Линклар

Шошилинч хабар
05 октябр 2024, Тошкент вақти: 02:00

Энергетик инқироз ва ҳаво ифлосланиши. Марказий Осиё шаҳарлари смог муаммосини ҳал қила оладими?


Бишкек осмонидаги смог. 29 январь, 2020
Бишкек осмонидаги смог. 29 январь, 2020

Марказий Осиёда яна қиш. Минтақадаги йирик шаҳарларда кўмир заводлари ва турар-жой печларидан заҳарли моддалар ҳавога бурқсиб чиқмоқда, муз қоплаган йўллар имиллаб юрадиган, эски машиналарга тўлган, ижтимоий тармоқларда эса ҳаво қанчалик ёмон экани ва қаерда ҳаво тозалагич сотиб олиш мумкинлиги қизғин муҳокама қилинмоқда.

Марказий Осиёда ҳавонинг ифлосланиши азалдан муаммо бўлиб келади, аммо кейинги йилларда вазият янада оғирлашди.

Расмийлар ҳавонинг ифлосланишига катта эътибор қаратмай келади. Аҳоли орасида муаммога эътибор кучайиб, ифлос ҳавонинг соғлиққа таъсири ҳақида кўпроқ одам хабар топар экан, ҳукуматлар муаммоми эътиборсиз қолдиришда давом эта оладими?

Тошкентда ҳаво яна "хавфли" даражада
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:15:32 0:00

Муаммо қанчалик жиддий?

Қирғизистон пойтахти Бишкек жорий ойда бир неча бор IQ Air вебсайтининг ҳаво сифати энг ёмон бўлган шаҳарлар рейтингида биринчи ўринни эгаллади. Шаҳарда ҳаводаги заррачалар кўрсаткичи кўпинча 201 – 300 диапазонида бўлади. АҚШ атроф-муҳитни муҳофаза қилиш агентлигининг ҳаво сифати индексига кўра, бундай кўрсаткичлар «соғлиққа жуда ёмон» таъсир қилади.

Қозоғистон пойтахти Остона ва Ўзбекистон пойтахти Тошкент ҳам сўнгги ҳафталарда IQ Air рўйхатида энг ифлос 20 шаҳар орасида мунтазам ўрин эгаллаб келади.

Минтақада ҳаво ифлослангани акс этган тасвирлар эса бисёр. Хусусан, Олмаота ва Бишкек яқинидаги тоғларда туриб олинган суратларда бу шаҳарларни қалин, кулранг смог қоплаганини яққол кўриш мумкин.

Тошкентдаги ҳаво ифлосланиши.
Тошкентдаги ҳаво ифлосланиши.

Смог қалинлашган кунларда ижтимоий тармоқларда ваҳима ва қора юмор урчийди.

«Ярим миллионга [ярим миллион қозоқ тенгеси, яъни 1000 доллардан ошиқроқ нархга] ҳаво тозалагич. Нима деб ўйлайсизлар?» деб сўради қозоғистонлик Twitter фойдаланувчиларидан бири.

«Бутун кўчани тозалайдими бу?» деб жавоб берди бошқа фойдаланувчи бу қиммат нархдан ҳайратга тушиб.

Смогнинг соғликка таъсири эса ҳазил эмас. Бишкекда фаолият юритадиган шифокор Эрмек Исмоиловнинг сўзларига кўра, қишда мигрень ва нафас олиш муаммоларидан шикоят қиладиган беморлар сони кўпаяди.

«Грипп мавсумида одамларда касаллик аломатлари кучайиб бораётганини кўряпмиз. Уларнинг иммунитети заифлашмоқда. Илгари йўтал икки ҳафта давом этган бўлса, эндиликда йўтал бир ой ёки олти ҳафта давом этган ҳолатларни кўряпмиз», — деди шифокор Озодлик билан суҳбатда.

UNICEF томонидан дастаклаган ва жорий йил бошида тақдим этилган тадқиқот натижалари шуни кўрсатдики, 2021 йил 1 июлдан 2022 йил 30 июнгача Бишкекда ҳаво ифлосланиши натижасида 112 киши ҳалок бўлган.

Бироқ ҳукумат бу хулосаларга шубҳа остига олди.

Қандай қилиб бу аҳволга келдик?

Марказий Осиё шаҳарлари уйларни иссиқлик ва ёруғлик билан таъминлаш учун асосан қазиб олинадиган ёқилғилардан фойдаланадиган тизимларига таянади.

Совет даврида оғир саноат иншоотлари кўп бўлган кичик шаҳарларда ҳаво энг кўп ифлосланган бўлган.

Ўшандан бери шаҳар аҳолиси кўпайди. Совет даврида фақат айрим оилалар транспорт воситасига эга бўлган бўлса, мустақиллик йилларда автомобиллар сони кескин кўпайди.

Минтақада йирик шаҳарлар атрофидаги янги аҳоли пунктлари кўп ҳолатларда газ инфратузилмасига уланмаган. Бундай ерларда яшайдиган аҳоли печларда кўмирдан тортиб, маиший чиқинди ва арзон газламагача ёқади.

Шаҳарларда кўп қаватли уйлар қўзиқориндек кўпайиб, ҳаво оқимига тўсқинлик қила бошлаган.

