Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 15:52

Мирзиëев халққа давлатнинг ҳақиқий аҳволи ҳақида ҳисоб берди (ВИДЕО)


Мирзиëев: "Мен ер тагида илон қимирласа биламан"
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:04:56 0:00

Мирзиëев: "Мен ер тагида илон қимирласа биламан"

22 декабрь куни президент Шавкат Мирзиëев биринчи марта мамлакат парламенти – Олий Мажлисга Мурожаатнома тақдим этди. Парламент вакиллари баробарида мамлакат бўйлаб ҳокимиятнинг барча тармоғи расмийлари ва тадбиркорлар қатнашган бу мажлисдаги тўрт соатлик нутқида Мирзиëев Ўзбекистондаги иқтисодий-ижтимоий аҳвол ҳақида гапирди.

Бу мурожаатнома биринчи марта "Ўзбекистон 24" миллий телеканали¸ қолаверса¸ президентнинг барча ижтимоий тармоқлардаги расмий сафиҳаларида жонли тарзда намойиш этилди. Айни пайтда¸ мурожаатномани онлайн томоша қилганларга унга реалтайм форматида шарҳ¸ муносабат билдириш имкони ҳам берилди.

Одамлар ишониши учун нима қилай¸ айтинглар!

Президент ўз мурожаатини ўтган бир йил ичида мамлакат ҳаëтининг барча соҳаларида ислоҳотлар бошлангани¸ аммо бу жараëннинг осон кечмаëтганини эътироф этишдан бошлади.

“Халқнинг ҳали ишончи йўқ. Бўларканку¸ деб турибди.
Эртанги кунга ишончи салгина ошди¸ бошланаяпти¸” деди президент.

“Бизнинг оёғимизга кишан солиб турган нарса бу бизнинг нореал рақамлар ортидан қувишимиздир”, деган президент Шавкат Мирзиёев ўз маърузасини “хомхаëлни ҳақиқат деб кўриш”дан воз кечиш тамойили¸ статистик рақамлар эмас¸ асосан¸ қишлоқлардаги оддий одамларнинг фикри¸ қарашидан кўрилган аҳвол тасвирига бағишлади.

Депутатлар¸ сизлар ҳам уйғонинглар! Вовуллаб қўйинглар!

“Ҳаммаларинг чиройлик қилиб қўл кўтаришни биласизлар¸ кўтарманглар! Сизлар қачон уйғонасизлар¸ қачон гапира бошлайсизлар¸” деган президент депутатлардан ижроия ҳокимияти устидан назорат ўрнатишни сўради.

“Ижро органи устидан назорат ўрнатиш учун Тошкентда маҳаллий кенгашга сайлов ўтказаяпмиз. Конституцияни нимага ўзгартирдик? Жойларда эга бўлиши керак. Ижро ҳокимияти ишини қилсин. Ким шунга ишонса¸ келажаги бўлади¸ бўлмаса йўқ”, деди жумладан президент.

Депутатларнинг таклиф этилган ҳар қандай таклиф ва қонунни қарсакбозлик билан қабул қилишини танқид қилган Мирзиëев¸ бу жараëнни пахта припискасига солиштирди.

“Ўлик қонунлар¸ ишламайдиган самарасиз қонунлар кимга керак?!” Қонуннинг ҳақиқий муаллифи халқ бўлиши лозим¸ деган мазмунда гапирди президент.

"Менинг фикрим" деган махсус веб-саҳифа-портал иш бошлайди

Халқнинг қонунлар ишлаб чиқилиши¸ унинг таҳрир этилишидаги ролини ошириш учун президент “Менинг фикрим” деган янги портал очишни таклиф қилди.

Депутатларга¸ “ҳаммаларинг хато қилишдан қўрқасизлар¸ қўрқманглар”¸ деган президент¸ уларни янги қонунлар таклиф қилиш¸ уларнинг нафақат қабул қилиниши¸ балки ижро этилиши устидан халқ¸ жамоатчилик иштирок этишини таъминлаш борасида янги-янги¸ креатив фикрлар билан чиқишга рағбатлантирди.

Экологларга берилган махсус имтиëз бекор қилинди

Ўзбекистон Экологик ҳаракатига Қонунчилик палатасида 15 та депутат ўрни¸ махсус квота ажратиш ҳақидаги 2009 йилги қонунчилик президент танқидига учради ва унинг бекор қилинганини билдирди.

«Ўйлайманки, барча сиёсий кучлар учун тенг шароитлар яратиш ва Экологик ҳаракат вакиллари учун квота ажратишдан воз кечиш вақти келди», - деди ўз мурожаатномасида давлат раҳбари.

Президент мазкур ўзгаришлар сиёсий майдондаги соғлом рақобатни кучайтириб, Экологик ҳаракатнинг алоҳида сиёсий куч сифатидаги ўрнини мустаҳкамлашини қўшимча қилди.

Бизда ҳаммаëқ коррупция! Ҳаммасини ишдан оламан!

Халқнинг давлат идорасидан битта қоғоз олиш учун олти соатлаб сарсон бўлишига тўхталган президент¸ Давлат хизмат агентлигини ташкил этгани ва бундай қарорга олиб келган вазиятга ҳам тўхталди.

Давлат раҳбарига кўра¸ яқинда чиқадиган қарорда аҳолига у сўраб келган ҳужжатни бир соат ичида бермайдиган давлат мулозимларига нисбатан кўриладиган чоралар белгиланган бўлади.

Айни пайтда¸ давлат мулозимлари фаолиятини баҳолаш механизми йўқлигини эътироф этган Мирзиëев¸ бу соҳада ҳам янги ислоҳотлар ваъда қилди.

Марказлашган ҳокимият. Қачонгача бюрократнинг қовоғига қараб яшаймиз?

Шовотда хусусий боғча очиш учун лицензия олиш учун 1000 км йўл босиб¸ Тошкентга келиб уч ойлаб кутишга мажбур қолган¸ бюрократик тўсиқлар¸ коррупцияга мағлуб бўлиши аниқ бўлган эҳтимолий тадбиркор мисолида гапирган Мирзиëев¸ бу бечора кейин нима қилади¸ бориб ўзини Амударëга ташлайди¸ кейин мелиса айтади “преступление не раскрито” дейди¸ деди киноя билан.

Тармоқлашган¸ марказлашган бюкрократияни йўқотиш учун президент фақат ўзигагина бўйсунадиган ва ҳуқуқ-тартибот идоралари назоратидан озод этилган¸ дахлсизлиги президент томонидан кафолатланган президентнинг жойлардаги конституцион вакиллари – ҳокимларга кенг ваколатлар берилганини билдирди.

Қонун устиворлиги ҳақида гапира туриб¸

- Президентнинг вакили районда¸ шаҳарда¸ вилоятда биринчи. У одамнинг айтганини хоҳласаларинг ҳам¸ хоҳламасаларинг ҳам қилишларинг шарт. Энди бўлди¸ битта идора (МХХ назарда тутилмоқда - таҳр.) ҳамма нарсани олиб олиб¸ бўзрайиб мажлисда ўтиришига ҳеч кимга йўл қўймайман. Ëқадими¸ ëқмайдими¸ президентнинг ваколатига кирадиган кадрларни терговга чақириш¸ бирорта тергов идораси чақирса¸ ўша куни жиноий жавобгарликка тортаман ўзим шахсан¸ деди ва бу гап мажлис иштирокчилари томонидан ўрнидан туриб чалинган гулдурос қарсаклар билан қарши олинди.

Ўзбекистон конституцияси ва қонунчилиги амалидан қатъий назар ҳамманинг қонун олдида бир хил жавобгарлиги принципига қурилган ва қонун ижросини назорат қилиш президент эмас¸ прокуратура масъулиятидир.

Шунингдек¸ мамлакат қонунчилиги амалдаги президент ва парламент депутатларидан бошқа давлат бошқарувидаги¸ хусусан¸ ижроия ҳокимиятидаги мулозимларга дахлсизлик имтиëзи беришни кўзда тутмайди.

Фуқаролик жамиятини тузиш маркази¸ Журналистика университети тузилади. Яна битта қонун чиқарилади.

Парламентда қилган илк мурожаатида давлат ва жамият бошқаруви устидан жамоатчилик назорати механизми йўқлигини тилга олган президент бошқарув тизимидаги очиқликни таъминлаши лозим янги кенгаш тузиш эҳтиëжи¸ “Жамоатчилик назорати тўғрисидаги қонун”ни қабул қилиш зарурлигини таъкидлади.

“Жамиятимиз ҳаётида демократик принципларни мустаҳкамлашда оммавий ахборот воситалари муҳим ва таъсирчан омил ҳисобланади¸” деган Мирзиëев Журналистика ва оммавий коммуникация воситалари университети ташкил қилиш мақсадга мувофиқ¸ деб баëнот берди.

Тўдаларга қўшилган сотқин министр қаерда юрипти¸ биласан!

22 декабрь кунги чиқишида президент Шавкат Мирзиëев¸ фақат тор доирадаги давлат раҳбарларигагина маълум айрим фактларни ошкор қилди¸ айни пайтда¸ ҳокимият ичида ўзига қарши тўдалар мавжудлигини ҳам эътироф этди.

Ўзбекистон суд тизими икки раҳбарини турғизиб¸ уларга сан-санлаб гапирган президент (суд тизими конституцияга кўра¸ ижроия ҳокимиятидан мустақил алоҳида тизим ҳисобланади-таҳр.)¸ жорий йил январида¸ Мирзиëев президентликка сайланганидан бир ой ўтиб Ички ишлар вазири лавозимидан олиб ташланган генерал Адҳамжон Аҳмадбоев мисолида уларга кескин огоҳлантириш берди:

- Аҳмадбоевнинг ҳамма генералларини қайтиб олиб¸ қаерда юрипти биласан. Министр МВД! Сотқинлиги учун. Хиëнатчилиги учун! МВДни министри бунақа хиëнатчи бўлиб¸ бир-иккита тўдага қўшилгани учун ман уни виждоним қабул қилмади¸ Ўзбекистонни Ички ишлар вазири бўлиб туриб¸ погонни¸ иккита генералиниям тортиб олдим. Генерал-лейтенант эмиш!- деди бу ҳақда қаттиқ гапиришини ўзи ҳам тан олган президент.

Олий суд раиси ва унинг муовинларини тикка турғизиб¸ изза қилган президент¸ уларнинг оëғи ердан узилса¸ амалдаги "умри узоққа чўзилмаслигидан" огоҳлантирди.

"Халқ билан ишламасанг¸ конституцияни ҳам ўзгартирамиз"¸ деб тугатди суд тизими раҳбарларига қилган мурожаатини президент.

Телефон суҳбатларини эшитиш ҳақида санкцияни фақат суд беради

Қонунчиликда бундай ваколат ҳозирча ҳеч кимга берилмаганини таъкидлаган Мирзиëев¸ демократик тамойиллардан келиб чиқиб бундай ваколатнинг фақат судларга берилишини билдирди.

Бундай баëнот орқали президент¸ Миллий хавфсизлик хизмати томонидан фуқаролар телефон суҳбатларининг ноқонуний ëзиб олиниши ҳақидаги тахминларни билвосита тасдиқлади.

10 февралдан кейин ГАИ фақат видеомакераси бўлса¸ тўхтатади

Ички ишлар тизими¸ хусусан йўл ҳаракати хавфсизлигидаги коррупция ҳақида олдин ҳам бир неча марта гапирган президент 22 декабрь кунги мурожаатида¸ бундай аҳволга барҳам бериш йўлини топганини маълум қилди.

-10 февралдан тўхтатса¸ видеокамерани ëқиб гапиради¸ бўлмаса¸ўзини жиноий жавобгарликка тортамиз. Нимага десангиз¸ ҳамма нарсани суҳбатда порахўрлик қилаяпти. Энди ГАИ тўхтатади¸ камера билан гаплашади. Ўзини бошига кичгинагина камера осиб қўямиз¸ ҳозир сотиб олаяпмиз¸ деди президент.

Бу таклиф ҳам гулдурос қарсак билан қарши олинди.

Вилоятлар чегарасидаги барча йўл-патруль постлари тугатилади

Бу тизим таъмагирликка барҳам бериш учун лозимлигини таъкидлаган президент:

- Ҳозирги вақтда вилоятлар ўртасида йўл-патруль постларининг эскича жойлашуви ҳаракатланиш эркинлигини чеклаб, савдо-иқтисодий муносабатлар, ички ва ташқи туризм ривожига салбий таъсир кўрсатмоқда.

Ўзингиз ўйланг, бугунги кунда мамлакатимиз ҳудудида 60 дан зиёд бундай пост мавжуд. Энди тасаввур қилинг, оддий одам Хоразмдан Тошкентга машинасида бормоқчи бўлса, йўлда 17 та постдан ўтади. Фарғона водийсидан келаётган киши эса 8 та ана шундай постга дуч келади.

Хоразмдан келаётган одам қанча постдан ўтади. Тўхтатади, кеча ичган боши оғрияпти, пул олиши керак, унга беради, кейин Самарқанд, Жиззах. Жиззах балосидан қутулса Сирдарë. Сирдарëдан то Чинозга келгунча кейин яна учта пост бор. Ҳалиям ўзини бир нарса қилиб қўймаяпти бу Хоразмдан келаëтган бечора¸ деди жумладан.

Шу муносабат билан вилоятлар чегарасидаги барча йўл-патруль постларини тугатиш, патруль хизмати стационар постлари сонини кескин камайтириш лозимлиги таъкидланди.

Хориж Юридика университетларининг филиали очилади

Ўзбекистонда бир йили жами 600 нафар ҳуқуқшунос ўқишни битираëтгани бу борадаги эҳтиëжни қондирмаëтганини таъкидлаган Шавкат Мирзиëев¸ яқин келажакда мамлакатда нуфузли хорижий юридик университетларининг филиаллари очилиши истиқболини маълум қилди.

Айни пайтда президент¸ ҳуқуқ тизимларининг жазо бериш функциясини камайтириш мақсадида¸ адвокатура ваколатларини ошириш заруратини тилга олди.

Президент илк бор МХХни огоҳлантирди

- Миллий хавфсизлик хизмати 26 йил аввал ҳукумат тасдиқлаган низом асосида ишлаб келмоқда. Ҳар қандай оддий ҳаракат ҳам МХХга қарши деб баҳолаб келинган. Ҳар қандай оддий масала ҳам миллий хавфсизликка таҳдид деб баҳолаб келингани ушбу идора ваколатларининг асоссиз кенгайиб кетишига сабаб бўлган¸ деган президент Миллий хавфсизлик хизмати идоралари фаолиятини ислоҳ қилиш вақти келганини эътироф этди.

Давлат раҳбари шу муносабат билан «Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар тўғрисида»ги ва «Миллий хавфсизлик хизмати тўғрисида»ги қонунларни ишлаб чиқиш ва қабул қилишни таклиф этди.

XS
SM
MD
LG