Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 17:34

Алдов, зуғум ва яхши маош. Россиядаги меҳнат мигрантлари урушга қандай ёлланяпти?


Инсон ҳуқуқлари ташкилотларига кўра, Россияда Марказий Осиё фуқароларини ва қўшфуқароликка эга шахсларни Украина билан урушга сафарбар қилиш авж олмоқда. Улардан айримлари зўрлик ва ҳийла-найранг билан Россия армиясига ёлланаётгани айтилади.

15 октябрь куни Россиянинг Белгород вилояти полигонида машқ ўтказилаётган пайтда икки аскар Украина урушига чақирилган бошқа ҳарбийларни ўққа тутди.

Ҳужум қилган икковлон ва яна камида 11 киши ўлимига олиб келган ушбу воқеа Россияда ҳарбий сафарбарлик эълон қилинишидан бир неча ҳафта ўтиб юз берди.

Озодликнинг тожик хизмати ўқ узан аскарлардан бири Тожикистон фуқароси, 24 ёшли Эҳсон Аминзода эканини хабар қилди. Акаси Фируз айтишича, Эҳсон “террорчи бўлмаган”, сўнгги етти ойда Москва ресторанларидан ишлаган “оддий мигрант” бўлган холос.

“Контракт имзоламаганлар калтакланмоқда!” Россия ўзбекистонликларни урушга мобилизация қилмоқда
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:12:15 0:00

Полигонда содир бўлган воқеага доир кўп гаплар яшириляпти, аммо сафарбарлик Россияда ишлаб юрган марказий осиёлик миллионлаб мигрантларга хавф туғдираётгани рўй-рост бўлди.

Ҳуқуқбонлар Россия армиясига алдаб ёки мажбурлаб олинган минглаб мигрантлар улардан ёрдам сўраётганини айтишмоқда.

“Тонг жаҳони” инсон ҳақлари ташкилоти директори Валентина Чупикка кўра, унга кунда мигрантлардан келадиган 500 дан зиёд мурожаатнинг учдан бири ноқонуний сафарбарлик билан боғлиқ бўлади. Россия расмийлари сафарбарлик якунланаёзгани ҳақида эълон қилганига қарамай, илтимослар кети узилгани йўқ.

Москванинг “Сахарово” миграция марказида мигрантлар имзолайдиган ҳужжатлар орасига ҳарбий шартнома бланки қўшиб қўйилаётгани ҳақида хабарлар бор. Баъзан Россияда на фуқаролиги, на яшашга рухсатномаси борлигига қарамай марказий осиёликларга “повестка” берилаётганини эшитяпмиз.

“Россияда энди ҳар нарса бўлиши мумкин. Мигрантлар кўчада полиция тарафидан ушланиб, урушга боришга мажбурлаш мақсадида таносил аъзосига ток йўллаб азобланаётгани ҳолатлари бор. Бунақа қийноқлардан сўнг имзо чекмай нима қила олишарди”, дейди Чупик “Настояшчее время” телеканали билан суҳбатда.

Ҳуқуқбонга кўра, мигрантлар муттасил тўқнаш келадиган бошқа муаммолар – тамагирликдан тортиб бюрократик сансолорликкача – “уруш туфайли янада чуқурлашган”.

Сафарбарлик эълон қилинганидан бери айнан қанча Марказий Осиё фуқаролари ёки қўшфуқароликка эга шахслар Россия армиясига чақирилгани мавҳум қолмоқда.

Миграция марказлари ва қамоқхоналарда одам ёллаш

20 сентябрда – Россия президенти Владимир Путин сафарбарлик эълон қилишидан бир кун олдин Давлат думаси чет эл фуқароларига бир йиллик ҳарбий хизмат эвазига Россия фуқаролигини “соддалаштирилган” тезлаштирилган тартибда олишни таклиф қилувчи қонунни қабул қилди.

Кейинги ҳафталар мобайнида “Сахарово”да мигрантларга Россия армиясига хизматга ёлланганларга ойига 3000 доллар тўланиши ваъда қилинган варақалар тарқатилди, Марказий Осиё мамлакатлари эса ўз навбатида мигрантларни хорижий давлатларда қуролли можароларда иштирок этган фуқаролар узоқ муддатларга қамалиши ҳақида огоҳлантирди.

Аскар ёлловчилар, жумладан Кремлга алоқадор “Вагнер” ХҲШ вакиллари бу орада давлат янада кўпроқ таъсир қила оладиган гуруҳларга – маҳбуслар ва маҳкумларга кўз тикди.

"Ўлимга ҳукм этилган маҳкумдек". Мобилизациядан Ўзбекистонга қочган россиялик ҳикояси
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:08:14 0:00

Москвадаги “Россия за решёткой” ноҳукумат ташкилоти эксперти Руслан Ваҳапов Озодлик билан суҳбатда гўёки Россия иммиграция қонунчилигини бузгани учун Ставрополдаги ҳибсхонада сақланаётган мигрантларни армияга ёллашга уринишлар бўлаётгани ҳақида ташкилотга кўплаб хабарлар келаётганини билдирди.

“Улар ватанларига қайтиш учун билет олиб қўйишган, аммо марказга келган ҳарбийлар кетгани қўймай, Россия армиясига хизматга киринглар, дея қистаётган экан”, дейди Ваҳапов.

Экспертга кўра, Россия қамоқхоналарида сақланаётган Марказий Осиё фуқаролари кейинги пайтларда уларга нисбатан янада қўпол муносабатда бўлишаётганини маълум қилишган.

Владимир колониясида жазо муддатини ўтаётган Ўзбекистон фуқаросининг онаси ўғлидан катта таҳдид остида қолганини англатувчи калит сўзли хат олгач, ташкилот билан боғланибди.

Аёл айтишича, муассаса бошлиқлари билан қалин ҳамкорлик қилиши сабабли Россия қамоқхоналари одатларига кўра “козёл” ва “активист” деб аталувчи маҳкумлар унинг ўғлини зўравонлик ва дўқ-пўписа билан армияга ёлланишга мажбурлаганлар.

Ваҳапов йигитчани Ўзбекистоннинг Москвадаги элчихонаси сафарбарликдан қутқариб қолганини айтади.

“Элчихона аралашгач, эртасигаёқ уни ҳарбий хизматга жўнатиладиган маҳкумлар бўлмасидан умумий бўлмага ўтказиб, қамоқхона ишларига қайтишига рухсат беришибди”, дейди Ваҳапов.

Ҳарбийга олиниш хавфи аримаган

Валентина Чупик Россия армиясига ёллаш билан боғлиқ шикоятлар энг кўпайган палла сентябрь ойи охирларига тўғри келганини, бироқ ҳозирда шикоятлар сони тахминан чорак ҳиссага камайганини айтаркан, бунинг сабаби шуки мигрантларга “ақл кирди”, дейди.

Унинг “Тонг жаҳони” ташкилоти қўшфуқаролиги бор бир неча юз нафар марказий осиёликка Путин сафарбарлик эълон қилганидан кейиноқ Россиядан қочиб кетишда кўмаклашди.

Бироқ барча мигрантлар ҳам нималар бўлаётганини тезда англагани йўқ.

Аввалроқ Озодликнинг қирғиз хизмати Мсквадаги квартирасида ушланиб, сурункали жиддий хаста эканига қарамай ҳарбий комиссариатга жўнатилган Қирғизистон фуқароси иши ҳақида ёзган эди.

36 ёшли бу эркакнинг қўлида буйрагида муаммо мавжудлигини тасдиқловчи тиббий ҳужжат бўлган.

Бироқ ҳарбийлар ундан Россия паспортини олиб қўйишган ва ҳарбий хизматга бормасанг, қамаласан, деб қўрқитишган.

Эркак хотини билан бирга квартирасидан қочиб кетган. Ҳозирда улар яшириниб юришибди ва Россиядан чиқиб кетиш учун қирғиз паспортларини янгилашга уринишмоқда.

14 октябрь куни Путин дастлабки уч ҳафтада армияга 220 минг киши чақирилганини ва ой охирларида сафарбарлик якунланишини айтган эди. Бир неча кун ўтиб Москва мэри Сергей Собянин пойтахтда сафарбарлик битганини, бинобарин чақирув қоғозини олгач ҳарбий комиссариатга бормаганларга ҳеч нима бўлмаслигини айтди.

Бироқ, дейди Чупик, токи Россияга “тўп еми” керак экан, мигрантларни улар қайси давлат фуқаролари эканига қарамай “кўнгилли” сифатида фронтга жўнатиш давом этади.

“Шартнома асосида аскарликка олиш тўхтатилсин, деган буйруқ бўлгани йўқ”, қўшимча қилади ҳуқуқ фаоли.

Форум

XS
SM
MD
LG