Линклар

Шошилинч хабар
19 март 2024, Тошкент вақти: 08:44

Халқаро хабарлар

Moscow Times: Россия Украинадаги аскарларини ҳарбий уст-бош ва анжомлар билан таъминламаяпти

Украинадаги ҳарбий ҳаракатларда иштирок этаётган россиялик аскарлар ҳарбий уст-бош ва анжомларини ўз ёнларидан сотиб олишга мажбур бўлишмоқда. Moscow Times нашри суриштирувида шу ҳақда сўз боради.

Нашр журналистлари Украинада жанг қилаётган одамлар билан аноним тарзда суҳбатлашишган.

“Ўқ ва снаряд парчаларидан сақлайдиган тўртинчи ҳимоя даражасига эга зирҳли нимча ўртача 70 минг рубль туради. Каска учун 10 минг, тузукроқ аскарча пойабзалга яна 5 минг харажат қилиш керак. Оёқ кийим икки жуфт бўлгани маъқул. Анжомларни тутиб турадиган нимча 5 мингдан 10 минггача. Бундан ташқари, куртка, шим, футболка ва ичкийим зарур. Ҳаммаси 200 минг рублга боради”, деган Миллий гвардия ходими.

Россия армиясининг хизматдаги зобити замонавий зирҳли нимча ва каскалар ҳақида гап ҳам бўлиши мумкин эмаслигини, РФ Қуролли кучларида қишлик уст-бош, қуруқ паёк ва дориқутилар етишмаслигини айтган. “Советларнинг эски темир-терсагига кунимиз қолган. Қуроллар дуруст отилмайди”, дея нолиган у.

Дориқутилари билан боғлиқ муаммони бошқа бир ҳарбий ҳам тасдиқлаган. Унинг айтишича, давлат томонидан бериладиган “аптечка”да бинт, йод ва жгутдан бошқа ҳеч вақо бўлмайди.

“Мен ўзим учун 20 минг рублга дориқути ҳозирладим: антибиотиклар, жгут, антидот, боғлов пакетлари, игналар, қонни тўхтатувчи воситалар олдим. Ўз ғамингни ўзинг е, сенга бировнинг раҳми келмайди. Жанг майдонида йод билан қонни тўхтатолмайсан”, деган исми сир қолишини истаган ҳарбий.

Кун янгиликлари

Путин Навальний ўлими юзасидан берган изоҳи давомида унинг фамилиясини тилга олди

Навальнийнинг қабри устида қолдириб кетилган сайлов бюллетенлари
Навальнийнинг қабри устида қолдириб кетилган сайлов бюллетенлари

Россия президенти Владимир Путин 17 март оқшоми Москвада бўлиб ўтган матбуот анжуманида Алексей Навальнийнинг Ямалдаги колонияда жон таслим қилгани ҳақида гапира туриб, мухолифатчининг фамилиясини тилга олди.

Навальнийнинг ўлимини “ачинарли воқеа” деб атаган Путин мухолифатчи Россияга қайтмаслиги шарти билан уни алмаштириш масаласини муҳокама қилганини тасдиқлади.

Путинга кўра, Навальнийни ғарб мамлакатлари қамоқхоналарида бўлган маҳкумларга алмаштириш ғояси ҳақида унга “айрим касбдошлар” айтган, бироқ улар президент администрациясида ишлашмайди.

“Мен билан гаплашиб турган одам бу хусусдаги жумласини тугатмаёқ мен: “Розиман”, деб айтдим. Аммо, афсуски, бўлар иш бўлди. Мен бу иш фақат битта шарт амалга оширилишини айтганман: агар уни алмаштирсак, ортга қайтмайди, ўша ерда ўтираверсин, деганман”, деди Путин.

Аввалроқ “Агентство” ахборот агентлиги ва инглиз тилида чиқадиган нашрлар Россия Алексей Навальнийни, америкалик журналист Эван Гершковични ва америкалик истеъфодаги денгиз пиёдаси Пол Уиланни озод қилишга тайёр бўлгани ҳақида хабар тарқатишган эди. Бунинг эвазига Россияга, тасдиқланмаган маълумотларга кўра, чеченистонлик дала қўмондони Зелимхон Хангошвили ўлимига оид иш бўйича Германияда умрбод қамоқ жазосига ҳукм этилган Вадим Красиков ҳамда “АҚШда судланган россияликлардан кимдир” берилиши мумкин эди.

Авваллари Путин Навальний фамилиясини талаффуз қилишдан қочиб келган. У Навальнийнинг фамилиясини мухолифатчи ҳаётлик чоғида фақат бир марта - 2013 йили тилга олган.

Президент сайловида овоз беришининг сўнгги куни - 17 мартда россиялик сайловчилар Навальнийнинг Москвадаги қабрига унинг исми ёзилган бюллетенларни олиб боришган ҳамда унинг фамилиясини қўшимча ўлароқ бюллетенларга ёзишиб, сайлов қутиларига ташлаб келишган. Мухолифатчининг беваси Юлия Навальная ҳам худди шундай йўл тутган. У Россиянинг Берлиндаги элчихонасида жойлашган сайлов участкасида овоз берган.

Навальний шу йилнинг 16 февралида “Қутб бўриси” (“Полярний волк”) колониясида жон таслим қилган. Унинг ўлим хулосасида сиёсатчи табиий сабаблардан ўлгани айтилган. Мухолифатчининг тарафдорлари уни ўлдирилган, деб ҳисоблайдилар.

Қирғизистон ва Тожикистон чегаранинг қарийб 11 километри бўйича келишувга эришди

Қирғизистон Вазирлар Маҳкамаси матбуот хизмати томонидан ёйинланган фотосурат
Қирғизистон Вазирлар Маҳкамаси матбуот хизмати томонидан ёйинланган фотосурат

Қирғизистон билан Тожикистон давлат чегарасининг 10,76 километри бўйича келишиб олган, дея хабар қилди Озодликнинг қирғиз хизмати.

Қирғизистон Вазирлар Маҳкамаси маълумотига кўра, бунга оид келишувга икки мамлакатнинг ҳукумат делегациялари ҳуқуқий масалалари бўйича ишчи гуруҳлари ҳамда топографик ишчи гуруҳларининг галдаги музокаралари якунида эришилган. Учрашувлар Тожикистоннинг Сўғд вилояти Бўстон шаҳрида 12 мартдан 17 мартгача бўлиб ўтган.

Қирғизистон ҳукумати матбуот хизмати “томонлар қолган участкаларни хатлаш бўйича иш”ни Қирғизистон ҳудудида бўлиб ўтажак кейинги учрашувда давом эттиришини қайд этган.

Аввалроқ қирғиз-тожик давлат чегараси делимитацияси ва демаркацияси бўйича ишлар доирасида Қирғизистон МХДҚ раиси Қамчибек Ташиевнинг тожикистонлик ҳамкасби Саймўмин Ятимов билан учрашуви бўлиб ўтгани ҳақида хабар қилинган эди. Ўшанда улар умумий чегара делимитацияси масалаларини муҳокама қилишиб, ўз ҳукумат делегациялари ишчи гуруҳларига “қолган участкаларда икки давлат чегара чизиқларининг ўтши жойини белгилаш бўйича ишларни давом эттириш” юзасидан “конкрет топшириқлар” беришгани қайд этилган.

Февраль ойи охирида Қирғизистон расмийлари қўшма дала тадқиқотлари ортидан қирғиз-тожик чегарасининг 1,11 километри бўйича келишувга эришилгани ҳақида маълум қилишган эди. Ундан олдин – январь ойида томонлар чегаранинг 38,35 километри бўйича келишиб олишган.

Февраль ойи бошида Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон Қирғизистон ташқи ишлар вазири Жээнбек Кулубаев билан учрашувда ўтган тўрт ой ичида Тожикистон билан Қирғизистон давлат чегарасининг 196 километри бўйича ишчи ва лойиҳавий аниқлаш юзасидан келишиб олишганини билдирганди.

Қирғизистон билан Тожикистон ўртасидаги давлат чегарасининг умумий узунлиги 972 километрни ташкил этади. Қирғизистон ва Тожикистон президентлари 2022 йилдаги учрашув чоғида чегаранинг 664 километри бўйича келишиб олишганини билдиришган эди.

Россия МСК: Путин президент сайловида 87 фоиздан кўпроқ овоз билан пешқадамлик қилмоқда

Владимир Путин
Владимир Путин

Россия Марказий сайлов комиссияси, протоколларнинг 99,68 фоизини қайта ишлангани натижасига кўра, президент сайловида Владимир Путин 87,32 фоиз овоз билан олдинда бораётгани ҳақида маълумот тарқатди.

МСК қайдича, дастлабки ҳисоб-китобларга кўра Россия Компартияси (КПРФ) номзоди Николай Харитонов 4,3 фоиз, “Янги одамлар” (“Новие люди”) номзоди Владислав Даванков 3,82 фоиз, Россия либерал-демократик партияси (ЛДПР) номзоди Леонид Слуцкий эса 3,2 овоз йиғишга муваффақ бўлган.

Комиссия сайлов давомати бўйича тўлиқ маълумотлар 18 март куни соат 11:00 да эълон қилинишини маълум қилган.

Россиянинг айрим ҳудудларида бутун ҳисоб-китоблар ниҳоясига етган. Дейлик, Чеченистон Республикасида барча бюллетенлар санаб бўлинганидан кейин Путин 98,99 фоиз овоз олгани очиқланган. Аннексия қилинган Қрим яриморолидаги Севастополь шаҳрида амалдаги президент 92,6 фоиз овоз йиққан. Москвада эса Путин 85,13 фоиз овоз олгани айтилмоқда.

Президент сайловида Путин учун берилган овозлар 58 миллиондан ошган, бу эса, РБКнинг ёзишича, 1991 йилдан буён овоз бериш тарихидаги энг юқори кўрсаткичдир. Аввалги рекорд 2018 йилда ўрнатилган бўлиб, ўшанда Путинга 56,43 миллион киши (76,69 фоиз) овоз берган эди.

Буюк Британия ташқи ишлар вазири Дэвид Кэмерон Россиядаги президент сайлови эркин ва ҳалол бўлмаганини билдирди. Унга кўра, “Украина ҳудудида ноқонуний равишда сайлов ўтказилгани, сайловчиларда танлов имконияти бўлмагани ва ЕХҲТ томонидан мустақил мониторинг ўтказилмагани – булар эркин ва ҳалол сайловга ўхшамайди. АҚШ ҳам Россиядаги сайловни эркин ва адолатли деб ҳисоблашдан бош тортган. Германия ТИВ эса Россиядаги овоз беришни “натижаси ҳеч кимни ҳайрон қолдирмайдиган сохта сайлов” деб атаган. Польша ТИВ ҳам Россиядаги сайловчи эркин ва адолатли деб ҳисоблаб бўлмаслигини билдирган.

Бу орада Ким Чен Ин президент лавозимига қайта сайлангани муносабати билан Владимир Путинга табрикнома йўллаган, дея хабар қилди Шимолий Корея давлат ахборот агентлиги. Путиннинг “Президент сайловида қозонган ишончли ғалабаси билан” Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон ҳам қутлашган.

Аввалроқ Путинни сайловдаги ғалабаси билан Никарагуа раҳбари Даниэль Ортега ва Венесуэла президенти Николас Мадуро ҳам табриклаган эди.

Бу Путин учун президентликнинг бешинчи муддати бўлиб ҳисобланади. 2020 йил ёзида Россияда Конституцияга киритилган ўзгартишлар унга яна икки марса давлат раҳбари лавозимига ўз номзодини қўйиш ва 2036 йилгача ҳокимият тепасида қолиш имкониятини берган.

Путин 2000 йил бошидан буён Россияда ҳокимиятни бошқариб келади. Даставвал у 2000 ва 2004 йилларда президент этиб сайланган. Ўшанда президентлик муддати 4 йилни ташкил қиларди. 2008 йилда у бош вазир Дмитрий Медведев билан вақтинча ўрин алмашиб турган – Медведев тўрт йил президентлик, Путин эса бош вазирлик қилган. 2012 йилда Путин учинчи муддатга номзодини қўйган, ўша йили президентлик муддати тўрт йилдан олти йилга узайтирилган. 2018 йилда у тўртинчи бор президентлик курсисини эгаллаган эди.

Тоқаев: Қозоқ тили бизнес, техника ва фан тилига айланиб бормоқда

Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев (ўртада) Атирауда ўтказилган Миллий қурултойда, 2024 йил 14 марти
Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев (ўртада) Атирауда ўтказилган Миллий қурултойда, 2024 йил 14 марти

Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев 14 март куни Атирауда бўлиб ўтган Миллий қурултойда қозоқ тилига талаб йилдан йилга ошиб бораётганини айтди, дея хабар қилди Озодликнинг қозоқ хизмати.

Тоқаевга кўра, қозоқ тилидан фойдаланиладиган соҳаларни кенгайтириш масаласи давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири бўлиб қолмоқда.

“Бизнес, техника ва фан тилига айланиб бораётган қозоқ тилига талаб йилдан йилга ошиб бормоқда. Тилни бундан буён босқичма-босқич ривожлантиришнинг энг яхши йўли уни маориф орқали ривожлантиришдир”, деган Тоқаев.

Тоқаев иддаосича, бугунги кунда йирик китоб дўконларида қозоқ тилидаги адабиётлар улуши кўпайган.

Кейинги пайтларда ноширларнинг янги авлоди дунёдаги кўплаб бестселлерларни таржима қилиб, нашр қилмоқда. Фақат бадиий адабиётгина эмас, бизнесга оид адабиётлар ҳам таржима қилиняпти. Давлат сиёсатининг моҳияти ҳеч кимни мажбурламаган ҳолда қозоқ тили ролини кундалик ҳаётда босқичма-босқич мустаҳкамлашдан иборатдир”, деган Қозоғистон президенти давлат тили бўйича фақат гап-сўз билан чекланиш фойдасизлиги, бу жабҳада конкрет ишлар амалга оширилиши лозимлигини қўшимча қилган.

Қозоғистон ҳукумати 2023 йил 16 октябрдаги қарори билан 2023–2029 йилларда Қозоғистонда тил сиёсатини ривожлантириш концепциясини тасдиқлаган. Ҳужжат муаллифлари фикрича, 2029 йилга бориб қозоқ тилини биладиган аҳоли улуши 84 фоизгача кўтарилиши керак.

2022 йилда ўтказилган аҳолини рўйхатга олиш натижаларига кўра, сўралганларнинг 80 фоизи қозоқ тилини билишини айтган ва 49 фоиз респондент бу тилдан кундалик ҳаётида фойдаланишини маълум қилган. Сўралганлардан 20 фоизга яқини давлат тилини билмаслигини қайд этган.

Мамлакат Конституциясига мувофиқ, Қозоғистонда қозоқ тили давлат тили бўлиб ҳисобланади, рус тили эса расмий тил мақомига эга. Давлат ташкилотлари ва маҳаллий ўзини ўзи бошқариш идораларида қозоқ тили билан бир қаторда рус тилидан ҳам расман фойдаланилади.

Беларусда Москвадаги военкоматдан қочган тожикистонлик қўлга олинди

Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Беларусда муддатли ҳарбий хизматга чақирилгани ортидан Россиядан қочиб кетган тожикистонлик қўлга олинган. Бу ҳақда Россия Тергов қўмитасининг Москва шаҳри бошқармаси маълум қилди.

Тергов маълумотига кўра, 2004 ва 2005 йилда туғилган икки тожикистонликнинг бири 2019 йили, яна бири эса 2022 йилда Россия фуқаролигини олган. Улар муддатли хизматга чақирилишган, бироқ армияга боришни истамаган икковлон ўтган йилнинг 22 октябрида Москвадаги ҳарбий комиссариат йиғилув пунктидан жуфтакни ростлаган.

Россияда уларга қарши хизматдан бўйин товлаганлик (Россия Жиноят кодексининг 328-моддаси 1-қисми) айблови билан иш қўзғатилган ва қидирувга берилган. Жиноят қидирув бўлими ходимлари ва терговчилар улардан бири Беларусда эканини аниқлашган. Пировардида у қўлга олиниб, Москвага олиб келинган. Иддаога кўра, қўлга олинган шахс сўроқ пайтида айбига тўлалигича иқрор бўлган.

Россия қўшинлари Украинага бостириб кирган 2022 йил февралидан буён россиялик расмийлар Украинага қарши урушга мигрантларни ёллай бошлаганлар. 2023 йили куч ишлатар тузилмалар ходимлари Россиянинг Москва, Петербург ва бошқа шаҳарларида рейдлар ўтказиб, мигрантларнинг ҳужжатларини текширишга киришганлар. Мазкур рейдлар чоғида Россия фуқаролигини олган шахслар ҳарбий комиссариатларга йўлланган ёки ҳарбий қайдга туришдан бош тортганлик учун жавобгарликка тортилган.

Уруш кетаётганига қарамай, Россия фуқаролигини олишни истаган тожикистонликлар сони ўсишда давом этган. Агар 2021 йили 103 минг 600 нафар тожикистонлик Россия паспортини олган бўлса, 2022 йилнинг тўққиз ойи ичида 119 минг 609 нафар, 2023 йилнинг илк чорагида эса 44 минг 854 нафар тожикистонлик Россиядан фуқаролик олган.

Россия: Президент сайловида овоз бериш жараёни бошланди

Россияда 15 март тонгидан президент сайловида овоз бериш бошланди. Илк бор уч кун давомида ўтказиладиган овоз бериш жараёнининг 17 март куни якунига етиши кутилмоқда.

Озодликнинг рус хизмати қайдича, Москва вақти билан 14 март куни соат 23:00 да Россиянинг шарқидаги энг чекка нуқталар - Чукотка ва Камчаткада сайлов участкалари очилган. Овоз бериш участкалари Украинанинг Россия томонидан ишғол этилган ҳудудлари - Запорожье, Херсон, Донецк ва Луганск вилоятлари ҳамда аннексия қилинган Қрим яримороли ҳудудида ҳам очилади.

Украина ҳудудида Россия расмийлари назорати остида бўлган маҳаллий аҳоли вакиллари ўзларининг овоз беришга мажбурланаётганлари ҳақида маълум қилишган.

Россияни 2000 йилдан буён бошқариб келаётган Владимир Путин бешинчи муддатга президентликка номзодини қўйган. Сайловда амалдаги президентдан ташқари яна уч номзод – “Янги одамлар” (“Новие люди”) партиясидан Давлат думасига сайланган Владислав Даванков, Россия Компартиясидан (КПРФ) депутат Николай Харитонов ва Россия либерал-демократик партиясидан (ЛДПР) депутат Леонид Слуцкий иштирок этмоқда.

Парламентга кирмаган партиялардан бўлган барча номзодлар ва ўз номзодини ўзи кўрсатиб, имзо тўплаган шахсларга Россия Марказий сайлов комиссияси рўйхатга олиш бўйича рад жавобини берган. Даставвал президентлик лавозимига 15 нафар номзод даъвогарлик қилган. Булар орасида фақат Россия Давлат думасига кирган партиялар номзодларидангина (Даванков, Харитонов ва Слуцкийдан) рўйхатга олинишда имзо талаб қилинмаган. Путин эса ўз номзодини ўзи кўрсатган шахс ўлароқ имзо тўплаган.

Ржев шаҳридан бўлган журналист Екатерина Дунцовага Марказий сайлов комиссияси ҳужжатларида хатоликлар борлигини урғулаб, имзо йиғишга ҳам йўл берган эмас. МСКдан рад жавоби олганидан кейин Дунцова Олий судга ариза топширган ва ўз тарафдорларини бошқа бир номзод – Борис Надеждинни дастаклашга чақирган.

Тошкентда туғилган Надеждин ўз номзоди рўйхатга олиниши учун 200 мингдан зиёд россияликнинг имзосини йиғишга муваффақ бўлган. Аммо МСК у томонидан топширилган имзоларнинг 15 фоиздан кўпроғини чиқитга чиқарган. Амалдаги қонунчилик бўйича топширилган имзоларнинг фақат 5 фоизи яроқсиз бўлиши мумкинлигини урғулаган сайлов комиссияси расмийлари Надеждинни номзод ўлароқ рўйхатга олмаганлар. Борис Надеждин судларда ҳам МСК қарорини бекор қилдиролмаган.

Россияда сўнгги йилларда бўлиб ўтган сайловлар мустақил кузатувчилар ва экспертлар томонидан “эркин ва адолатли бўлмаган сайловлар” ўлароқ баҳоланган. Расмийлар сайлов жараёнига аралашиб, кремлпараст номзодлар учун имтиёзлар яратган, қатор ҳолатларда бевосита овоз бериш жараёни сохталаштирилган. Президент сайловида мустақил халқаро кузатувчилар иштирок этмайди, Россия фуқаролари учун ҳам мустақил кузатувчилик қилишда жиддий чекловлар бор.

Шарҳловчиларнинг кўпи бўлиб ўтаётган президент сайловида Россиядаги барча пишангларни феълан назорат қилиб келаётган Путиннинг ғалаба қилиши аллақачон ҳал бўлган масала эканини айтмоқда. Аввалроқ маҳаллий нашрлар ўз манбалари сўзларига таянган ҳолда президент администрацияси Путин ғалабасини камида 80 фоизлик овоз натижаси билан таъминлашни истаётгани ҳақида ёзган эди. Давлатга қарашли Бутунроссия ижтимоий фикрни ўрганиш маркази яқинда ўтказилган сўров амалдаги президент учун сайловчиларнинг камида 75 фоизи овоз беришга тайёрлигини кўрсатганини билдирган.

Россия мухолифати Владимир Путин сиёсатидан норозилик бўлган барчани 17 март куни тушда сайлов участкаларига бориб, шу тариқа ўзининг яширин норозилигини изҳор этишга чақирган. Мазкур ғоя шу йил февралида қамоқхонада ўлган Алексей Навальнийнинг командаси ҳамда мухолифатчи Михаил Ходорковский томонидан ҳам дастакланган.

Бунга жавобан прокуратура “фуқароларга ўзининг сайлов ҳуқуқларини эркин амалга оширишга тўсқинлик қилганлик ҳамда сайлов комиссиялари ишига халақит берганлик” учун жиноий жавобгарлик мавжудлигини эслатиб, таҳдид қилган. Россия Жиноят кодексидаги тегишли моддага кўра, бу иш учун беш йилга қамалиш мумкин.

Алексей Навальнийнинг беваси Юлия The Washington Post газетасида рукнида Ғарб мамлакатларини Россиядаги президент сайлови натижаларини тан олмаслик ва Владимир Путинни легитим давлат раҳбари деб ҳисобламасликка чақирган.

Европа парламентининг қатор депутатлари ва бошқа сиёсатчилар ҳам Россиядаги сайлов натижалари ва Путиннинг легитимлилигини тан олмасликка чақиришган. Улар бунга Украинанинг ишғол этилган ҳудудларида овоз бериш жараёни ўтказилаётгани, Россия конституциясига Путиннинг бешинчи муддатга сайланишига йўл очган ўзгартишлар киритилгани ва бошқаларни асос ўлароқ келтиришган. Ғарб мамлакатлари лидерлари Россиядаги президент сайлови натижалари тан олмаслик эҳтимоли ҳақида ҳали бирор мулоҳаза билдирганларича йўқ.

Москвада “Навальний яширин штаби”га аъзо бўлганлик учун йигит ва қиз 3,5 йилданга қамалди

Москвадаги суд “Олий иқтисодиёт мактаби” миллий тадқиқот университети толибаси Алина Олехнович ҳамда шу ОТМ битирувчиси Иван Трофимовни экстремистик ташкилот фаолиятида иштирок этганликда айблаб, 3,5 йилданга озодликдан маҳрум қилиш ҳақида ҳукм чиқарди. Бу ҳақда “Медиазона” нашри хабар қилди.

