Линклар

Шошилинч хабар
27 март 2019, Тошкент вақти: 01:38

Маданият вазирлиги мактаб ўқувчилари оммавий калтакланганини ўрганмоқда (ВИДЕО)


Иллюстратив сурат.

Навоий шаҳридаги ихтисослаштирилган маданият мактаби ўқувчиларининг оммавий калтакланишида айбдор кўрилган икки кишига хайфсан берилди. Бироқ калтак еган ўқувчилар айбдорларга берилган жазодан қониқмаяпти. Озодлик сўровидан сўнг Маданият вазирлиги ўз тасарруфидаги мактабда юз берган ушбу воқеани ўрганишга киришди.

Озодликка йўлланган видеода ўндан зиёд боланинг саф тортиб, қатор бўлиб тургани ва бир йигит уларга бирма-бир мушт туширгани акс этган. Ураётган йигит худди боксчидек, болаларга куч билан мушт туширадики, ҳар урганида мушт овози эшитилади. Видео давомида “Боксчи” йигит “Мен қайсингни урдим, кимни урдим”, деб сўрайди. Мушт еган болалар жўр овозда “Ҳеч кимни” деб жавоб беришади.

Маданият вазирлиги мактаб ўқувчилари оммавий калтакланганини ўрганмоқда
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:01:13 0:00

Озодлик ўтказган суриштирувлари натижасида видеодаги воқеа Навоий ихтисослаштирилган маданият мактабида содир бўлганини аниқлади. Воқеа гувоҳларидан бирига кўра, видео ўқувчилардан бири томонидан яширин равишда тасвирга олинган.

“Видео мактаб ётоқхонасидаги эшиклардан бири синган куни олинган. Шу куни ётоқхона тарбиячиси Сулаймон Қўчқоров эшикни синдирган одамни топиш учун шу усулни қўллаган. Ураётган бола ётоқхона старостаси. Қўчқоров уни ўзига ёрдамчи қилиб олган”, дейди хавфсизлигини ўйлаб исми очиқланмасликни сўраган воқеа гувоҳларидан бири.

Озодлик ётоқхона тарбиячиси Сулаймон Қўчқоровнинг иккита мобил телефонига қўнғироқ қилди, бироқ у билан боғлана олмади.

Шундан сўнг Навоий ихтисослаштирилган маданият мактаби директори Ғолиб Сатторов билан боғландик. Сатторовга ўқувчиларининг калтакланиш воқеасига оид видео ҳақида айтганимизда, у бир соат вақт беришимизни, шу муддат ичида воқеа тафсилотларини ўрганиб, кейин жавоб беришини айтди.

Бир соатдан сўнг Ғолиб Сатторов билан қайта боғланганимизда, у видеодаги воқеа ҳақиқатан ҳам унинг мактабида содир бўлганини тасдиқлади:

“Фақат бу ўтган йилнинг 14 октябрида содир бўлган. Ҳозир ётоқхона масъули, тарбиячи ва старостани чақириб, ҳаммаси билан гаплашдим. Ўқувчиларни урган йигит – староста, у катта курсда ўқийди. Калтак еган болалар 2-курс ўқувчилари. Староста ўзича разбор қилмоқчи бўлган. Менга айтишларича, Сулаймон Қўчқоров воқеа жойида бўлмаган, ўша пайтда у телевизор кўриб, ташқарида юрган бўлган. Унинг бу воқеадан хабари бўлмаган”.

Ғолиб Сатторов нима сабабдан мактаб директори бўлган ҳолда ўқувчиларнинг калтакланиши воқеасидан Озодлик боғлангандан сўнггина хабар топгани номаълум.

Унинг бугун аниқлашича, ўқувчиларнинг калтакланиши бўйича айбдорларга нисбатан чора ҳам кўрилган:

“Менга айтишларича, староста ҳам, тарбиячи Қўчқоров ҳам воқеа бўйича тушунтириш хати ёзиб беришган. Старостани ўқувчилардан кечирим сўраттиришган, ўқувчилар уни кечиришган. Староста йигитга ҳайфсан, берилиб, уни старосталикдан олишган. Сулаймон Қўчқоровга ҳам беэътибор бўлгани учун хайфсан берилган”.

Хайфсанни ким бергани тўғрисидаги саволни бериш учун директор билан қайта боғланишнинг имкони бўлмади.

Айни пайтда Озодликка боғланган воқеа гувоҳларидан бирига кўра, калтак еган ўқувчилар айбдорларга берилган жазодан қониқмаган.

“Ётоқхонада шунга ўхшаш воқеалар деярли ҳар куни содир бўлади. Ўқувчиларнинг мактаб маъмуриятига қилган мурожаат ва шикоятларига қарамасдан ҳеч қандай ўзгариш йўқ”, дейди хавфсизлигини ўйлаб исми очиқланмаслигини сўраган воқеа гувоҳларидан бири.

Озодлик Маданият вазирлиги билан боғланиб, вазирлик тасарруфида бўлган ушбу мактабдаги ўқувчиларнинг калтакланиш воқеаси бўйича изоҳ сўради.

Вазирликнинг Таълим муассасалари ва тармоқларини методик таъминлаш бошқармаси масъули Навоий ихтисослаштирилган маданият мактабидаги ушбу воқеа вазирликдан яширилгани, улар ўқувчиларнинг калтакланиишидан мутлақо бехабарликларини айтишди.

“Тартиб бўйича мактаб ўқувчиларининг калтакланиш воқеаси борасида вазирликка маълумот бериши керак эди. Мен бу ҳақда ҳозир сиздан эшитаяпман. Биз албатта бу воқеани ўрганамиз”, деди исмини очиқламаётганимиз вазирлик масъули.

XS
SM
MD
LG