Линклар

Шошилинч хабар
06 декабр 2024, Тошкент вақти: 06:29

"Ўзбекистонда фақат сўм эркин айланиши керак". Иқтисодчилар рубль босимидан хавотирда


Ўзбекистон Марказий банки Ғарб санкциялари фонида ўзбек сўми Россия рублининг босими остида қолгани, мамлакатга Россиядан катта миқдорда рубл кириб, доллар олиб чиқиб кетилаётгани ҳақидаги хавотирларни рад этмоқда.

Аммо ҳамма ҳам Марказий банк хулосаларига қўшилмайди. Мустақил иқтисодий таҳлилчилар рубл массасининг Ўзбекистон ички бозорида ошиб бораётгани ва ҳисоб-китоб операцияларида рублнинг фаол иштироки мамлакат иқтисодини танг аҳволга солиб қўйиши мумкин.

Молия эксперти: Биз рус валюта бозорини озиқлантириб турибмиз!

Россия рубли массасининг ошиши инфляция суръатини кучайтираётганини айтган Молия вазирининг собиқ ўринбосари Абдулла Абдуқодиров рублда савдо қилишнинг молиявий рискларида огоҳлантиради:

А.Абдуқодиров
А.Абдуқодиров

- Биринчидан, бугунги кунда рубль курси Россия ички бозорида марказий банки томонидан сунъий ушлаб турилибди. 1 долларга 55-60 коридорида ушлаб турилган рублнинг аслида бугунги мантиқий курси 70-80 ўртасида экани барчага маълум. Бу фарқни бизнинг Марказий банк ҳам тан оляпти, мазкур жараённинг хавфи тўғрисида март ойидаги кўп чиқишларимда гапирган эдим.

Иқтисодий таҳлилчи фикрича, нақд пул миқдорининг ошиши Ўзбекистонда инфляция суръатларини оширмоқда:

- Пул савдоси бозори иккига бўлинган. Биринчиси нақд бўлмаган ва савдо-сотиқ, инвестицияда ишлатиладиган рубл операцияларидан иборат. Иккинчиси нақд рубл савдоси: асосан трансчегаравий пул ўтказмалари. Айнан трансчегаравий пул ўтказмалари ҳисобига 6,5 миллиард доллар келиб тушган, деб айтиляпти. Бу катта маблағ! Унда Россиядан фуқаролар олиб келган айланмалар улуши катта. Иккинчидан, Россия бозорида нақд доллар олиш имконияти йўқ қилинди. Шунинг учун улар рублни Ўзбекистонга ўтказиб, 20-30 фоизли фарқ билан нақдлаштириб, яна Россия бозорига қайтариб чиқармоқда. Яъни Россия Ўзбекистон орқали нақд доллар каналини очволди, биз эса рус валюта бозорини озиқлантириб турибмиз.

Бу ҳолат албатта инфляцияга олиб келмоқда. Банклардаги барча сотиб олинган валюта ва ўзбек сўмидаги алмашинувлар тахминан бир хил бўлиши керак – шу пропорция бузилса, ортиқча пул массаси келиб чиқади. Шу тариқа Марказий банк тижорат банкларини жуда ноқулай аҳволга солиб қўйди.

Иккинчидан, илгари 1 долларга 70-80 рубль келган бўлса, ҳозир 55-60 атрофида келяпти. Ўз-ўзидан бу Россиядан келаётган ҳар қандай товар 20-30 фоизга ошиб кетди, дегани.

Абдулла Абдуқодиров Ўзбекистонда олиб борилаётган молиявий сиёсат иқтисодий қонунлар асосида олиб борилмаётгани, унинг ортида сиёсий келишувлар борлигини тахмин қилди.

- Марказий банк буни англаб турибди, лекин унинг ортида қандайдир сиёсий келишувлар борлигидан мен бошқа иқтисодий сабабларни кўрмаяпман.

Агарда давлат тижорат банклари зарар кўраётган бўлса, давлатнинг тўплаган олтин-валюта заҳиралари кундан-кунга камайиб бораётган бўлса - давлат қандай фойда кўриши мумкин?! Бир томондан валюта шу тариқа оқиб кетяпти, бошқа томондан биз қанча тилла сотиб олиб, олтин-валюта захираларимизни тиклашга мажбурмиз. Натижада захирада олтин улуши кўпаймоқда. Бу хатарли динамика ва хавфли ҳолат, зеро мабодо иккиламчи сакциялар жорий қилиниб, Ўзбекистонга ҳам олтин сотишни тақиқлаб қўйишса, бизнинг ҳолимизга кейин маймунлар йиғлайди.

Нима қилиш керак? Ўзбекистонда фақат битта валюта эркин айланиши керак, у ҳам бўлса ўзбек сўми. Қолган ликвидликка эга бўлмаган валюталар – рубль, юан ва бошқаларни банкларимиз сотиб олмаслиги керак, мижозларга ҳам таклиф этмаслиги керак. Рублга нисбатан бугун катта комиссиялар белгиламасак, эртага бизнинг бутун бозоримиз хароб бўлади. Тамом!

Марказий банк: Вазият назорат остида

21 июль куни Марказий банк раиси Мамаризо Нурмуратов матбуот анжуманида сўнгги уч ойда Ўзбекистонга пул ўтказмалари ҳажми рекорд даражада ўсганини тасдиқлади.

Марказий банк идораси раҳбари маълумотича, норезидентлар номига Ўзбекистонда шу ойларда жами 97 000 та банк картаси очилган. Меҳмонларнинг асосий қисмини Россия, Украина ва Беларусдан Ўзбекистонга доимий ёки вақтинчалик яшашга келганлар ташкил этган. 1 июл ҳолатига кўра, россияликларнинг Ўзбекистондаги ҳисобварақларида 115 миллион доллар бўлган.

Айни пайтда Марказбанк раиси Россиядан Ўзбекистонга рубль кириб, катта миқдорда доллар чиқиб кетаётгани ҳақидаги хавотирларга қўлишмаслигини таъкидлади.

Айни пайтда у пул ўтказмаларининг 95 фоизи айнан Россия ҳиссасига тўғри келаётганини эътироф этди.

Ўзбекистон 6,5 миллиард долларлик трансфертларни олган бўлса, 5,6 миллиард долларнинг бир қисми ички бозорда сотилган. Марказий банк раҳбарининг сўзларига кўра, бу, жумладан, аввалроқ қайд этилмаган валюта жўнатмалари учун норасмий каналлар қонунийлаштирилганидан далолат беради.

Россия Марказий банки маълумотича, 2021 йилда Россиядан Ўзбекистонга 5,5 млрд доллар жўнатилган, яъни ҳар бир муҳожирга ўртача 410 доллар тўғри келган.

М.Нурмуродов
М.Нурмуродов

- 2022-йилнинг биринчи ярмида 500 долларгача бўлган ўтказмалар ҳажми икки баравар, жўнатувчилар сони эса 50 фоизга ошди... Рублга рухсат берганимизда, рубл бизга кириб келмаслигига келишиб олгандик. Яъни, рубл пул ўтказувчи тўлов ташкилоти орқали Россия фонд биржасида автоматик тарзда долларга айлантирилиб, кейин депозитга қўйилиб, бизга долларда жўнатилган. Умумий ҳажмдаги улуши 3,1% бўлган Россия рубли П2П ўтказмалари орқали, қолган трансчегаравий ўтказмалар доллар ва эркин конвертация қилинадиган валютада амалга оширилди, - деди Марказий банк раиси Мамаризо Нурмуратов журналистлар олдида қилган чиқишида.

Марказбанк раҳбарига кўра, жорий йилнинг иккинчи чорагида норезидентлар томонидан очилган жорий ҳисобварақлар сони 47 мингтага ошиб, 169 мингтага етган. Меҳмонларнинг асосий қисмини Россия, Украина ва Беларусдан Ўзбекистонга доимий ёки вақтинчалик яшашга келганлар ташкил этган. 1 июл ҳолатига кўра, Россия фуқароларининг Ўзбекистондаги ҳисоб-китоб ҳисобварақларида 115 миллион доллар бўлган.

Банкларда вазият қандай?

Март ойи бошидан Ўзбекистон банклари ўз кассаларида пул ўтказмалари орқали олинган рублларни алмаштира бошладилар. Ўшанда ҳукумат биржада Россия валютасини автоматик тарзда долларга конвертация қилишга қарор қилган эди.

Шу кунларда Ўзбекистондаги бир қатор банклар томонидан ҳисобрақамдан нақд валюта ечиб олишда чекловлар жорий этилгани тўғрисида хабарлар тарқалди. Коммерс. уз нашри маълумотича, банклар шу тариқа барча мижозларига валюта етказишни йўлга қўймоқчи эканини маълум қилган.

Журналист Азиза Қурбонова тижорат банкларидан бирида нақд доллар ечиш билан боғлиқ муаммога дуч келгани ҳақида ёзди.

- Гарчи Марказий Банк раиси М.Нурмуратов 4 кун аввал "Айрим қўшни мамлакатларда валюта чекловлар жорий қилиниши билан чегара олди ҳудудлари валютага талаб ошишига хатарни кўрмаяпмиз. Бунақа ҳолатлар учун чекловлар жорий қилишдан маъно йўқ" дегани билан банкларда доллар дефицити кузатиляпти, - деб ёзди Азиза Қурбонова.

Рубль агрессияси Россия билан олди-берди қилаётган давлатларда инфляция омилига айланган. Йил бошидан буён рублга нисбатан қозоқ тенгеси 30%га, қирғиз соми 14%га, Арманистон драми 20%га, беларусь рубли эса 40%га қадрсизланган. Мутахассислар бунинг оқибатлари ҳали иқтисодиётда тўла акс этмаганини таъкидламоқда.

Айни пайтда,иқтисодий таҳлилчилар келаётган ойларда рублнинг сўмга босимини янада оширишини прогноз қилмоқда.

Хабарларга кўра, шу кунларда Россиянинг Сбербанки банк карталаридан Ўзбекистонга рублдаги бепул пул ўтказмаларини йўлга қўймоқда. Эндиликда Сбербанк картасидан Ўзбекистоннинг иккита энг йирик давлат банки ва учта хусусий банки карталарига кунига 50 минг рубль, ойига эса 600 минг рубл ҳажмида бепул маблағ ўтказиш мумкин бўлади.

Форум

Алоқадор

XS
SM
MD
LG