Линклар

Шошилинч хабар
26 май 2020, Тошкент вақти: 22:51

Ўзбекистон хабарлари

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги Олмазор ҳокими муовини ҳаракатларини қоралади

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги раҳбари Комил Алламжонов

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги Тошкент шаҳри Олмазор тумани ҳокими ўринбосарининг Kun.uz сайти мухбирларига қилган муносабатини "номуносиб, қўпол муомала", деб баҳолади, инцидент акс этган видеода ўринбосарнинг "ҳатто камерани олиб қўйиш таҳдиди билан тажовуз қилгани"ни белгилаб ўтди.

АОКА Телеграм каналида эълон қилинган "Расмий муносабат"да бундай дейилган:

"Афсуски, бундай ҳолатлар айрим мансабдор шахсларнинг қонунлардан бехабарлигини кўрсатиб қўймоқда. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги қонуннинг 5-моддасига кўра, оммавий ахборот воситаларининг фаолиятига тўсқинлик қилиш ёки аралашиш тақиқланади.

“Журналистлик фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуннинг 5-моддасига мувофиқ, журналист ўз касбига доир фаолиятни амалга ошириш чоғида, журналист текшируви ўтказиш, мансабдор шахс қабулида бўлиш, маълумотларни белгиланган тартибда ёзиб олиш, шу жумладан, зарур техника воситаларидан фойдаланган ҳолда ёзиб олиш ҳуқуқига эга".

14 август куни Kun.uz ходимлари «Хива строй» МЧЖ раҳбарининг таҳририятга йўллаган мурожаати юзасидан изоҳ олиш мақсадида Олмазор туман ҳокимлигида бўлди.

Kun.uzнинг хабар қилишича, Олмазор туман ҳокими ўринбосари Абдурасул Ваҳобов видеотасвирга олмасликни талаб қилиб операторга ташланди ва ўзини босиб ололмай, тажовузкорона ҳаракатларини давом эттириб, таҳририят мулки бўлган техника воситасини (штатив) синдириб ташлаган.

Воқеага гувоҳ бўлиб турган ички ишлар ходими ва ҳокимлик вакиллари ҳам бу ҳолатга томошабин сифатида қараб турган. Зўравон ўринбосар эса мухбирларни прокуратурага топшириб юбориш билан таҳдид қилган.

Кун янгиликлари

Мирзиёев пандемия борасида хотиржамликка берилишга ҳали эрта эканини таъкидлади

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев.

Ўзбекистон фуқаролариз қайтиб келаётган давлатлар ҳамда қўшни мамлакатлардаги вазиятнинг оғирлигини ҳисобга олиб, хотиржамликка берилиш мумкин эмас. Бу ҳақда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев инвестиция масалалари муҳокамасига бағишлаб 26 май куни ўтказилган видеоселектор йиғилиши аввалида билдирди.

Президент матбуот хизмати маълумотига кўра, кейинги кунларда коронавирус билан касалланганлар сони Ўзбекистонда ҳам кўпайгани қайд этилаётганига эътибор қаратган Ш. Мирзиёев аксарият ҳудуд ва корхона раҳбарлари, фуқаролар карантин чораларининг юмшатилганини “касаллик тугади” деб, нотўғри қабул қилаётганини урғулади.

“Бугунгача чет элдан олиб келинган фуқароларимиз сони 47 мингтани ташкил этмоқда. Афсуски, уларнинг, айниқса кейинги икки ҳафта давомида кириб келганларнинг аксариятида коронавирус аниқланган. Беморларнинг қарийб 50 фоизини ҳам хориждан келган фуқаролар ташкил этади”, деди президент.

Унга кўра, кейинги 10 кунда 3,5 минг одам ҳаво йўллари, 7 мингга яқин фуқаро чегара постлари орқали Ўзбекистонга кириб келиши кутиляпти. Бунга қўшимча яна 100 минг нафардан ортиғи ватанга қайтиш истагини билдириб, навбат кутмоқда.

Мирзиёевнинг қайд этишича, бозорлар, савдо комплекслари, банкларда ижтимоий масофага амал қилмаслик, кўча-кўйда тиббий ниқоб тақмаслик, бемалол ва хотиржам бўлиб, уйларда турли тадбирлар ўтказиш ҳолатлари кўпаймоқда.

“Бундай салбий ҳолатлар касалликни аниқлаш, олдини олиш ва даволаш учун қилаётган барча ҳаракатларимиз, бюджетдан олинаётган триллионлаб харажатларимиз натижадорлигини йўққа чиқариши мумкин”, деди президент.

Йиғилишда Ш. Мирзиёев Республика комиссияси вилоят ҳокимлари билан бирга бир кун муддатда эпидемиологик вазият ёмонлашган ҳудудларнинг тоифасини қайта кўриб чиқиши ҳамда карантин чораларини кучайтириш бўйича таклиф киритиши бўйича топшириқ берган.

Екатеринбургдан Тошкентга 278 нафар ўзбекистонлик қайтарилди

Россиянинг Екатеринбург шаҳрида Тошкентга 25 май куни махсус рейс билан 278 киши олиб келинган. “Областная газета” онлайн нашри хабарига кўра, кеча юртига қайтган ўзбекистонликлар орасида 10 нафар бола ҳам бор.

Қайд этилишича, Ўзбекистоннинг Екатеринбургдаги бош консули Абдусалом Ҳотамов юртдошларини ватанига қайтаришда кўмаклашган россиялик дипломатлар ҳамда Кольцово аэропорти ходимларига миннатдорчилик изҳор қилган.

