Линклар

Шошилинч хабар
27 апрел 2024, Тошкент вақти: 01:40

"Сенатор-ректор конституцион тузумни бекор қилишга чақирдими?"


24 июнь куни Озодлик электрон почтасига ўзбекистонлик бир гуруҳ зиëли ëшларнинг мамлакат жамоатчилигига қарата ëзган очиқ мактуби матни юборилди.

Озодлик турли касб эгалари¸ хусусан¸ тадбиркор¸ врач¸ санъаткор ва ўқитувчилардан жами 58 нафари қўл қўйган бу мурожаат матнини ўзгаришсиз тақдим қилади.

-----------------------------------------------------------------------------

Биз, қуйида имзо чекканлар, ўзимизнинг фаол фуқаролик позициямизни ифода этган ҳолда, жамият сиёсий ҳаётида рўй бераётган воқеаларга бефарқ қолмай, барча ўзбекистонликларнинг эътиборини қуйидагиларга қаратмоқчимиз:


Сенат аъзоси, Термизнинг 70-сайлов округидан сенатор, Термиз давлат университети ректори Тошқулов Абдуқодир Ҳамидович «Ўзбекистон 24» телеканали томонидан 16.06.2019 й. эфирга узатилган «Халқаро пресс клуб» телекўрсатувида тўғридан-тўғри эфирда, телеканал субтитрлари орқали ТерДУ ректори ва Олий Мажлис Сенати аъзоси сифатида таништирилган ҳолда қуйидагиларни айтди:

Термиз университети ректорининг эътирозга сабаб бўлаëтган баëноти давлат телеканалида кўрсатилган мулоқотда қилинди.
Термиз университети ректорининг эътирозга сабаб бўлаëтган баëноти давлат телеканалида кўрсатилган мулоқотда қилинди.


“Биз юз йил олий таълимдан ҳам¸ таълимдан ҳам Исломни суғуриб олдик. Ислом маънавиятини суғуриб олдик. Ҳалол билан ҳаром, тўғри яшашни суғуриб олдик. Биз Гётени ўргатдик, лекин жаноб Пайғамбаримиз ҳадисларини келтиришдан чўчидик.

Мана кеча, Юқори палата раиси ва Коррупцияга қарши республика идоралараро комиссия раиси мажлисда ҳадисдан иқтибос келтирдилар. Жиноят кодексининг 210 ва 211- моддалари санкциялари ҳам айни ҳадисдан олинган. Кодексда ҳам пора берган ва олган учун жазо тайинланган. Биз буларни ўрганмадик. Ислом маърифатини фақат имом гапирсин дедик. Дунёвий билим олганлар гапирса, унга бошқача қарадик. Нима бўлди?

Коррупция ҳақида гапирадиган бўлсак, олий таълимда нафақат коррупцияга йўл қўйилди, балки ёш, келажак авлодга коррупция ўргатилди. Адолатсизлик ўргатилди. Олий таълимдаги муаммолар...

Мана ҳозир бинолар кўрсатилди. Мен кечирим сўрайман, аждодларимиз ярмигача шўр босиб ётган мадрасаларда Қуръонни 9 ёшгача ёдлаган. Буларни тузатса бўлади. Агар чиройли бинолар билан алломалар чиқадиган бўлса, биласизми, ҳозир қанча Термизийлар, Бухорийлар чиқар эди?" деди Термиз Давлат университети ректори, сенатор Абдуқодир Тошқулов.


Биз, президентимиз каби, шу нарсага аминмизки, “ҳозирги кунда, аҳолининг турмуш даражаси мамлакат рақобатбардошлигининг асосий кўрсаткичига айланиб бораётганида, ривожланишнинг асосий омили – таълимнинг роли ошиб бораяпти”.

Айнан таълим муҳим, ТерДУ ректори Тошқулов шаъма қилаётган шариат қонунлари эмас.


Юртимизда исломий таълим зўрми? Буюк муфтийлар, ўта саводли теологлар уруғи Бобохоновлар, Ўрта Осиё мусулмонлар бошқармаси асосчиларининг вақти аллақачон унут бўлиб кетди.

Ёшларимиз масжидлардаги маърузаларда буюк ислом фалсафаси, буюк ислом маданияти, буюк ислом меъморчилиги, буюк ислом математикаси ва тиббиёти тўғрисида бирор гап эшитадими? Ҳозирги 2 мингдан ортиқ имом орасида ким ўлкамизда яшаб ижод қилган буюк сўфийлар ҳаёти ҳақида гапириб бера олади? Бундайлар саноқли.

Ҳақиқатга тик боқайлик. Ҳозирги кунда жума намозларига қатнашувчиларнинг ярмидан кўпини 18дан 21 ёшгача бўлган йигитлар ташкил қилади. Уларнинг кўпчилиги учун жума намози – урф, қолганлари учунчи? Ҳақиқатга тик боқишда давом этамиз – ёшларнинг диний радикализацияси, афсуски, айнан масжидларда рўй беради. Бунинг сабаби айнан кўп имомларнинг бесаводлигида. Улар бағрикенглик, меҳр ва билимга интилиш тўғрисида сўзлашни унутиб қўйишмоқда.

Ҳозирги имомлар ёшлар орасида оммабопликка интилиб, ижтимоий тармоқларда фаоллашишган. Кўп ҳолларда улар ўзини йўқотиб қўйиб, дунёвий давлат бўлмиш Ўзбекистон қонунларини шариат қонунлари билан алмаштириб қўйишга интилишади. Бу тасодифми?

“Дунёвий билим олганлар гапирса, унга бошқача қарадик. Нима бўлди?

Коррупция ҳақида гапирадиган бўлсак, олий таълимда нафақат коррупцияга йўл қўйилди, балки ёш, келажак авлодга коррупция ўргатилди. Адолатсизлик ўргатилди. Олий таълимдаги муаммолар...

Мана ҳозир бинолар кўрсатилди. Мен кечирим сўрайман, аждодларимиз ярмигача шўр босиб ётган мадрасаларда Қуръонни 9 ёшгача ёдлаган. Буларни тузатса бўлади. Агар чиройли бинолар билан алломалар чиқадиган бўлса, биласизми, ҳозир қанча Термизийлар, Бухорийлар чиқар эди?!" дея давом қилди Тошқулов .

Биз ҳам тарихни эсламоқчимиз: ат-Термизий ва ал-Бухорийлар «ярмигача туз чиққан мадрасаларда 9 йиллаб Қуръонни ёд олганлиги» учун катта олим бўлиб кетмади. Уларнинг олим бўлишига асосий сабаб – юртимиздаги маданий ва илмий мерос. Эслатиб ўтамиз, ислом зардуштийликнинг теран фалсафасини англаб бўлган одамлар яшаётган ўлкага келди. Айнан ўша даврнинг маданий ва илмий мероси кўплаб исломий файласуфларни етиштиришга асос бўлди.

Шунингдек, коррупциянинг ёмон диний таълимга боғлиқлиги бизга тушунарсиз. Ўзбекистон ўзини ҳуқуқий демократик давлат деб эълон қилганига анча бўлди. Конституциямизнинг 31-моддаси виждон эркинлиги барчага кафолатланганини таъкидлайди. Ҳар ким истаган динига эътиқод килиш ва ёки ҳеч бир динга эътиқод қилмаслик ҳуқуқига эга. Диний қарашларнинг мажбурий сингдирилишига йўл қўйилмайди.

Ундан ташқари, «Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида» қонуннинг 5-моддасида таъкидланишича, Ўзбекистон Республикасида дин давлатдан ажратилган. Бирор бир дин ёки эътиқод учун устунликлар ёки чекловлар ўрнатилишига йўл қўйилмайди.

Энг муҳими, шу қонуннинг 7-моддасида Ўзбекистон Республикасида таълим тизими диндан ажратилгани айтилган. Диний дисциплиналарнинг таълим тизими дастурларига киритилишига йўл қўйилмайди. Дунёвий таълим олиш ҳуқуқи Ўзбекистон фуқароларига уларнинг динга муносабатидан қатъий назар кафолатланади.

Бироқ жаноб сенатор ҳозирги таълимнинг ҳамма муаммолари ва уларни юзага келтирувчи омилларни теологлар етишмаслиги ва исломий таълим йўқлигига боғлаяпти. Барча муаммоларни шундай ҳал қилиб бўлса зўр бўлардику-я, лекин амалиёт шуни кўрсатадики, ҳаёт ўта серқирра, мураккаб ва олдиндан башорат қилиб бўлмайдиган нарса. Динларни билиш ва ўрганиш, албатта, яхши. Бироқ айнан бир теологияга урғу бериш ва муккасидан кетиш орқали биз жамиятимизни илмий-техник в ҳалқаро сиёсий жиҳатдан бир-икки аср орқага улоқтирамиз. Ибодат қилиш, диний удумларга амал қилишдан ташқари биз юқори технологик ишлаб чиқариш ускуналари, заводлар ва фабрикалар яратишимиз керак – бу замон талаби.

Биз ўз илмий-техник ва муҳандис-конструкторлик пойдеворимизни янгилашимиз, юқори малакали, ишлаб чиқаришни ривожлантиришга қизиқувчи кадрларни тарбиялашимиз ва тайёр импорт лойиҳаларидан иложи борича камроқ фойдаланишимиз керак.

Биз фан ва замонавий таълим борасида илгарилаб кетган чет давлатларининг бой малакаси ва амалиётини ўзлаштиришимиз мумкин. Ёшларимиз келажакка турли радикал мафкуралар призмаси орқали эмас, ўткир нигоҳ ва ишонч билан қараши учун уларда мустаҳкам илмий-маънавий пойдевор бўлиши керак.

Динлар – виждонни тушуниш ва ўзликлни англашнинг йўлларидан бири; Инсон ва Яратувчи орасидаги ўта шахсий бир синоат. Лекин автокаталитик формоз реакция усулида формалдегиддан глюкозани синтез қилиш учун кимё, математика, физика ва бошқа фанларни ҳам билиш керак. Бошқачасига ҳеч иложи йўқ.

Юқоридагилар тўғрисида фикр юритарканмиз, ўз-ўзидан ўта мантиқий саволлар вужудга келади: парламент сенатори даражасидаги амалдор, Олий Мажлис қонунчилик палатасининг қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари бўйича қўмитасининг собиқ аъзоси бундай xатоликка қандай қилиб йўл қўйиши мумкин? Бу нима, касбга нолойиқлик, асосий қонунларни билмасликми, ёки мавжуд дунёвий ҳаёт тарзини ўзгартиришга уринишми?


Ўйлаймизки, Тошқулов тўғридан-тўғри эфирда айтган гапларининг мазмунини тушунади. Шундай экан, у мамлакатнинг асосий ва маxсус қонунларига очиқчасига беэътибор бўлганини қандай тушуниш мумкин? Бу конституцион тузумни бекор қилишга чақириқми? Xалқ вакили телевизион микрофон таъсирида осонликча қонунларга тескари тарзда ўз шаxсий хоҳишларини овоза қила олса, бундай қонунлар ўзи ким учун ёзилган?

Биз жавоб беришдан аввал етти ўлчаш лозим бўлган саволларни бердик.

Бизда шундай фикр борки, жамият таълим (шу жумладан диний таълим ҳам) билан боғлиқ бўлган оғриқли муаммолар юзасидан очиқ мулоқот ва мунозарани кутaяпти.

Шу сабабли, барча хоҳловчиларни ҳуқуқшунослар, теологлар ва Ўзбекистон зиёлилари иштирокидаги шундай мулоқотни бошлашга чорлаймиз.

XS
SM
MD
LG