Линклар

Шошилинч хабар
27 феврал 2024, Тошкент вақти: 15:12

Матбуот шарҳи: Қуёш панели ўрнатиш бўйича кўп миллиардлик буюртмалар мебелсозу “ошпаз”га туҳфа қилинди


Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Сўнгги вақтларда Ўзбекистонда қуёш панеллари тендер савдосига энг кўп қўйилаётган маҳсулотга айланди. Мамлакат бўйлаб давлат ва ижтимоий соҳа объектларида қуёш панели ўрнатиш учун оммавий равишда тендерлар ўтказилмоқда.

Жорий йил июль ойи давомида ўтказилган юзлаб тендер савдоларини ўрганиб чиққан “Kun.uz” нашри шубҳали ҳолатларни аниқлади.

Айрим тендер савдоларида буткул бошқа соҳага ихтисослашган фирмалар ғолиб деб топилган. Бу борада тажриба орттирган компаниялар арзон нарх таклиф қилганига қарамай, уларнинг “елкасига қуёш тегмаган”.

Тошкент шаҳридаги Божхона институти жорий йил 23 июнь куни институт ҳудудидаги биноларга қуввати камида 300 kW бўлган қуёш фотоэлектр станцияларини ўрнатиш бўйича 3 млрд сўм бошланғич нарх билан тендер эълон қилган. Унда 2 млрд 520 млн сўмлик таклиф билан “Good Food Catering” МЧЖ ғолиб деб топилган.

“Kun.uz” нашри ушбу ширкат озиқ-овқат соҳасида фаолият юритиши, энергетикадан йироқ эканига эътибор қаратган. Негадир Божхона институти маъмурияти қуёш панели ўрнатиш билан шуғулланиб келаётган фирмаларнинг таклифига рўйхушлик бермаган.

Хоразм ва Сирдарё вилояти фавқулодда вазиятлар бошқармалари учун 300 kW қуёш фотоэлектр станцияларини ўрнатиш бўйича 3 млрд сўмлик тендерда ҳам “улоқ”ни энергетика соҳасида тажрибага эга фирмалар бир четда қолиб, улгуржи савдо ширкати илиб кетган.

“Get-Green Energy Trade” МЧЖ 4 ой олдин ташкил этилган. Бугунги кунгача, etender.uzex.uz платформасидаги маълумотларга эътибор қаратилса, на қуёш фотоэлектр станцияларини ўрнатиш билан боғлиқ ва на ўз фаолиятига доир тендерларда иштирок этган. Танлов комиссияси қарийб 3 млрд сўмлик лойиҳани унга “совға” қилган гўё”, деб ёзган “Kun.uz”.

Тошкент вилояти божхона бошқармаси “С.Нажимов” чегара божхона постига 120 kW қуёш фотоэлектр станциясини ўрнатиш бўйича тендерда эса Ўзбекистон ногиронлар жамияти Қорақалпоғистон бўлимининг “Aqua-big” унитар корхонаси ғолиб бўлган. Эътиборга молик жиҳати, 2022 йил март ойида ташкил этилган корхона мебелсозлик билан шуғулланади.

Тендердаги шубҳали вазиятлар ижтимоий соҳа объектларида ҳам кузатилган. Масалан, Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази, Олмалиқ шаҳридаги 80-ихтисослаштирилган махсус мактаб-интернати ўтказган танловда қурилиш соҳасидаги ширкатлар ғолиб деб топилган.

“Бу ҳолатлар июль ойида ўтказилган қуёш панеллари ўрнатиш билан боғлиқ миллиардлаб сўмлик юзлаб тендерлардан айримлари, холос. Бундай тендерлар кўп ўтмай қуёш панелларининг ўрнатилиш сифати борасида муаммоларни келтириб чиқариши мумкин”, деб огоҳлантирган суриштирув ўтказган нашр.

Тендердаги эҳтимолий қинғирликлар миллиардлаб сўмлик қуёш панелларининг ўрнатилиш сифати ва хизмат кафолатини ҳам шубҳа остига қўяди. Қолаверса, бюджет маблағи коррупцион схема асосида ўзлаштирилмаяптими деган хавотирли саволларни уйғотади.

Суриштирувда қуёш панели ўрнатиш учун тендерлар холис ўтказилаётгани шубҳа остига олинган бўлса-да, бу панеллар Ўзбекистонга қайси давлатлардан кимларга қарашли фирмалар томонидан олиб кирилаётгани, келтирилаётган маҳсулотларнинг сифати нақадар талабга жавоб бериши каби масалаларга дахл қилинмаган.

“Kun.uz” суриштирувида юзага чиққан давлат пулининг “совға” қилиниши эпизодлари жамоатчилик эътиборига тушган илк ҳолатлар эмас.

Жорий йил март ойида Энергетика вазирлиги давлат ташкилотлари ва ижтимоий объектларга қуёш панелларини ўрнатиш бўйича қарийб 2 трлн сўмлик тендер эълон қилган. Блогерлар олтита лотда ғолиблик 2 та компания ўртасида тақсимланганига эътибор қаратиши ортидан вазирлик тендер натижаси бекор қилинганини маълум қилган.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон президентининг “2023 йилда қайта тикланувчи энергия манбаларини ва энергия тежовчи технологияларни жорий этишни жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” қарорига кўра, жорий йилда 20 мингта ижтимоий соҳа объектлари ва давлат идораларида кичик қувватли қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмалари ўрнатилиши режалаштирилган.

Форум

XS
SM
MD
LG