Линклар

Шошилинч хабар
20 январ 2022, Тошкент вақти: 15:54

"Омикрон": Қозоғистон янги чекловлар киритмоқда, Ўзбекистонда эса "тушунарсиз вазият"


Қозоғистон коронавируснинг янги штамми боис мамлакатга киришни чеклаган навбатдаги давлат бўлди. Илк бор Жанубий Африкада аниқланган ва "омикрон" деб ном берилган штаммга чалиниш ҳоллари қайд этилган мамлакатлардан Қозоғистонга кириб келадиганларга 7 кунлик мажбурий карантин қўлланади.

Қозоғистон Соғлиқни сақлаш вазири Марат Шоранов​нинг маълум қилишича, янги чекловлар 3 декабрдан бошлаб кучга киради.

Ўзбекистон расмийлари коронавируснинг янги штамми сабаб қўшимча чораларни эълон қилганича йўқ.

ЖАРдан чиққан янги штамм

Юнон алифбосининг O (омикрон) ҳарфи билан атала бошлаган янги B.1.1.529 штамми топилгани тўғрисида Жанубий Африка республикаси ҳукумати (ЖАР) Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотига (ЖССТ) ўтган ҳафтанинг чоршанбаси – 24 ноябрда хабар қилди.

Орадан икки кун ўтиб, ЖССТ ковиднинг бу штаммида кўплаб мутациялар бўлиб, уларнинг айримлари хавотирга солаётганини айтиб чиқди.

Хабарларга қараганда, мутахассисларга “омикрон” билан боғлиқ кўп нарса ҳозирча номаълум. Улар аниқроқ фикр айтиш учун узоқроқ вақт керак бўлишини айтмоқда. Янги штамм шу пайтгача топилган штаммлардан кўра тезроқ юқади, у ковидга қарши мавжуд вакциналар самарасини камайтиради, деб тахмин қилинмоқда.

Бу ташвиш ҳукуматларни ковидга қарши чораларни кучайтиришга ундамоқда.

Россия 28 ноябрдан бошлаб Африканинг қатор мамлакатлари ва Ҳонконгдан чет элликларнинг ўз ҳудудига киришини чеклаб қўйди. Исроил ҳукумати ўз чегараларини 14 кунга ёпиб қўйишини эълон қилган бўлса, Қувайт 9 давлат билан авиақатновни тўхтатди. Марокаш ҳам бу сафга қўшилди.

Швейцария янги штамм туфайли Чехия, Буюк Британия, Нидерландия ва Малавидан келган саёҳатчиларга чекловлар жорий қилди.

ЖССТ давлатларни ковиднинг янги штаммидан қўрқиб ўз ҳудудларига хорижликларнинг киришини чеклашга шошмасликка чақирди.

Ўзбекистондаги вазият

Ўзбекистон Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бошлиғи ўринбосари Нурмат Отабеков мамлакатга янги штаммнинг учинчи давлатлар орқали кириб келиш эҳтимолини истисно қилмаётганликларини айтди.

"Биз янги штаммнинг тарқалиш ўчоғи бўлган Жанубий Африка давлатлари билан бевосита авиация алоқалари ўрнатмаган бўлсак-да, ушбу касаллик иккинчи ва учинчи мамлакатлар орқали Ўзбекистон ҳудудига кириб келиши эҳтимоли йўқ эмас", деб айтган Отабеков Кун.уз нашрига.

Ўзбекистонда 29 ноябрь куни коронавирусга чалинган беморлардан 3 нафари вафот этган, шу тариқа бу хасталикдан қурбон бўлганларнинг умумий сони 1 минг 402 нафарга етган.

CСВ қайдича, душанба куни мамлакат бўйлаб 143 киши коронавирусга чалинган, вирус юқтириб олганларнинг умумий сони эса 193 минг 208 нафарни ташкил қилган.

Маҳаллий матбуот ССВнинг ковид билан боғлиқ расмий статистикасини савол остига олиб келади, шифокорлар ва оддий ўзбекистонликлар орасида эса аллақачон “ҳамма касалланиб бўлгани” ҳақидаги тахмин кенг тарқалган.

Кимё фанлари доктори, профессор Рустам Нуриддинов бундан бир неча ой муқаддам ўз ҳамкасблари билан ковид профилактикаси учун 3 та дори воситаси (биоқўшимча) яратганини эълон қилган эди.

Ковид билан боғлиқ Ўзбекистондаги нисбатан сокин вазият ҳақида фикр билдирар экан, профессор бундай деди:

“Тушунарсиз вазият. Афтидан, касалликни аҳолининг мутлақ кўпчилиги - кимдир оғир, кимдир енгил - кечириб бўлди ва шунинг учун, балки коллектив иммунитет пайдо бўлгандир. Бироқ бу иммунитет узоқ муддатли эмас. У халқни балки 2, балки 3 ой ҳимоя қилар, кейин ўз кучини йўқотади. Шунинг учун вакциналарнинг самараси ҳали тўлиқ ўрганилмаган бўлса ҳам, ягона чора эмланишдир”.

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлигига кўра, 27 ноябрь ҳолатига мамлакатда жами 33 407 074 миллион доза вакцинадан фойдаланилган.

Унутилган чекловлар

Андижонлик врач Отабек Аҳлиддинов аҳоли ковид билан боғлиқ чекловларга риоя қилмаётганидан ташвишда:

“Аҳоли чекловларга мутлақо риоя қилмаяпти, ниқоб тақиш одамларнинг эсидан чиқиб кетган. Умуман эса, ҳозирча вилоят марказларидаги ковид касалхоналарда бўш ўринлар бор. Бироқ бир неча кундан ёки бир неча ойдан кейин вазият қай томонга ўзгариши мумкинлиги тўғрисида бир нарса дея олмайман”.

Ўзбекистонда ковид борасида ҳушёрлик камайганини шу кунларда мамлакатга сафар қилган Швециядаги "Марказий Осиё уюшмаси" ассоциацияси раҳбари Пўлат Охунов ҳам қайд этди.

" Масофа сақлаш, кўришганда қўл бермаслик, ниқоб тақиш, қўлни дезинфекциялаш каби талабларга кўпчилик эътибор бермаётганига гувоҳ бўляпман. Швецияда ҳукумат ўтган йили аҳоли олдига бир қатор талабларни қўйди ва ўшандан бери ҳамма масофа сақлайди, кўришганда ҳеч ким қўл узатмайди, ҳамма ниқоб тақади, ҳамма қўлини ювади ва ҳоказо. Чунки шведлар қонунга оғишмай риоя қиладиган халқ. Биз ўзбеклар эса, ҳар нарсага шубҳа билан қараймиз. Шунинг учун ковид масаласида мен қандайдир анархияни кўряпман", дейди Пўлат Охунов Озодлик билан суҳбатда.

Аҳолининг хотиржамликка берилгани ҳақидаги хавотирлар аввалроқ бир неча бор президент Шавкат Мирзиёев тилидан ҳам янгради. Вируснинг янги штамми боис ковидга қарши курашиш бўйича штаб мулозими Нурмат Отабеков "карантин билан боғлиқ профилактик чоралар бекор бўлмагани"ни аҳолига яна бир бор эслатди.

"Карантин билан боғлиқ профилактик чоралар бекор бўлгани йўқ. Аммо одамларимиз тиббий ниқоб тақиш, ижтимоий масофа сақлаш, антисептик воситалардан фойдаланиш каби оддий қоидаларга ҳам етарлича амал қилмай қўйгани ачинарли ҳолат. Янги штаммнинг юртимизга кириб келиши ва аҳоли ўртасида тарқалишининг олдини олишда шундай профилактик чора-тадбирлар жуда муҳим ҳисобланади", деб айтган Отабеков Кун.уз нашрига интервьюсида.

Халқаро хавотирлар

Жорий ой бошида АҚШнинг Хасталиклар назорати ва профилактикаси маркази (CDC) Ўзбекистонни коронавирусга чалиниш даражаси номаълум бўлган мамлакатлар рўйхатига қўшди.

Марказ америкаликларга Ўзбекистонда коронавирус билан боғлиқ вазият номаълум бўлгани учун бу мамлакатга бормасликни тавсия қилган. CDC вакилларига кўра, Ўзбекистонда ҳатто тўлиқ эмловдан ўтган кишилар ҳам коронавирусга чалиниши ёки инфекция ташувчисига айланиши мумкин.

CDCнинг чеклов рўйхатига Марказий Осиё минтақасида Ўзбекистонга қўшни бўлган Туркманистон, Тожикистон ва Қозоғистон ҳам киритилган. Қирғизистон эса COVID-19 юқтириб олиш хавфи паст бўлган мамлакатлар сирасидан жой олган.

Минтақадаги вазиятни шарҳлар экан, ЖССТнинг Европа минтақаси бўйича директори Ханс Клюге (Марказий Осиё мамлакатларидаги аҳволни ҳам шу дирекция кузатади) 4 ноябрда бундай деган эди:

"Шу кунда Европа ва Марказий Осиёнинг ҳар бир мамлакати COVID-19 қайта бош кўтаришининг реал таҳдиди олдида турибди ёки унга қарши курашмоқда. Вирус тарқалишининг жорий суръати жиддий ташвиш уйғотмоқда".

Клюгега кўра, агар мавжуд теденция сақланиб қолгудай бўлса, 2022 йилнинг февралигача Европа ва Марказий Осиё мамлакатларида коронавирус билан боғлиқ яна ярим миллион ўлим юз бериши мумкин.

XS
SM
MD
LG