Бишкекда ҳукумат сифатлироқ, аммо қимматроқ ёқилғи ўрнига нисбатан арзон, ҳавони кўпроқ ифлослантирадиган маҳаллий кўмирни афзал кўриш сиёсатини олиб бораётгани боис муаммо янада кескинлашмоқда.

Тоғлар билан ўралган Бишкек ва Олмаота смогга мойил, чунки қиш ойларида бу шаҳарларни иссиқ ҳаво кўрпа каби ўраб, совуқ ҳаво ва иситиш манбаларидан чиққан ифлослантирувчи моддалар тарқалишига тўсқинлик қилади.

Сўнгги 20 йил ичида аҳолиси 1 миллион кишидан ошиб кетган Остона чўлда жойлашган бўлиб, у ерда шамол кўп эсади. Бунга қадамай, шаҳарда ҳарорат сезиларли даражада совуқроқ бўлгани учун иситиш учун кўпроқ ёқилғи ёқилади.

Ўтган йили Озодлик радиосининг қозоқ хизмати шаҳардаги 30 минг хусусий уйнинг бор-йўғи 5 мингтаси газ тармоғига уланганини хабар қилган эди.

Бундан ташқари, шаҳарда пиёдалар йўлларидан кўра автомобиль йўлларига кўпроқ эътибор берилгани учун шаҳарда автомобиллар кўпайиб бормоқда.

Кўпроқ газ, «яхшироқ» кўмир ечим бўла оладими?

Минтақада камида икки давлат — Қозоғистон ва Ўзбекистон қайта тикланадиган энергияга кўпроқ сармоя ётқизмоқда. Шундай бўлса-да, кенгайиб бораётган шаҳарларда кўмир ва табиий газ каби энергия манбалари ўрнини шамол ва қуёш энергияси қанчалик тез эгаллай олиши шубҳа остида.

Қашшоқроқ мамлакатлар учун қайта тикланадиган энергия манбаларига ўтиш мушкулдир. Бундай мамлакатларда электр ва иссиқлик энергияси учун йирик давлат субсидиялари ажратилади, шунинг учун уларнинг нархи бошқа мамлакатларга солиштирганда анча арзон бўлади.

Кўмирдан газ билан ишлайдиган иситиш тизимларига ва электр энергиясига ўтиш қисқа муддатда амалга оширса бўладиган режадир. Аммо бу ҳам осон бўлмайди.

Бу йил газни электр энергияси, шунингдек, иссиқлик ва энергетика саноати учун муҳим манба ўлароқ кўрадиган Ўзбекистонда одатдагидан кенгроқ кўламда танқислик кузатилмоқда.

Энергетика вазири: метан газ, свет ўчиши ва АЭС ҳақида
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:36:48 0:00

Қозоғистонда ҳам газ етишмайди. «ҚазақГаз» миллий газ компанияси бунинг сабабчиси паст тарифлар эканлигини айтиб келади.

Жорий йилнинг ёзида «ҚазақГаз» директори Санжар Жаркешов Олмаота электр станциясини кўмирдан табиий газга ўтказиш учун кўп ўзгаришлар талаб қилинишини айтди.

Қирғизистонда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш вазири Динара Қутманова ўтган ҳафта смог муаммосига бағишланган парламент тингловида ҳукумат ҳаво сифатини яхшилаш учун 6,7 миллиард доллар грант сўрагани таъкидлаб, кўпчиликни ҳайратга солди. Бу сумма жорий йилда тушиши кутилаётган бюджет даромадидан икки бараварга кўпдир.

Қутманова Бишкекнинг асосий иссиқлик станциясини ҳамда бутун мамлакат бўйлаб уйларни таъминлайдиган улкан Қоракече кўмир конида кўмир тайёрлаш заводини қуриш режалари ҳақида ҳам сўзлади.

Қутманованинг сўзларига кўра, заводда хом кўмирга қараганда камроқ тутун чиқарадиган кўмир брикетлари ишлаб чиқарилади. Шунингдек, вазир пойтахтда жамоат транспорти вазифасини ўтаётган микроавтобусларнинг бир қисмини автобуслар ва электр таксилар билан алмаштириш режалаштираётганини қўшимча қилди.

Атом электр станциялари

Охирги бир неча йил ичида Россия лоббиси таъсирида Марказий Осиё сиёсатчилари атом энергетикасига қизиқа бошладилар.

Ўзбекистон ва Қозоғистон атом электр станцияларини қуриш ниятини изҳор қилган.

Ўзбекистон 2018 йилда «Росатом» билан 2028 йилда фойдаланишга топширилиши кутилаётган атом электр станциясини қуриш бўйича келишувга эришди. Мамлакатда 2030 йилга бориб атом энергияси улуши 15 фоизигача кўтарилиши кутилмоқда.

Қозоғистон расмийлари ҳам «Росатом» билан келишув имзолашга ошиқмоқда, аммо октябрь ойида «Самруқ Қазина» жамғармаси раҳбари Алмасадам Саткалиев кўп миллиард долларлик лойиҳани «халқаро консорциум» назорат қилиши кераклигини айтди.

Расмий завод учун ускуна етказиб бера оладиган мамлакатлар орасида Россия, Франция ва Жанубий Кореяни тилга олди.

Аммо Москва Украинага бостириб кирганидан кейин ушбу лойиҳалар келажаги ҳақида савол туғилди.

Форум

XS
SM
MD
LG