Маълумотларга кўра, Екатеринбургдаги ўзбекистонликлар “Uzbekistan Airways” авиаширкати учоғи билан қайтарилган.

Коронавирус инфекцияси аниқланган Избосканда туман ҳокимлиги оммавий юриш ташкил этди

Избоскан тумани ҳокимлиги томонидан уюштирилган пиёда юришдан лавҳа, 2020 йил 25 майи (туман ҳокимлиги фотоси).

Андижон вилоятининг Избоскан туманида 25 май куни расмийлар томонидан “Соғлом ҳаёт учун 5000 қадам” шиори остида пиёда юриш ташкил этилган. Бу ҳақда Избоскан тумани ҳокимлиги ўз Телеграм-канали орқали маълумот тарқатди.

Ҳокимлик мазкур тадбир “Ўзбекистон президентининг Андижон вилоятига ташрифи чоғида андижонлик фаоллар билан ўтказган йиғилишида аҳоли саломатлигини сақлаш, уларни соғлом турмуш тарзига риоя қилишлари учун “Андижон намунаси” асосида ҳар куни кечки юришни ташкил этиш бўйича берган топшириқ ижросини таъминлаш, туман аҳолисини саломатлигини янада яхшилаш мақсадида” уюштирилганини билдирган.

Андижон вилояти Избоскан туманида яшовчи бир фуқарода 23 май куни коронавирус инфекцияси аниқланган, бу борада туман санитария-эпидемиологик осойишталик маркази маълум қилганди.

Қайд этилишича, избосканлик бемор билан мулоқотда бўлган 51 киши карантинга олинган.

Ўзбекистонда кунига 6 млн ниқоб ва 45 минг комбинезон ишлаб чиқарилмоқда

Ўзбекистонда 275 та корхона томонидан ҳар куни 6 миллиондан зиёд тиббий ниқоб ва 45 мингта ҳимоя комбинезони ишлаб чиқариляпти. Бу ҳақда Наманган вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати маълум қилди.

Ниқоблар ишлаб чиқариш бўйича Наманган (36 та корхона), Андижон (28), Тошкент (26) вилоятлари ва Тошкент шаҳри (29) етакчилик қилаётгани айтилган. Мазкур корхоналар улушига ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг 75 фоиздан кўпроғи тўғри келган.

Қайд этилишича, 1,7 миллион дона ниқоб ва 1,2 миллион дона комбинезон гуманитар ёрдам сифатида жўнатилган, 13,4 миллион дона ниқоб эса экспортга йўналтирилган.

Ўзбекистонда “қизил”, “сариқ” ва “яшил” тоифага кирувчи ҳудудларда жамоат жойларида ниқоб тақиб юриш ҳалигача мажбурий бўлиб, бунга амал қилмаган шахслар маъмурий жавобгарликка тортилади.

Озодлик хабари ортидан Бухородаги 300 йиллик масжид сақлаб қолинди

Бухородаги "Файзихон" масжиди ва унга осилган лавҳа.

Бухоро вилоят Хонобод МФЙ Хонобод кишлоғида жойлашган 1717 йилда қурилган "Файзихон" масжиди сақлаб қолинди. Бу ҳақда Озодликка Ўзбекистон Маданият вазирлиги Маданий мерос департаментининг Бухоро бошқармаси раҳбари Шерзод Маҳмудов билдирди.

Мулозимга кўра, эндиликда масжид тўлиқ Маданият вазирлиги Маданий мерос департаменти Бухоро бошқармаси ҳисобида туради.

Бухоро туманида 300 йиллик тарихга эга жомеъ масжиди новвойхонага айлантирилгани ҳақида Озодлик 22 май куни хабар қилганди. Мақолада Маданий мерос департаментининг қадимий обидалар рўйхатига кирмагани, Мусулмонлар идорасида эса масжид сифатида рўйхатга олинмаган бу бино Хонобод МФЙ балансидаги кўчмас мулк сифатида қайд қилингани урғуланганди.

Маълум бўлишича, Озодлик хабари ортидан Маданий мерос департаменти вакиллари Хонобод қишлоғига бориб, масжиддаги новвойхона фаолиятини тугатиб, бино пештоқидаги “Хонобод МФЙ Хонобод 1 қишлоқ нонвойхонаси” деб ëзилган кўк рангдаги лавҳани олдириб келганлар.

Тошкентни Фарғона водийси билан боғловчи пуллик автомобиль йўли лойиҳасига тендер эълон қилинади

"Қамчиқ" довони йўли.

“Қамчиқ” довонида муқобил туннель қурилишини ўз ичига олувчи “Тошкент-Андижон” пуллик автомобиль йўли лойиҳаси бўйича тендер эълон қилинади. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев раислигида транспорт соҳасининг барқарор ишлашини таъминлаш ва изчил ривожлантириш масалалари бўйича 25 май куни ўтказилган йиғилишда билдирилди.

Президент матбуот хизмати маълумотига кўра, йиғилишда Ш.Мирзиёев ички йўллар масаласига алоҳида тўхталиб, уларнинг ҳолати ёмонлиги, одамлар бундан норози эканини қайд этган. 80 минг километр ички йўлларни реконструкция қилиш, бу борада бутун дунёда қўлланиб келинаётган “фойдаланувчи тўлайди” тизимини жорий этиш зарурлиги таъкидлаган.

Йиғилишда автотранспортда халқаро юк ташувчи корхоналарни қўллаб-қувватлаш масаласига ҳам эътибор қаратилган.

Сўнгги уч йил ичида Ўзбекистонда халқаро юк ташувчи транспортлар сони 3 баравар ошгани, юкларни ташишда маҳаллий корхоналарнинг ташқи савдодаги улуши 37 фоиздан 48 фоизга етгани урғуланган.

