан сийлаш эмас эди. Европа Иттифоқи ва унинг етакчи давлати бўлган Франция Украинага қарши уруш фонида минтақа давлатларини Россия ва Хитой таъсиридан бир қадар узоқлаштириш ниятида. Бундан ташқари, Макрон Ўзбекистон ва Қозоғистон уранига ҳам кўз тиккан.

Мирзиёев ва Макроннинг Самарқандда кечган музокараларидан сўнг молия, таълим, маданият ва бошқа йўналишлар бўйича 8 та ҳужжат имзоланган.
Ўзбекистон президенти матбуот хизмати етакчилар икки томонлама муносабатларни стратегик шериклик даражасига кўтаришга келишиб олгани ҳақида хабар берган.

Париж Ўзбекистонга Жаҳон савдо ташкилотига аъзолик ҳамда ЕИ билан Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битим тез фурсатда имзоланиши борасида кўмак ваъда қилган.

Ўзбекистон томони қазиб олиш, стратегик хомашё ресурсларини қайта ишлаш, гибрид, қуёш ва шамол электр станцияларини қуриш, сув таъминотини модернизация қилиш, “ақлли” қишлоқ хўжалиги, шаҳар ва транспорт инфратузилмасини ривожлантириш, туризмни Франция билан ҳамкорликнинг устувор йўналишлари деб кўрсатган.

"Янги дўстлар ва уран”

Бешинчи республика етакчисининг Марказий Осиё турнеси жаҳонда геосиёсий таранглик янада ортган вақтга тўғри келмоқда.

Франс-Пресс агентлиги Елисей саройидаги манбага таяниб ёзишича, Франция Қозоғистон ва Ўзбекистонни ислоҳотлар ва халқаро робиталарни диверсификация қилиш, мустақиллик ва суверенитетни муҳофаза қилишда қўллаб-қувватламоқчи.

Bloomberg нашри таъкидича, ташрифдан кўзланган асосий мақсад Франциянинг энергетик хавфсизлигини таъминлашдир.

Ғарбий Африкадаги Нигер давлати Франциянинг иккинчи рақамли уран етказувчиси бўлиб келган. Мазкур мамлакатда жорий йил июль ойида рўй берган давлат тўнтариши Франциянинг ядро энергетикасини хавф остида қолдирди. Қолаверса, Украина босқинидан кейин энергетика жабҳасидаги бошқа бир асосий ҳамкор – Россия билан олди-берди тобора қисқармоқда.

ЕИ ҳозирча Россиянинг ядро секторига санкция қўллагани йўқ, аммо вазият шу тахлит давом этса, бу соҳада ҳам молиявий жазо чоралари жорий этилиши истисно қилинмаётир.

2022 йилда Россиядан ЕИга уран етказиш 16 фоизга камайгани ҳолда, Қозоғистондан мазкур стратегик хомашё экспорти 14 фоизга ўсган.
Шунга кўра, Bloomberg электр энергиясининг 60 фоиздан зиёдини атом энергетикасидан оладиган Франция Марказий Осиёдан “янги дўстлар ва уран” изламоқда деб ҳисоблайди.

Агентлик ўз хабарига “Макрон Путиннинг томорқасига янги дўстлар ва уран излаб бормоқда”, деб сарлавҳа қўйган.

Атом энергетикаси бўйича катта тажрибага эга Франция АЭС қуриш тараддудига тушиб қолган Марказий Осиё давлатларига муқобил лойиҳа таклиф этиши мумкинлиги ҳам айтилмоқда.

Макроннинг Марказий Осиёга сафари, аввало, жавоб ташрифидир. Ўтган йилнинг ноябрида Тоқаев ва Мирзиёев навбатма-навбат Парижда меҳмон бўлган эди.

Оқ ўрда матбуот хизмати хабарига кўра, Тоқаев ва Макрон музокаралари якунида Қозоғистон ҳамда Франция стратегик минераллар соҳасида ҳамкорлик декларациясини имзолаган. Бундан ташқари, томонлар таълим ва илм-фан соҳасидаги лойиҳалар борасида келишувга эришган.

Расмий Остона Францияга нефть ва уран экспортини оширишга тайёрлигини билдирган.

Осори-атиқалар Парижда. Мирзиёев ташрифи
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:11:34 0:00

Пекин таҳдиди

Таҳлилчиларга кўра, Украинага тажовуз ортидан Россиядан тобора йироқлашаётган ЕИ Марказий Осиёда ҳам Кремлнинг таъсирини сусайтириш ниятида. Макроннинг ташрифи шу йўлдаги дипломатик қадамлардан бири деб кўрилмоқда.

Politico нашри Франция етакчисининг сафарига бағишланган мақолада бошқа бир авторитар куч – Пекин таҳдидига эътибор қаратган.

Айни пайтда Хитойнинг Марказий Осиёда ҳарбий таъсири у қадар катта эмас, аммо иқтисодий экспансия йил сайин кучаймоқда. Хусусан, Пекин “Бир макон, бир йўл” деб аталган йирик лойиҳа доирасида минтақа давлатларига мўл-кўл сармоя ва савдо имкониятлари ваъда қилмоқда.

ЕИ гарчи минтақада Хитой каби молиявий ричагга эга бўлмаса-да, “Глобал дарвоза” ташаббуси орқали муқобил лойиҳалар таклиф этиши мумкин.
Бу жиҳатдан, ЕИ локомотивларидан бири саналган Франция президентининг ташрифи “сариқ аждар”нинг ҳовурини пасайтиришга уриниш деб баҳоланмоқда.

Ўз навбатида Россия ва Хитой ҳам Макроннинг минтақага ташрифини яқиндан кузатмоқда. Москва Францияни Россия билан яқин алоқаларга эга давлатларни "қўрқитмаслик" ҳақида огоҳлантирди.

"Марказий Осиёдаги ҳар бир давлат ўз ташқи сиёсатига эга бўлиш ҳаққига эга", деб айтди Россия Ташқи ишлар вазирлиги сўзчиси Мария Захарова.

Франция президентининг ташрифи арафасида Инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро ҳамкорлик ташкилоти (IPHR) Франция президентини Қозоғистон ва Ўзбекистонга сафари доирасида ўтадиган музокараларда инсон ҳуқуқлари масаласини кўтаришга чақирди.

Бош қароргоҳи Брюсселда жойлашган IPHR 31 октябрда тарқатган баёнотда Қозоғистондаги Январь воқеаларида ҳуқуқ бузган орган ходимлари жазоланмай қолгани, Нукус воқеаларидан сўнг фаоллар, журналистлар, блогерлар қувғинга олингани ва фундаментал ҳуқуқлар бузилаётгани тўғрисида сўз боради.

Ташкилот фикрича, бу “қозоқ ва ўзбек ҳукуматларининг сиёсий ислоҳотлар тўғрисидаги риторикасига” зид келади.

Форум

XS
SM
MD
LG