Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 18:45

Иноятов кетиши ортидан МХХ сара қуролли бўлинмаларидан айрилмоқда


МХХ сара қуролли бўлинмалари зобитлари Тошкентда махсус амалиëт ўтказмоқда.
МХХ сара қуролли бўлинмалари зобитлари Тошкентда махсус амалиëт ўтказмоқда.

2005 йил Андижон воқеаларидан сўнг Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги бошқарувидан тўлиғича Миллий хавфсизлик хизмати тасарруфига ўтказилган ҳарбийлашган махсус бўлинмалар яна Ички ишлар вазирлигига қайтарилмоқда.

Элита бўлинмалари асл ватанига қайтарилмоқда

Бу ҳақда Озодликка МХХга бевосита алоқадор бир-биридан мустақил манбалар маълум қилди. Айни пайтда¸ Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги матбуот хизматидан бу борада маълумот олишнинг имкони бўлмади. Мамлакатдаги энг ëпиқ тизим бўлиб қолаëтган МХХнинг на расмий веб саҳифаси ва на матбуот боғланиши мумкин телефон рақамлари борлиги боис¸ бу идорадан ҳам маълумот олиш имкони топилмади.

Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати тасарруфидаги махсус бўлинмалар номи¸ улар вазифа ва ваколатлари ҳам жамоатчиликдан сир тутилади. Очиқ манбалардан¸ Ўзбекистон МХХси таркибида:

Альфа¸ Ягуар¸ Бургут¸ Лочин¸ Чаëн¸ Кобра¸ Ц каби махсус топшириқларни бажарадиган қуролли бўлинмалар бўлганини кўриш мумкин.

Озодлик манбаларига кўра¸ МХХ таркибидан қайта ИИВга ўтказилаëтган махсус бўлинмалар қуролли таянч кўрсатиш ваколатига эга тизимлар ҳисобланади ва улар Ўзбекистондаги энг сара зобитлардан таркиб топган.

Президент МХХни реструктуризация қилиш ҳақида гапиришидан олдин бошланган бу жараëн. 20 кунча бўлди¸ Альфа¸ Бургут¸ Лочин каби бўлинмалари ИВВга қайтарилмоқда. Бу бўлинмалар собиқ Ички ишлар вазири Зокиржон Алматов ташаббуси билан тузилган ва уларда энг элитний тайëргарликдан ўтган йигитлар ишларди. Андижон воқеаларидан кейин Каримовнинг ИИВга ишончи йўқолди ва Иноятов бу сара бўлинмаларни бирма-бир ўз тасарруфига олган эди¸" деди шахси очиқланмасигини сўраган МХХ зобитларидан бири.

Президент махсус бўлинмалар фаолиятини ўрганишни буюрди

31 январь куни президент Мирзиëев раислигида Миллий хавфсизлик хизмати органлари фаолиятини тубдан такомиллаштириш бўйича чора-тадбирларга бағишланган кенгайтирилган ҳайъат йиғилиши бўлиб ўтди.

Президент матбуот хизматининг билдиришича¸ бу йиғинда Мирзиëев "замон талабларидан келиб чиққан ҳолда, Миллий хавфсизлик хизматининг таркибий тузилишини қайта кўриб чиқиш кераклигини таъкидлади. Махсус хизмат доирасига кирмайдиган вазифалар билан шуғулланадиган, бошқа давлат тузилмалари фаолиятини такрорлайдиган бўлинмаларни тугатиш, айни вақтда миллий хавфсизликнинг устувор йўналишларини таъминлайдиган бўлинмаларни мустаҳкамлаш зарурлиги кўрсатиб ўтилди."

Айни пайтда президент топшириғидан кейин қайси бўлинмаларнинг тугатилишию қайсиларининг қолиши¸ қайси бўлинмаларнинг ИИВ ëки Мудофаа вазирлиги таркибига ўтказилишига оид расмий маълумот ҳозирча эълон қилинмади.

Манба - Гап энг сара қўшинлар тақдири ҳақида бормоқда!

Озодлик суҳбатлашган МХХ собиқ зобитларидан яна бири¸ МХХдан қайта ўтказилиши кутилаëтган махсус қуролли бўлинмалар таркибида қанча одам борлиги ҳақида маълумотга эга эмаслигини айта туриб¸ бу соннинг 10 мингга яқин эканини тахмин қилажагини билдирди.

Мутахассисга кўра¸ президент буйруғи билан реструктуризация қилинаëтган махсус бўлинмаларнинг аксари¸ аслида¸ ИИВ ваколатига кирадиган вазифалар билан шуғулланиб келган.

Бу бўлинмалар СНБ армияси дейилади. Чегара қўшинларидан мутлақ айри ҳарбий тизим эди булар. Ҳар бири ваколатига кўра¸ МХХдаги 9 та бошқармадан биттасига бириктирилган. Бу бешта бўлинма бириктирилган бошқарма раҳбарлари айни пайтда МХХ раиси ўринбосари ҳам ҳисобланарди. Махсус бўлинмалар терроризмга қарши¸ уюшган жиноий гуруҳларга қарши¸ иқтисодий жиноятларга қарши кураш ва контрразведка бошқармалари таркибида эди. Буларнинг барчасини бевосита МХХ раисининг собиқ 1-ўринбосари Шуҳрат Ғуломов назорат қиларди. Бу бўлинмаларни ИИВга қайтаришдан олдин¸ генерал Ғуломов ишдан олинди¸ унинг бу бўлинмалардаги кучи кесилди. Ғуломов бартараф қилингандан кейингина¸ бу бўлинмалар МХХ таркибидан чиқарилмоқда¸”деди МХХ собиқ зобитларидан бири шахси очиқланмаслиги шарти билан.

МХХ раисининг 1-ўринбосари генерал Шуҳрат Ғуломов¸ Озодлик манбаларига кўра¸ 2017 йил январида лавозимидан бўшатилган. Президент Мирзиëев 22 декабрь куни Олий Мажлис йиғилишида генераллик погонини юлганини эътироф этган икки генералдан бирининг айнан Шуҳрат Ғуломов экани тахмин қилинади. Норасмий манбаларга кўра¸ ҳозирда Шуҳрат Ғуломов устидан тергов амалиëтлари олиб борилмоқда.

МХХнинг кучайиши ва кучсизлантирилиши

АҚШ Конгресси кутубхонасига 2007 йил февралида киритилган маълумотларга кўра¸ 90-йилларда МХХ махсус бўлинмалари зобитлари сони 8000 атрофида бўлган бўлса¸ 2005 йилдан кейин бу рақам 17-19 мингга етган.

Мустақил манбаларга кўра¸ Ўзбекистон бошқарувининг энг қуйи бўғинидан олий қисмигача назорат ўрнатган МХХ жамоатчилик назоратидан ташқаридаги ниҳоятда кучли репрессия машинасига айланган.

Таҳлилчиларга кўра¸ бундай тизимни давлат¸ қолаверса ўз хавфсизлигига таҳдид деб билган Шавкат Мирзиëев бир йилдан кўпроққа чўзилган тараддуддан сўнг¸ бу тизимни парчалашга киришган.

Президент Мирзиëев ИИВ тасарруфидан МХХга ўтказилган тизимларни яна ИИВга қайтаришни 2017 йилнинг май ойидан бошлаган эди.

Ўтган йилнинг 2 май куни ўшандаги Ички ишлар вазири Абдусалом Азизов ички топшириқлар қўшинларини ўз вазирлиги сафига қабул қилиб олиш якунлангани тўғрисида баёнот берган эди.

“Президентнинг қарори билан бу қўшинлар бизга қайтариб берилди. 1 майдан бошлаб улар юридик жиҳатдан тўла Ички ишлар вазирлиги ихтиёрида”, деган эди Тошкентдаги Халқаро пресс-клубда ўтказилган брифингда, жумладан, вазир Абдусалом Азизов.

Бу баëнот ортидан Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги сайтида тақдим этилган вазирликнинг таркибий бўлинмалари деб номланган саҳифада МХХдан қайтарилган Қоровул қўшинлари бош бошқармаси ва Қўриқлаш бош бошқармаси пайдо бўлди.

Айни пайтда¸ маҳаллий матбуот хабарларига кўра¸ 2018 йилда Ўзбекистон Миллий хавфсизлик концепциясининг янги таҳрири тайёрланади. 1997 йили қабул қилинган «Ўзбекистон Республикаси Миллий хавфсизлик концепцияси тўғрисида"ги қонун нинг янги таҳририни ишлаб чиқиш 2018 йилги Давлат дастури лойиҳасидан (PDF) ўрин олган.

XS
SM
MD
LG