Линклар

Шошилинч хабар
10 октябр 2024, Тошкент вақти: 15:53

Хусусийлаштириш: Мирзиёев кўз-кўз қилаётган потенциал қачондир юзага чиқадими?


Президент Шавкат Мирзиёев хорижий инвесторлар иштирокида амалга оширилган Қуёш фотоэлектр станциясини ишга тушириш маросимида.
Президент Шавкат Мирзиёев хорижий инвесторлар иштирокида амалга оширилган Қуёш фотоэлектр станциясини ишга тушириш маросимида.

Май ойи бошида Тошкентда халқаро инвестиция форуми бўлиб ўтди. 2022 йилда тахминан 1,2 миллиард доллар сарфланган йиллик тадбирнинг учинчи босқичи ҳам Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев учун мамлакатнинг иқтисодий салоҳиятини хорижий инвесторларга яна бир бор намойиш этиш имконияти бўлди, деб ёзмоқда “The Diplomat” нашри.

2016 йилда президентликка келганида Мирзиёев Ўзбекистон иқтисоди эшикларини халқаро инвесторлар учун очишга ваъда берди. Бу Ўзбекистон ҳукуматининг либераллаштириш ва ислоҳот бўйича кенгроқ дастурининг бир қисмидир. 2020 йилда ҳукумат 620 та давлат корхонасини, шу жумладан, давлат нефть ва газ гиганти «Ўзбекнефтгаз» ва кон-металлургия компанияси оператори бўлган Навоий кон-металлургия компанияси каби мамлакатнинг энг йирик компанияларини қисман ёки тўла сотиш режасини эълон қилган эди.

Мирзиёев қуёш панелларининг қоронғи томони
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:35:49 0:00

Инвесторлар Ўзбекистон иқтисодиётини эътиборсиз қолдириши қийин. Мамлакат аҳолиси 36 миллион – Марказий Осиёдаги энг катта аҳоли бўлиб, ўн йилда бу рақам 40 миллионга етиши кутилмоқда. Аҳолининг 60 фоиздан ортиғини 30 ёшгача бўлган ёшлар ташкил этади, уларнинг аксарияти паст-ўрта даромад даражаси бўлган бошқа мамлакатларга нисбатан маълумотлироқ. Аҳолининг харид қобилияти ошиб бормоқда, жон бошига реал даромадлар 2023 йилда тахминан 1500 АҚШ долларини ташкил этди, бу 2017 йилга нисбатан 34,7 фоизга кўпдир.

Бироқ хусусийлаштириш бўйича берилган кўплаб ваъдалар ҳали амалга ошмади. Савдолар бўйича муддатлар ва йирик корхоналарнинг оммавий рўйхатлари доимий равишда ортга сурилади. 2021 йилда Иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров давлат Навоий кон-металлургия компаниясининг 10-15 фоизи 2022 йилда сотилиши кутилаётганини, бироқ кейинчалик бу 2024 йилга кўчирилганини айтди. Ҳукуматнинг сўнгги қарори бу муддатни 2025 йилгача ортга сурди ва сотувга қўйилганлар улуши 5 фоизга камайди.

Айни пайтда, дастлаб 2022 ва 2023 йилларга мўлжалланган икки йирик давлат банки – Ўзбекистон саноат қурилиш банки (СҚБ) ва «Асакабанк»ни хусусийлаштириш икки марта, охиргиси эса мос равишда 2024 ва 2025 йиллар охирига кўчирилди. Fitch халқаро рейтинг агентлиги бошқа омиллар қатори банклар активлари сифати билан боғлиқ хавотирлар фонида яна кечикишлар кутилаётганини айтди.

2022 йилда Украинада уруш бошланиши давлат «Ўзагроэкспортбанк»ни Россиянинг «Совкомбанк»ига сотиш бўйича келишувдан воз кечиб, уни очиқ тендерсиз ўзбекистонлик миллиардер Фаттоҳ Шодиевнинг қариндоши Олимжон Шодиевга тегишли компанияга сотишига сабаб бўлди. 2023 йил июнь ойида давлат Ипотека-банк акцияларининг 73 фоизини Венгрия OTP гуруҳига сотди. Бироқ, келишувдан деярли бир йил ўтгач, бу банк ўз балансидаги муаммоли кредитлар улушини ташвишли даражага етгани ҳақида хабар берди, бу 2023 йил боши ва охири орасида 2,7 фоиздан 11,9 фоизгача ўсди.

Мирзиёев бошқарувига 8 йил тўлди, аммо Ўзбекистоннинг хусусийлаштириш дастури қачондир ўз мақсадига эриша оладими, деб савол қўяди “The Diplomat” нашри. Ўзбекистон расмийлари ҳаракат қилишда суст бўлиши мумкин, аммо бу ерда товуқ-тухум дилеммаси ҳам бор. Сармоядорларнинг аниқ мажбуриятларисиз Ўзбекистон расмийлари мавжуд вазиятни ўзгартириш ва активларни сотишга шошмайди.

Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ) каби халқаро молия институтлари бу бўшлиқни тўлдиришга ҳаракат қилишди. ЕТТБ 2017 йилда мамлакатдаги фаолиятини қайта бошлаганидан сўнг Ўзбекистон давлат компанияларига миллиардлаб доллар кредит ажратди. Гап шундаки, ЕТТБ каби институтларнинг ўзбек компанияларининг устав капиталига кириши хусусий инвесторларда ислоҳот бўлаётганига ишонч уйғотади.

Ўзбекистонга қўшни ҳудудлардаги геосиёсий беқарорлик ва Мирзиёев маъмуриятининг ислоҳотларга содиқлигига шубҳалар кучайган бир пайтда Ўзбекистоннинг сармоявий жозибадорлиги сўроқ остида қолмоқда. Бироқ мамлакат салоҳиятини эътибордан четда қолдириб бўлмайди ва Марказий Осиёдаги энг йирик бозорга кириш имконияти боис яқин йилларда барчанинг эътибори Тошкентга қаратилиши тайин.

Мақола оригинали билан мана бу линк орқали танишишингиз мумкин.

Форум

XS
SM
MD
LG