Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 12:55

Олмазор: Лавозимга қайтган ҳоким ўринбосари тадбиркорнинг қурилишини "буздириб ташлади"


Олмазор туман ҳокими ўринбосари в.б. Абдурасул Ваҳобов 2019 йилнинг сентябрида шу лавозимдан бўшатилган эди.
Олмазор туман ҳокими ўринбосари в.б. Абдурасул Ваҳобов 2019 йилнинг сентябрида шу лавозимдан бўшатилган эди.

Абдурасул Ваҳобов Тошкент шаҳар, Олмазор туман ҳокими ўринбосари лавозимига қайтгани тўғрисидаги хабарларни 6 ноябрда Озодликка шахсан тасдиқлади.

Ваҳобов kun.uz нашри журналистларига 2019 йилнинг августида ҳужум қилгани учун ўша йилнинг сентябрида ишдан олинган эди.

Ҳокимлик матбуот хизматининг билдиришича, Абдурасул Ваҳобов ҳоким ўринбосари вазифасини бажарувчи сифатида ишга қайтган.

Ҳайдалган мулозимнинг ишга тиклангани тўғрисидаги хабарлар кетидан унинг “ноқонуний ҳаракатлари”га оид шикоят ҳам етиб келди.

Қўл телефонига Озодлик қилган қўнғироққа жавоб берган киши Абдурасул Ваҳобов эканлигини, Олмазор туман ҳокими лавозимига қайтганини унинг ўзи тасдиқлади. Бироқ ишга қачон қайтгани, лавозимга тикланиши расман қандай изоҳланганига оид саволларга жавоб беришни истамади. “Саволларингизни кадрлар бўлимига беринг”, деди Ваҳобов.

Айни пайтда Тошкент шаҳар ҳокимлиги расмий сайтининг Олмазор туман ҳокимлиги саҳифасида ҳоким ўринбосарлари рўйхатида Абдурасул Ваҳобовнинг исми йўқ. Рўйхатнинг туман ҳокимининг архитектура, капитал курилиш ва коммуникацияларни ривожлантириш бўйича ўринбосарига ажратилган бўлимида исм-фамилия ҳамда сурат йўқ. Бироқ бу жой вакант эканлиги ҳам айтилмаган. Аксинча, бу ўринбосарнинг қабул кунлари кўрсатиб ўтилган.

Абдурасул Ваҳобовнинг ҳоким муовини лавозимига қайтганини 2 ноябрь куни xabar.uz хабар қилди. Мазкур сайт нусхасини эълон қилган ҳужжатдан Абдурасул Ваҳобов ҳоким ўринбосари лавозимига бир неча ой олдин қайтган, деган хулосага келиш мумкин: Олмазор туман ҳокимлигининг 2020 йил, 1 июлдаги хатига “Туман ҳокимининг ўринбосари в.б. А.Ваҳобов” имзо чеккан.

На шаҳар ҳокимлиги, на туман ҳокимлиги матбуот хизматлари Озодликнинг 6 ноябрда қилган қўнғироқларига жавоб берди.

Gazeta.uzнинг 4 ноябрда хабар қилишича, Абдурасул Ваҳобов туман ҳокими ўринбосари лавозимига қачон қайтгани тўғрисида маълумот бермаган, аммо «2020 йил май ойида у ҳали бу лавозимда бўлмаганини билдирган.

Ҳоким муовинининг журналистларга ҳужуми

Абдурасул Ваҳобовнинг kun.uz нашри икки журналистига 2019 йилнинг августида қилган ҳужуми ўз вақтида кучли резонанс уйғотган эди.

2019 йилнинг 14 августида нашр ходимлари «Хива строй» МЧЖ раҳбарининг таҳририятга йўллаган мурожаати юзасидан изоҳ олиш мақсадида Олмазор туман ҳокимлигига боргани, ҳокими ўринбосари Абдурасул Ваҳобов видеотасвирга олмасликни талаб қилиб операторга ташлангани ва ўзини босиб ололмай, тажовузкорона ҳаракатларини давом эттириб, таҳририят мулки бўлган видекамера штативини синдириб ташлагани хабар қилинган эди.

Орадан икки кун ўтиб, Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ҳоким ўринбосарининг журналистларга қилган муносабатини "номуносиб, қўпол муомала", деб баҳолаган.

Бу баёнот эълон қилинган кун - 2019 йилнинг 16 августида Абдурасул Ваҳобов Тошкент шаҳар ҳокимлиги сайти орқали kun.uz мухбирини товламачиликда айблади. Шу куниёқ kun.uz ўз мухбири Раҳматилла Исроилов “туҳмат қилгани учун” Абдурасул Ваҳобовга нисбатан қонуний чора кўришни сўраб, Бош прокуратурага шикоят йўллаганини билдирди.

Тошкент шаҳар, Олмазор туман прокуратураси 2019 йилнинг 11 сентябрида Абдурасул Ваҳобовнинг kun.uz журналистларига тажовуз қилгани ҳақидаги даъвони ўрганиб, ҳоким муовини ҳаракатларида жиноят аломатлари йўқ, дея қарор чиқарди.

2019 йилнинг 27 сентябрида Абдурасул Ваҳобов Олмазор туман ҳокими лавозимидан бўшатилгани хабар қилинди. Ўша пайтда Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев Абдурасул Ваҳобов прокуратура томонидан киритилган тақдимнома асосида эмас, ўз хоҳишига кўра ишдан кетганини билдирган.

Абдурасул Ваҳобов билан зиддиятга киришган икки журналист унинг лавозимга қайтгани юзасидан фикр билдиришни истамади.

Абдурасул Ваҳобов ўрнини ҳеч ким босолмайдиган кадрми?

Бир қатор нашрлар 2019 нинг сентябрида Жаҳонгир Ортиқхўжаев Абдурасул Ваҳобовнинг яқинларига айтган мана бу сўзларни қайд этган эди:

"Ижтимоий тармоқларда сизнинг ўғлингиз Абдурасул Ваҳобов тўгрисида ҳар- хил салбий фикрлар ва изоҳлар билдирилиши мумкин. Сизларга сидқидилдан бир илтимосим бор, уларга аҳамият берманг ва ўзингизни қийнаманг. Сизни фарзандингиз билан 1,5 йил аввал танишиб, шу давр мобайнида мен уни фидойи ва жонкуяр, кеча-ю кундуз халқ дардини енгил қилиш мақсадида юрган қалби тоза инсон сифатида кўрдим".

Ҳоким ўринбосари в.б. Абдурасул Ваҳобовнинг исми тилга олинган шикоят

Ваҳобовнинг лавозимга тиклангани ўрганилаётган соатларда Озодликка Тошкентдан унинг исми тилга олинган шикоят келди.

Тошкентлик Ғ.Р.нинг ёзишича, 2017 йилнинг 1 ноябрида Олмазор туман ҳокимининг 1196-сон қарорига асосан, Нурафшон кўчасидан Соғбон томонга кетишда, Себзор чорраҳасидаги бекатни замонавий кўринишга келтириш ва савдо дўкони қуриш учун укаси Ш.Ғ.га ер ажратилган.

Қурилиш ишлари 2018 йил февралида бошланган, лекин туман хокими уринбосари А.Ваҳобовнинг шахсан илтимослари ва тушунтиришлари (объезд бўлади, ташриф бор, “Макро” қуриляпти) билан икки марта қурилиш ишлари тўхтаган ва қурилмалар бузиб ташланган.

Тошкент шахар, Олмазор туманида тадбиркор кураетган савдо дукони бузилмокда
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:01:11 0:00

“Куни кеча, яъни 1 ноябрдан лойиҳа буйича туман ҳокимининг 1196-қарорига асосан яна қурилиш ишлари бошланди, лекин 4 ноябрь куни қурилмани бузиш учун туман ҳокимининг ўринбосари А.Ваҳобов бошчилигида ҳокимнинг яна бир ўринбосари Қаҳҳор исмли шахс, газ хизматнинг бир неча ходими келиб, ўзбошимчалик билан, ҳеч қандай ҳужжат кўрсатмаган ҳолда қурилмани бузишни бошладилар”, деб ёзди Ғ.Р. Озодликка 6 ноябрда. У ўз шикоятига қурилишга доир ҳужжатлар нусхаларини, фото ва видеолар тақдим этди.

Ғ.Р.нинг хабар қилишича, у айтаётган қурилиш 5 ноябрга ўтар кечаси, яъни 5 ноябрь соат 00:00 дан 06:00лар орасида бузиб кетилган.

Тошкент шаҳар, Олмазор туманида тадбиркор қураётган савдо дўкони бузилмоқда
Тошкент шаҳар, Олмазор туманида тадбиркор қураётган савдо дўкони бузилмоқда

Озодлик сўнгги ҳодиса юзасидан Олмазор туман ҳокимлигидан расмий изоҳ ололмади. Озодлик тадбиркорнинг иддаолари борасида расмийларнинг муносабатига очиқ.

XS
SM
MD
LG