Линклар

Шошилинч хабар
04 феврал 2023, Тошкент вақти: 21:10

Мариуполда ишлаётган тожик мигрантлари: "Бизни алдашди"


Мариуполдаги тожик мигрантлари.

Россия қурилиш ширкатлари Мариуполь шаҳрини тиклашга жўнатган тожик мигрантлари иш берувчилар томонидан алданганларини айтишмоқда. Айрим тожик мигрантлари Россия қўшинлари ишғол қилиб турган Мариуполда ярим йилдан бери ишлашади, қолганлар эса бир ой аввал боришган. Уларнинг сўзларига кўра, иш берувчилар ваъда қилинган маошнинг атиги ярмини беришяпти.

Қатор рус қурилиш ширкатлари тожикистонлик мигрантларга Мариуполдаги қурилишларда ишлаб пул топишни таклиф қилган эди. Уларга ойига 130 мингдан 250 минг рублгача иш ҳақи, шунингдек вақтинча ётоқ-жой ва уч маҳал овқатдан иборат “соцпакет” ваъда қилинган.

Аммо мигрантлар Мариуполда атиги 60-70 минг рубль тўлашаётганидан арз қилишмоқда. Кўплари бу пулни Россиянинг ўзида ҳам топишарди.

20 ёшли Суннатилло Мариуполда ишлай бошлаганига бир ойдан ошди. “Бизга 120 минг рубл ойлик ваъда қилишган, ҳар ойнинг 15-санасида 50 фоиз бўнак беришлари керак эди. Ярим ой учун 45 минг рубл тўлашди. Вақтинчалик турар-жой билан уч маҳал овқат ҳам ваъдада бор эди, аммо бизни расво бир бинога жойлаширишди, берадиган овқатларида маза-матра йўқ. Хўжайинлар ҳақимиздан уриб қолаётганидан, ойликни кечиктираётганидан кўпчилик норози”, деди у Озодликнинг тожик хизмати билан телефонда сўзлашганида.

Суннатилло қулай фурсат бўлиши билан Мариуполдан кетмоқчи.

Исо исмли бошқа мигрант Мариуполда беш ойдан бери ишласа-да, ҳеч қачон иш ҳақи ўз вақтида тўланмаганини айтади.

Озодлик ҳарчанд уринса-да, Мариуполга жўнатиш учун қурувчиларни ишга ёллаш билан шуғулланувчи фирма ва хусусий шахслардан изоҳ ололмади.

Таҳририят Украинанинг Россия қўшинлари вайрон қилган Мариуполь шаҳрида ишлаётган тожик мигрантларидан сўнгги 15-20 кун ичида бир нечта шикоят олган.

Ёздан бошлаб Россиянинг баъзи қурилиш ширкатлари мигрантларни Мариуполдаги қурилиш ишларига таклиф этмоқда. Россиядан Мариуполга жўнатилган Тожикистон фуқароларининг аниқ сони маълум эмас. Августдан бери Мариуполда ишлаётган мигрантлардан бири Озодликка биргина “Реставрация” қурилиш ширкатининг ўзи 110 нафар ишчи жўнатганини, улардан аксари тожикистонликлар эканини айтган эди.

Россия-Украина: Урушнинг тасодифий қурбонлари - мигрантлар
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:07:08 0:00

Айни чоғда ҳуқуқ фаоллари мигрантларнинг Мариуполга юборилиши қонунга хилофлигини таъкидлашади. “Мариуполь – Украина ҳудуди, мигрантлар у ерга украин ҳукумати рухсатисиз боришган. Мамлакатда уруш давом этяпти, демак, қурувчи мигрантлар асирга тушиб қолишса, Украина уларни миллий ва халқаро қонунчиликка биноан жазолайди. Ҳарбий асирлар билан муносабатда бўлиш тўғрисидаги Женева конвенцияси мигрантларга нисбатан татбиқ этилмайди”, дейди тожик ҳуқуқ фаоли Каримжон Ёров.

Аввалроқ Тожикистоннинг Россиядаги элчихонаси Озодликка тожикистонлик мигрантлар Мариуполни тиклаш ишларига жўнатилгани ҳақида Россия ҳукуматидан расмий хабарнома олмаганини билдирган эди. Ундан олдин эса элчихона Тожикистон фуқароларини Украинанинг хавфли ҳудудларига сафар қилишдан тийилишни илтимос қилган.

Украинанинг порт шаҳри бўлмиш Мариуполь Россия босқини бошланганидан сўнг узоқ вақт қамалда қолган ва май ойи ўрталарида Россия қўшинлари томонидан ишғол этилган. Ҳозирда Россия ҳукумати Мариуполни тиклашга уринмоқда ва бунда меҳнат мигрантларидан фойдаланмоқда.

Форум

XS
SM
MD
LG