Линклар

Шошилинч хабар
28 январ 2022, Тошкент вақти: 13:30

Ўзбекистон хабарлари

ТММА: Ўтган икки ой ичида 4 минг чоғли ўзбекистонлик хорижга ишлаш учун юборилган

Россияга кетаётган ўзбекистонлик муҳожирларнинг катта қисми қурилишларда ишлаши айтилади

Жорий йилнинг январь-февраль ойларида 4 мингга яқин ўзбекистонлик муҳожир вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун ташкиллаштирилган ҳолда юборилган.

Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги маълумотига кўра, уларнинг 3209 нафари Россия Федерациясига, 488 нафари Қозоғистонга, 3 нафари Бирлашган Араб Амирликларига йўлланган, шунингдек, меҳнат таътилини ўтказиш учун Ўзбекистонга келган меҳнат муҳожирларидан 101 нафари ишлаш учун Жанубий Кореяга қайтиб кетган.

Агентлик хорижга кетган ўзбекистонлик муҳожирлар белгиланган эпидемиологик талаблар ва карантин чекловларига риоя қилган ҳолда турли объектларда иш бошлашини билдирган.

Кун янгиликлари

Энергетика вазирлиги барча ҳудудларга табиий газ тўлиқ етказиб берилаётганини иддао қилди

Ўзбекистонда аҳолини табиий газ билан таъминлаш, Энергетика вазирлиги иддаосига кўра, барча ҳудудларда 100 фоизга тикланган.

Вазирлик хабарномасида, 28 январь соат 11:00 ҳолатига кўра, Қорақалпоғистон Республикаси, мамлакатдаги 12 та вилоят ҳамда пойтахт Тошкентга табиий газ тўлиқ етказиб берилаётгани айтилган, бироқ узатилаётган газ босими қандайлигига аниқлик киритган эмас.

Айни пайтда энергетиклар жума куни соат 11:00 дан 16:00 га қадар таъмирлаш ишлари олиб борилиши туфайли Тошкент шаҳрининг Юнусобод ва Олмазор туманларидаги иккита маҳаллада табиий газ таъминоти вақтинча тўхтатилишини қўшимча қилганлар.

Аввалроқ расмийлар 27 январь куни соат 16:00 дан бошлаб мамлакатнинг барча ҳудудларида электр энергияси таъминоти тўлиқ тиклангани тўғрисида маълумот тарқатишган эди.

ССВ: Коронавирусга чалинганларнинг умумий сони 220 мингга яқинлашди

Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони, жорий йилнинг 27 январь ҳолатига кўра, 219 минг 663 нафарга етган.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, пайшанба куни Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида 1 минг 186 нафар киши коронавирусга чалинган.

Сўнгги ҳафталарда коронавирусга чалиниш бўйича кундалик кўрсаткичнинг шиддат билан ошиб кетгани Ўзбекистонга Omicron штаммининг кириб келиши билан боғланмоқда.

ССВ қайдича, кеча мамлакат бўйлаб 1399 нафар бемор тузалиб, соғайганларнинг умумий сони 209 минг 417 нафарга етган.

Вазирлик ўтган кеча-кундузда коронавирусга чалинган беморлардан яна 3 нафари вафот этиб, коронавирус қурбонлари сони 1 минг 554 нафарга етгани, шунингдек, 216 нафар кишида пневмония ҳам аниқланганини қўшимча қилган.

ФВВ ҳордиқ кунлари тоғли ҳудудларда қор кўчиши эҳтимолидан огоҳлантирди

Иллюстратив сурат

Ўзбекистоннинг тоғли ҳудудларида жорий йилнинг 28 январидан 31 январигача қор кўчкиси тушиши мумкин. Бу ҳақда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот хизмати маълум қилган.

Вазирлик шу важдан мазкур кунларда тоғли ҳудудлардаги фуқаролардан эҳтиёткорлик чораларини кўриш ва “Диққат! Қор кўчиши хавфи мавжуд” белгиси билан чекланган жойларга кирмасликни сўраган.

Ўзбекистонда ҳордиқ кунлари одамлар гуруҳ-гуруҳ бўлиб, тоғли ҳудудларга сафар қилиши одат тусига кирган. Аввалроқ ФВВ 19 январь куни Тошкент вилояти Чимён тоғ ҳудудида қор кўчиш ҳолати кузатилгани, кўчки ҳажми тахминан 60 минг метр кубни ташкил қилгани ҳақида маълумот тарқатган эди.

Ўзбекистон ўтган йили хорижга қарийб 29 минг дона енгил автомобиль экспорт қилди

Ўзбекистон 2021 йилда 10 та давлатга қиймати 281 миллион 800 минг АҚШ долларига тенг бўлган енгил автомобиль экспорт қилган.

Давлат статистика қўмитаси қайдича, ўтган йили хорижга сотган енгил автомобиллар сони 28 952 тага етган, бу эса 2020 йили четга сотилган автомобиль сонидан 10 401 тага кўпдир.

Мамлакатда ишлаб чиқилган енгил автомобилларнинг асосий харидори қўшни Қозоғистон (қарийб 95 фоиз) бўлиб ҳисобланади. Аввалроқ статистика қўмитаси 2021 йилнинг январь-ноябрь ойларида Қозоғистонга 26 969 та автомобиль сотилгани ҳақида маълумот тарқатган эди.

Ўзбекистондан енгил автомобиль сотиб олаётган мамлакатлар орасида Украина, Россия, Озарбайжон, Афғонистон, Тожикистон ва Қирғизистон каби мамлакатлар ҳам бор.

Мирзиёев яна Афғонистонда тинчлик жараёнига кўмаклашишнинг аҳамиятини урғулади

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев “Ҳиндистон – Марказий Осиё” саммитида (president.uz фотоси)

Афғонистонда гуманитар инқироз авж олишига йўл қўймаслик ҳамда тинчлик жараёнига кўмаклашиш муҳим. Бу ҳақда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг 27 январь куни ўтказилган “Ҳиндистон – Марказий Осиё” онлайн саммитида билдирган.

Президент матбуот хизмати томонидан ёйинланган нутқ матнига мувофиқ, Мирзиёев Афғонистондаги тинчлик жараёнига кўмаклашиш Марказий Осиё ва Ҳиндистон ўртасидаги ўзаро боғлиқликни кучайтиришга хизмат қиладиган муҳим инфратузилмавий лойиҳаларни амалга ошириш учун янги имкониятлар очишини урғулаган. Афғонистонда тинчликни таъминлашнинг аҳамияти ҳақида Ўзбекистон президент аввал ҳам бир неча бор сўзлаган.

Ш. Мирзиёев пайшанба куни “Ҳиндистон – Марказий Осиё” саммитида иштирок этиши ҳақида Озодлик аввалроқ хабар қилган эди. Расмий Деҳли ташаббуси билан илк бор ўтказилган мазкур анжуманда Ўзбекистон президентидан ташқари Ҳиндистон бош вазири Нарендра Моди, Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев, Қирғизистон президенти Садир Жапаров, Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон ва Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедовлар қатнашган.

Саммитдаги нутқида Ўзбекистон президенти Ҳиндистон билан Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги ҳамкорликнинг устувор йўналишларига тўхталиб, улар орасида таълим, соғлиқни сақлаш, иқтисодиёт, энергетик самарадорлик ва “яшил” тараққиёт ҳамда маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорлик каби масалаларни санаган.

Янги йилнинг 25 кунида ис газидан 28 киши ҳалок бўлди

Ўзбекистонда 1 январдан 25 январгача ис гази билан боғлиқ 16 та ҳолатда 28 киши вафот этди ва 9 киши заҳарланди. Бу ҳақда АОКАда ўтказилган ФВВ, ИИВ, Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси, Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги мутасаддилари иштирокидаги матбуот анжуманида қайд этилди.

Расман билдирилишича, 2021 йилда ис гази билан боғлиқ жами 74 та ҳолат аниқланган. Уларда 67 киши заҳарланган ва 128 киши ўлган.

Ўтган йили Фавқулодда вазиятлар вазирлиги 2021 йилнинг январидан 15 декабрига қадар ис газидан 125 киши ҳалок бўлгани ва 115 киши жароҳатлангани ҳақида билдирган эди.

Бу 2020 йилнинг 15 декабригача бўлган кўрсаткичдан анча кўпдир. Жумладан, 2020 йилнинг 16 декабрида ўтган йиғилишда президент Шавкат Мирзиёев бир йилда 56 та ис газидан заҳарланиш ва 106 та чақнаш ҳолати оқибатида 106 нафар фуқаро вафот этгани, 190 нафари заҳарлангани ва куйиш тан жароҳатини олганини таъкидлаган.

Энергетика вазирлиги барча ҳудудларда электр таъминоти тикланганини билдирди ва аҳолини сабр-тоқатли бўлишга чақирди

Иллюстратив сурат.

Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида 27 январь куни соат 16:00 дан бошлаб электр энергияси таъминоти тўлиқ тиклангани тўғрисида Энергетика вазирлиги маълум қилди.

Расман билдирилишича, айни пайтда Тўрақўрғон иссиқлик электр станциясидан ташқари барча электр станцияларнинг иш фаолияти тикланди.

Вазирлик, шу билан бир қаторда, 27 январь соат 16:00 ҳолатига кўра, мамлакатда газ таъминоти ҳозирча тўлиқ тикланмаганини маълум қилди.

“Сиздан сабр-тоқатли бўлишингизни, электр энергияси узилишларини олдини олиш учун эҳтиёждан ташқари электр жиҳозларини тармоққа уламасликни сўраймиз", -дейилади вазирлик билдирувида.

Коронавирусга чалинганлар сони 218 мингдан ошди. Тўлиқ вакцина олганлар 8 миллионга яқинлашди

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг билдиришича, 26 январда яна 1117 кишида коронавирус инфекцияси аниқланди. Бу билан 26 январь ҳолатига кўра, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 218 минг 477 нафарни ташкил этмоқда.

Янги касалланиш ҳолатлари бўйича биринчи учликда Тошкент шаҳри (451 нафар), Фарғона вилояти (129 нафар) ва Тошкент вилояти (113 нафар ) бормоқда.

Касалликдан соғайганлар жами 208 минг 18 нафарга етди ва соғайиш кўрсаткичи 95 фоизни ташкил этмоқда.

Шунингдек, коронавирусга чалинган 2 нафар бемор вафот этиб, касалликдан вафот этганлар сони 1551 нафарни ташкил қилди.

Вазирликнинг билдиришича, жами 41 680 571 доза вакцинадан фойдаланилди. 1-босқич эмланганлар 19 236 112 нафарни, 2-босқичда эмланганлар 14 489 580 нафарни, 3-босқич эмланганлар 7 954 879 нафарни ташкил қилди.

Биринчи доза билан эмлаш кўрсаткичи эмланиши режалаштирилган қатламга нисбатан 89,7 фоизни, тўлиқ босқичларда эмланиш кўрсатчики эса 67,9 фоизни ташкил қилмоқда.

26 январь ҳолатига кўра, Ўзбекистонда 12 ёшдан 18 ёшгача бўлган 721 636 нафар бола Pfizer вакцинаси билан ихтиёрий равишда эмланди.

Тошкентда террорчиликка алоқадорлик иддаоси билан 30 чоғли киши қўлга олинди

Иллюстратив сурат

Ўзбекистон пойтахти Тошкент шаҳрида ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан ҳамкорликда амалга оширилган тезкор тадбир чоғида “Тавҳид ва жиҳод катибати” номли террорчилик ташкилотининг бир гуруҳ аъзоси ушланган. Бу ҳақда маълумот тарқатган Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси мазкур амалиёт қайси куни ўтказилганига аниқлик киритган эмас.

ИИББ вакиллари иддаосига кўра, қўлга олинган шахслар пойтахт ҳудудида жамоавий йиғинларни ўтказиб, келгусида Сурия ҳудудида фаолият юритаётган террорчилик ташкилотларининг сафига қўшилишни режалаштириб келишган.

“Аниқланган “Тавҳид ва жиҳод катибати” тарафдорларининг сони 30 нафарга яқин бўлиб, ёшлардан иборат эканлиги, уларнинг айримлари Андижон, Сурхондарё ва Қашқадарё вилоятларидан Тошкент шаҳрига ишлаш мақсадида келганликлари маълум бўлди”, дейилган хабарномада ТЖК Олий суднинг 2016 йил 26 сентябридаги қарорига асосан террористик ташкилот деб топилгани ва Ўзбекистон ҳудудида унинг фаолияти тақиқланганини эслатилган.

Тошкент шаҳар ИИББ айни пайтда мазкур ҳолат юзасидан мамлакат Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари давом эттирилаётганини қўшимча қилган.

Энергетика вазирлиги аксарият ҳудудларда газ қуйиш шохобчалари ишлай бошлашини билдирди

Архив сурати

Ўзбекистонда 27 январь куни эрталабки соат 9:00 дан эътиборан шаҳарлараро йўналишлар бўйлаб, шунингдек аксарият ҳудудларда газ қуйиш шохобчалари ишлай бошлайди. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги матбуот хизмати маълум қилди.

Вазирлик бундан Тошкент, Фарғона, Андижон ва Наманган вилоятлари бундан мустасно экани, мазкур ҳудудларда газ таъминоти иш режимини тиклаш ишлари олиб борилаётганини қўшимча қилган.

Энергетикларга кўра, 28 январдан бошлаб Ўзбекистондаги барча газ қуйиш шохобчаларининг иш фаолиятини тиклаш режаланган.

Тошкентлик блогер Фозилхўжа Орифхўжаев 7,5 йилга қамалди

Фозилхўжа Орифхўжаев

Ижтимоий тармоқларда Аброр Мухтор Алий тахаллуси остида зиддиятли чиқишлари билан танилган Аброр Абдуазимов билан Тошкентдаги “Тўхтабой” масжиди олдида бўлиб ўтган тортишув ортидан қўлга олинган блогер Фозилхўжа Орифхўжаев 7,5 йилга қамалди.

Тошкент шаҳар судлари Telegram-канали тарқатган маълумотга мувофиқ, жорий йилнинг 26 январь куни жиноят ишлари бўйича Олмазор туман судида 41 ёшли Ф. Орифхўжаев иши бўйича суд жараёни ниҳоясига етиб, ҳукм эълон қилинган.

Судья З. Нуриддинов раислигида юритилган суд ҳукмига кўра, судланувчи Ўзбекистон Жиноят кодексининг 244-1-моддаси (жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ёки намойиш этиш) 3-қисми “г” бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топилган ва унга нисбатан 7 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланган.

Хабарномада ҳукмдан норози тарафлар 20 кун ичида Тошкент шаҳар судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатига апелляция тартибида шикоят беришлари ёки прокурор томонидан протест билдирилиши мумкинлигини билдирилган.

Орифхўжаев ўтган йилнинг 26 июнь куни юзма-юз сўзлашиш учун Абдуазимов ваъз ўқиётган Тошкентдаги “Тўхтабой” масжиди олдига борган. У ерда Орифхўжаев Абдуазимовни “иккиюзламачи” деб атаган.

28 июнь куни ички ишлар ходимлари Орифхўжаевни чақиртириб, уни майда безориликда айблашиб, ҳибсга олишган ҳамда уяли телефонини тортиб олишган. Ўша куни суд блогерни 15 суткага ҳибсга олиш тўғрисида ҳукм чиқарган.

Орифхўжаев жазо муддатини ўтаётганида адвокати Сергей Майоровга COVID-19 пандемиясини баҳона қилиб, у билан учраштиришмаган.

Диний эркинликларни назорат қилувчи Forum18 халқаро ташкилоти Ф. Орифхўжаев 15 кун ҳибсда сақланган пайтда қамоқхона маъмурлари унга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлишгани ҳақида хабар қилган.

13 июль куни – Орифхўжаев озод этилиши керак бўлган кунда унинг адвокати С. Майоров чақирилиб, мижозига “оммавий ахборот воситалари ёки телекоммуникация воситаларидан ёки Интернетдан фойдаланган ҳолда жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид солувчи материалларни тарқатиш ёки кўрсатиш” айблови билан жиноят иши қўзғатилгани маълум қилинган.

Тошкент суди Орифхўжаевни ҳибсга олиш муддатини аввал уч ойга, кейинроқ 2021 йил 13 декабригача узайтирган.

Ўзбек расмийларининг дин бўйича сиёсати борасидаги танқидий чиқишлари билан танилган Фозилхўжа Орифхўжаев тақдири халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари томонидан диққат билан кузатиб борилмоқда. Хусусан, Human Rights Watch (HRW) ҳуқуқбонлик ташкилоти ўтган йил 9 декабрида расмийларни тошкентлик блогерга қўйилган “асоссиз” айбловларни бекор қилиш ва уни зудлик билан озод қилишга чақирган.

Халқаро ташкилотнинг шу йил 11 январида эълон қилинган ҳисоботида эса “Давлатнинг диний идораси назоратидан ташқарида ўз эътиқодига эга бўлган мусулмонлар сохта диний экстремизм билан боғлиқ жиноий айбловлар нишонига айланди. Июнь ойида полиция ҳукуматнинг очиқ танқидчиси Фозилхўжа Орифхўжаевга экстремизм билан боғлиқ айбловлар қўйди ва уни уч ойга тергов ҳибсхонасига жўнатди”, дейилган эди.

Жиноят ишлари бўйича Миробод туман суди ўтган ҳафта тошкентлик блогер Миразиз Бозоровга нисбатан 3 йил озодликни чеклаш жазоси тайинлаш ҳақида ҳукм чиқарган. Расмий маълумотларга кўра, блогер Бозоров устидан даъво аризаси ёзган тўрт шахснинг бири ҳам Аброр Абдуазимов (Аброр Мухтор Алий) бўлган.

“Ўзтрансгаз”: Газ қувуридаги зарур босимни тиклаш учун камида яна икки кун керак бўлади

Иллюстратив сурат

Ўзбекистонда газ қазиб чиқарувчи корхоналарнинг электр станцияларини зарур даражадаги газ ҳажми билан таъминлаши ва газ қувурлари тизими орқали зарур иш босимини тиклаш ишларини амалга ошириш учун камида икки кун вақт талаб этилади. Бу ҳақда 27 январга ўтар кечаси маълумот тарқатган “Ўзтрансгаз” ширкати айни пайтда жойларда компрессор станцияларини тўлиқ ишга тушириш бўйича ишлар давом этаётганини билдирди.

Ширкат изоҳига кўра, умумтизимда юзага келган носозликлар сабабли Ўзбекистондаги мавжуд газ қазиб олиш конлари ва уни қайта ишлаш заводларида технологик жараёнларнинг бузилиш ҳолатлари кузатиляпти, бу эса газ ишлаб чиқариш ҳажмининг камайишига олиб келяпти. Айни пайтда “Ўзтрансгаз” АЖ тизимидаги Компрессор станцияларининг агрегатлари фаолияти тўхтатилган.

“Ўзтрансгаз” вакиллари юзага келган фавқулодда ҳолатни тезкор равишда бартараф қилиш мақсадида фавқулодда гуруҳ ташкил қилиниб, авария-таъмир бригадалари сафарбар этилгани, энг аввало иссиқлик электр станцияларини имкон қадар тез ишга туширишда амалий ёрдам бериш ва газ транспорт тизимини фаолиятини тиклаш мазкур гуруҳнинг асосий вазифаси этиб белгиланганини қайд этганлар.

“Натижада 25-26 январь кунлари авария ҳолатида тўхтаб қолган 6 та компрессор станциясидан 5 таси тўлиқ бўлмаган ҳолатда ишга туширилди. Жорий йил 26 январь куни соат 18.00 да магистрал газ қувурлари тармоғига узатилаётган табиий газ миқдори соатига 4 839 минг куб метрни ташкил этди”, дейилган ширкат хабарномасида газ таъминотини нормал даражада тиклаш учун яна икки кун керак бўлишини урғулаган.

Аввалроқ Ўзбекистондаги манбалар Озодликка табиий газга уланган аксар ҳудудларда босим жуда пастлаб кетгани, кўп қаватли уйлар ҳануз нормал даражада исимагани, ичимлик суви таъминотида ҳам муаммолар юзага келаётгани ҳақида маълум қилишган.

Бу орада Энергетика вазирлиги Ўзбекистоннинг айрим ҳудудларида 27 январь куни ҳам энерготизимдаги йирик авария оқибатларини бартараф этиш ишлари давом эттирилишини билдирган.

Мирзиёев “Марказий Осиё - Ҳиндистон” онлайн саммитида иштирок этади

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 27 январь куни илк бор ўтказиладиган “Ҳиндистон – Марказий Осиё” онлайн саммити ишида қатнашади.

Президент матбуот хизмати маълумотига кўра, тадбир Ҳиндистон бош вазири Нарендра Моди ташаббуси билан ташкил этилмоқда. Унда Марказий Осиё мамлакатлари билан Ҳиндистон ўртасидаги “кўп томонлама муносабатларни янада кенгайтириш, минтақавий боғлиқликни кучайтириш ҳамда минтақада барқарорлик ва изчил тараққиётни таъминлаш масалалари кўриб чиқилади”.

Саммит кун тартибидан савдо, саноат кооперацияси, “яшил” иқтисодиёт, инновациялар ва рақамли технологиялар, транспорт ва логистика, маданий-гуманитар алмашинув соҳаларида амалий ҳамкорликни илгари суриш каби масалалар ҳам ўрин олган.

Тадбир якунида ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган Деҳли декларацияси қабул қилиниши айтилмоқда.

Ўзбекистон, Қозоғистон ва Қирғизистонда кузатилган блэкаутнинг илк куни Ш. Мирзиёев “Марказий Осиё давлатлари - Хитой” онлайн саммитида иштирок этган эди. Анжуманда ХХР раиси Си Цзиньпин Хитой яқин 3 йил ичида минтақа давлатларига ижтимоий лойиҳалар учун 500 миллион доллар миқдорида беғараз ёрдам ажратишини эълон қилган.

Президент блэкаутдан “саросимага тушмаган сабр- тоқатли” халққа миннатдорчилик билдирди

Президент Шавкат Мирзиёев 26 январь куни ўтган видеоселекторда Ўзбекистон тарихида илк маротаба юз берган йирик энергетик инқироздан саросимага тушмагани учун Ўзбекистон халқига миннатдорчилик билдирди.

“Бундай ҳолатда халқимиз вазиятни тўғри қабул қилиб, саросимага тушмади. Фурсатдан фойдаланиб, аввало сабр-тоқатли халқимизга, шунингдек, ушбу вазиятни бартараф этишда жонбозлик кўрсатган барча соҳа ва идоралар ходимларига, шунингдек, оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқ вакилларига ўз миннатдорчилигимни билдираман”,-деб иқтибос келтирди президент сўзларидан “Кун уз”.

“Газета уз”нинг ёзишича, видеоселектор давомида президент “бу авариядан ўша заҳотиёқ хабар топиб, дарҳол ҳукумат комиссиясини тузишга топшириқ берганини, комиссия, тармоқ ва ҳудуд раҳбарлари билан доимий мулоқотда бўлганини, авария ҳамда унинг иқтисодиёт ва аҳоли ҳаётига салбий таъсирини бартараф этиш бўйича ишларни, шахсан назоратига олгани”ни билдирган.

“Дарё уз” эса президент айни пайтда блэкаут оқибатлари босқичма-босқич бартараф этилаётганини айтгани тўғрисида хабар берди.

“Бу ҳодисадан тўғри хулоса қилиб, биз Ўзбекистон тараққиётини давримизнинг глобал муаммолари билан янада боғлиқ ҳолда кўришимиз керак. Бу борадаги мавжуд таҳдид ва муаммоларни бартараф этишга доимо тайёр туришимиз керак”,-деб иқтибос келтирди президент сўзларидан нашр.

Ўзбек драматургиясининг таниқли вакили Шароф Бошбеков вафот этди

Шароф Бошбеков "Тақдир эшиги", "Темир хотин", "Юзсиз" каби асарлари билан халқ орасида танилган.

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, “Меҳнат шуҳрати”ордени соҳиби, таниқли драматург, Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Шароф Бошбеков 26 январь куни 71 ёшида оламдан ўтди. Бу ҳақда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси расман маълум қилди.

1951 йил 4 январда Самарқанд вилояти Булунғур тумани Ғубир қишлоғида туғилган Шароф Бошбеков 1974 йили Тошкент театр ва рассомчилик санъати институтини тамомлаган.

Муқимий номидаги давлат мусиқали театри, Сирдарё вилояти мусиқали драма театрида фаолият кўрсатган. Шундан сўнг Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси (1983-1985), Ўзбекистон Миллий давлат академик драма театрида (1986-1987) адабий ходим бўлиб хизмат қилди.

Шароф Бошбеков “Тақдир эшиги” номли илк драматик асарини 1980 йилда ёзди. Шундан сўнг унинг “Тикансиз типратиканлар”, “Мусиқа сайёраси”, “Тентак фаришталар”, “Тушов узган тулпорлар” (1983) драмаси, “Эшик қоққан ким?” (1987), “Эски шаҳар гаврошлари” (1998), “Темир хотин” (1989) каби жиддий комедиялари ўзбек драматургияси хазинасини бойитди.

Шароф Бошбеков сценарийси асосида “Маъруф ва Шариф”, “Юзсиз” (1993), “Тилла бола” (1994) каби фильмлар яратилди. У “Масхарабоз” (1996), “Фарҳод ва Ширин” фильмларида ҳам сценарий муаллифи, ҳам режиссёр сифатида иштирок этди. Унинг сценарийси асосида “Чархпалак” телесериали суратга олинган.

Бундан ташқари, “Тентак фаришталар” (1995), “Зўрдан зўр чиқса” (1996) каби саҳна асарлари ҳам республика театрларида муваффақиятли намойиш этилди.

Адиб драма ва киноқиссалардан иборат “Танланган асралар” китоби учун 2021 йили Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг “Йилнинг энг яхши асари” танлови ғолиби бўлди.

Шароф Бошбеков 1996 йили “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими” фахрий унвони, 2001 йили “Меҳнат шуҳрати” ордени билан тақдирланган.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG