Линклар

Москвадаги ёнғинда ўлганлар орасида ўзбекистонликлар ҳам бор


Шу йилнинг июл ойида Колпинодаги ёнғин оқибатда 7 ўзбекистонлик куйиб кетган эди.

Россия Тергов қўмитаси Москва шимолида Складочная кўчасидаги ёнғинда 6 муҳожирнинг нобуд бўлгани юзасидан жиноий иш қўзғатди. Озодликка келиб тушаётган хабарларда, ишчилар битовкасида куйиб ўлган 5 эркак ва бир аёл орасида ўзбекистонликлар борлиги тахмин қилинмоқда.

Москва шимолида жойлашган “Москва - Бутырская Товарная” станцияси яқинида жойлашган Складочная кўчасидаги ишчилар яшовчи вақтинчалик уйлардан бири ëниб кул бўлди. 6 ноябрь саҳарги 02:25 ларда содир бўлган бу ҳодиса жойига етиб келган ўт ўчирувчилар 12 квадрат метрлик уйчада 5 эркак ва бир аёл жасади борлигини аниқлади.

Москва Тергов қўмитаси расмий вакиласи Елена Марковскаянинг Озодликка айтишича¸ ёнғин хавфсизлик чораларига риоя қилинмагани сабабли келиб чиққани тахмин қилинмоқда:

- Ҳодиса жойида 6 киши жасади топилди. Улар шахси аниқланмоқда. Ёнғинда жабрланганлардан бири тасодифан жон сақлаб қолди – 30% танаси куйган бу одам тиббий муассасага ётқизилди. Ҳодиса жойида тергов-суриштирув ишлари давом этмоқда, деди тергов қўмитаси вакиласи.

Ёнғин чиққан жойдан олинган видеотасвирлар оммавий ахборот воситаларида тарқалди.

Россия Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг Озодлик гаплашган расмийси ўлганлар ҳамда жабрланган йигитнинг ўзбекистонлик экани тахмин қилинаëтганини маълум қилди. Ҳозирча бу маълумотни на Тергов қўмитаси ва на Ички ишлар вазирлиги тасдиқлади. Москва полицияси ходимлари эса¸ Складочная кўчасидаги ëнғинда ўлганларнинг марказий осиёликлар экани¸ бироқ уларнинг неча нафари ўзбеклар эканини айтишга ҳозирча эрталигини билдирди.

Айрим оммавий ахборот воситаларида Складочнаядаги ёнғинда нобуд бўлганлар орасида иккита москвалик ва бир нафар беларуслик ишчи ҳам бўлгани тўғрисида маълумотлар пайдо бўлди.

Ҳозирча бу ёнғин тўғрисида Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ва Москвадаги Ўзбекистон элчихонаси расмий сайтида бирор хабар берилганича йўқ.

Терговчилар очиқлаган маълумотга биноан, ëниб кул бўлганлар шу атрофдаги қурилишлардан бирида ишлаб келган.

Полицияга кўра, 6 ноябрга ўтар кечаси битовкада муҳожирлардан бирининг туғилган куни нишонланган - ташқарида шашлик мангали ҳам аниқлаган. Битовка ичкарисида бўлганларнинг тутундан заҳарланиб ўлгани ҳам тахмин қилинмоқда.

Россия оммавий ахборот воситаларида “битовкада ўлган мигрантлар маст ҳолатда бўлгани” тўғрисидаги иддаолар ҳозирча ўз тасдиғини топмади. Тергов қўмитаси вакиллари Озодлик сўровига бундай хулоса қилиш учун жасадларнинг суд-тиббий экспертизаси хулосаларини кутиш лозимлигини маълум қилишди.

Москвага тушган совуқ сабабли, ишчилар ётоқхонаси махсус мосламалар ёрдамида иситилган ва айнан шу иситгичлар битовка ичида олов чиқишига сабаб бўлгани ҳам тахмин қилинмоқда.

Москва Тергов қўмитаси Россия Жиноят Кодексининг 109-моддаси 3-қисми (икки ва ундан кўп одамнинг эҳтиётсизлик оқибатида ўлдирилиши) асосида жиноий иш очди.

Ўзбек муҳожирларининг Россияда ёнғин оқибатида куйиб кетиши ҳолатлари тез-тез учраб туради. Шу йилнинг июл ойида Колпинодаги ёнғинда ҳам 7 ўзбекистонлик куйиб кетган эди.

Сизнинг фикрингиз

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG