Линклар

Шошилинч хабар
08 декабр 2019, Тошкент вақти: 21:24

Сурхондарёлик йигит бурнини милиция ходимлари синдирганини иддао қилмоқда


Акмал Эсановнинг 27 февралдаги сурати

Сурхондарё вилоят, Олтинсой туман, Миршоди ҚФЙнинг “Обод турмуш” маҳалласида яшайдиган 23 яшар Акмал Эсонов 27 февраль куни уч нафар профилактика инспектори уни дўппослаб, бурнини синдирганини иддао қилмоқда.

Акмал Эсоновнинг айтишича, у отасини сўккан инспекторларга норозилик билдиргани учун дўппосланган.

Эсонов айтаётган уч инспектордан бири, профилактика инспектори Ойбек Маматов​нинг Озодликка айтишича, Акмалнинг ўзи бурнини атайлаб машина эшигига уриб синдирган.

Акмал Эсоновнинг Озодликка айтишича, роппа-роса бир ой муқаддам содир бўлган жанжалнинг бошланиши маҳаллага ўрнатилган трансформатор устидан келиб чиққан:

- 2003 йилда отам ўз ҳисобидан сув насоси учун трансформатор қўйдирган эди. Аста-секин маҳалла ҳам бунга уланиб олди. Энди отамнинг бошига оғир савдолар тушиб, пулга муҳтож бўлиб қолдик. Трансформаторни сотмоқчи эдик, халқ норози бўлди. Кейин светни ўчириб қўйдик. Улар прокурорга шикоят қилди. 27 февраль куни 2-прокурор секторида йиғилиш бўлди. Ўша ерга отам, акам ва мен бордик. Отам ичкарига кириб кетди. Кейин ўша ердаги уч участка инспектори отамнинг орқасидан оғизга олиб бўлмайдиган сўзлар билан сўкди.

Акмалнинг айтишича, у инспекторларнинг ҳақорат қилганига норозилик билдиргани учун ўша жойнинг ўзида калтакланган:

- Сен ҳам шунинг боласимисан, ҳозир отделга олиб бориб, кунингни кўрсатамиз деб ёқамдан ушлади. Ойбек, Алишер, Улуғбек исмли инспекторлар қўлимни қайириб машинага тиқмоқчи бўлди. Мен қаршилик кўрсатдим. Кейин Алишер билан Улуғбек қўлимни қайириб ушлаб турдида, Ойбек мени ура бошлади. Битта мушти бурнимга келиб тегди ва бурним қонаб кетди. Шу пайт отам чиқиб қолди ва мени улардан ажратиб олмоқчи бўлди. Лекин улар мени, отамни ва акамни машинага тиқиб, ички ишлар бўлимига олиб кетди. Отам буни духтурга олиб бориш керак деса ҳам кўнмади. Кейин йўлда ҚВП ёнидан ўтаётганда машина эшигини очиб, ўзимни ташлайман десам, тўхтади ва биз дўхтирга кирдик. Лекин, бизни у ердан ҳам ҳайдаб чиқаришди ва акамни қўлини қайириб, ички ишлар бўлимига олиб кетишди.

Акмал Эсоновнинг сўзларига кўра, шундан сўнг у туман шошилинч тиббий ёрдам марказига мурожаат қилган ва докторлар рентген қилиб, унинг бурни синганлиги ва бурнининг ўнг томони йиртилганлиги ҳақида деган хулоса берган.

Акмал Эсанов жароҳатига врач берган хулоса
Акмал Эсанов жароҳатига врач берган хулоса

​Акмал Эсонов врачлар ёзиб берган хулосаларни ҳам Озодликка тақдим қилди.

Акмал Эсанов жароҳатига врач берган хулоса
Акмал Эсанов жароҳатига врач берган хулоса

Акмал Эсонов тилга олган ИИБ ходимларидан бири, Олтинсой тумани ички ишлар бўлимининг профилактика инспектори Ойбек Маматов Озодлик билан суҳбатда унинг иддаоларини инкор қилди:

- Мен профилактика инспектори бўлиб ишлайдиган маҳаллада трансформатор бор. Ўшанинг тепасидаги сим уланадиган иккита чойнагини булар ечиб олиб кетган, уч кун 40 та хўжалик светсиз қолган. Акмалнинг отаси Норбой Ҳусанов бу трансформатор менинг шахсий мулким деб даъво қилади. Лекин, унинг қўлида муҳрсиз бир далолатномадан бошқа аниқ бир ҳужжат йўқ. 27 февраль куни прокурор секторига уларни чақиртирдик. Ўша ерда Норбой ака билан маҳаллий аҳоли вакиллари оғзаки жанжаллашиб қолди. Кейин уни прокурор ўринбосари ичкарига олиб кириб кетди. Мен барибир уларнинг даолатномаси ўтмайди дедим. Шунда Акмал Эсонов мени сенлаб, "формангни ечасан, погонингни юлдираман", унақасан, бунақасан деяпти. Мен унга ука, ўзингни бос, деяпман. У баттар авж оляпти. Томошабинлар кўпая бошлади. Кейин юр, хонага бориб гаплашамиз, деяпман. У баттар авж оляпти. Шунда шергим билан қўлидан ушладик- да, кўчага машина томонга олиб чиқдик. Матиз машинасини орқа эшигини очиб, ўтирғизмоқчи бўлдик. У бўлса бурнини шундай машина эшигига уряптида, мана мени милисалар урди, бурнимни қонатди, деб одам тўплаяпти.

Профилактика инспекторининг айтишича, шундан сўнг у машинада Акмал Эсановни қишлоқ врачлик пунктига олиб борган.

- Агар мен Акмални мажбурлаб олиб кетганимда отаси, акаси билан бирга машинанинг орқа томонига бемалол ўтирғизиб олиб кетармидим. Бир ўзини қўлига кишан солиб олиб кетардик. Дўхтирхона олдига олиб келиб туширдимда, қайтиб кетдим. Бошқа ҳеч нарса қилганимиз йўқ,- деди профилактика инспектори Ойбек Маматов.

ИИБ ходимлари бурнини синдирганини иддао қилаётган Акмал Эсонов туман ички ишлар бўлимига ва туман прокуратурасига 27 февраль куни участка нозирларининг дўппослаши оқибатида тан жароҳати олганлигини ёзиб, ариза ташлаган:

- Ички ишлардан наф бўлмади, улар ўз ходимимизга чора кўрмаймиз дейишди. Прокуратура ҳам жим. Сурхондарё телевидениесидаги очиқ мулоқотда мен шу ҳақда савол берсам, прокурор “у бола бурнини ўзи машина эшигига уриб олган”, деб муштумзўр участка инспекторларини ҳимоя қилди.

Олтинсой тумани прокуратурасининг ўзини таништирмаган мулозими Озодлик мухбири саволига телефон орқали маълумот берилмаслигини айтиш билан чекланди.

Шарҳларни кўринг (5)

Бу форум ёпилган
XS
SM
MD
LG