Маҳаллий ташувчиларнинг қатновлар сонини янада ошириш, ташқи савдода уларнинг улушини 60 фоизга етказиш чора-тадбирлари белгиланган. Битта юк транспорти беш нафаргача аҳоли бандлигини таъминлаши, бу тармоқда 30 мингта янги иш ўрни яратиш мумкинлиги қайд этилган.

Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда ички йўналишларда қатнайдиган автобусларни янгилаш, бундай корхоналарни барқарор молиявий ресурс билан таъминлаш юзасидан кўрсатмалар берилган.

Карантин туфайли Қирғизистонда қолиб кетган 50 аёл Ўзбекистонга ўтказилди

Ўз уйларига қайта олмаётган аёллар 21 май куни Қирғизистон ТИВнинг Ўшдаги ваколатхонасига келиб ёрдам сўраган эдилар.

Қирғизистондан Ўзбекистонга турмушга чиққан 50 нафар аёл оиласи бағрига қайтди. Бу ҳақда Қирғизистон Чегара хизмати 26 май куни хабар берди.

Аввалроқ Ўзбекистондан Қирғизистонга яқинларини кўриш учун келган 50 аёл коронавирус туфайли чегаралар ёпилгани ортидан уйларига қайта олмаётгани хабар қилинган эди.

Қирғизистон Чегара хизматининг хабар беришича, Ўзбекистон томони уларни 23 май куни ўз ҳудудига ўтказишга рухсат берган. Шу куни аёлларниг барчаси Ўшдаги “Дўстлик” чегара пункти орқали Ўзбекистонга қайтган.

Ўз уйларига қайта олмаётган мазкур аёллар 21 май куни Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлигининг Ўшдаги ваколатхонасига келиб ёрдам сўраган эдилар.

Яна 46 кишида коронавирус аниқланди. Уларнинг барчаси Россиядан келганлардир

Шу кунгача 2607 нафар бемор соғайди.

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг билдиришича, 26 май соат 10:00 ҳолатига кўра, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 3261 нафарни ташкил этмоқда. Бу 25 май соат 23даги ҳолатга нисбатан беморлар сони 46 нафарга кўпайганини англатади.

Янги аниқланган беморларнинг асосий қисми хориждан қайтганида карантинга олинганлар орасида аниқланган. Жумладан, уларнинг 44 нафари Россиядан Қозоғистон орқали ватанига қайтган мухожир, қолган икки нафари Россиядан кириб келган халқаро юк ташувчи автомашинаси ҳайдовчисидир. Уларнинг 1 нафари Сирдарё вилоятига, яна 1 нафари Тошкент вилоятига кириб келган.

Вазирликнинг қайд этишича, шу кунгача 2607 нафар бемор соғайди. Касалхонада 641 нафар бемор қолмоқда. Улардан 2 нафарининг аҳволи оғир, 1 нафарининг аҳволи эса ўта оғир.

Самарада Ўзбекистонга қайтмоқчи бўлган муҳожирлар тўпланишда давом этмоқда

Россия-Қозоғистон чегарасида тўпланган ўзбек муҳожирлари вақтинча яшаши учун лагерлар ташкил қилинган эди.

Россиядан Қозоғистон орқали уйига қайтиш истагида бўлган ўзбекистонликлар Россия—Қозоғистон чегараси яқинида, Самара вилоятида тўпланиши давом этмоқда. Бу ҳақда 25 май куни Ташқи ишлар вазирлиги Телеграм каналида маълум қилинди.

Расмий хабарда айтилишича, Самара вилояти Большая Черниговка тумани ҳудудида 280 нафарга яқин ўзбекистонлик тўпланган. Қозон шаҳридаги Ўзбекистон бош консулхонасининг билдиришича, Самара вилояти маъмурияти чегарада тўпланган ўзбекистонликларни иш, ётоқ жой ва озиқ-овқат билан таъминлашга тайёрлигини билдирган. Бироқ улардан 25 нафаригина бу таклифни қабул қилган, қолганлари эса турган жойларини тарк этишни истамаган.

“Ишга жойлашишни истамаган ва чегара яқинида қолаётган ватандошларимизни ўзларининг вақтинча/доимий яшаш жойларига қайтишларини ҳамда чартер рейсларни кутишларини, Россия ҳудудида бўлиб турган Ўзбекистон фуқароларидан Россия—Қозоғистон давлатлараро чегарасини кесиб ўтиш нуқталарига боришга уринмасликларини, яшаш жойларида қолишларини ва карантин чораларига қатъий амал қилишларини сўраймиз”, — дейилган элчихона ва консулхонанинг ахборотида.

Ўзбекистоннинг Москва шаҳридаги элчихонаси ҳамда Қозон шаҳридаги бош консулхонаси 2020 йилнинг 18 ва 19 май кунлари Россия—Қозоғистон чегараси орқали фуқароларнинг Ўзбекистонга олиб кетилиши истисно тариқасида ва дипломатик ваколатхоналарнинг аввалдан шакллантирган рўйхати асносида икки давлат билан билан келишилган ҳолда амалга оширилганини эслатиб, қўшимча рўйхатлар тузилиши кўзда тутилмаганини маълум қилди.

18-19 май кунлари Россия- Қозоғистон чегарасининг Оренбург вилояти ҳудудидан ўтувчи қисмида тўпланиб турган 1100 нафар ўзбекистонлик автобусларда ватанига олиб кетилган эди.

