Линклар

Шошилинч хабар
04 август 2020, Тошкент вақти: 22:09

Ўзбекистон хабарлари

Сенат раиси: Ўзбек адабиётини алоҳида фан сифатида ўқитиш ишлари ўз ҳолига ташлаб қўйилган

Олий Мажлис Сенати раиси Ниғматилла Йўлдошев

Таълим давлат тилидан бошқа тилларда олиб бориладиган мактабларда ўзбек адабиётини алоҳида фан сифатида ўқитиш ишлари ўз ҳолига ташлаб қўйилган. Таълим бошқа тилларда олиб бориладиган мактабларнинг 10 ва 11-синф адабиёт дарсликларида ўзбек адабиётини ўзлаштиришга бутун бошли ўқув йили учун бор-йўғи 4−8 соат ажратилган, холос. Мазкур мактабларда давлат тилининг ҳафтасига бор йўғи 2 соат ўқитилаётгани таажжубли ҳолдир.

Бу ҳақда Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенатининг ўн саккизинчи ялпи мажлисида маъруза қилган Сенат раиси Ниғматилла Йўлдошев ўқув дарсликларининг тайёрланиши ва дарсларни ўзлаштирилиши билан боғлиқ муаммолар ҳақида фикр билдираётиб айтгани тўғрисида gazeta.uz хабар қилди.

Нутқи давомида Сенат раиси, шунингдек, бундай деган:

"Савол туғилади: қандай қилиб бундай аҳволда ёшларда ўз Ватанига муҳаббат, эл-юртига ҳурмат ва садоқат туйғуларини шакллантириш мумкин ?! Агар рус тилида таҳсил олаётган 581 минг нафардан ортиқ боланинг аксарияти ўзбек фарзандлари эканлигини инобатга олсак, бу саволларнинг нақадар оғриқлилигини, уларга жавобни узоқ йиллар афсусланиб излашга тўғри келишини ҳис қилиш қийин эмас, деб ҳисоблаймиз. Юқорида тилга олинган ҳамда дарсликлар билан боғлиқ кўплаб муаммолар, табиийки, таълим сифатига жиддий салбий таъсир кўрсатмоқда".

Кун янгиликлари

2,5 яшар болани дўппослаб ўлдирган Миллий гвардия зобити 19 йилга озодликдан маҳрум этилди

Иллюстратив сурат.

Тошкентда Миллий гвардия зобити хотинининг жияни бўлган 2,5 яшар болани ваҳшийларча дўппослаб ўлдирган. Бу ҳақда xabar.uz нашри ёзиб чиқди.

Маълумотларга кўра, болакайнинг Тошкент вилоятида яшаган онаси уни пойтахтда истиқомат қиладиган опасига ташлаб, пул топиш учун Туркияга кетган. Опанинг Миллий гвардияда ишлайдиган ва доим ичиб юрадиган эри, айтилишича, хотинини ва унинг жиянини муттасил калтаклаб келган. У бир куни яна ичиб келиб, хотинини калтаклай бошлаган. Аёл яшириниб олгач, зобит болакайга ташланиб, уни дўппослай бошлаган. Калтаклаш асносида бола жон таслим қилган.

Боланинг ўлганини билган Миллий гвардия зобити хотинига жиянининг “зинадан йиқилиб, тили тортилиб ўлгани” ҳақида гап тарқатишни буюриб, унга таҳдид қилган.

Аёл жиянининг жасадини олиб, туғилган қишлоғига кетган. Болакайнинг яқинлари мурдани кўмишга ўлим гувоҳномаси олиш учун шифокорга мурожаат қилганлар. Мурдани кўрган қишлоқ фельдшери унинг “тили тортилиб ўлгани”га шубҳа билдирган. Шундан сўнг болакайнинг бувиси ички ишлар органига қўнғироқ қилган.

Вазиятга орган ходимлари аралашгач, болакайнинг мурдаси экспертизага юборилган. Экспертлар эса бола тили тортилиб эмас, етказилган тан жароҳатлари оқибатида вафот этганини тасдиқлаган. Иш судга оширилган.

Ўзбекистон Жиноят кодексининг 97-моддаси 2-қисмининг “в, ж” бандлари (ожиз аҳволдаги шахсни ўта шафқатсизлик билан ўлдириш) ҳамда 110-моддаси 2-қисмининг “а, в” бандлари (вояга етмаган болани муттасил равишда қийнаб, дўппослаш) билан айблов қўйилган зобитнинг иши жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судида кўрилган. Айбловлар судда тасдиғини топгани важидан судланувчи 19 йилга озодликдан маҳрум қилинган.

Пандемия бошидан буён Афғонистон ва Покистонга 14 тоннадан зиёд ловия экспорт қилинди

Жорий йил бошидан бери Сурхондарё вилояти божхона бошқармаси тасарруфидаги ташқи иқтисодий фаолият божхона постлари орқали вилоятдан жами 29,4 миллион АҚШ долларлик 20 минг тоннадан ортиқ ловия маҳсулотлари хорижга экспорт қилинган. Бу ҳақда “Дунё” ахборот агентлиги вилоят божхона бошқармасидаги ўз манбаси маълумотига таянган ҳолда хабар қилди.

Қайд этилишича, экспорт қилинган ловиянинг асосий харидорлари Покистон ва Афғонистон давлатлари бўлиб ҳисобланади.

Пандемия бошланган 2020 йилнинг март ойидан шу кунга қадар Афғонистон ва Покистон давлатларига 24,2 миллион АҚШ долларлик 14,1 минг тонна ловия экспорт қилинган.

Бу икки давлатга жорий йил бошидан бери Сурхондарё вилоятидан 9,4 миллион АҚШ долларлик мош ва 2,2 миллион АҚШ долларлик нўхат маҳсулотлари ҳам сотилгани айтилмоқда.

Бухоро аэропортини 20 йилдан зиёд бошқарган Тоҳир Баҳронов коронавирусдан вафот этди

Т. Баҳронов раҳбарлик қилган Бухоро аэропорти 2017 йили МДҲда "энг яхши аэропорт", деб топилганди.

Бухоро халқаро аэропорти директори, собиқ сенатор Тоҳир Баҳронов 61 ёшида вафот этди. Бу ҳақда Бухоро вилояти ҳокимлиги маълумот тарқатди.

Газета.уз нашрига кўра, мулозим коронавирус инфекциясини юқтириб олгани ортидан вафот этган.

Тоҳир Баҳронов 1959 йил 21 апрелида Бухоро шаҳрида таваллуд топган. 1986 йили Бухоро давлат педагогика институти, 1996 йилда эса Санкт-Петербург фуқаро авиацияси академиясини сиртдан ўқиб тугатган.

У 1997 йилдан бери “Бухоро халқаро аэропорти” давлат унитар корхонасини бошқариб келаётган эди. 2017 йили у раҳбарлик қилган аэропорт МДҲ ҳудудидаги "энг яхши аэропорт", деб топилганди.

Т. Баҳронов Ўзбекистон Олий Мажлиси депутати (1999−2004), Халқ депутатлари Бухоро вилояти Кенгаши депутати (2014−2019), Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати аъзоси (2014−2019) сифатида фаолият кўрсатган.

Статистикани ривожлантириш бўйича миллий стратегия тасдиқланди

Ўзбекистон президенти Ш. Мирзиёев 2020-2025 йилларда мамлакат статистикасини ривожлантиришнинг миллий стратегиясини тасдиқлади.

“Ўзбекистон Республикасининг миллий статистика тизимини янада такомиллаштириш ва ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги президент қарорида Давстатқўмнинг расмий статистикани шакллантириш билан боғлиқ ўз ваколатларини барча давлат органлари ва ташкилотларидан мустақил равишда амалга ошириши белгиланган.

Унда статистика органларининг қонуний фаолиятига, шу жумладан, расмий статистика ҳисоботлари ва кузатувларини ўтказиш ҳамда уларни нашр қилиш ва эълон қилиш жараёнларига ҳар қандай аралашишга йўл қўйилмаслиги урғуланган.

Ҳужжатда миллий стратегиянинг Жаҳон банки кўмагида ишлаб чиқилгани урғуланиб, уни амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси” ҳам тасдиқланган.

Миллий статистика тизимини такомиллаштиришнинг устувор йўналишлари ўлароқ қуйидаги белгиланган:

  • статистика органларини талаб юқори бўлган, сифатли ва ишончли маълумотларни шакллантиришга, статистика маълумотларининг шаффофлиги ва ошкоралигини оширишга қаратилган профессионал мустақил хизматга айлантириш;
  • статистика соҳасида ягона сиёсатни амалга оширишга қаратилган ваколат ва мажбуриятларни мустаҳкамлаш орқали Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси ҳузуридаги Статистика кенгашининг тўлиқ фаолият кўрсатишини таъминлаш;
  • илғор ахборот-коммуникация технологияларидан кенг фойдаланган ҳолда статистика ахборотларини йиғиш, қайта ишлаш, таҳлил қилиш, нашр этиш ва сақлаш бўйича яхлит тизимни ташкил этиш;
  • расмий статистикани ишлаб чиқариш, тарқатиш ва мувофиқлаштириш мақсадида мамлакатнинг бутун миллий статистика тизими доирасида қўлланиладиган услубий асослар ва бошқарув тамойилларини такомиллаштириш;
  • идоравий маълумотлар базаларини ягона маълумотларни бошқариш тизимига интеграция қилиш орқали кузатувларни босқичма-босқич оптималлаштириш ва респондентлардан ҳисобот топшириш юкини камайтириш;
  • статистика маълумотларидан фойдаланувчилар билан самарали ҳамкорлик сиёсатини йўлга қўйиш ва мавжуд статистика маълумотлари тўғрисида жамоатчиликни хабардор қилиш орқали фойдаланувчиларнинг статистика ахборотларига бўлган ишончини ошириш ва б.

Қарор билан Давлат статистика қўмитасига бошқа расмий статистика ишлаб чиқарувчиларнинг статистика методологияларини халқаро стандартларга мувофиқлиги юзасидан аудитдан ўтказиш ва аудит натижаларига кўра, вазирлик ва идораларга бажарилиши мажбурий бўлган тақдимномалар киритиш ҳамда кузатувларни ўтказиш, расмий статистика материалларини шакллантириш ва таҳлилларни амалга ошириш мақсадида вазирлик ва идораларнинг ахборот тизимлари билан ўзаро электрон боғланиш ҳуқуқлари берилган.

