Линклар

Шошилинч хабар
30 июл 2021, Тошкент вақти: 06:56

NASA Марсга юборган митти вертолёт қизил сайёрада илк парвозига ҳозирлик кўрмоқда


Марс сайёраси манзараси.

АҚШ аэрокосмик агентлигининг (NASA) митти вертолёти Марсда кўзини очди.

Ingenuity ( «Топқирлик») номи берилган 1,8 килограмм вазнга эга вертолёт 3 апрель, шанба куни ўзининг биринчи рангли тасвирини суратга олди.

Вертолётни ўша куни Perseverance ровери Марс тупроғига туширган эди.

NASA Ingenuity олган суратни 5 апрель куни эълон қилди.

Енгил автомобилга тенг келадиган Perseverance ровери Марс сатҳига 18 февраль куни қўнган эди. Ровер ўзи билан олиб борган вертолётни шанба куни ерга қўйиб, ундан узоқлашган.

Кейинги кунлар ичида Perseverance вертолётдан янада узоқлашади.

Агар ҳаммаси режадагидек кетса, қуёш энергияси билан ишлайдиган Ingenuity 11 апрель куни ҳавога кўтарилади. Бу эса Ердан ташқари оламда амалга оширилган илк парвоз бўлади.

Олимларнинг мақсади Марсда учувчи аппаратлардан фойдаланиш имкониятини синаб кўришдир. Агар бир ойга чўзилувчи синов давомида Ingenuity яхши натижаларга эришса, келгусида Марсга юбориладиган миссияларга вертолётлар қўшилиши мумкин.

Ingenuity вертолётига илмий асбоб-ускуна ўрнатилмаган. Аммо кичик вертолёт ўз парвозлари давомида тиниқ суратларни олади.

Perseverance ровери ўзининг юқори сифатли камераларидан фойдаланиб, Ingenuity вертолётининг парвоз маршрутини ҳужжатлаштиришга ҳаракат қилади.

Шунингдек, ровер ўзининг икки микрофони ёрдамида вертолётнинг парвозлари аудио ёзувини қайд этиши имкониятига ҳам эга. Аммо бунга кафолат йўқ, чунки Марснинг саёз атмосферасида товуш тез сусаяди.

Ingenuity вертолётининг парвоз дастури кўпи билан бир ойда чўзилади, чунки Perseverance қиладиган бошқа иш кўп.

2,7 миллиард долларга тушган ровер миллиард йиллар олдин дарё дельтаси ва катта кўл жойлашган Езеро кратерида қадимги ҳаёт изларини қидиради.

Perseverance, шунингдек, ўнлаб намуналарни тўплайди. Ушбу намуналар 2031 йилдан бошлаб NASA ва Европа космик агентлигининг қўшма лойиҳаси доирасида Ерга олиб келинади.

XS
SM
MD
LG