Линклар

Шошилинч хабар
23 октябр 2020, Тошкент вақти: 12:52

Самарқанд¸ Урганч ва Наманган аэропортларини Россия ширкатига беришга оид музокаралар "боши берк кўчага кирган"


"Новапорт" Самарқанд¸ Урганч ва Наманган аэропортларини 30 йилдан кўпроқ муддатга ўз назоратига олмоқчи.

Москвада жойлашган «Новапорт» компаниясининг Самарқанд¸ Урганч ва Наманган аэропортлари бошқарувини қўлга олиш масаласида Тошкент билан музокаралари боши берк кўчага кирган.

Бу ҳақда Россиянинг «Коммерсант Ъ» газетаси музокараларга бевосита алоқадор аноним манбасига таяниб хабар қилди.

Бу музокаралар ҳақида Озодлик жорий йилнинг 6 июнь куни Тошкент мулозимлари ва авиация мутахассисларига таяниб хабар берган эди.

Россия нашрининг 5 декабрь куни ëзишича¸ Тошкент ҳукумати «Новапорт»нинг бу аэропортларни 30 йилдан кўпроқ муддатга концессия асосида бериш сўровига рози бўлмаган.

Ўзбекистондаги туризм марказлари саналган шаҳарлар халқаро аэропортлари бошқарувининг ими-жимида¸ очиқ тендерларсиз асл эгаси яширин Россия компаниясига берилиш эҳтимоли авиация хавфсизлиги¸ қолаверса¸ молиявий-иқтисодий очиқлик масаласида хавотирларга сабаб бўлган эди.

Тошкент ва «Новапорт» ўртасидаги қарийб бир йиллик музокараларнинг самарасиз тугаëтгани ва томонлар келишмовчилигининг асл сабаблари ҳақида Озодлик ҳозирча мустақил маълумотга эга эмас.

«Ҳукумат аэропортларга бошқа бошқарувчи излашга киришди»

Россия нашрининг ëзишича¸ «Новапорт» ширкати қўйган шартларни қабул қилмаган Тошкент ҳукумати¸ жорий ой Самарқанд¸ Урганч ва Наманган аэропортлари бошқаруви учун янги инвестор қидиришга киришган.

"Коммерсант Ъ" Япониянинг Sumitomo Corporation гуруҳини эҳтимолий янги инвестор сифатида тилга олади.

«Новапорт» ҳозирча Ўзбекистон аэропортларини олиш учун қўйилган шартларга рози бўлмаëтир. Музокаралардан хабардор “Ъ” манбаларининг айтишича¸ «Новапорт» билан Ўзбекистон Инвестиция ва ташқи иқтисодий алоқалар вазирлиги ўртасидаги сўнгги сўзлашувлар икки ойча олдин бўлган ва концессия муддати масаласида тўхтаб қолган. “Ъ” ихтиëридаги маълумотга кўра¸ «Новапорт» учала Ўзбекистон аэропортини 30 йилдан кўпроқ муддатга олмоқчи¸ маҳаллий ҳукумат вакиллари эса¸ бунга мутлақо кўнмаëтир»¸ деб ëзди Россия нашри.

«Новапорт» акцияларининг контрол пакетига эгалик қилувчи AEON ҳолдинги мулкдорларидан бири Троценко Россия нашрига ¸ «Новапорт»нинг Тошкент билан музокаралардан чиқмаганини билдирган.

«Ўзбекистон аэропортларига қизиқиш ҳамон сақланиб қолмоқда»¸ деган жумладан Троценко.

«Новапорт» ва уч аэропорт савдоси

Жорий йилнинг 6 июнь куни Озодлик суҳбатлашган “Новапорт” расмийси ҳолдинг ва Ўзбекистон ҳукумати ўртасида Самарқанд¸ Урганч ва Наманган аэропортларини модернизация қилишга оид ҳамкорлик асослари белгиланган келишувнинг 30 май куни Тошкентда имзоланганини айтган эди.

"Дастлабки келишувга ҳолдинг раҳбари Роман Троценко ва Ўзбекистон Транспорт вазирининг 1-ўринбосари Илҳом Маҳкамов бош вазирлар иштирокида қўл қўйишди. Лекин бу ҳали меморандум даражасидаги келишув¸ холос. Ҳозир консалтинг компаниялари лойиҳанинг иқтисодий тарафларини ўрганиб¸ хулоса беради. Шундан кейин ҳуқуқий мажбурият юклатилган якуний ҳужжат имзоланади"¸ деган эди 6 июнь куни "Новапорт" мутасаддиси.

Озодлик суҳбатдоши¸ Ўзбекистон аэропортларининг айнан қанча муддатга олинишига оид саволга "ҳозирча аниқ жавоб бера олмаслиги"ни айтган эди.

Ўзбекистондаги барча аэропортлар бошқаруви давлатга қарашли ва қарзга ботгани айтиб келинаëтган “Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпанияси ваколатида.

Ҳукумат бу аэропортларни хориж компаниялари бошқарувига ўтказиш режасини очиқламаган¸ бу аэропортларга даъвогарлик қилиши мумкин ширкатлар учун очиқ тендер ҳам ўтказмаган.

Айни пайтда¸ давлатга қарашли стратегик объектлар бошқарувининг нега айнан Россиянинг «Новапорт» компаниясига берилиши ҳақида ҳам жамоатчиликка ҳозирга қадар лом-мим демаган.

«Новапорт» ҳақида

2007 йили таъсис этилган «Новапорт» компанияси акцияларининг ярми россиялик олигарх Роман Троценко активларини бошқарадиган AEON Corporation¸ қолган ярми эса¸ Қозоғистондаги Meridian Capital инвестиция компаниясига қарашли.

Бу иккала таъсисчи «Новапорт» ҳолдинггига 2005 йили Қибрисда рўйхатга олинган T.S. Trans Siberia Co Limited компанияси орқали эгалик қилади. Бу оффшор ширкатнинг асл эгалари эса¸ сир тутилади.

Россия ва халқаро авиация бизнесига алоқадор тадбиркорнинг Озодликка айтишича¸ «Новапорт» Кремлга алоқадор олигархларга тегишли ҳолдинг ҳисобланади.

Новапорт» эгаси Роман Троценко¸ «Росгазнефть» бошқаруви раиси Игорь Сечиннинг ўнг қўли - бир неча йил унинг маслаҳатчиси бўлиб ишлаган. Сечин эса¸ Путиннинг ўз қўли. «Новапорт» Россиядаги иккинчи даражали аэропортларни бошқаради¸ компания катта қарзга ботган.«Новапорт»нинг асосий таъсисчиси Қибрисда¸ асл эгасини ҳеч ким билмайди¸ фақат Кремлга алоқадорлиги тахмин қилинади. Ўзбекистондаги учта аэропорт тендер ўтказилмай туриб¸ ана шу қарздор ҳолдингга берилаяпти»¸ деган эди Озодлик билан гаплашган авиация соҳаси мулозими.

5 декабрь куни Озодлик қайта боғланган айни мулозим¸ «Новапорт» билан музокараларнинг боши берк кўчага киргани ортидан асосий сабаб¸ бу ширкат ихтиëрида учала аэропорт модернизацияси учун зарур камида ярим миллиард долларнинг борлигига оид шубҳалар эканини билдирди.

Улар жаннатга бепул кирмоқчи. Бизнинг бозоримизга чўнтагидан бир тийин чиқармасдан кирмоқчи. Шунга келишув ўхшамаяпти”¸ деб изоҳлади жорий вазиятни Озодлик гаплашган Тошкент мулозими.

“Коммерсант Ъ” газетаси гаплашган “ВТБ Капитал» гуруҳи таҳлилчиси Елена Сахнова биргина Самарқанд аэропортига киритилиши лозим сармоянинг 300-500 миллион доллар атрофида бўлиши лозимлигини тахмин қилган.

Россия минтақаларида 16 та аэропорт эгаси саналган “Новапорт” ширкати¸ айтилишича¸ 2022 йилгача Новосибирск аэропортга 8,4 млрд рубль, Волгоград аэропортига 4,4 млрд рубль, Калининград аэропортига эса 4,1 млрд рубль маблағ ëтқизиш масъулиятини зиммасига олган.

XS
SM
MD
LG