Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 02:42

Назарбоев ўрнига келган Тоқаев, Афғонистон ва ковид. Марказий Осиё раҳбарлари саммити қандай кечди?


6 август куни Марказий Осиёнинг беш мамлакати етакчилари Каспий денгизи бўйидаги курортда йиғилди.
6 август куни Марказий Осиёнинг беш мамлакати етакчилари Каспий денгизи бўйидаги курортда йиғилди.

Марказий Осиёдаги беш давлат раҳбарлари Туркманистонда учрашди. Озод Европа-Озодлик радиосининг Марказий Осиё бўйича таҳлилчиси Брюс Панниернинг ёзишича, пандемия ва қўшни Афғонистондаги воқеаларнинг шиддатли ривожи уларнинг музокаралари долзарблигини оширган.

Гарчи минтақа етакчиларининг ҳамкорлик ҳақидаги суҳбатларида такрорий гап-сўзлар кўп бўлса-да, вужудга келган янги воқелик мазкур учрашувга долзарб тус беради.

"Аваза"даги йиғин лоақал шуниси билан муҳимки, беш президент анчадан бери юзма-юз ўтириб сўзлашмаган эди.

Бу минтақадаги беш давлат бошлиғининг 2018 йилдан бери ҳисоб бўйича учинчи, айни чоғда, Қозоғистоннинг эндиликда собиқ президенти Нурсултон Назарбоев қатнашмаган биринчи “маслаҳат учрашуви” бўлди.

Назарбоевнинг вориси Қасим-Жомарт Тоқаев 2019 йил ноябрида Ўзбекистонда бўлиб ўтган саммитда иштирок этмаган, ҳолбуки мазкур тадбирдан беш ой олдин президент лавозимига сайланган эди.

Учрашувда муқаррар муҳокама қилинган янги мавзу – коронавирус пандемияси ва инфекция тарқалишига қарши курашда ҳамкорлик зарурати бўлди.

Президентлар учрашуви COVID-19 қайтадан авж олиб, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистонни қамраб олиши манзарасида кечди.

Давлат бошлиқлари суҳбати анчайин қизиқарли бўлган, деб ўйлаймиз, чунки Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедов ўз мамлакатида битта ҳам COVID вируси юқиши ҳолати қайд этилмаганини иддао қилишда давом этмоқда.

Шу боис ҳам Тоқаевнинг бешала раҳбар “Туркманистон президентининг (минтақавий) вирусология ва эпидемиология марказини ташкил қилиш таклифи”ни қўллаб-қувватлагани ҳақидаги изоҳи бирмунча ажабланарли.

Коронавирус тарқалишига қарши кураш саммит якунлари бўйича эълон қилинган 28 банддан иборат қўшма баёнотда атиги 19-қаторда қайд этилгани эса бундан-да қизиқ.

Аммо минтақавий савдони яхшилашга доир эски гап-сўзлар янгича мазмун касб этмоқда, чунки COVID-19 кўп мамлакатлар иқтисодиёти, ишлаб чиқариши ва экспортига салбий таъсир этди, минтақадан ташқаридаги ҳамкорлар эса, маълум бўлдики, унчалик ишончли эмас экан. Пандемиядан олдинги даврга қиёслаганда, албатта.

Соғлиқни сақлаш тизими инқирози ҳам минтақавий тижоратда из қолдирмоқда.

Туркманистондаги учрашувдан бир оз олдин ўзбек ва туркман расмийлари ҳаво ҳамда автомобиль йўлларида ўзаро қатновларни тиклашга келишиб олишган эди.

Тожикистон президенти Имомали Раҳмон туркман ҳамкасби Бердимуҳамедов билан гаплашиб олиш учун эртароқ келди. Улар Тожикистондан Туркманистон орқали Эронга юк ташиш билан боғлиқ 2018 йилдан бери мавжуд муаммони қисман ҳал қилишга муваффақ бўлишди.

Ашхобод 2020 йил мартида – пандемия кўлами аниқлашган паллада жорий қилган қоидаларга кўра, Туркманистон чегараларига етиб келган товарлар Туркманистонга тегишли юк машиналарга ортилиб, бутун мамлакат орқали ташилиши ва шундан сўнггина бу юкларнинг якуний манзили бўлмиш мамлакатларга оид транспорт воситаларига ортилиши лозим.

Тоқаев минтақавий савдо ва транспорт йўналишларини ривожлантириш ҳақида сўзлади ва Қозоғистон Марказий Осиё мамлакатларига миллиард долларгача қийматда товарлар етказиб бериши мумкинлигини билдирди.

Бироқ учрашув кун тартибидаги марказий мавзу Афғонистондаги вазият бўлди.

Афғонистон мавзуси давлат етакчилари қўшма баёнотининг еттинчи бандида тилга олиниб, мамлакатда, айниқса, унинг Марказий Осиё билан чегараларида вазият сўнгги 20 йилнинг исталган вақтига қиёслаганда ҳам жуда таҳликали экани қайд этилди.

Бироқ мазкур банд қандай ёзилганига эътибор қилсангиз, у охирги 30 йилда эълон қилинган исталган баёнотдан кўчириб олингандек туюлади.

Беш раҳбарнинг барчаси “Марказий Осиёда хавфсизлик ва барқарорликни сақлаш ва мустаҳкамлашнинг энг муҳим омилларидан бири – қўшни Афғонистондаги вазиятнинг мумкин қадар тезроқ тартибга солиниши эканини тасдиқлади”.

Ва шу муносабат билан улар “афғон жамиятида мумкин қадар тезроқ фуқаролар тинчлиги ва тотувлигига эришиш учун ҳар томонлама кўмаклашишга тайёр эканликларини билдиришди”.

Марказий Осиёдаги Афғонистон билан чегарадош уч давлатнинг ҳар бири ушбу мамлакатга нисбатан ўз сиёсатини юритади.

Ўзбекистон мамлакат ҳукумати ва толиблар билан музокара олиб бориб, улар ўртасида тинчлик ўрнатилишига ҳаракат қилмоқда.

Тожикистон ҳукумати толиблар билан мулоқотдан ўзини олиб қочади.

Туркманистон эса ҳукумат билан ҳам, толиблар билан ҳам музокара қилмоқда, лекин Ашхобод Афғонистонга доир ишларга иложи борича камроқ аралашишни афзал кўради.

Мирзиёев ҳукумати ва Толибон мулоқоти. Ўзбекистон эртаси таҳликадами?
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:11:18 0:00

Шубҳасиз, учрашувда Афғонистон ҳақида қўшма баёнотда эсланганидан кўра кўпроқ гапирилди. Хабарномалардан бирида урғуланишича, президент Раҳмон “саботаж, террорчилик ва пропагандани яхши ўзлаштирган, шунингдек бизнинг минтақа хусусида узоққа мўлжалланган режаларига эга экстремистлар” хавфидан огоҳлантирган.

Лекин, афтидан, беш президент учрашувининг арзигулик ютуғи бу тадбир кечган муҳит, яъни тадбирнинг барча иштирокчилари бир-бири билан илиқ муносабатда эканлиги четдан ҳис этилишидир.

Дарҳақиқат, давлат раҳбарлари иш кийимида бўлган расмий қисмни ҳисобга олмаганда, учрашув саммитдан кўра дўстлар базмига кўпроқ ўхшайди.

Президентларни денгиз кемасида – оддий кўчалик кийимда, тренажёр залида эса спорт либосларида суратга олишди. Eurasianet.org журналисти Питер Леонард шунга ишора қилиб Марказий Осиё президентлари саммитидан олинган фотосуратларда “қартабозлик кечаси об-ҳавосини ҳис қилган”и ҳақида ёзди.

Бу луқма, афтидан, беш президент атай яратишга уринган дўстона руҳ учун муносиб баҳодир.

Кимларгадир бу мутлақо аҳамиятсиз туюлиши мумкин.

Бироқ сўнгги салкам 30 йиллик мустақиллик даврида беш мамлакат етакчилари бир-бирлари билан ҳаддан ортиқ ёвлашишган, ҳатто умумий таҳдид қаршисида турган чоғларида ҳам ўзаро адоватдан воз кечишмаган.

XS
SM
MD
LG