Шунингдек, қўмита ҳузурида ўз ишини жамоатчилик асосида олиб борадиган, доимий фаолият юритувчи маслаҳат-кенгаш органи ҳисобланадиган Жамоатчилик кенгаши фаолият юритиши қайд этилган. Унинг зиммасига қўмита фаолиятини такомиллаштириш бўйича таклифларни ва фойдаланувчиларнинг расмий статистика маълумотларига бўлган эҳтиёжларини қаноатлантириш механизмларини ишлаб чиқиш, статистика маълумотларининг шаффофлиги, ошкоралиги ва қулайлигини оширишни таъминлаш, Давстатқўм томонидан долзарб, сифатли ва ишончли статистиканинг шакллантирилишига кўмаклашиш ва бошқа вазифалар юклатилган.

Жамоатчилик кенгашига НҲТ, тадбиркорлар, олимлар, журналистлар ҳамда маҳаллий ва хорижлик экспертлар жалб этилиши айтилмоқда.

Тошкентда кучсиз ер силкиниши кузатилди

Жорий йилнинг 4 август куни Тошкент вақти билан 02:59 да Қозоғистонда зилзила рўй берган. Бу ҳақда Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг Сейсмопрогностик мониторинг маркази маълум қилди.

Зилзила эпимаркази Ўзбекистон пойтахти Тошкентдан шимолий-шарқий йўналиш бўйича 59 километр нарида бўлган. Ер силкиниши кучи Тошкент шаҳрида 3 баллни ташкил этган.

Шу куни Тошкент вақти билан 08:31 да Тожикистонда ҳам зилзила содир бўлган. Бироқ бу зилзила, Сейсмопрогностик мониторинг маркази маълумотига кўра, Ўзбекистон ҳудудида сезилган эмас.

Россиянинг икки шаҳридан Самарқандга 500 дан зиёд ўзбекистонлик қайтарилди

Сўнгги бир ой ичида ўттиздан ортиқ чартер рейс билан 8 мингга яқин ўзбекистонлик ватанига қайтарилган.

Самарқанд аэропортида 3 август куни Россиянинг Қозон ва Екатеринбург шаҳарларидан учиб келган 501 нафар ўзбекистонлик кутиб олинди. Бу ҳақда Uzbekistan Airports ширкати ўз Телеграм-канали орқали маълумот тарқатди.

Қайд этилишича, ўзбекистонликлар Қозон ва Екатеринбургдан 3 та чартер рейс билан келтирилган.

“Барча йўловчилар Махсус комиссия белгилаган тартиб-қоидаларга асосан Самарқанд шаҳридаги карантин маркази (Кимёгарлар шаҳарчаси) ҳудудига олиб кетилди”, дейилади ширкат хабарномасида.

Йўловчиларга хизмат кўрсатишда пандемия тарқалишининг олдини олиш бўйича барча чоралар қўлланилгани айтилмоқда.

Аввалроқ Ўзбекистон ҳукумати хориждаги ватандошларни олиб келиш учун 2- 16 август кунлари 24 та чартер рейс уюштираётгани ҳақида хабар қилган эдик.

Маълумотларга кўра, сўнгги бир ой ичида ўттиздан ортиқ чартер рейс орқали 8 мингга яқин, чегара постлари орқали 20 мингдан ортиқ фуқаро Ўзбекистонга олиб келинган. Хориждан қайтганларнинг кўпчилигида касаллик аниқланган.

Тошкентда 20 ёшли йигит банкоматдан 10,5 миллион сўм ўғирлади

Ўғри Қўйлиқ бозорига ўрнатилган банкомат олдида "фаолият юритган".

Тошкентда 10 кун ичида 7 одамнинг пластик картасидан ўн миллион сўмдан ортиқ пулни ўғирлаган 20 ёшли йигит қўлга олинди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Тергов департаменти маълум қилди.

Расмий маълумотда айтилишича, 20 ёшли И.М., “Қўйлиқ деҳқон бозори” ҳудудидаги банкомат олдида 29 май кунидан 09 июнгача пулни нақдлаштириш мақсадида келган одамларга пулни ечиб олишда ёрдам таклиф қилган.

У мижозларнинг пластик карталарини олиб, пулларни нақдлаштириш жараёнида, пластик картага уланиш «SMS» хабарномасини ўзининг уяли телефон рақамига яширинча ўрнатган. Шунингдек, у пластик карта рақами ва кодини уяли алоқа воситасига сақлаб олган.

Шундан сўнг у жами 7 нафар фуқаронинг пластик картаси ҳисобида мавжуд бўлган жами 10 миллион 497 минг 410 сўм пулни банкоматдан ечиб олган.

“Мазкур ҳолат юзасидан Бектемир тумани ИИО ФМБ 2-сонли ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлинмаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 169-моддаси 3-қисми “а” банди (ўғирлик) билан жиноят иши қўзғатилган. Дастлабки тергов жараёнида, И.М., айбланувчи тариқасида жалб қилинган ва лозим бўлган эҳтиёт чораси танланган. Тергов ҳаракатлари якунига кўра, жиноят иши айблов хулосаси билан тегишлилиги бўйча судга юборилган”, -дейилади хабарда.

Зангиотада коронавирусга чалинган яна икки бемор вафот этди

Ўзбекистонда коронавирусдан ўлганлар сони расман 161 нафарга етди.

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 4 августда билдиришича, Тошкент шаҳри Миробод туманида яшаган 80 ёшли бемор О.А.,ва Сирдарё вилояти Сирдарё туманида яшаган 41 ёшли бемор Ф.Т., Зангиота юқумли касалликлар шифохонасида вафот этди.

Ҳар иккала беморга COVID-19 инфекциясининг ўта оғир кечиши, икки томонлама пневмония ташхиси қўйилган.

Бу билан Ўзбекистонда коронавирусдан ўлганлар сони расман 161 нафарга етди. Бироқ мустақил манбалар ўлим ҳолатлари расмий статистикада кўрсатилган рақамлардан анча юқори эканини айтиб келаётган эдилар.

3 август куни АОКАда ўтган брифингда Коронавирусга қарши кураш штаби аъзоси, профессор Ҳабибулло Оқилов Ўзбекистонда коронавирусдан ўлаётганлар сони расмий статистикада кўрсатилганидан анча кўпроқ экани ҳақида гапирган эди. Унга кўра, бунга коронавирусдан ўлганлар рўйхатига пневмониядан ўлганлар киритилмаётгани сабаб бўлмоқда.

Коронавирусга чалинган беморларнинг 1151 нафари оғир аҳволда қолмоқда

Янги касалланиш ҳолатларининг 126 нафари Тошкент вилоятида аниқланди.

Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони, 4 август соат 10:00 ҳолатига кўра, яна 249 кишига кўпайди ва 26 550 нафарни ташкил этди.

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг билдиришича, янги касалланиш ҳолатларининг 126 нафари Тошкент вилояти, 79 нафари Тошкент шаҳрида, 14 нафари Хоразм вилоятида, яна 14 нафари Навоий вилоятида, 11 нафари Қашқадарё вилоятида, 5 нафари Қорақалпоғистон Республикасида коронавирусга чалинган беморлар билан мулоқотда бўлганлиги сабабли намуна олинган фуқаролар орасида аниқланган.

Айни пайтда коронавирусдан соғайганлар сони 17 262 нафарга етди.

Ҳозирда 9 127 нафар бемор касалхонада қолмоқда. Улардан 927 нафари оғир, 224 нафари эса ўта оғир аҳволда.

Коронавирусдан ўлганлар сони расмий статистикадан кўпроқ экани тан олинди

Шу кунгача Ўзбекистонда расман 159 одам коронавирусдан ўлгани билдирилди.

Ўзбекистонда коронавирусдан ўлаётганлар сони расмий статистикада кўрсатилганидан анча кўпроқ экани тан олинди.

“Расмий статистикада берилган ўлимлар сони билан реал ҳаётдаги ўлимлар сони ўртасида фарқ бор”, - деб билдирди 3 август куни АОКАда ўтган брифингда Коронавирусга қарши кураш штаби аъзоси, профессор Ҳабибулло Оқилов.

Унга кўра, коронавирусга чалингани таҳлил натижаси билан тасдиқланган беморлар вафот этса ўлим статистикасига киритилади. Қолган ҳолатларда эса беморлар ўлимига пневмония сабаб бўлган, деб ҳисобланади.

“Уйида даволанишга ҳаракат қилиб, кейин оғир аҳволда олиб келинган беморлар 1-2 кун ётиб, кейин вафот этадиган бўлса ва келган пайтда қўлида таҳлил (тест) натижаси бўлмаса, яъни клиникада таҳлил олиниб, тасдиқланмаган бўлса, улар статистикада коронавирусдан ўлган деб ҳисобланмайди, пневмония бўлиб ҳисобланади”, -деди Ҳабибулло Оқилов.

Шу кунгача Ўзбекистонда расман 159 одам коронавирусдан ўлгани билдирилди. Бироқ мустақил манбалар ўлим ҳолатлари расмий статистикада кўрсатилган рақамлардан анча юқори эканини айтиб келаётган эдилар.

Айни пайтда қўшни давлатлар бўлган Қирғизистон ва Қозоғистонда коронавирус ва пневмониядан ўлганлар сони бирлаштирилган. Бунга пневмонияни ҳам коронавирус келтириб чиқараётгани сабаб қилиб кўрсатилган.

Муфтият коронавирусдан ўлганларни дафн этиш тартибини тушунтирди (ВИДЕО)

Жаноза намози узоғи билан 5-7 минут ичида ўқилиши зарур.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси пандемия шароитида дафн маросимини ўтказиш тартиби ҳақида тушунтириш берди.

Уламолар кенгаши аъзоси Мирзамақсуд Алимовнинг 3 августда билдиришича, дафн маросимларида кўпчиликнинг иштирок этиши вирус тарқалишига қулай шароит яратиб беради. Шунинг учун мусулмонлар идораси жанозага кўпчилик йиғилмаслигини тавсия қилади.

Бундан ташқари жанозага йиғилганлар ўзаро кўришишдан ҳам тийилишлари ва 1,5 метрли ижтимоий масофани сақлашлари шарт.

“Маййит тиббий хавфсизлик чоралари кўрилган ҳолда ювилиши лозим. Яъни ғассол ниқоб ва қўлқопда бўлиши керак. Ғуслда ишлатилган барча нарсалар ёқиб юборилиши, челак ва бошқа асбоблар хлор каби воситалар билан дезинфекция қилиниши ҳамда 5-6 соатга қуёш остида қуритилиши керак”, - деб билдирди Мирзамақсуд Алимов.

Уламонинг таъкидлашича, жасад тиббиёт ходимлари томонидан махсус матога ўраб қўйилган бўлса, уларни тиббий хавфсизлик нуқтаи назаридан очиш мумкин эмас. Бунда маййитни қайта ғусл қилиш шарт бўлмайди.

Жаноза намози узоғи билан 5-7 минут ичида ўқилиши, унда саломатлиги заиф бўлганлар, кексалар ва ёш болалар иштирок этмаслиги зарур.

“Тиббиёт ходимлари маййитни қабристонга олиб келишган бўлса, жаноза ўша жойда адо этилиши керак”, - деб қўшимча қилди Мирзамақсуд Алимов.

Ўзбекистон Қирғизистонга 560 минг долларлик ёрдам кўрсатди

Қирғизистон ҳукумати кўрсатилган ёрдам учун Ўзбекистонга миннатдорчилик билдирди.

Ўзбекистон коронавирус инфекциясига қарши курашда кўмаклашиш учун март ойидан то шу кунгача Қирғизистонга жами 560 минг долларлик инсонпарварлик ёрдами жўнатди. Бу ҳақда 3 август куни Бишкекда ўтган брифингда Қирғизистон фавқулодда вазиятлар вазири Замирбек Асқаров маълум қилди.

Вазирнинг айтишича, Ўзбекистон Қирғизистонга 2 минг тонна буғдой уни, 9500 дона комбинезон, 12 минг дона ниқоб, 25 минг дона қўлқоп, 500 дона кўзойнак, 200 дона пирометр ва 45 тонна дезинфекцияловчи воситаларни юборган.

Ўзбекистон Қирғизистонга жорий йилда уч марта -апрель, май, июль ойларида инсонпарварлик ёрдами жўнатганди. Бундан ташқари Фарғона вилояти Қирғизистоннинг Боткен вилоятига, Андижон вилояти эса Ўш шаҳрига инсонпарварлик ёрдами кўрсатган.

Айни пайтда Ўзбекистон пандемия бошланганидан бери АҚШ, Туркия, Германия, Сингапур, Қирғизистон, Қозоғистон ва Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотидан инсонпарварлик ёрдамларини қабул қилган.

Хорижликлар учун виза муддати 1 ноябргача узайтирилди

Ўзбекистонда хорижий мамлакатлар фуқароларининг виза муддати жорий йил 1 ноябрига қадар автоматик тарзда узайтирилди. Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси матбуот хизматига кўра, бунга оид қарор Республика махсус комиссияси томонидан шу йил 30 июлида қабул қилинган.

Қарорга мувофиқ, виза муддатини чўздирмаган хорижликларга нисбатан ҳеч қандай чора кўрилмайди, жарима ундирилмайди.

Аввалроқ Республика махсус комиссия қарори билан хорижий фуқароларга ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга берилган виза муддатлари жорий йилнинг 1 сентябрига қадар узайтирилганди.

Жалолиддин Мангуберди роли турк актёрига берилди

Жалолиддин Мангуберди ролини ўйнаётган турк актёри Эмре Кивилжим.

Ўзбекистон Маданият вазирлиги буюртмасига кўра, “Ўзбеккино” миллий агентлиги билан ҳамкорликда Туркияда “Жалолиддин Мангуберди” сериалини суратга олиш ишлари бошланди. Бу ҳақда Ўзбеккино" Миллий агентлиги маълум қилди.

Қайд этилишича, Туркиянинг "Bo‘zdag‘ film" студияси томонидан суратга олинаётган кўп қисмли фильм режиссёри Меҳмет Бўздағ бўлиб, сериал сценарийсини ёзувчи Назар Эшонқул ёзган.

Айни пайтда Туркиянинг Ақсарай вилояти ҳудудида суратга олинаётган сериал учун махсус тарихий декорациядан иборат павильон қурилган.

Фильмда бош қаҳрамон Жалолиддин Мангуберди ролини турк актёри Эмре Кивилжим (Emre Kıvılcım) ижро этади. Шунингдек, сериалда Тоҳир Саидов, Жавоҳир Зокиров, Акбархўжа Расулов, Саида Раметова, Райҳон Уласенова, Раъно Шодиева, Феруза Норматова, Юлдуз Ражабова каби ўзбекистонлик актёр ва актрисаларнинг ҳам роль ижро этиши кутилмоқда.

“Ўзбеккино” маълумотига кўра, сериалнинг илк мавсуми 13 қисмдан иборат бўлади.

Андижонда қишлоқ хўжалиги ва агротехнологиялар институт ташкил этилади

Андижондаги Бобур майдони.

Тошкент давлат аграр университетининг Андижон филиали негизида Андижон қишлоқ хўжалиги ва агротехнологиялар институти ташкил этилади. Бу ҳақда, “Ҳуқуқий ахборот” Телеграм-канали маълумотига кўра, Ўзбекистон президентининг 30 июль куни имзоланган “Аграр таълим тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида айтилган.

Қарор билан Қишлоқ хўжалиги вазирлиги тасарруфига ўтказилган қишлоқ хўжалиги касб-ҳунар коллежлари негизида олий мактаблар ўрнига агротехнологиялар техникумлари ташкил этиш кўзда тутилган.

Қарорга мувофиқ, Тошкент давлат аграр университетида бакалавриат йўналишларининг сиртқи таълим шакли бўйича масофавий таълим олиш тизимини босқичма-босқич йўлга қўйилади.

Қарорда 2020/2021 ўқув йилидан бошлаб қуйидагилар жорий этилиши қайд этилган:

  • Қишлоқ хўжалиги вазирлиги тизимидаги ОТМларга соҳада 5 йиллик стажга эга бўлган ходимларни тавсиянома асосида ўқишга тавсия этилганда ўқиш муддатини сиртқи таълим шаклида 4 йил этиб белгилаш ҳамда тўлов-контракт миқдорини кундузги таълим йўналишидаги тўлов-контракт (стипендиясиз) миқдорига тенглаштириш;
  • хорижий фуқаролар учун тўлов-контракт миқдорини, истисно тариқасида, икки баробарга камайтириш;
  • бакалавриат йўналишида касбий таълим бўйича кадрлар тайёрлаш тизимини йўлга қўйиш.

Ҳужжатга кўра, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги тизимидаги “Агроинновация” ДУК ва Тошкент давлат аграр университети ҳузуридаги “Ғўза уруғчилиги маркази” негизида Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар Миллий маркази ҳам ташкил этилган.

“Шайтанат” ва “Темир хотин” сценаристи оламдан ўтди

Иллюстратив сурат.

Ўзбекистонлик таниқли режиссёр ва сценарист Маҳмуд Тўйчиев 69 ёшида вафот этди. Бу ҳақда “Ўзбеккино” миллий агентлиги ўз Телеграм-канали орқали маълум қилди.

Агентлик унинг вафотига нима сабаб бўлганига аниқлик киритмаган.

М. Тўйчиев ўзбекистонлик киномухлисларга “Темир хотин”, “Шайтанат”, “Катта ойи”, “Аёллар салтанати” каби фильмларнинг сценарий муаллифи сифатида яхши таниш бўлган.

Маҳмуд Тўйчиев.
Маҳмуд Тўйчиев.

Маҳмуд Тўйчиев 1951 йил 26 август куни Тошкент шаҳрида туғилган. 1980 йил Бутунроссия давлат кинематография институтининг (ВГИК) сценарий бўлимини тугатган.

Давстатқўм: Июль ойида нархлар 0,3 фоизга пасайди

Жорий йилнинг июль ойда истеъмол нархлари ва тарифлари даражаси ўртача 0,3 фоизга пасайган. Бу ҳақда Давлат статистика қўмитасининг куни кеча ёйинланган ҳисоботида айтилган.

Ҳисоботда қайд этилишича, нархлар пасайишига бозорларнинг мева-сабзавот ҳосили билан тўйингани сабаб бўлган.

Озиқ-овқат маҳсулотлари 1,3 фоизга арзонлаган, ноозиқ-овқат маҳсулотлари нархи эса 0,5 фоизга қимматлаган. Хизматлар ҳам 0,4 фоизга қимматлаган, айниқса транспорт ва тиббий хизматлар учун тўланадиган ҳақ ошгани айтилмоқда.

Йил бошидан буён нархлар ва тарифлар ўртача 4,3 фоизга (озиқ-овқат маҳсулотлари 4,9 фоизга, ноозиқ-овқат маҳсулотлари нархи 4,1 фоизга, хизматлари эса 3,6 фоизга) ошган.

Ўтган бир йил ичида эса ўртача нарх ошиши 14,4 фоизни ташкил қилган.

Умумий овқатланиш соҳасида нархлар ўтган бир ой ичида деярли ўзгарган эмас. Йил бошидан бери эса бу соҳада нархлар 6,2 фоизга ошганди.

Евронинг расмий курси 12 минг сўмдан ошди

Ўзбекистон Марказий банки жорий йил 4 августидан валюталарнинг сўмга нисбатан янги қийматини белгилади.

МБ маълумотига кўра, сешанбадан АҚШ долларининг расмий курси ўтган ҳафтага нисбатан 2 сўм 17 тийинга қимматлаб, 10 минг 209 сўм 86 тийинни ташкил этади (ўтган ҳафта 2 сўм 70 тийинга арзонлаб, 10 минг 207 сўм 69 тийин бўлган эди).

Евронинг расмий курси эса олдинги курсга нисбатан 125 сўм 5 тийинга ошиб, 12 минг 21 сўм 9 тийинга тенг бўлади (ўтган ҳафта евро курси 229 сўм 65 тийинга ошиб, 11 минг 896 сўм 4 тийин бўлган).

Валюта қийматини белгилаш чоғида Марказий банк мазкур валюталарни ушбу қийматда сотиш ёки сотиб олиш мажбуриятини зиммасига олмаган.

Наманганда ишсизларга ажратилган бюджет пулларини мансабдорлар ўзлаштиргани аниқланди

Сохта ҳужжатлар воситасида амалдорлар 216,2 миллион сўмни ўзлаштириб юборган.

Наманганда ишсизларга берилиши лозим бўлган 216,2 миллион сўм бюджет маблағи талон-торож қилингани аниқланди.

Маҳаллий нашрларнинг хабар беришича, Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Наманган туман бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда Аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази мансабдорлари 204 фуқаронинг жамоат ишларига жалб этилгани ҳақида сохта ҳужжатлар тузган.

Ҳужжатларда исмлари акс этган шахслар марказга иш сўраб мурожаат қилмаган ва ишсизлар рўйхатида ҳам бўлмаган. Сохта ҳужжатлар воситасида амалдорлар 216,2 миллион сўмни ўзлаштириб юборган.

“Мазкур ҳолат юзасидан марказ мансабдор шахсларига нисбатан Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми “а” банди ва 209-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда”, -дейилади хабарда.

Аввалроқ маҳаллий матбуот 7 июлда Тошкентнинг Сергели туманида ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар учун хайрия ҳисобига келиб тушган 95,8 миллион сўм “Маҳалла” хайрия жамоат фонди Сергели бўлими мансабдор шахслари томонидан талон-торож қилингани маълум бўлгани ҳақида хабар берганди.

Озодлик мақоласи ортидан Фарғона ИИБ ўқитувчини қийноққа солганлар устидан текширув бошлади

Шуҳрат Жўраев Фурқат тумани Тиббиёт бирлашмасида кўрикдан ўтмоқда.

Фарғона вилоят Ички ишлар бошқармаси Озодлик радиосининг Фурқат туманида мактаб ўқитувчиси Шуҳрат Жўраев қийноққа солингани юзасидан мақоласига муносабат билдирди. Расмий билдирувда айтилишича, мазкур ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ва хизмат текшируви бошланган.

“ИИО ходимлари жисмоний тарбия ўқитувчиси Шуҳрат Жўраевни қийноққа солганлик билан боғлиқ ҳолати юзасидан Фурқат туман прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда. Мазкур ҳолат вилоят прокуратураси томонидан назоратга олинган. Шунингдек вилоят ИИБ томонидан ходимларининг хатти-ҳаракатлари юзасидан хизмат текшируви ўтказилмоқда. Текширувлар якунига кўра, қўшимча хабар берилади”, - дейилади хабарда.

31 июль куни Фарғона вилоятининг Фурқат туманида 35 ёшли ўқитувчи Шуҳрат Жўраев туман ИИБ нинг икки ходими уни мактабда компьютер ўғирланишига алоқадорликда айблаб, жиноятга иқрор этиш учун калтаклагани, ҳақоратлаб қийноққа солгани ҳақда Озодликка айтиб берган эди.

Ўшанда Фурқат туман ИИБ навбатчиси Жўраевнинг калтаклангани ҳақидаги иддаолари юзасидан Озодлик саволларига жавоб беришни истамаган.

Фурқат туман прокуратураси мактаб ўқитувчисининг туман ИИБ ида қийноққа солингани ҳақдаги даъволари юзасидан терговолди суриштируви ўтказилаётганини Озодликка тасдиқлаганди.

Сўнгги 12 соатда коронавирусга чалинганлар сони 275 нафарга кўпайди

16 507 бемор тузалди ва соғайиш даражаси 64 фоизни ташкил этмоқда.

Ўзбекистонда коронавирусга чалинганлар сони, 3 август соат 10:00 ҳолатига кўра, 25 828 нафарга етди. Бу 2 август соат 23:30даги кўрсаткичдан 275 кишига кўпдир.

“Янги касалланиш ҳолатларининг 122 нафари Тошкент вилояти, 56 нафари Тошкент шаҳрида, 26 нафари Самарқанд вилоятида, 16 нафари Қашқадарё вилоятида, 13 нафари Қорақалпоғистон Республикасида, 12 нафари Сурхондарё вилоятида, 11 нафари Хоразм вилоятида, 10 нафари Сирдарё вилоятида ҳамда 9 нафари Фарғона вилоятида коронавирусга чалинган беморлар билан мулоқотда бўлганлиги сабабли намуна олинган фуқаролар орасида аниқланган”, -дейилади Соғлиқни сақлаш вазирлиги расмий хабарида.

Айни пайтда коронавирус инфекциясига чалинган 16 507 бемор тузалди ва соғайиш даражаси 64 фоизни ташкил этмоқда.

Касалхоналарда 9 166 нафар бемор даволанмоқда. Улардан 564 нафари оғир, 215 нафари эса ўта оғир аҳволда.

Коронавирусдан яна 6 киши вафот этди. Беморлардан 215 нафари ўта оғир аҳволда

2 август куни жами 1 208 нафар бемор соғайди.

Ўзбекистонда 2 август куни коронавирусга чалинган 6 киши вафот этди. Уларнинг 5 нафари Тошкентда, 1 нафари Андижонда даволанган бемордир.

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг билдиришича, бу билан коронавирусдан вафот этганлар сони расман 153 кишига етди. Бироқ норасмий манбалар, асл рақамлар бундан баландлигини қайд этмоқда. Жумладан, “Дарё” нашри 2 август куни ўз ҳисобича, коронавирусдан вафот этганлар сони камида 161 нафарга етганини хабар қилди.

Вазирликнинг маълум қилишича, 2 август 23:30 ҳолатига кўра, Ўзбекистонда 770 ҳолатда касаллик қайд этилган. Шундан 99 нафари Карантин марказидаги фуқаролар орасида, 671 нафари коронавирусга чалинган беморлар билан мулоқотда бўлганлиги сабабли намуна олинган фуқаролар орасида аниқланган.

"2 август куни жами 1 208 нафар бемор соғайди. Ҳозирда касаллик қайд этилган жами 25 553 нафар бемордан 16 507 нафари соғайиб, даволаниш кўрсаткичи 64 фоизни ташкил этмоқда",- деб билдирди вазирлик.

Расмий хабарда айтилишича, айни пайтда коронавирус инфекциясидан даволанаётган 8 893 нафар бемордан 564 нафари оғир, 215 нафари эса ўта оғир аҳволда. Ҳозирда уй карантинида 72 700 нафар, стационар карантинда эса 20 536 нафар киши тиббий кузатувда бўлиб турибди.

Коронавирусга чалинган яна икки бемор вафот этди

Андижонда 63 ёшли эркак, Тошкентда 56 ёшли аёл коронавирус асоратлари сабаб вафот этди.

Бу ҳақда хабар қилган Соғлиқни сақлаш вазирлигига кўра, андижонлик эркак “COVID-19” тасдиқлангач, нафас етишмовчилиги белгилари кучайган ҳолатда вилоят юқумли касалликлар шифохонасининг реанимация бўлимига ётқизилган.

Бемор ўткир нафас, юрак қон-томир ҳамда полиорган етишмовчилигидан вафот этган.

Тошкент шаҳар Учтепа туманида яшаган 56 ёшли аёлда “COVID-19” тасдиқлангач, тана ҳарорати кўтарилиб, нафас етишмовчилиги кучайганлиги сабаб Тошкент тиббиёт академиясининг клиникасига ётқизилган.

Аёл ўткир нафас ва юрак қон-томир етишмовчилиги, ўпка шишидан вафот этган.

ССВ ҳисоб-китобига кўра, коронавирус қурбонлари сони 151 нафарга етган.

Айни пайтда ижтимоий тармоқларда вирусга чалиниб, уйида даволанаётганлар ва оламдан ўтаётганлар расмий статистикага киритилмаётганидан шикоятлар ҳам кўпайгани кузатилмоқда.

Расмий маълумотга кўра, Ўзбекистонда 2 август соат 17:00 ҳолатига кўра, 296 кишида коронавирус аниқланган бўлиб, жами коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 25 336 нафарга етган.

ССВ хабарида айтилишича, мамлакатда вирусга чалинган 15 833 нафар бемор соғайган.

Расман: Карантиндан сўнг болаларнинг масжидларда намоз ўқишига қаршилик қилинмайди (ВИДЕО)

Каримов даврида масжидларга борган болаларнинг ота-оналарига жарима солинганди.

Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги 1 август куни эълон қилган расмий баёнотда карантин тугаганидан кейин болаларнинг ҳам мажсидларда намоз ўқишларига ҳеч қандай тўсқинлик қилинмаслиги таъкидланган:

“Ички ишлар вазирлиги масжидларга вояга етмаган фуқаролар ва болаларнинг ўз ота, ака-ука ва яқин қариндошлари ҳамроҳлигида намоз ўқиш учун эркин келиб-кетишлари мумкинлигини эслатиб, бунга қонунчилигимизда ҳеч қандай тақиқлар мавжуд эмаслигини алоҳида таъкидлайди”.

ИИВнинг Телеграмдаги расмий саҳифасида видео тарзида эълон қилинган баёнотда ҳозирда пандемия сабаб бутун дунёда бўлгани каби Ўзбекистонда ҳам масжидларда жамоа билан намоз ўқишга чеклов ўрнатилгани ва бу чеклов карантин тугаши билан босқичма-босқич олиб ташланиши айтилган:

“Карантин чоралари бекор қилинганидан сўнг Ўзбекистондаги барча масжидларда фуқароларнинг ҳеч қандай чекловларсиз намозларини жамоа билан адо этишлари учун зарур шарт-шароитлар таъминланади”.

Марҳум президент Ислом Каримов даврида болаларнинг масжидда намоз ўқиши қаътий тақиқланган эди. Бу чеклов Мирзиёев даврида бироз юмшагани кузатилди, бироқ айрим жойларда болаларни масжидларга киритмаслик ҳолатлари ҳамон давом этаётганди

Covid-19: Беморлар сони расман 25 мингдан ошди

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги (ССВ) мамлакатда яна 257 кишида коронавирус аниқлангани ва жами беморлар сони 25 мингдан ошгани ҳақида хабар берди:

«2020 йил 2 август соат 10:00 ҳолатига кўра, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 25 040 нафарни ташкил этмоқда».

Расмий маълумотга кўра, 1 август куни 774 кишида вирус аниқланган бўлиб, бу пандемия бошланганидан буён Ўзбекистондаги энг юқори кунлик кўрсаткичдир.

ССВ хабарида айтилишича, мамлакатда вирусга чалинган 15 299 нафар бемор соғайган, 148 бемор оламдан ўтган.

Айни пайтда ижтимоий тармоқларда вирусга чалиниб, уйида даволанаётганлар ва оламдан ўтаётганлар расмий статистикага киритилмаётганидан шикоятлар ҳам кўпайгани кузатилмоқда.

Давомини ўқинг

Кўрмай қолган бўлсангиз

XS
SM
MD
LG