Линклар

Шошилинч хабар
27 май 2019, Тошкент вақти: 00:16

Қашқадарёда милиция подполковниги 24 яшар қизни зўрлашда гумонланмоқда


Қашқадарё вилояти Нишон туман Ички ишлар бўлими мулозимларидан бири Қарши шаҳридаги ташкилотлардан бирининг 24 яшар ходимасини зўрлаганликда гумонланмоқда.

Озодликка юборилган расмий хабарнома нусхасида ëзилишича, милиция подполковниги жорий йилнинг 3 апрелида ўзига таниш қизни маст қилиб, унинг ихтиёрига қарши равишда жисмоний куч ишлатиб, номусига тажовуз қилган ва уни бу ҳақда шикоят қилиш оқибатларидан қўрқитиб келган.

(Милиция зобитини зўрлашда айблаëтган қиз ва ИИБ расмийсининг шахси Озодликка маълум. Айбсизлик презумпцияси ва тергов амалиëтлари давом этаëтгани боис¸ улар очиқланмаëтир -таҳр.)

Қашқадарё вилояти прокуратураси ушбу ҳолат бўйича Ўзбекистон Жиноят Kодексининг 118-моддаси, 1-қисми (номусга тегиш, яъни зўрлик ишлатиб, қўрқитиб ёки жабрланувчининг ожизлигидан фойдаланиб, жинсий алоқа қилиш) билан жиноят иши қўзғатилганини тасдиқлади.

Озодлик 3 июль куни Нишон тумани ички ишлар бўлими билан боғланганда, навбатчи 1 июлдан бери подполковникнинг ишга чиқмаётганини айтди. Бўлимнинг Озодлик гаплашган яна бир расмийси¸ зўрлашда гумонланаëтган зобитнинг вазифасидан озод этилганини билдирди.

Қашқадарё вилояти прокуратурасининг ўзини таништирмаган мулозими, бу ҳолат юзасидан 1 июлда жиноят иши очилганини тасдиқлади, лекин тергов сири бўлганлиги боис тафсилотларни очиқламади.

“Бу жиноят ишини Қашқадарё вилояти прокуратураси ўта оғир жиноятларни тергов қилиш бўлими катта терговчиси олиб бормоқда. Жиноят-процессуал Кодекси бўйича тергов ҳаракатлари сир сақланади”, деди Озодлик гаплашган мулозим.

Озодликка юборилган хабарномада ëзилишича, подполковник 3 апрель куни туғилган кунига қизни таклиф қилган ва уни маст қилиб, қаршилигига қарамай номусига тажовуз қилган. Қиз унинг устидан шикоят қилишини айтганида, пичоқ ўқталиб ўлдириш билан қўрқитган.

Қизнинг жабрланувчи сифатида Қашқадарё вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғига ёзган шикоятида, шундан сўнг подполковник қизнинг ота-онаси билан гаплашиб, ўзига уйланишга ваъда бергани, лекин орадан икки кун ўтиб қизни бу даъвосидан воз кечишга мажбурлаш мақсадида унга тазйиқ ўтказишга киришгани иддао қилинган.

Хабарномада айтилишича, 24 апрель куни ўтказилган суд-тиббий экспертиза хулосасида жабрланувчининг қизлик пардаси бузилган муддатнинг у иддао қилаëтган муддатга тўғри келиши кўрсатилган.

Қизни зўрлашда гумонланаётган подполковникнинг эҳтиëт чораси сифатида ҳибсга олингани ёки очиқда юриб терговга қатнаётгани тўғрисида Озодликда аниқ маълумот йўқ.

Сизнинг фикрингиз

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG