Линклар

18 феврал 2018, Тошкент вақти: 23:22

АҚШнинг 15 сенатори Мьянма бўйича резолюция лойиҳасини тақдим этди


Роҳинжалик қочқинлар

АҚШ Сенатидаги бир гуруҳ демократ ва республикачи қонунчилар Мьянмада роҳинжалик мусулмонларга қарши этник тозалашларни танқид қилмоқда. Демократ сенаторлардан бирининг айтишича, юқори палатада кўпчилик сардори, республикачи Митч Макконел Мьянманинг норасмий раҳбари Ау Сан Су Чи билан яқинлиги сабаб бу мамлакат ҳукуматига қарши чорани пайсалга солмоқда.

“Ау Сан Су Чининг мард аёл эканини тан оламан, аммо бу билан мамлакатида бўлаётган жараёнларни инкор этишимиз керак дегани эмас. У лидерлигини кўрсатиши зарур”, - деди сенатор Дик Дурбин.

Сенатда 15 қонунчи тақдим этган резолюция лойиҳасида Бирмада роҳинжа ва озчиликдаги бошқа элатларга қарши зўравонликлар, уларни уй-жойидан айириш кампанияси қораланади. АҚШ сенаторлари Бирма ҳукуматини зуғумни зудлик билан тўхтатишга чақиради.

Қонунчилар ҳукуматдан роҳинжалик қочқинларни уйларига тинч ва ўз истакларига кўра қайтаришни, уларни бошқа фуқаролар каби барча ҳуқуқ ва имтиёзлар, жумладан, тўлиқ фуқаролик, ҳаракатланиш эркинлиги, асосий хизматлар билан таъминлашни талаб қилмоқда.

Резолюция Мьянманинг “Расмий сирлар” ҳақидаги қонунини бузганликда айбланиб қамоққа ташланган “Рейтер” ахборот агентлигининг икки журналистини озод этишга ҳам чақиради.

Макконел сентабрь ойида ўхшаш резолюцияни қўллаб-қувватлашдан бош тортган эди.

Бу ўртада АҚШ собиқ дипломати Билл Ричардсон Мьянманинг Ракхайн штатида тавсияларни ҳаётга тадбиқ этиш қўмитасининг маслаҳатчилар кенгашидан кетишга қарор қилди. Қўмитага БМТ собиқ Бош котиби Кофи Аннан ташаббуси билан тузилган комиссия кўрсатмаларини бажариш мақсадида ўтган йили асос солинган эди.

Ричардсоннинг айтишича, у Мьянма Давлат маслаҳатчиси ва норасмий раҳбари Ау Сан Су Чи билан ҳибсга олинган икки журналист масаласи бўйича тортишганидан сўнг шу қарорга келган.

Нобел мукофоти лауреати назарида, журналистлар масаласи маслаҳатчилар кенгаши низомига алоқадор эмас. Ричардсон расмий унга жаҳл қилганини, қаттиқ асабийлашганини айтади.

Бу ўртада қўшни Бангладешга қочган салкам 700 минг роҳинжалик мусулмонни Мянмага қайтариш режаси панд берди. Репатриация 23-январда бошланиши керак эди.

Бирмадаги вазиятни яқиндан кузатаётган австралиялик олима Моник Скидмор Ричардсон қароридан ажабланмаганини айтади.

Мутахассис роҳинжаликларни Мьянмага қайтариш режасининг амалга ошишига ишонмайди. Баъзи одамлар олдинги репатриация дастурларига мувофиқ ҳалигача уйига қайтарилмаган, вайрон қилинган қишлоқларда уйлар қайта қурилмаган, мусулмон аҳолини фуқаролик, ҳаракатланиш эркинлиги, иш билан таъминлашга доир ўзгаришлар қонунга киритилмаган.

"Америка овози"дан

Сизнинг фикрингиз

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG