Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 22:23

Ўзбек муҳожири- “Болаларимни суд онасидан айирмаганда эди 4 яшар болам, балким тирик қоларди”


Russia - The child of a migrant worker is seen in a settlement on the outskirts of Moscow, 26Jul2011
Russia - The child of a migrant worker is seen in a settlement on the outskirts of Moscow, 26Jul2011

Ўзбек муҳожири- “Болаларимни суд онасидан айирмаганда эди 4 яшар болам, балким тирик қоларди”

Ўзбекистонлик 28 яшар Холиса Машарипова, эри Бахром Исмоилов ва 2 фарзанди билан Россиянинг Тверь шаҳри депортация марказида 5 ойдандан буён ушлаб турилмоқда. Шу йилнинг ёзида 3 нафар боғча ёшидаги болалари биргасига бўлганига қарамасдан Тверь суди Холисани миграция қонунларини бузганликда айбдор этиб, болаларисиз депортация марказига қолдиришга қарор қилди. Орадан бир ҳафта ўтар ўтмас, касал отаси билан қолган болаларнинг бири – 4 яшар Анорой кеч тунда электр токи уриши оқибатида касалхонада жон берди.

35 яшар андижонлик Баҳром Исмоилов фожеадан бир неча кун олдин, ошқозон яраси ёрилиб кетиб, жарроҳлик амалиёти ўтказгани ва хотин болалари қийналаётгани сабаб муҳлатдан олдин шифохонадан уйга қайтган.

Холиса, бемор эрини уч боласи билан қолдириб, егулик келтириш учун кўчага чиққанида, полиция ходимлари уни тўхтатиб, ҳужжати бўлмагани сабабли, полиция идорасига, кейинчалик судга келтиришади.

-Полиция ходимлари итни судрагандек мени судраб машинага тиқишди. Мен полициячиларга “мени болаларим жуда кичик уйда мени кутишяпти, қўйиб юборинг” деб ёлвордим. Уйга қўғироқ қилишга ҳам қўйишмади. Бир кун полиция бўлимида қамаб қўйишди, эртасига судга олиб боришди. Судга болаларимни келтиришган эди. Мен ҳакамга “болаларим билан бўлса, майли депортацияга қилинг, болаларимсиз рози эмасман” деб айтдим. “Эринг жароҳликдан тирик қолибди, қарайди” деб болаларимни беришмади. Ўшанда мен охирги маротиба катта қизимни кўрдим,-деди хўрсиниб Холиса.

Она болаларидан айрилганидан 4 кун ўтиб, Баҳром ва Холиса бошига катта фожеа тушади- кеч тунда 4 яшар қизалоғи уйғониб ташқарига туввакка чиқиши пайтида электр токи уриши оқибатида жон беради. Баҳромнинг айтишича фожеа кеч тунда юз берган.

- Мен болаларим билан бирга эдим. Энг кичик икки яшар қизим онасини эмарди, шу пайт онасини йўқотиб қўйиб, кечаси соат 3-4 қадар ухламайдига бўлиб қолди. Ўша куни қизим соат кеч 3 ухлади. Мен қизим ухлагандан ярим соат ўтиб, мен ҳам уйқуга кетдим. Бир соатлардан кейин катта қизим горшокка чиқиш учун турган. Айвонга чиққанида кутилмаганда электр симининг изолентаси ечилиб кетиб темирга илашиб қолган бўлган. Қизим деворни ушлаганда ток урган. Биз турган уй ёғоч уй, ташқариси профнастил тунукаси билан ўралган эди. Ташқаридан чиққан свет тунукага тегиб қолган, кимдир изолентасини махсус очиб қўйганми, билмадим , бутун қиши билан ҳеч нарса бўлмаган нарса шу кунга келиб очилиб кетган, бу бизга қоронғу. Ҳозиргача бу нарса ақлимга сиғмайди, деди Баҳром.

Қизалоғни ёр-дўстлар Твер шаҳрида кўмишади. Кўмиш пайтида Баҳром полиция бўлими қамоқхонасида, Холиса эса депортация марказида ушлаб турилган. Фарзанди кўмилгандан сўнг, Баҳром ва қолган икки фарзанди – 6 яшар ўғли ва 2 яшар қизи онаси Холиса ушлаб турилган депортация марказига қайтарилади.

Уч ой давом эткан тергов ва маҳкама тортишувларидан сўнг, Твер суди Баҳром Исмоиловни РФ Жиноят Коддексининг 109 моддаси 1 қисми (эҳтиётсизликдан одам ўлдириш) бўйича айбдор деб топди ва унга нисбатан 75 минг рубл ($1153) жарима тўлаш ҳукмини чиқарди.

Эр-хотин Исмоиловларнинг айтишича уларда жарима пулининг тўлаш иложи йўқ ва то жарима тўланмас экан, уларнинг Ўзбекистонга жўнашлари янада узоққа чўзилиши мумкин.

Холиса оиласи бошига тушган мусибат эри ва ўзининг соғлиғига шикаст етказганини айтади.

-Қизимнинг ўлимидан кейин соғлиғим ёмонлашган, юрагим урадиган бўлган. Соғлиғим ёмонлашиб бораяпти менга бир гап бўлса, қолган 2 боламга ким қарайди. Бир боламдан айрилдим, шу бир умрига етарли бўлди. Мени бу ерда руҳан қийнаётган яна бир нарса – нега менга болаларимни беришмади? Бу ерга олиб келаётган болали аёллар, онасидан ажратилгани йўқ-ку? Болаларимни суд мендан айирмаганда эди 4 яшар болам, балким тирик қоларди, деди хўрсиниб Холиса.

Озодлик Баҳром Исмоилов ва Холиса Машарипова иши бўйича маълумот олиш учун Твер Тергов бошқармаси ва ички ишлар бўлимига мурожаат қилди. Ҳар икки идора расмийлари телефон орқали бирор маълумот бермаслиглари ва расмий сўров юбриш таклифи билан чекланишди.

Исмоиловлар оиласи муаммоси юзасидан ОзодликМосквадаги “Гражданское содействие” инсон ҳуқуқлари ташкилотига мурожаат қилди. Озодлик мурожаатидан сўнг, ушбу ташкилотнинг Твер вилоятидаги адвокати Владимир Шамкин, Исмоиловлар муаммосини ўргана бошлаганини билдирди.

-Баҳромнинг хотини ва болаларини яқин кунларда Ўзбекистонга юборишлари мумкин. Бу ҳақда мен гаплашган Твер СУВСИГ идораси расмийларига кўра шу кунларда билет пули масаласи ҳал этилиши мумкин. Исмоилов Баҳром масаласига келсак, унинг Ўзбекистонга чиқишига тақиққўйилган. Чунки Баҳромнинг 4 яшар қизи уйда ток уриб ўлдиргани учун, Баҳромга нисбатан РФ Жиноят Коддексининг 109 моддаси 1 қисми бўйича (эҳтиётсизликдан одам ўлдириш) асосида иш қўзғатишган. Суд ҳукми бўйича Баҳром 75 минг рубл тўлаши лозим. Мен ушбу жаримани маҳкама орқали бекор қилиниши бўйича иш бошламоқчимиз, деди адвокат Владимир Шамкин.

Россия шаҳарларида меҳнат муҳожирлари ёш болаларига боғлиқ фожеали воқеаларга дучор бўлиш ҳоллари кам эмас.

2015 йилнинг октябр ойида Санкт- Петербургда миграция қонунчилигини бузганлиги учун ушланган тожикистонлик Зарина Юсупованинг 5 ойлик ўғли полиция ходимлари томонидан тортиб олингандан бир бир кун ўтганч, онасиз қолган гўдак ҳалок бўлган эди.

5 ойлик тожик болакайи Умарали ўлими Россия ва Тожикистон жамоатчилигида катта шов-шувларга сабаб бўлди.

Ҳуқуқ фаоллари Россияга ишлаш учун ёш болалари билан келаётган айрим марказий осиёлик муҳожирлар, ўз фарзандлари ҳаётини хатар остига қолдиришлари мумкинлигидан огоҳ этиб келишади.

XS
SM
MD
LG