Тергов тахминича, 21 ёшли Олехнович ва 22 ёшли Трофимов “Россия ҳудудида қўпорувчилик фаолияти билан шуғулланадиган” Алексей Навальнийнинг яширин штаблари тармоғига алоқадор бўлишган.

Талабалар 2023 йил июлида қўлга олинган. Даставвал суд уларни уй қамоғида сақлаш ҳақида қарор чиқарган, бироқ орадан икки ҳафта ўтгач, улар тергов ҳибсхонасига кўчирилган. Улар суд қарори чиққунига қадар ҳибсхонада қолганлар.

Россия расмийлари Коррупцияга қарши кураш жамғармаси ва Алексей Навальний штабларини 2021 йил июнида экстремистик ташкилотлар деб эълон қилишган. Шундан сўнг минтақавий штаблар тармоғи тарқатиб юборилган, мухолифатчининг кўплаб тарафдорлари эса жиноий таъқибга дучор бўлиш хавфи туфайли Россияни тарк этишган. Навальнийнинг ўзи Ямалдаги қамоқхонада 2024 йилнинг февраль ойида вафот этган.

2022 йил октябрида Навальний сафдошлари Россияда “партизанларнинг яширин уюшмаси”га ўхшаган штаблар тармоғи қайта тузилишини эълон қилишганди. 2023 йил майида Навальний командаси “яширин штаблар” нималар билан шуғулланаётгани (масалан, сайтларни бузиб кириш, варақа тарқатиш ва ш.к.) ҳақида гапириб беришган эди.

Чехия ташқи ишлар вазири Россияни журналист Алсу Курмашевани озод қилишга чақирди

Алсу Курмашева
Алсу Курмашева

Чехия ташқи ишлар вазири Ян Липавский Озодликнинг татар-бошқирд хизмати журналисти Алсу Курмашевани дастаклаб чиқди. Курмашева ҳибсга олингунига қадар Россияда яшаб, Чехия пойтахти Прагада ишлаган эди.

БМТ Хавфсизлик кенгашидаги баҳс-мунозара доирасида қилган чиқиши чоғида Липавский Россияни бир неча айблов бўйича 10 йиллик қамоқ жазоси хавф солаётган журналист аёлни озод қилишга чақирган.

Ян Липавский иштирок этган мунозара мавзуси уруш ва тўқнашувларнинг олдини олиш бўлган. Бошқа мулоҳазалар қатори чехиялик вазир ўз сўзида тинчлик мустаҳламланишига ҳисса қўшаётган аёллар учун, ҳуқуқбонлар, фаоллар, журналистлар ва гендер тенглик ҳимоячилари учун хавфсизлик ва қўллов муҳитини яратиш зарурлигини урғулаган.

“Қўшимча қилмоқчиманки, Чехия Россияни Алсу Курмашевани зудлик билан қамоқдан озод қилишга чақиради”, дея иқтибос келтирган Липавский сўзларидан Чехиянинг Novinky.cz нашри.

Ўз чиқиши пайтида Ян Липавский Россия расмийлари хатти-ҳаракатларини танқид қилди. Чехия ташқи ишлар вазирига кўра, Хавфсизлик кенгашининг доимий аъзоси бўлган Россия “Украинага қарши уруш олиб бориш билан очиқдан-очиқ БМТнинг моҳиятига зид иш қилмоқда ва БМТ низомидаги бутун хавфсизлик тузилмаси обрў-эътиборига путур етказяпти”.

Липавскийга кўра, Чехия ислоҳ қилинган ва аъзолари сони янада кўпайтирилган БМТ Хавфсизлик кенгаши ҳозирги мисли кўрилмаган инқирозга ечим топишни яхши эплаган бўларди, деб ҳисоблайди.

Россия ва АҚШ фуқароси бўлган Алсу Курмашева Россия расмийлари томонидан “хорижий агентлар”га оид қонунчиликни бузганлик ва Россия армияси тўғрисида “фейк” тарқатганликда айбланмоқда. Журналист аёл ўзига қўйилаётган айбловларни тан олган эмас. Унинг ҳамкасблари эса Алсу касбий фаолияти учун таъқиб этилаётганига шубҳа қилмайдилар. “Мемориал” ҳуқуқбонлик ташкилоти Курмашевани сиёсий маҳбус дея тан олган.

Қирғизистон парламенти “хорижий вакиллар тўғрисида”ги қонун лойиҳасини қабул қилди

Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Қирғизистон парламенти депутатлари 14 март куни учинчи ўқишда “хорижий вакиллар тўғрисида”ги қонун лойиҳасини қабул қилишган.

Озодликнинг қирғиз хизмати хабарига кўра, қонун лойиҳаси учун 66 нафар депутат ёқлаб, 5 нафар депутат эса қарши овоз беришган.

Хабарга мувофиқ, “хорижий вакиллар тўғрисида”ги қонун лойиҳаси парламентнинг 14 март кунги кун тартибида бўлган эмас - ҳужжат спикер ўринбосари Нурбек Сидигалиев илтимосига кўра кун тартибига киритилган ва депутатлар унинг таклифини дастаклашган.

Бунгача ҳужжат парламентнинг Конституциявий қонунчилик ва давлат тузилиши қўмитаси томонидан маъқуллангани маълум бўлган эди. Парламент депутатлари қонун лойиҳасини мазкур қўмита аъзолари киритган тузатишларни ҳисобга олган ҳолда қабул қилишган. 20 февраль куни қўмита аъзолари бўлган депутатлар қонун лойиҳасидан жиноий жавобгарликка оид меъёрни олиб ташлашган эди, лойиҳадаги қолган моддалар эса аввалгидек қолган.

“Хорижий вакиллар тўғрисида”ги қонун лойиҳаси даставвал 30 дан зиёд депутат ташаббуси билан кўтариб чиқилган, лекин кейинроқ ҳужжат танқидга учрагач, депутатларнинг бир қисми лойиҳа остига ўз имзосини қўйишдан воз кечган. Қонун лойиҳаси кўпроқ унинг асосий муаллифи бўлган депутат Надира Нарматова томонидан олға сурилмоқда. Қирғизистон учун бундай қонун ўта зарурлигини айтган Нарматова мамлакатдаги ноҳукумат-нотижорат ташкилотлари ҳар йили ўз лойиҳалари учун хориждан грант маблағлари олаётганлари, бироқ бу пулларни нималарга сарфлаётгани ҳақида ҳисобот тақдим этмаётганлари ҳақида бир неча бор гапирган эди.

Мазкур қонун лойиҳаси жамоатчилик, фаоллар ва халқаро ташкилотлар томонидан бир неча бор танқид қилинган. Улар қонун лойиҳаси фақат нотижорат ташкилотлари учунгина хатарли эмаслиги, қонун қабул қилинса, бу Қирғизистондаги кўплаб нотижорат ташкилотларининг ёпилиши ва халқаро донорларнинг кетишига сабаб бўлишини қайд этишган.

Аввалроқ Human Rights Watch, Amnesty International сингари халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари, ЕХҲТ вакиллари ва коррупцияга қарши кураш билан шуғулланувчи Transparency International халқаро ташкилотлари парламент депутатларига мазкур қонун лойиҳасини қабул қилмаслик чақириғи билан чиқишган. Бундан ташқари, Европа Иттифоқининг Қирғизистондаги ваколатхонаси қонун лойиҳаси юзасидан изоҳ бераркан, мазкур ҳужжат қабул қилинган тақдирда, бу ЕИ ва бошқа халқаро донор ташкилотларнинг Қирғизистонда ҳамкорлик бўйича ўз фаолиятини амалга оширишига салбий таъсир кўрсатиши мумкинлигини билдирган. Қонун лойиҳаси қабул қилиниши юзасидан ўз хавотирини АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен ҳам Қирғизистон президенти Садир Жапаровга ёзган хатида билдирган эди.

АҚШ Конгресси қуйи палатаси депутатлари TikTok’ка қарши овоз беришди

Вашингтондаги Капитолий биноси олдида TikTok ҳимояси учун акциялар ўтказилмоқда, 2024 йил 13 марти
Вашингтондаги Капитолий биноси олдида TikTok ҳимояси учун акциялар ўтказилмоқда, 2024 йил 13 марти

АҚШ Конгрессининг Вакиллар палатаси Қўшма Штатлар ҳудудида Хитойнинг TikTok иловаси фаолиятини чеклашга оид қонун лойиҳасини маъқуллашган. Қарашлари аксар масалаларда бир-бирига зид бўлган икки партия вакиллари — республикачи ва демократ депутатлар бу гал бир қадар ҳамжиҳатлик билан овоз беришган: қонун лойиҳаси депутатларнинг 352 нафари томонидан ёқланган, 65 нафар депутат эса ҳужжат қабул қилинишига қарши чиққан. CNN хабарига кўра, қонун лойиҳасига қарши овоз берган депутатларнинг 50 нафарини демократлар, 15 нафарини эса республикачилар ташкил этади.

Америкалик қонун чиқарувчиларга кўра, агар Хитойнинг ByteDance ширкати TikTok’ни

бошқа шахсга сотмаса, илованинг АҚШдаги Apple ва Google ширкатлари дўконларидаги сотуви тўхтатилиши лозим.

Чеклов тарафдорларининг урғулашларича, TikTok АҚШ миллий хавфсизлиги учун таҳдиддир. Уларга кўра, Хитой ҳукумати махсус хизматлари тўғрисидаги ўз қонунларини ByteDance ширкатига қарши ишлатиб, уларни TikTok иловасидан фойдаланаётган АҚШ фуқароларига оид шахсий маълумотларни ХХР расмийларига топширишга мажбур қилиши мумкин.

Ҳозиргача кўплаб манбалар ByteDance вакиллари Хитой ҳукумати билан алоқада экани ҳамда ширкатдан сиёсий цензура қўлланилишида фойдаланилаётгани ҳақида маълум қилишган. ByteDance бир неча бор АҚШ ва бошқа мамлакатларда тергов объектига айланган.

TikTok’ка оид қонун лойиҳаси АҚШ Сенати томонидан қабул қилиниб, президент томонидан имзоланган тақдирда, ByteDance ширкатига иловани сотиш учун тақрибан беш ой муҳлат берилади. Агар бу вақт ичида TikTok сотилмаса, CNN қайдича, Хитой иловаси АҚШдаги Apple ва Google дўконларида сотувдан олиб ташланади, бошқа сўз билан айтганда, америкаликлар ўз жиҳозларига ўрнатиш учун TikTok иловасини юклаб ололмайдилар.

Литва президенти Вильнюсда Леонид Волковнинг ҳужумга учрагани юзасидан изоҳ берди

Литвалик полициячилар Леонид Волковга ҳужум қилинган жойда, Вильнюс, 2024 йил 13 марти
Литвалик полициячилар Леонид Волковга ҳужум қилинган жойда, Вильнюс, 2024 йил 13 марти

Литва президенти Гитанас Науседа Вильнюсда Леонид Волковга қилинган ҳужум Кремль таъсири остида содир бўлганини истисно қилмайди. Бу ҳақда Литва миллий радио ва телевидениеси (LRT) хабар қилди.

Бундай нарсалар режа асосида амалга оширилишига шубҳа йўқ. Аммо мен аниқлик киритиб ўтмоқчиман: расмийлар ҳолатга баҳо бериб, текширув ўтказадилар ва умид қиламанки, айбдорларни топадилар. Ва мен бу ерда Путинга фақат битта гап айтмоқчиман: бу ерда сиздан ҳеч ким қўрқмайди”, дея билдирган Науседа.

Литва ташқи ишлар вазири Габриэлюс Ландсбергис ҳам Навальнийнинг сафдоши бўлган сиёсатчига қарши уюштирилган ҳужумга ўз муносабатини билдирган.

Леонидга ҳужум тўғрисидаги хабар бизни шокка туширди. Тегишли идоралар ишлаяпти. Жиноятчилар ўз қилмишлари учун жавоб беришларига тўғри келади”, деб ёзган вазир Х ижтимоий тармоғидаги саҳифаси орқали.

Полиция бош комиссари ўринбосари Саулюс Тамулявичюс LRTга жиноят бўйича бир неча тахмин илгари сурилаётганини айтган.

Ҳозир судгача тергов бошлатилган ҳамда биз жиноят сабаби ва унга туртки бўлган жиҳатни аниқлаш учун қўлимиздан келган барча ишларни амалга оширмоқдамиз”, дея билдирган Тамулявичюс 13 март куни. Унинг айтишича, Волковга ҳужум қилган шахс ҳозирча топилган эмас.

АҚШнинг Литвадаги элчиси Кара Макдональд Волковга қарши уюштирилган ҳужумдан шокка тушганини билдирган.

Унинг овозини ўчириш ва қўрқитишга қаратилган яқиндаги ҳаракатлардан кейин Леониднинг қатъияти ва жасорати кишини руҳлантиради. Навальний командаси Кремль қатағонлари ва шафқатсизлигига аввалда бўлгани каби очиқчасига қарши чиқмоқда”, деб ёзган америкалик дипломат X ижтимоий тармоғида.

12 март оқшомида Вильнюсда номаълум кишилар Алексей Навальнийнинг собиқ сафдоши, унинг штаблари тармоғи собиқ раҳбари Леонид Волковга ҳужум қилишган. Навальнийнинг собиқ матбуот котиби Кира Ярмишга кўра, Волковнинг “машинаси ойнасини болға билан уриб синдиришиб, юзига кўздан ёш сиздирувчи газ сепиб, кейин Леонидни болға билан ура бошлаганлар”. Ҳодиса ортидан Волков касалхонага етказилган. Бир неча соатдан кейин эса қўли гипсланган сиёсатчини касалхонадан чиқарганлар.

16 февраль куни Россия расмийлари Ямалдаги “Қутб бўриси” колониясида Алексей Навальний вафот этгани ҳақида хабар тарқатишган. Ўлим хулосасида мухолифатчининг табиий сабабларга кўра ўлгани айтилган. Сиёсатчининг тарафдорлари Навальний ўлдирилган, деган фикрдалар.

Европарламент ЕИ санкцияларини айланиб ўтганлик учун жиноий жавобгарликка тортишга оид қонунни қабул қилди

Европа парламенти биноси (архив сурати)
Европа парламенти биноси (архив сурати)

Европа парламенти 12 март кунги овоз бериш чоғида Европа Иттифоқи томонидан жорий этилган санкцияларни бузганлик ва айланиб ўтганлик учун жиноий жавобгарликка тортиш тўғрисидаги қонунни маъқуллаган. Мазкур қонун, хусусан, санкция остига тушган активларни мусодара этиш жараёнини ҳам жўнлаштириши айтилмоқда.

Янги қонунда санкциялар бузилиши деган нималар тушунилишидан баҳс этилган ҳамда унда санкцияларни бузганлик учун қандай жазолар қўлланилиши баён қилинган. Санкцияларнинг қасдан бузилишидан ташқари қонунда қурол-аслаҳа ёки қўш мақсадда фойдаланиш мумкин товарлар савдоси бўйича ҳам жиноий жавобгарлик кўзда тутилган.

Қонун қабул қилинганидан кейин ЕИга аъзо давлатлар умумий тартиб-таомилга мувофиқ бўлган миллий қонунларни қабул қилишлари лозим бўлади. Уларда санкцияларни айланиб ўтиш 5 йилдан кўпроққа озодликдан маҳрум этиш шаклидаги жиноий жавобгарликка асос бўлиши кўрсатилиши лозим. Қонунларда санкцияларни айланиб ўтишдан топилган даромадни мусодара этиш ва бунинг учун турли воситаларни ишга солиш кўзда тутилган бўлиши шарт.

Бу ҳолат санкцияларни айланиб ўтишга уринишда фойдаланилаётган активларга ҳам тегишлидир. Бу меъёр, хусусан, ЕИ давлатларига санкцияларни айланиб ўтишга уринганликда гумонланган россиялик тадбиркорлар ва ширкатлар мол-мулкини мусодара этиш имконини беради.

Россия қўшинлари Украинага бостириб кирган 2022 йил февралидан кейин Россия иқтисодиёти, бизнеси ва фуқароларига қарши ўндан ортиқ санкция пакетини қабул қилган.

Санкцияларни айланиб ўтиш бўйича қонун қабул қилинишидан мақсад Москва ва россиялик олигархларга қарши санкция босимини кучайтириш экани айтилган. Қонун европалик депутатлардан 543 нафари томонидан ёқланган, 45 нафар депутат унга қарши чиққан, 27 нафари эса овоз беришдан тийилган.

Ватикан Украинада тинчлик ўрнаши учун “биринчи шарт” Россиянинг ўз тажовузини тўхтатиши эканини билдирди

Рим папаси Франциск
Рим папаси Франциск

Ватикан Украинада тинчлик қарор топиши учун “биринчи шарт” Россия томонидан “ўз тажовузига якун ясалиши” эканини билдирди. Бу баёнот Рим папаси Францискнинг Украина “оқ байроқ остида” жасорат намоён эта олиши лозимлигига оид сўзлари Киев ва иттифоқчилари томонидан танқидий қабул қилингани ортидан Ватикан давлат котиби, кардинал Пьетро Паролин тилидан янгради. Папанинг яқин сафдоши бўлган Паролин бу баёнотни Corriere della Sera газетасига 12 март кунги интервьюси чоғида берган.

Муқаддас Минбар шу йўналишга риоя қилмоқда, оташкесим ҳақида сўрашни давом эттирмоқда ва тажовузкорлар ўт очишни тўхтатишлари лозим”, деган Паролин.

Эслатиб ўтамиз, Украина президенти Владимир Зеленский 10 март оқшомидаги видеомурожаатида Киев ва Москвага музокара столига ўтиришни таклиф этган Рим папаси Францискка - унинг исмини айтмаган ҳолда кескин жавоб қайтарган эди. Аввалроқ христианларнинг католик мазҳаби раҳбари Франциск сўзларига Украина ташқи ишлар вазири Дмитрий Кулеба ва ғарблик қатор сиёсатчилар ҳам жавоб беришган.

Россия ёвузлиги 24 февраль куни бу урушни бошлаганида украиналикларнинг барчаси мудофаада туришди. Христианлар, мусулмонлар, яҳудийлар – ҳаммаси. Мен армия билан бирга бўлган, Мудофаа кучлари сафида бўлган украиналик ҳар бир капелландан миннатдорман. Улар олд сафларда тириклик ва инсонийликни ҳимоя қилишмоқда. Улар дуоси билан ҳам, суҳбати билан ҳам, иши билан ҳам дастак бермоқда. Черков дегани шунақа одамлар билан қимматли – икки ярим минг километр нарида турволиб, яшашни истаганлар ва сени йўқ қилишни истаётганлар ўртасида виртуал воситачилик билан шуғулланаётганлар билан эмас”, дея билдирган Зеленский.

Украина президенти украиналик эркак ва аёллар қўлида қурол билан Европани “россиялик қотиллар ва қийноқхоналар”дан ҳимоя қилаётганини айтди.

Украинада бир пайтлари деворлари оппоқ бўлган, ҳозир эса Россия снарядлари текканидан вайрон бўлиб ва куйиб кетган уйлар ва черковлар бор. Бу уруш тўхташи учун айнан ким тўхташи лозимлигини очиқ-ойдин кўрсатиб турибди”, деган Зеленский.

Бир кун аввал Швейцариянинг RSI канали Рим папаси Францискнинг интервьюсидан парча кўрсатган, унда руҳоний кўплаб мамлакатлар унга Киев билан Москва ўртасида воситачилик қилишни таклиф этишаётганини айтган эди. Папа томонларга музокарага рози бўлишни таклиф қилган.

Аҳвол янада ёмонлашиб кетмай туриб, музокара олиб боришдан уялманг. Музокара капитуляция дегани эмас. Бу мамлакатни ўзини ўзи ўлдиришга олиб бормаслик жасоратидир”, деган Франциск.

Рим папасининг бу чиқиши Киев ва европалик қатор сиёсатчилар томонидан салбий қарши олинди. Украина ТИВ раҳбари Дмитрий Кулеба Х ижтимоий тармоғида: “Эзгулик билан ёвузлик ўртасидаги курашда уларни “музокара” дея бир-бири билан тенгламасдан, эзгулик тарафида турган кучлироқдир”, деб ёзган. Шунга қарамай, у тинчлик сўраб дуо қилгани учун Францискка миннатдорлик билдириб, Киев папанинг ташрифидан умид қилаётганини айтган.

Россия: Иваново шаҳрида ҳарбий-транспорт учоғи қулади

Иваново яқинидаги учоқ қулаган жой
Иваново яқинидаги учоқ қулаган жой

Россиянинг Иваново шаҳридаги “Северний” (Шимолий) ҳарбий аэродроми яқинида 12 март куни Ил-76 ҳарбий-транспорт учоғи қулаган. Учоқ бортида бўлган 15 киши ҳаммаси, дастлабки маълумотларга кўра, ҳалок бўлган.

Учоқ Богородское қишлоғи яқинида қулаган. Авиаҳалокат содир бўлган жойга қутқарувчилар етиб борган, учоқ қулаши ортидан юзага келган ёнғин тутунини бугун Иваново аҳли кўрган.

Тезкор хабарларга ихтисослашган 112 телеграм-канали хабарига кўра, қулаб тушган учоқ одатда Твердаги аэродромда турган. Учоқ “Северний” аэродромидан парвоз қилаётган чоғда унинг двигателидан ўт чиқиб, ёна бошлаган. Экипаж аъзолари учоқни учиш йўлагига қайта қўндиришга уринишган,бироқ бунга муваффақ бўлишолмаган.

Россия Мудофаа вазирлиги қулаган Ил-76 бортида саккиз нафар экипаж аъзоси ва етти нафар йўловчи бўлганини, аэродромга Россия Ҳаво-космий кучлари комиссияси учиб кетганини маълум қилган.

Маълумотларга кўра, “Северний” аэродромида асосан узоқ масофали радиолокацион аниқлаш учун ишлатиладиган А-50 учоқлари ва ҳарбий-транспорт авиацияси сақланади.

Байден “Исроилга фойдадан кўра кўпроқ зарар келтираётган” Нетаняҳуни танқид қилди

АҚШ президенти Жо Байден Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу билан (архив сурати)
АҚШ президенти Жо Байден Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу билан (архив сурати)

АҚШ президенти Жо Байден фикрича, Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳунинг “Исроилга фойдаси эмас, кўпроқ зарари тегяпти”. Бу мулоҳазани Байден 9 март куни Ғазо секторидаги урушда Нетаняҳунинг роли ҳақида гапира туриб билдирган.

АҚШ президенти ўтган йил 7 октябридаги ҳужумлар ортидан Исроил ҲАМАС гуруҳини (АҚШ, ЕИ ва Британияда террор ташкилоти деб тан олинган) таъқиб қилишга ҳақли деб билишини айтган, бироқ Байденга кўра, Нетаняҳу кўрилган чоралар натижасида бегуноҳ одамларнинг ҳалок бўлиши билан боғлиқ вазиятга кўпроқ эътибор қаратиши керак.

MSNBCга берган суҳбатида Байден Исроил қўшинларининг Ғазодаги Рафаҳ шаҳрига бостириб кириши ўзи учун “қизил чизиқ” эканини айтган, шу билан бирга, у Исроилни ҳеч қачон ташлаб кетмаслигини қўшимча қилган.

АҚШ президентининг бу мулоҳазаларига жавобан Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу Германиянинг Bild нашрига берган интервьюсида исроилликларнинг кўпи унинг Ғазо секторидаги сиёсатини қўллаб-қувватлаётганини айтган.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG