Ўзбекистондаги 4700 та таъмирталаб кўприк уч йиллик дастур асосида босқичма-босқич таъмирланиши лозим.
Президент Шавкат Мирзиёев 16 октябрь куни бўлиб ўтган йўл хўжалигига оид тақдимотда шундай топшириқ берган.
БМТ таҳлилида сифатли йўллар Ўзбекистон иқтисодиётининг камида 2 фоиз ўсишига туртки бериши қайд этилган.
Президент матбуот хизматига кўра, бугунги кунда халқаро молия ташкилотлари билан 729 километр йўлни реконструкция қилиш бўйича 6 та лойиҳа амалга оширилмоқда. Жумладан, яқин кунларда Қўнғирот – Бейнау йўналишидаги 240 километр йўл фойдаланишга топширилади.
Шунингдек, Гулистон – Андижон, Душанбе – Термиз, Бухоро – Туркманбоши, Урганч – Ҳазорасп йўлларининг муайян қисмлари қайта қурилади.
Мирзиёев йиғилишда Андижон билан Қўнғиротни, Термиз билан Тошкентни боғлайдиган 4 минг километрлик халқаро йўллар ҳолатини яхшилаш, Тошкент–Самарқанд, Тошкент–Андижон оралиғидаги пулли йўл лойиҳаларини жадаллаштириш лозимлигини уқтирган.
Инфратузилмавий лойиҳаларда халқаро молия институтлари билан яқиндан ишлаш, хорижий консультантларни жалб этиш бўйича кўрсатма берилган.
2023 йил ноябрь ойида Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги йиғилишда Ўзбекистондаги 14863 та кўприкдан 32 фоизи қониқарсиз, 5-6 фоизи эса яроқсиз ҳолатда экани айтилган.
Озодлик аввалроқ Тошкент вилояти Нурафшон–Пискент автомобиль йўлининг 12-километрида кўприк қулаб тушгани ҳақида хабар берганди.