Линклар

Шошилинч хабар
19 июл 2024, Тошкент вақти: 22:36

Freedom for Eurasia Нукус воқеаларида ўлгани айтилаётган 55 кишининг рўйхатини эълон қилди


Австриядаги Freedom for Eurasia ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилоти илк бор Нукус воқеаларида ҳалок бўлганларнинг расмий рўйхатини ва фаоллар томонидан тузилган норасмий рўйхатни эълон қилди. Ташкилот иддаосича, Нукусда Ўзбекистон ҳукумати таъкидлаб келаётганидай 21 киши эмас, камида 70 киши ҳалок бўлган. Бу борадаги ҳисобот Freedom for Eurasia сайтида эълон қилинди.

Мазкур ҳисобот таниқли ҳуқуқ фаоли Виталий Пономарёв томонидан минтақадаги фаоллар Галим Агелеуов (Қозоғистон) ва Дмитрий Кабак ёрдамида ёзилди. Улар Қорақалпоғистонга ва Бухорога икки марта сафар қилиб, далил-исботларни йиғишган ва Нукус воқеаларининг бевосита гувоҳлари билан суҳбатлашган. Ўзбекистон ҳукумати учинчи марта ҳуқуқ фаолларини Қорақалпоғистонга киритмаган.

Бундан ташқари ҳисоботга қорақалпоқ фаоллари ҳам ҳисса қўшгани, аммо хавфсизлик юзасидан уларнинг исмлари айтилмагани қайд этилган.

Ҳисоботда айтилишича, ҳуқуқ фаоллари Бухородаги суд жараёнларини кузатиш, жиноят ишларидаги маълумотларни ўрганиш ортидан расман ҳалок бўлгани айтилган 21 кишининг шахсини аниқлаган.

“Ўзбекистон ҳукумати ҳалок бўлганлар рўйхатини аввал эълон қилмаган эди”, дейилади ҳисоботда.


“Нукус воқеаларида ҳалок бўлганлар тўғрисидаги илк рақамлар 2022 йилнинг июлида Бош прокуратура ва Миллий Гвардия расмийлари томонидан эълон қилинган эди. 4 июлда АОКАда ўтган брифингда расмийлар тартибсизликлар чоғида 18 киши ҳалок бўлганини билдирган. Орадан икки ҳафта ўтгач, прокуратура яна уч киши касалхоналарда ўлгани тўғрисида маълумот берган. ОАВларда шу кунгача 21 киши ўлгани эсланади, ҳолбуки жиноят иши материалларида фақат 19 киши ўлгани қайд этилган. Ҳуқуқ-тартибот органлари версиясига кўра, уларнинг барчаси “оммавий тартибсизликлар иштирокчиси” бўлган”,-дейилади ҳисоботда.

Ташкилот Миллий гвардиянинг тартибсизликларни бостиришга жалб қилинган ҳуқуқ-тартибот тузилмалари ходимларидан тўрт нафари ҳалок бўлгани тўғрисидаги маълумотлар тасдиқланмаганини иддао қилган.

“Аслида 2022 йилнинг 1-2 июлида жамоат тартибини сақлаш учун Қорақалпоғистонга жалб қилинган куч ишлатар тузилмалар ходимларидан бирортаси ҳам ҳалок бўлган эмас”, дейилади ҳисоботда.


Ҳуқуқ фаоллари мустақил суриштирувлар натижасида Нукус воқеаларида камида яна 34 киши ҳалок бўлганини аниқлашга муваффақ бўлган. Ҳисобот муаллифлари бу якуний рўйхат эмаслигини, воқеалар пайтида камида 70 киши ҳалок бўлгани тўғрисида маълумотлар борлигини билдирган.

Freedom for Eurasia ҳисоботида 34 кишидан иборат норасмий рўйхатга расмий рўйхатда номи қайд этилган шахслар киритилмагани таъкидланади. Қуйида ҳисоботда келтирилган мазкур икки рўйхат билан таниша оласиз.

Расмий рўйхат

Freedom for Eurasia қайдича, Нукусда 2022 йилнинг 1-2 июль воқеаларида ҳалок бўлганларнинг расмий рўйхати Қорақалпоғистон Олий судининг 2023 йил 5 майдаги А. Сагидуллаев ва Н. Уразбаев иши бўйича чиқарган ҳукмидан олинди ва бошқа манбалар орқали тўлдирилди.

1. Абсаттаров Абдисамад Абдинасирович, 18.06.1987, 2022 йилнинг 2 июлида Нукус ИИБ олдида яраланганидан сўнг ҳалок бўлди, суд-тиббиёт экспертиза акти №103/9 , 29.07.2022;

2. Айимбетов Генжебек Арзимбетович, 14.10.1982, 2022 йилнинг 2 июлида Нукус халқаро аэропорти ва “Шорша баба” қабристони ўртасидаги ҳудудда ҳалок бўлган, суд-тиббиёт экспертиза акти №21/15, 02.08.2022;

3. Бакиров Сабит Мажитович, 27.02.1978, 2022 йилнинг 2 июлида Нукус ва Хўжайли туманини боғловчи Амударёдан ўтган кўприкда ҳалок бўлган, суд-тиббиёт экспертиза акти №23/1 , 20.07.2022 (Нукус);

4. Даулетназаров Исламбек Бахадирович, 08.08.1993, 2 июлда Нукус ИИБ олдида ҳалок бўлган, суд-тиббиёт экспертиза акти №105/11, 02.08.2022;

5. Жақсимуратов Баҳадир Сарсенбаевич, 05.05.1978, “Олға, Қорақалпоғистон” мухолифат партияси аъзоси, 1 июлда И.Каримов проспектидаги Жоғарқи Кенеш биноси олдида ҳалок бўлган, суд-тиббиёт экспертиза акти №96/2, 02.08.2022;

6. Емжаров Жумабек Курбанбаевич, 02.02.1981, 2022 йилнинг 2 июлида Нукус халқаро аэропорти ва “Шорша баба” қабристони ўртасидаги ҳудудда ҳалок бўлган, суд-тиббиёт экспертиза акти №106/12, 03.08.2022;

7. Есенов Азамат Успанович, 1981, 2022 йилнинг 2 июлида Нукус халқаро аэропорти ва “Шорша баба” қабристони ўртасидаги ҳудудда ҳалок бўлган, суд-тиббиёт экспертиза акти №107/13, 20.07.2022;

8. Зиуатдинов Хамдулла Хабибуллаевич, 18.04.1986, 2 июлда Нукус ИИБ олдида ҳалок бўлган, суд-тиббиёт экспертиза акти №98/4, 02.08.2022;

9. Курбанов Азамат Бекмуратович, 15.06.1984, 2 июлда Нукусда Санитар эпидемиологик фаровонлик ва жамоат саломатлиги хизмати олдида ҳалок бўлган, суд-тиббиёт экспертиза акти №99/5, 20.07.2022;

10. Нажиматдинов Оразбай Джиенбаевич, 1972, 2022 йилнинг 2 июлида Нукус ва Хўжайли туманини боғловчи Амударёдан ўтган кўприкда ҳалок бўлган, суд-тиббиёт экспертиза акти №24/2, 20.07.2022 (Хўжайли);

11. Отегенов Бахтияр Косибаевич, 04.12.1982, 2022 йилнинг 2 июлида Нукусдаги Саранча кўприги олдида ҳалок бўлган, суд-тиббиёт экспертиза акти №95, 15.07.2022;

12. Пирназаров Муратбай Махсетбай ули, 03.03.1994, 2022 йилнинг 2 июлида Нукус халқаро аэропорти ва “Шорша баба” қабристони ўртасидаги ҳудуда ҳалок бўлган, суд-тиббиёт экспертиза акти №104/10, 02.08.2022;

13. Сейтжанов Азамат Пиржанович, 14.06.1986, 2022 йилнинг 2 июлида Нукус халқаро аэропорти ва “Шорша баба” қабристони ўртасидаги ҳудудда ҳалок бўлган, суд-тиббиёт экспертиза акти №97/3, 15.07.2022;

14. Тлеумуратов Бахтияр Бегимбаевич, 1970, 2022 йилнинг 2 июлида Нукус ИИБ олдида ҳалок бўлди, суд-тиббиёт экспертиза акти №100/6, 03.08.2022;

15. Турамуратов Жалғас Шарипбаевич, 22.12.198978, 2022 йилнинг 2 июлида Нукус халқаро аэропорти ва “Шорша баба” қабристони ўртасидаги ҳудудда ҳалок бўлган, суд-тиббиёт экспертиза акти №114/18, 05.08.2022;

16. Турдимуратов Ахмад Кидирмуратович, 07.07.1997, 2 июлда И.Каримов проспектидаги Жоғарқи Кенеш биноси олдида ҳалок бўлган, суд-тиббиёт экспертиза акти №210, 10.07.2022.

17. Хожанов Мухаммед Каримбай ули, 23.11.1991, 2 июлда Нукуснинг Коскол-1 туманида ҳалок бўлган, суд-тиббиёт экспертиза акти №108/14, 19.07.2022;

18. Шарипов Курбангалий Токполатович, 1979, 2 июлда Нукусда ҚР ИИВнинг спецприёмниги (маъмурий иш билан ушланганлар учун) олдида ҳалок бўлган, суд-тиббиёт экспертиза акти №101/7, 01.08.2022;

19. Юсупов Илхам Махмудович, 26.08.1988, информатика ўқитувчиси, 2022 йил 2 июлда соат 20:30 да Нукус ИИБ олдида ҳалок бўлган, суд-тиббиёт экспертиза акти №102/8, 02.08.2022.

Freedom for Eurasia рўйхати

Ташкилотнинг билдиришича, мазкур рўйхатга расмий рўйхатда қайд этилганлар киритилмаган. Бу рўйхат “Очиқ диалог” фонди материаллари, “Олға, Қорақалпоғистон” ва бошқа манбалардан олинган маълумотлар асосида тузилган. Айрим кейслар қўшимча текширувни талаб қилади.

1. Абдижалов Кайратдин, Шўманай тумани;

2. Азизов (Аризов?) Мухамеддин Ережепаевич, 1992, Нукус;

3. Акмалиев Абусаттар, 1989(?), Нукус;

4. Алимбетов Рахмет Кеулимжаевич, Нукус;

5. Амирбаев Дмитрий Хожаахметович, Хўжайли тумани, ўқотар қуролдан отилган;

6. Атаджанов Пердебай, 28.06.1991, Амударё тумани;

7. Бабаниязов Мирбек Муратбаевич, 04.08.1985, Нукус(?);

8. Балтабаев Токтамурат, 1980, Нукус, иш жойида кўздан ёш сиздирувчи газдан ўлган;

9. Дарибаев Алишер Сабит ули, 31.10.2002, Нукус, ҚДУ талабаси, 2022 йил 2 июлида Нукусдаги “Светлана” бозори олдида соат 17 лар чамасида ҳалок бўлган, 3 июль куни “Салмен ота” қабристонига дафн этилган (ҳужжатлар мавжуд);

10. Еримбетов Калий, 1964, Тахтакўпир тумани;

11. Есемуратов Султан, 25.01.1992, бокс бўйича мураббий, Нукус, ўқотар қуролдан ҳалок бўлган;

12. Жумабаев Азамат, 1996, 2022 йил 2 июлда Нукус ИИБ олдида ҳалок бўлган;

13. Ибрагимов Мерей, 18.08.1978, Нукус;

14. Искендеров Жолибай, 1987, Қонликўл туманидаги Науриз мавзесида яшаган, Қонликўл туманидаги текстиль комбинати яқинида 2022 йил 2 июлда ўқотар қуролдан ҳалок бўлган;

15. Каипов Ерманбай Дарьябаевич, 21.05.1990, Шимбой тумани;

16. Калимбетов Бахрам (Байрам?) Жолимбетович, 1976, Нукус;

17. Караматдинов Оразбай, 1973, Шуманай тумани, ўқотар қуролдан бошига отилган;

18. Курбанов Аббас, 1997, Шуманай тумани;

19. Кутлимуратов Муратбай Даулетбаевич, 1974, Нукус;

20. Кидирниязов Иклас, 1995, Нукус;

21. Махамбетов Умбет, 1997(?), Нукус;

22. Молдагалиев Сапарбай, 1999, Нукус;

23. Оразбаев Илхам, Нукус;

24. Романов Илхам Махмудович 1988, Бўзатау тумани;

25. Сайинбетов Мурат Кидирбаевич, 1981, Хўжайли тумани, жасадини моргдан олишда муаммолар пайдо бўлган;

26. Сейтмашев (Сейтжанов? Сейтманов?) Жумабек, 2005, Хўжайли тумани;

27. Султанов Юнус, 1996, Нукус;

28. Токполатов Курмангали, Шимбой тумани;

29. Тулепов Марат, 1964 (1967?), Тахтакўпир тумани (ўлмаган бўлиши ҳам эҳтимол);

30. Шойдиев Бахтияр, 1984, Қонликўл туманидаги Науриз мавзесида яшаган, 2022 йил 2 июлда Қонлиқўл туманидаги текстил комбинатия яқинида ўқотар қуролдан ҳалок бўлган;

31. (Кудияров?) Ислам Анварович, 1991, Хўжайли тумани;
32. (Фамилияси номаълум) Аббас, 1985, Халқобод, 2022 йил 2 июлда Кегейлидан Нукусга элтувчи йўлда ўқотар қуролдан бошига отилган, жасади 2022 йил 4 июль куни Халқободга келтирилган.

Қийноқлардан ўлганлар

33. Ибрагимов Руслан, 1977, Нукус, (Манғит кўчаси - собиқ Шайдакова), 04.07.2022 да норозилар лидери Даулетмурат Тажимуратовга кўмаклашгани учун қўлга олинган, орадан икки кун ўтиб, ИИБда қийноқлардан ўлган, жасади 6.07.2022 да яқинларига берилган;

34. Оразбаев Мадияр Сарсенбаевич, 28.11.1975, Нукус, (Манғит кўчаси - собиқ Шайдакова), 04.07.2022 да норозилар лидери Даулетмурат Тажимуратовга кўмаклашгани учун қўлга олинган, ИИБда тергов жараёнида қаттиқ калтакланган, касалхонага ётқизилган, шошилинч операция қилинган, аммо ҳаёти сақлаб қолинмаган, жасади 6.07.2022 да яқинларига берилган.

Нукус воқеалари ва суд қарорлари

2022 йилнинг 1-2 июль куни Нукусда юз берган воқеалар Ўзбекистонда 2005 йил майидаги Андижон воқеаларидан буён содир бўлган энг йирик зўравонликлардир.

Нукус воқеалари деб ном олган норозилик чиқишлари ўтган йилнинг июль ойи бошида Ўзбекистон конституциясининг янги таҳририда Қорақалпоғистон республикаси суверен мақомининг бекор қилинишига қарши бошланиб кетган эди.

2 июль куни Нукусга етиб борган президент Шавкат Мирзиёев Конституция лойиҳасидаги Қорақалпоғистон Республикасининг ҳуқуқий мақомига оид 70, 71, 72, 74, 75-моддалари ўзгаришсиз қолдирилишини эълон қилди. Аммо 2 июль тунида тармоқларда тарқаган видеолардан президентнинг ён бериши норозилик намойишларини тўхтата олмагани кўрилади.

Президент Мирзиёев Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудида 2022 йил 3 июль куни соат 00:01 дан фавқулодда ҳолат эълон қилиш ҳақидаги фармонни имзолади. Фавқулодда ҳолат 2022 йил 2 август куни соат 00:00 га қадар давом этиши билдирилди.

4 июль куни Миллий Гвардия ва Бош прокуратура Нукусдаги воқеааларда 18 киши ҳалок бўлгани ва 243 киши яраланганини маълум қилди. Тан жароҳати олганларнинг 38 нафари ҳуқуқ-тартибот ходимлари экани айтилди. 500 дан ортиқ одам ушланган.

Орадан бир неча кун ўтгач яралангани ортидан касалхонага ётқизилганлардан уч нафари вафот этгани ва бу билан Нукус воқеаларида халок бўлганлар сони 21 кишига етгани атилган.

Намойишлар куч билан бостирилган, бироқ ўзбек расмийлари ҳарбийларнинг намойишчиларга қарата ўқ узганини рад этган, Миллий Гвардия, ИИВ ҳамда Мудофаа вазирлиги намойишларни бостириш чоғида қўлланган махсус воситаларни намойиш қилган.

Нукус воқеалари бўйича Бухородаги илк суд жараёни шу йилнинг 31 январида якунланган. Унда 22 кишига нисбатан суд қарори чиқарилган. Судда асосий айбланувчи сифатида кўрилаётган Даулетмурат Тажимуратов 16 йилга қамалган, яна 17 киши 3 йилдан 8,5 йилгача озодликдан маҳрум этилган, Лолагул Қаллиханова дохил тўрт киши эса суд залидан озод қилинган.

Илк суд бўйича 16 судланувчининг шикоятларини апелляция тартибида кўриб чиқиш шу йил 5 июнида якунланган. Олий суд ажримига кўра, Нукус воқеалари бўйича асосий айбланувчи сифатида кўрилган Даулетмурат Тажимуратовга белгиланган 16 йиллик қамоқ жазоси ўзгаришсиз қолдирилган, 8 нафар судланувчининг қамоқ жазоси озодликни чеклаш билан алмаштирган, 6 нафар судланувчининг эса жазо муддати қисқартирилган.

Нукус воқеалари бўйича иккинчи суд ҳам Бухоро вилоят судида ўтказилган. Мазкур судда 2023 йилнинг 17 март куни Нукус воқеалари иштирокчиларидан 39 нафарига нисбатан ҳукм эълон қилинган. Суд ҳукмига мувофиқ, судланувчилардан 28 нафари 5 йилдан 11 йилгача озодликдан маҳрум этилган, 11 нафари эса шартли равишда суд залидан озод қилинган.

Олий суд ҳайъати Нукус воқеалари бўйича биринчи инстанция судининг 17 мартдаги ҳукми билан озодликдан маҳрум этилган 28 нафар шахснинг апелляция тартибида берилган шикоят аризаларини кўриб чиқишни 12 июнь куни якунлаган. Суд қарорига мувофиқ, судланувчилардан 5 нафарининг қамоқ жазоси озодликни чеклаш жазси билан алмаштирилган, судланувчилардан 16 нафарининг жазо муддати қисқартирилган, 7 нафарига нисбатан эса биринчи инстанция суди ҳукми ўзгаришсиз қолдирилган.

Аввалроқ АҚШ, Европа Иттифоқи, БМТ ва халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари ҳам ўзбек расмийларини Қорақалпоғистондаги воқеалар юзасидан очиқ, ҳар томонлама ва шаффоф тергов ўтказишга, тинч намойишчиларга қарши ҳаддан зиёд куч қўлланилганига оид иддаоларни текширишга чақирган. Аммо иккинчи суддаги айбланувчилар орасида ҳам намойиш иштирокчиларига қарши ноқонуний куч қўллаганликда гумонланган хавфсизлик кучлари ходимлари кўринган эмас.

Форум

XS
SM
MD
LG