Қозоғистон чегарада икки ҳафтадан буён уйига қайтиш учун тўпланиб турган ўзбекистонликлар учун истисно тариқасида транзит йўлаги очиб берган эди.

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Туркманистондан келиши кутилаётган чигиртка таҳдидига қарши курашмоқда

Чигирткага қарши кураш командаси иш бошлаш олдидан.ФВВ сайтидан олинган сурат.

Ўзбекистонда 640қа яқин мутахассис чигирткага қарши курашга жалб қилинди. Улар 148та трактор, 325 та қўлпуркагич, 8 та мотоделътаплан ва 26 та махсус машина воситасида бу жараённи амалга оширмоқда. Бу ҳақда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги 25 май куни хабар берди.

Вазирликка кўра, чигирткага қарши кураш “Агрокимёҳимоя” АЖ, Ўсимликларни ҳимоя қилиш илмий-текшириш институтининг “Чигирткаларни ўрганиш лабораторияси” билан ҳамкорликда Ўзбекистоннинг турли ҳудудларида давом этмоқда.

“Тадбирларда зарарли чигирткалар тарқалган майдонларни аниқлаш, кимёвий ишловдан ўтказиш талаб этиладиган майдонларни белгилаш ҳамда зарур бўладиган кимёвий препаратлар, техникалар ва ёрдамчи воситалар билан махсус ишлов бериш ишларини амалга оширилмоқда”, - дейилади расмий билдирувда.

Аввалроқ Фавқулодда вазиятлар вазирлиги чигирткага қарши кураш жараёни Қашқадарё, Сурхондарё, Наманган ва Фарғона вилоятларида ўтказилаётгани ҳақида маълум қилганди. Билдирилишича, 600 минг гектардан ортиқ экин майдонларига кимёвий моддалар билан ишлов берилади ва чигирткага қарши кураш июнь ойигача давом этади.

Жорий йилнинг 7 майида Озодлик радиоси Туркманистондан Ўзбекистонга “чигирткалар хуружи таҳдид солаётгани” ҳақида хабар берган эди.

Қашқадарёнинг Нишон, Ғузор, Деҳқонобод туманларидаги фермерларга кўра¸ май ойи бошида қўшни Туркманистондан учиб келаётган чигирткалар тўдаси ўз экинзорларида пайдо бўлган.

Озодлик туркман хизмати хабарига кўра, чўл чигирткалари Туркманистоннинг Ўзбекистонга чегарадош Лебаб вилоятида кўпайган.

6 май ҳолатига қадар чигирткалар Лебаб вилоятининг Карки туманида 35 минг гектардан ортиқ майдонда экилган буғдой, шоли ва бошқа экинларни еб битирган.

Тўрткўлда 13 ёшли ўғлини сотаётган аёл қўлга олинди

Ўғлини сотаётган аёл қўлга олинган пайтда олинган сурат. ИИВ сайтидан олинди.

Қорақалпоғистоннинг Тўрткўл туманида 13 ёшли ўғлини сотаётган аёл қўлга олингани ҳақида 25 май куни Ички ишлар вазирлиги маълум қилди.

Расмий хабарда таъкидланишича, 19 май куни 43 ёшли М.П., Беруний тумани ИИБ га ариза билан мурожаат қилган. У ўз аризасида Тўрткўл туманида яшовчи “Қундуз” исмли аёл ноқонуний равишда ўз фарзандини сотмоқчи бўлиб юрганлигини маълум қилан.

Ўша куни унинг аризасига асосан соат 21:00 да Беруний тумани ИИБ ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда, Тўрткўл туманида жойлашган намунали уйда ижарада яшаб келаётган 38 ёшли Қундуз К., ўзининг вояга етмаган 13 ёшли иккинчи фарзанди Д.О., ни фуқаро С.Э., га 15.000 АҚШ доллари эвазига сотаётган вақтида ушланган.

"Ҳодиса содир бўлган жойдан кимёвий ишлов берилган 400 АҚШ доллари ҳамда қолган 14.600 АҚШ доллари миқдоридаги пуллар аниқланиб, ашёвий далил тариқасида ўрнатилган тартибда олинган. Ҳолат юзасидан Тўрткўл тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Қундуз. К., га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 135-моддаси 3-қисми «а» банди (одам савдоси) банди билан жиноят иши қўзғатилган, ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда”, - дейилади хабарда.

Коронавирусга чалинганларни даволаш ва карантин учун 209 миллиард пул сарфланди

Коронавирусга қарши дезинфекция олиб бораётган санитарлар.

Ўзбекистонда коронавирусга чалинганлик бўйича илк ҳолат аниқланган 15 мартдан 23 майгача мазкур вирусни юқтирганларни даволаш ва карантинга жойлаштирилганларни таъминлаш учун 209 миллиард сўмдан кўпроқ пул сарфланди. Бу ҳақда 25 май куни АОКАда ўтган брифингда Санитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияси бошлиғи Нурмат Отабеков маълум қилди.

Унинг айтишича, беморлар даволаниб чиқиши учун 109 миллиард сўмдан ортиқ ва карантинга жойлаштирилганлар учун 100 миллиард сўмдан ортиқ харажат қилинган. Нурмат Отабеков бу маблағларнинг айнан нималарга сарфланганини қуйидаги тарзда ифодалаб берди.

Расмий 23 май ҳолатига кўра, Ўзбекистонда коронавирус юққан 2492 нафар бемор даволаниб чиққанини ва ҳар бир даволаниб чиққан бемор учун давлат бюджетидан 32 миллион 300 минг сўмдан пул сарфланганини билдирди. Отабековнинг қайд этишича, бунинг учун 80 миллиард сўмдан ошиқ маблағ кетган.

Айни пайтда, 23 май ҳолатига кўра, аҳволи ўта оғир бўлган 50 беморнинг ҳар бирига 64 миллион 400 минг сўмдан, жами 3,2 миллиард сўм сарфланган.

Реабилитацияга ўтказилган 2492 беморнинг ҳар бирига яна 2 миллиард 800 минг сўмдан, жами 6 миллиард 977 миллион сўм маблағ ажратилган.

Отабеков ҳозирда карантинда сақланаётган 45 455 кишининг ҳар бири учун 2 миллион 200 минг сўмдан ажратилганини айтди. Унга кўра умумий ҳисобда бу маблағ 100 миллиард сўмдан ортади.

Президент Uzbekistan Airways ва қатор аэропортларни хорижий ширкатлар бошқарувига беришни муҳокама қилди

Мирзиёевга кўра, Ўзбекистондаги транспорт корхоналари карантин пайтида 340 миллиард сўм зарар кўрган.

Президент Шавкат Мирзиёев Uzbekistan Airways миллий авиакомпаниясини хорижий ширкат бошқарувига бериш масаласини кўтарди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати 25 майда хабар берди.

Расмий маълумотда айтилишича, президент Шавкат Мирзиёев 25 май куни транспорт соҳасининг барқарор ишлашини таъминлаш ва изчил ривожлантириш масалалари бўйича йиғилиш ўтказди.

Ўзбекистондаги транспорт корхоналари карантин чекловлари сабабли ҳозиргача 340 миллиард сўм зарар кўрган. Эпидемиологик вазият барқарорлашгунча бу рақамлар яна ошиши қайд этилган.

“Шу боис, соҳада пандемиянинг таъсирини юмшатиш, корхоналарни иқтисодий қўллаб-қувватлаш бўйича қатор чоралар кўрилмоқда. Масалан, карантиндан энг кўп зарар кўрадиган “Uzbekistan Airways” ва “Uzbekistan Airports” акциядорлик жамиятларининг 122 миллион доллар кредитлари тўлов муддатлари узайтирилди, 60 миллиард сўмлик солиқ имтиёзлари тақдим этилди. Инқирозга қарши курашиш жамғармасидан 50 миллион доллар миқдорида айланма маблағ сифатида фоизсиз ссудалар ажратилди”, - дейилади расмий хабарда.

Шундан келиб чиқилган ҳолда, рақобатни кучайтириш учун фуқаро авиацияси бозорига янги ташувчиларни жалб қилиш, Uzbekistan Airways миллий авиакомпаниясини нуфузли хорижий компания бошқарувига бериш масаласи кўриб чиқилди.

Бундан ташқари аэропортларни модернизация қилиш, Андижон, Бухоро, Урганч ва Қарши халқаро аэропортларини давлат-хусусий шерикликка бериш бўйича тендер эълон қилиниши белгиланди.

Расман: Қамоқдагилар сони ва қамоқхоналарда қанча одам ўлгани бундан буён давлат сири эмас

Шу кунгача Ўзбекистон қамоқларидаги ўлимлар ва маҳбуслар сони сир сақланар эди.

Ўзбекистон қамоқхоналаридаги маҳкумлар сони ва қамоқда сақланаётганлар орасидаги ўлим ҳолатлари бўйича ҳужжатлар бундан буён махфий ҳисобланмайди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги 25 май куни кечқурун хабар берди.

Вазирликнинг билдиришича, 22 май куни ҳукуматнинг “Ички ишлар органларининг озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлган жазони ижро этиш фаолиятининг очиқлиги ва ошкоралигини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 316-сонли қарори қабул қилинган.

Қарорга мувофиқ, озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлган жазони ижро этиш соҳасидаги қуйидаги маълумотлар махфийликдан чиқарилади:

ИИВнинг жазони ижро этиш муассасалари ва тергов ҳибсхоналарида сақланаётган шахслар сони тўғрисидаги маълумотлар;

ИИВнинг жазони ижро этиш муассасалари ва тергов ҳибсхоналари сони ҳамда улар жойлашган жой тўғрисидаги маълумотлар;

жазони ижро этиш муассасаларининг ишлаб чиқариш фаолияти, улар томонидан номенклатура бўйича ва пул билан ифодаланадиган ишлаб чиқарилаётган товар маҳсулотлари тўғрисидаги маълумотлар;

ИИВнинг жазони ижро этиш муассасалари ва тергов ҳибсхоналарида сақланаётган шахслар орасида ўлим ҳолатлари сони тўғрисидаги маълумотлар;

жазони ижро этиш муассасаларида сақланаётган ва тиббий тусдаги мажбурий чоралар қўлланиладиган маҳкумлар сони тўғрисидаги маълумотлар.

Ҳайдовчилик гувоҳномаларини янгилаш муддати 2021 йил охиригача узайтирилди

Янги намунадаги ҳайдовчилик гувоҳномаси.

Эски намунадаги миллий ҳайдовчилик гувоҳномаларини янги намунадаги гувоҳномага мажбурий алмаштириш муддати 2021 йил 31 декабргача узайтирилди. Бу ҳақда Адлия вазирлигининг “Ҳуқуқий ахборот” Телеграм-канали маълумот тарқатди.

Қайд этилишича, ҳайдовчилик гувоҳномаларини янгилаш муддати ҳукуматнинг шу йил 22 майидаги қарори билан ўзгартирилган (аввалги қарорда гувоҳномаларни 2020 йил 31 декабригача алмаштириш шарт қилиб қўйилган эди).

Янги қарорга мувофиқ, эски намунадаги миллий ҳайдовчилик гувоҳномалари ҳамда автомототранспорт воситаси рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳномалар 2022 йил 1 январдан бошлаб ҳақиқий эмас, деб ҳисобланади (аввалги муддат 2021 йил 1 январигача эди).

Айни пайтда автомототранспорт воситасини 12 ой мобайнида бошқарганликни тасдиқловчи ҳужжатлар қаторига транспорт воситаси эгасининг яқин қариндошлари учун автомототранспорт воситаси рўйхатдан ўтганлиги тўғрисидаги гувоҳнома ва транспорт воситаси эгасининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш бўйича суғурта полиси ҳам қўшилган.

ХТВ: Йўқолган дарсликлар учун китоб нархининг 4 баробаригача пул ундирилиши мумкин

Ўзбекистон Халқ таълими вазирлиги мактаб ўқувчиларига ижарага берилган дарсликлар йўқолган тақдирда, қанча жарима тўланиши юзасидан изоҳ берди.

Қайд этилишича, фойдаланишга яроқсиз ҳолатга келган ёки йўқотилган дарсликлар учун тўланадиган жарима миқдори ХТВ ва бир қатор ҳамкор ташкилотларнинг 2014 йил 20 мартидаги “Умумтаълим мактабларини дарсликлар ва ўқув-методик қўлланмалар билан таъминлаш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қўшма қарори билан тасдиқланган низомнинг 51-бандида акс этган.

Мазкур бандга мувофиқ, дарслик йўқолгудек бўлса, ўқувчининг ота-онаси ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар ёхуд ҳомийлар ёки ўқитувчилар зарарни худди шундай дарслик ёки ўқув методик қўлланмалар билан қоплайди ёхуд унинг бирламчи ҳужжатларда (ҳисоб-фактурада, юк хатида) кўрсатилган қийматини қуйидаги миқдорларда тўлайди:

  • 1-синф ўқувчиларининг ҳар бир дарслик ва (ёки) ўқув методик қўлланмалари учун — унинг бир баравари миқдорида;
  • 2-4-синф ўқувчиларининг ҳар бир дарслик ва (ёки) ўқув методик қўлланмалари учун — унинг икки баравари миқдорида;
  • 5-9-синф ўқувчиларининг ҳар бир дарслик ва (ёки) ўқув методик қўлланмалари учун — унинг тўрт баравари миқдорида.

Ўзбекистонда 15 март куни коронавирусни юқтириб олган илк бемор аниқланиши ортидан расмийлар барча давлат ва нодавлат таълим муассасалари - мактаблар, олий ўқув юртлари ва боғчалар (16 мартдан) баҳорги таътилга чиқариш ҳақида қарор қабул қилган. Икки ҳафталик таътилдан сўнг (30 мартдан бошлаб) ўқувчилар мактабга қайтмай, масофавий таълим асосида уйдан туриб ўқий бошланганлар.

Ҳукумат ҳар бир вилоятда Ёшлар технопарклари ташкил этишга оид қарор қабул қилди

Президент Ш.Мирзиёев Андижондаги Digital City технопаркига ташрифи чоғида, 2020 йил 21 майи.

Ўзбекистоннинг ҳар бир ҳудудида босқичма-босқич Ёшлар технопарклари ташкил этилади. Бу ҳақда ҳукуматнинг 22 май куни қабул қилинмиш “Республика ҳудудларида Ёшлар технопаркларини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида қайд этилган.

Билдирилишича, технопарклар Инновацион ривожланиш вазирлиги муассислигидаги ҳамда масъулияти чекланган жамият шаклидаги юридик шахс ҳисобланади.

Технопарклар фаолияти вазирлик ҳузуридаги Ёшлар академияси томонидан мувофиқлаштирилади.

Технопаркларнинг бино ва иншоотларини қуриш, қайта таъмирлаш ва уларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, шунингдек, замонавий асбоб-ускуналар билан жиҳозлаш харажатлари Инновацион ривожланиш ва новаторлик ғояларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси ҳисобидан амалга оширилиши кўзда тутилган.

Қарор билан 2020-2023 йилларда республика ҳудудларида Ёшлар технопаркларини босқичма-босқич ташкил этиш режа-жадвали тасдиқланган.

Аввалроқ Озодлик Ўзбекистон президенти Ш. Мирзиёев Андижон вилоятига сафари чоғида у ерда очилган Digital City технопаркига ташриф буюргани ҳақида хабар қилган эди.

“Ўзмиллийбанк”нинг "Чорсу" бозоридаги биноси кимошдига қўйилди

"Ўзмиллийбанк" биноси.

“Ўзмиллийбанк” АЖнинг Эски Жўва бозоридаги биноси кимошди савдосига қўйилди. Бу ҳақда Давлат активларини бошқариш агентлиги маълумот тарқатди.

Электрон онлайн аукционларни ташкил этиш маркази маълумотига кўра, лот рақами 0208485 бўлган икки қаватли бинода 73 та хона мавжуд. Бино қайси йилда қурилгани маълум эмас.

Умумий майдони 0,2455 гектар, фойдали майдони 4249,85 квадрат метр бўлган мулкнинг бошланғич нархи 22 млрд 528 млн 151 минг сўм қилиб белгиланган.

Кимошдида қатнашиш учун аризалар 22 июнгача қабул қилинади, савдонинг ўзи эса 24 июнь куни ўтказилади.

Марказий банк доллар ва еврони қимматлатди

Ўзбекистон Марказий банки жорий йил 26 майидан валюталарнинг сўмга нисбатан янги қийматини белгилади.

МБ маълумотига кўра, сешанбадан АҚШ долларининг расмий курси ўтган ҳафтага нисбатан 9 сўм 74 тийинга қимматлаб, 10 минг 139 сўм 30 тийинни ташкил этади (ўтган ҳафта 10 минг 129 сўм 56 тийин бўлган).

Евронинг расмий курси эса олдинги курсга нисбатан 96 сўм 72 тийинга кўтарилиб, 11 минг 51 сўм 84 тийинга тенг бўлади (ўтган ҳафта 10 минг 955 сўм 12 тийин эди).

Валюта қийматини белгилаш чоғида Марказий банк мазкур валюталарни ушбу қийматда сотиш ёки сотиб олиш мажбуриятини зиммасига олмаган.

Паркентга кириш-чиқиш учун чеклов жорий қилинди

Паркент кўчаларидан бири (архив сурати).

Коронавирус инфекциясининг тарқалишига қарши чора сифатида Паркент туманига кириш ва чиқиш чекланди. Бу ҳақда Тошкент вилояти ҳокимлиги ўз Телеграм-канали орқали маълумот тарқатди.

Вилоят ҳокимлиги иддаосига кўра, ҳозирда туман ҳудудини хавфли инфекциядан батамом тозалашда туман ҳокимлиги, СЭОМ, ИИБ, ҳарбийлар ва бошқа мутасадди ташкилотлар томонидан муҳим ишлар амалга оширилмоқда.

Бундай шароитда карантин қоидаларига қатъий амал қилган ҳолда фаолиятни давом эттириш ўта муҳимлиги урғуланган хабарномада туман марказига олиб кирадиган кўчаларда ортиқча автомобиль ҳаракатини чеклаш ва аҳолини мақсадсиз кўчага чиқишининг олди олинаётгани билдирилган.

Ўзбекистонга келган украиналиклардан ҳам коронавирус аниқланди

Ҳозирда касалхоналарда 602 нафар бемор даволанмоқда.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги 25 май соат 10:00 ҳолатига кўра, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони расман 3180 кишига етганини билдирди. Бу 24 май соат 23:00даги ҳолатдан 16 кишига кўпдир.

“Янги касалланиш ҳолатларининг 4 нафари Қорақалпоғистон Республикасида аниқланиб, улардан 3 нафари хориждан келган халқаро юк ташувчи автомобил ҳайдовчилари (улардан 2 нафари украиналик), 1 нафари чегара божхона пости ходими. 5 нафари эса Самарқанд вилоятида аниқланган. Уларнинг 4 нафари касалликка чалинганлар билан мулоқотда бўлиб юқтирган. 1 нафари эса аҳоли орасидан аниқланган. Ҳозирда эпидемиологик суруштирув ишлари олиб борилмоқда. Яна 1 нафар Тошкент вилоятида чегара божхона пости ходимида аниқланган. Қолган 6 нафари Карантин марказидаги фуқаролар орасида қайд этилди”, дейилади вазирлик баёнотида.

Хабарда таъкидланишича,беморларнинг 2565 нафари бутунлай соғайган. Ҳозирда касалхоналарда 602 нафар бемор даволанмоқда. Улардан 3 нафарининг аҳволи оғир. 13 бемор вафот этди.

МТРК раиси "Ўзбекистон 24" каналини танқид қилган журналистларни танқид қилди (ВИДЕО)

Ўзбекистон Милиий телерадиокомпанияси (МТРК) раиси Алишер Хўжаев.

Ўзбекистон Милиий телерадиокомпанияси (МТРК) раиси Алишер Хўжаев “Ўзбекистон 24” телеканали кўрсатувларини танқид қилган журналистларни танқид қилди. Бу ҳақда 24 май куни “Газета уз” хабар берди.

Нашрнинг ёзишича, Sport телеканали муҳаррири Бобур Акмалов ва бош режиссёри Жамолиддин Бобожонов Oriat Dono радиосининг Futbol+ эшиттиришида “Ўзбекистон 24” телеканалида Сардоба сув омборининг ўпирилиши билан боғлиқ вазиятни ёритганини танқид остига олган. Ҳар душанба куни эфирга узатиладиган Futbol+ эшиттириши бошловчиларидан яна бири Ҳайрулла Ҳамидовдир.

“Газета уз”га кўра, ижтимоий тармоқларда 18 май куни мазкур эшиттириш чоғида Жамолиддин Бобожонов ва Бобур Акмалов “Ўзбекистон 24” телеканалини танқид қилгани видеоси тарқалган.

Видеода Жамолиддин Бобожонов “Бизда қоғозда ва “Ўзбекистон 24” каналида ҳамма нарса зўр. Аммо ҳаёт бутунлай бошқа нарсани кўрсатяпти. Мен сардобаликлар сув тошқинидан хурсанд бўляпти, деб ўйлаб қолдим. Улар фалокатдан хурсанд бўлишяпти”, деб айтган. Бунга жавобан Бобур Акмалов: “”Ўзбекистон 24” қандайдир Сусамбил давлатида ташкил этилганми?” тариқасида жавоб берган.

“Газета уз”нинг ёзишича, МТРК раиси Алишер Хўжаев ўзининг Facebook саҳифасида журналистларни бу гаплари учун танқид қилган. Аммо кейинроқ у Facebook саҳифасидаги мазкур постни ўчириб ташлаган.

Хабарда айтилишича, Алишер Хўжаев МТРК таркибида ишлаб келаётган Бобур Акмалов ва Жамолиддин Бобожоновни корпоратив этикага риоя қилмаганликда, мутлақо асоссиз ва ҳақиқатдан узоқ фикрларни айтганликда айблаган. Алишер Хўжаев ўз постида номи тилга олинган журналистлар ўз аризасига асосан ишдан бўшаши ёки бўшамаслиги “уларнинг виждонига ҳавола” эканини таъкидлаган.

Хабарда таъкидланишича, Futbol+ эшиттиришининг 18 май, 11 май, 4 май ва 27 апрелдаги эшиттиришлари Oriat Dono радиосининг YouTube саҳифасидан ўчириб ташланган.

ОАВ: Шаҳрисабзда Улуғбек қурдирган 600 йиллик масжид гумбазининг бир қисми ўпирилиб тушди

Аввалроқ Бухородаги уч асрлик масжид новвойхонага айлантирилгани хабар қилинган эди.

Бундан 600 йил аввал Мирзо Улуғбек томонидан Амир Темур шарафига қурилган Кўк гумбаз масжидининг гумбаз атрофидаги деворининг бир қисми ўпирилиб тушди. Бу ҳақда “Дарё” нашри 24 май куни ўз манбасига таянган ҳолда хабар берди.

“Маълум қилинишича, мазкур воқеага икки-уч кун бўлган. Аммо масъуллар ҳалигача бунга эътибор қаратмаган”, дейилади хабарда.

Маълум қилинишича, “Дор ут-тиловат” мажмуаси таркибидаги Кўк гумбаз масжиди 2016 йилда реставрация қилинган.

Мазкур масжид Мирзо Улуғбек томонидан 1434—1435 йилларда қурилгани айтилади.

“Масжид гумбази икки қават бўлиб, диаметрининг катталиги жиҳатидан Ўрта Осиёда биринчи ўринда туради. Пештоқининг олд томонида ҳам геометрик сержило безаклар кўп ишлатилган ва уларда ‘Аллоҳ’, ‘Муҳаммад’ ва ‘мулк Аллоҳникидир’ каби сўзлар битилган”, деб иқтибос келтиради “Дарё” нашри ўз манбаси сўзларидан.

Озодлик радиоси ҳам Ўзбекистондаги қатор тарихий обидаларга ҳукумат ва масъул ташкилотлар томонидан эътиборсиз муносабатда бўлинаётгани тўғрисида қатор мақолаларни чоп этган.

Жумладан, 22 май куни Бухоро вилояти Бухоро тумани “Хонобод” МФЙ ҳудудида 1717 йил масжид ва хонақо учун қурилган бино новвойхонага айлантирилгани ҳақида хабар берилганди.

Озодлик 2017 йилда Фарғона вилояти Данғара туманидаги "Кичик бойбуча" қишлоғида жойлашган икки асрлик масжиднинг мебель ишлаб чиқариш цехига айлантирилгани ҳақида ëзган эди.

Бош санитар врач қатъий карантин чоралари қайта жорий этилиши мумкинлигини айтди

Ўзбекистонда кунига камида 30 киши коронавирусга чалинмоқда.

Ўзбекистонда коронавирусдан касалланиш кўрсаткичи пасаймаса, қатъий карантин чоралари яна қайта тикланади. Бу ҳақда “Кун уз”га 24 май куни интервью берган Соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари – вазирлик ҳузуридаги санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги директори Баҳодир Юсупалиев маълум қилди.

Унга кўра, Ўзбекистонда коронавирусга чалиниш бўйича кунига 30-40та, айрим ҳолатларда 60та ҳолат тасдиқланмоқда. Баҳодир Юсупалиев бу вазиятда аҳоли карантин талаблари ва санитария қоидаларига риоя қилмаса, вазият мураккаблашиб кетиши мумкинлигини таъкидлади.

“Президент томонидан сўнгги йиғилишда айнан шу масалаларда топшириқ ҳам берилди. Бу бўйича биз талаб ишлаб чиқдик. Махсус комиссияга киритяпмиз. Aгар касалланиш ҳолатлари шу тарзда давом этса, албатта, қатъий карантин чоралари қайтарилади”, деб билдирди Баҳодир Юсупалиев.

Мирзиёев Ўзбекистон халқини Ҳайит билан табриклади

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Рамазон ҳайити муносабати билан табригида ўз халқи бошига тушган коронавирус пандемияси, табиий офатлар билан боғлиқ қийинчиликлар ўтиб кетишини урғулади.

Лекин, президент Мирзиёев ўз табригида Сардоба сув тошқинини алоҳида тилга олмади.

​"Табиий офатлар туфайли уй-жойидан айрилган, лекин давлатимиз ва эл-юртимизнинг катта ёрдами ва кўмаги билан ўз ҳаётини янгитдан йўлга қўйиб олаётган минглаб ватандошларимиз қалбдан ҳис этмоқдалар", - дейилади президент табригида.

Ўзбекистон Бош прокуратураси Сардоба сув омборидаги тошқин билан боғлиқ тўртта тахминни тилга олган. Шулардан бири табиий офат билан боғлиқ тахминдир.

Бош прокуратура Сардоба сув омбори билан боғлиқ жиноят иши бўйича икки киши гумонланувчи сифатида қамоққа олинганини билдирган.

Озодлик Сардоба сув омборида 1 май куни юзага чиққан техноген фалокат юзасидан жиноят иши терговини олиб бораëтган Давлат хавфсизлик хизмати 19 май куни “Сардоба” сув омбори объектларидан фойдаланиш ва ривожлантириш дирекцияси бошлиғи Фахриддин Данабоевни ҳибсга олгани ҳақда хабар берган эди.

Қамоққа олинган иккинчи шахснинг кимлиги номаълум.

Давомини ўқинг

OzodTa'sir

XS
SM
MD
LG