Линклар

Шошилинч хабар
24 август 2019, Тошкент вақти: 05:16

"Агентлар пулидаги тавофут ЎҲЙ билетларининг ўзбекистонликлар учун қимматлиги сабабларидан биридир"


“Ўзбекистон ҳаво йўллари” авиачипталари нархи бошқа давлатлардаги компанияларникидан баландлиги тўғрисидаги пост ортидан ижтимоий тармоқларда бошланиб кетган баҳс-мунозаралар фонида Озодликка масаланинг бошқа бир жиҳатини ёритувчи хат келиб тушди.

Тепасида ДХХ, Бош прокуратура ва Президент халқ қабулхонаси каби адресатлар кўрсатилган хат муаллифи “Ўзбекистон ҳаво йўллари” авиачипталарини сотувчи маҳаллий ва чет эллик агентлар ўртасида тенгсизлик мавжудлигини иддао қилган.

Бу хатда келтирилган маълумот ва рақамларнинг ҳақиқатга тўғри келишини “Ўзбекистон ҳаво йўллари” фаолиятидан бевосита хабардор Транспорт вазирлиги мулозими тасдиқлади.

Ўзлар ўгай, ўзгалар ўз?

“Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпанияси “Ҳаво алоқалари бош бошқармаси” давлат унитар корхонаси агентларига авиачипталарни сотгани учун тўлов ажратишда уларни камситмоқда”.

Рус тилида битилган хатини шу фикрдан бошлаган муаллиф “бундай вазият” 2018 йилдан буён давом этаётганини ёзган.

Вазият эса, хат муаллифига кўра, бундай:

“Ўзбекистон ҳаво йўллари” авиачипталарни сотгани учун тариф миқдоридан келиб чиқадиган ҳақни ҳар хил белгиламоқда. Чет эллик агентларга тарифнинг 12 фоизи ва ундан юқори миқдорда ҳақ тўланади, “Ҳаво алоқалари бош бошқармаси” давлат унитар корхонасининг маҳаллий агентлари эса, 5% гина ҳақ олади".

Мана шундай вазиятда, хат муаллифига кўра, 12% ҳақ олаётган чет эллик агент авиачипта нархи умумий миқдорини 4% гача тушира олади, 5% ҳақ олаётган маҳаллий агент эса, бундай имкониятга эга эмас.

Бу иддаосини муаллиф мана бу мисол билан тушунтирган:

"Тошкент - Нью-Йорк -Тошкент авиарейсига чиптани “Ҳаво алоқалари бош бошқармаси” давлат унитар корхонаси 6,060,000 сўмга сотади. Айни пайтда чет эллик агентлар худди шу чиптани 4% арзон - 5,817,600 сўмга сотади".

Хат муаллифи фикрича, бундай вазиятда кичик бизнес ривожлана олмаяпти, мамлакат бюджети ҳам ("чет эллик агентлардан тегишли солиқ тушмаяпти"), “Ўзбекистон ҳаво йўллари”нинг ўзи ҳам зарар кўраяпти.

"Масалан, чет эллик агент 1 ойда ўртача 1 млрд сўмлик чипта сотди, дейлик. Бу ҳолатда авиакомпаниянинг ўша биргина агентдан кўрадиган зарари 7%ни, яъни 70 млн сўмни ташкил қилади", дейилган хатда.

Муаллиф иддаосича, чет эллик ва маҳаллий агентларга тўланадиган ҳақ орасидаги бундай фарқ чет эллик агентлардан откат олиш мақсадида қилинган ва ДХХ, Бош прокуратура ва Президент халқ қабулхонасидан вазиятни ўрганиб, чора кўриш сўралган.

"ЎҲЙ"нинг хат тафсилотларидан бехабар мулозими нима деди?

Озодлик хат муаллифи келтирган рақамларни тилга олмаган ҳолда “Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпанияси фаолиятидан бевосита хабардор Тошкент мулозимларидан бирига қуйидаги умумий саволни берди:

“Ўзбекистон ҳаво йўллари” чипталарини сотувчи агентларга ҳақ қандай тўланади?

Исми айтилмаслигини шарт қилиб қўйган мулозимдан рус тилида келган жавоб шундай бўлди:

“Ўзбекистон ичида агентлар 5% олади. Олдин кўпроқ берилар эди, турли агентларга турлича тўланар эди. МДҲга аъзо давлатлардаги агентлар 10-15%, узоқ хорижагилар бундан ҳам кўп олади. Ҳамма гап агент кимнинг одами эканлигига боғлиқ. Узоқ ҳорижда бу соҳа Бош агентлар орасида тақсимланган ва авиачипта савдосини тўлалигича ўшалар назорат қилади. “Ҳаво йўллари” Рўзиқулов бош директор бўлиб турган пайтда бош агентлар билан тузилган шартномалар бекор қилинган эди. Рўзиқулов кетгач, олдинги тартиблар яна қайта тикланди”.

Прагадаги агент: Авиачипта савдоси тартиби ўзгариб кетган

Мавзуни ўрганар экан, Озодлик Прагадаги авиачипта сотувчи агентликлардан бири билан гаплашди. Компанияси номи айтилмаслиги шарти билан гапирган агентлик раҳбарига кўра, кейинги йилларда Интернет ривожланиб, бу соҳада ҳам ўзгаришлар содир бўлмоқда.

“Масалан, биз чипталарни авиакомпаниялар Интернетда эълон қилган нархлар устига, бозор талабидан келиб чиқиб, ўз хизматимиз ҳақини қўшиб сотамиз. Баъзи компаниялар эълон қилган нархидан бизга бир неча фоиз чегириб бериши мумкин. Баъзилари эса, бермайди. Агентга авиакомпания сотган билети учун фалон фоиз ажратади, деган гаплар йўқолиб кетганига анча бўлиб қолди”.

Прагаликнинг гапидан келиб чиққан савол ва унга жавоб

Бу гапдан сўнг "Ўзбекистон ҳаво йўллари” мулозими билан яна боғландик ва унга Прагадаги агентлик раҳбарининг жавобидан пайдо бўлган саволни бердик.

Мулозим бундай деди: IATA (Ҳаво транспорти халқаро ассоциацияси – таҳр.) бир вақтлар ишлаб чиққан тавсияларга биноан агентларга 9, бош агентларга 12% лик ҳақ тўлаш белгиланган. “Ўзбекистон ҳаво йўллари” эса, ҳануз ўша эски тартибни қўллаяпти”.

"Конфиденциал сир"

Озодлик, мавзуни ўрганар экан, бир неча агентлик, хусусан, Тошкентдаги агентлик раҳбари билан боғланди. Уларнинг ҳаммаси чипта сотувидан оладиган фоизлари тўғрисидаги саволга бир хил: “бу тижорий сир”, “бу конфиденциал маълумот”, деган жавобларни берди.

Озодлик, ҳозирча, тегишли саволларини “Ўзбекистон ҳаво йўллари” раҳбариятига бера олмади: компания расмий сайтида эълон қилинган телефонлар кун давомида ишламади.

Компания матбуот котиби қўл телефонига қилинган қўнғироқларга жавоб бермади.

Мақолада кўтарилган муаммо ечимидан манфаатдор корхона - “Ҳаво алоқалари бош бошқармаси” давлат унитар корхонаси билан ҳам боғланишнинг имкони бўлмади.

Озодлик мавзу юзасидан “Ўзбекистон ҳаво йўллари”нинг ҳам, “Ҳаво алоқалари бош бошқармаси” давлат унитар корхонасининг ҳам жавобларини эшитиш ва эшиттиришга тайёр.

Ижтимоий тармоқлардаги хайп

“Ўзбекистон ҳаво йўллари” авиачипталарининг нархи бошқа давлатлардаги компанияларникидан баландлиги тўғрисида ижтимоий тармоқлардаги баҳс-мунозара Smartgov Consulting бюроси ижрочи директори Азиза Умарованинг Фейсбукдаги пости ортидан бошланиб кетди.

Азиза Умарованинг фикрича, “ўзбекистонликларнинг 95 фоизи ҳаётида денгизни кўрмай ўтади” ва бунга монополист бўлган “Ўзбекистон ҳаво йўллари” чипталари қимматлиги сабабдир.

Умарованинг пости ортидан “Ўзбекистон ҳаво йўллари” ахборот хизмати мутахассиси Феруза Қурбонова ЎзАга суҳбат берди.

Компания расмий вакили суҳбат давомида чипталарнинг қимматлиги учун айбни йўловчиларнинг ўзига ағдаришга уринган, ки улар чиптани эртароқ - арзонроқ пайтда - сотиб олишга ҳаракат қилмайди.

Баҳcда иштирок этганлар компания расмийси иддаолари жонсиз эканлигини исботлашга уринди.

Масалан, блогер Умид Ғафуров қатор компанияларнинг бир неча ой олдин сотиладиган чипталари нархларини қиёслаб, бу ҳолатда ҳам “Ўзбекистон ҳаво йўллари”ники қиммат эканлигини конкрет мисолларда кўрсатиб берди.

XS
SM
MD
LG