Линклар

Шошилинч хабар
08 декабр 2021, Тошкент вақти: 06:32

Озарбайжонлар озод қилинган ҳудудларга қайтишга шошилмаяпти. Нега?


1990-йиллар бошида Арманистон билан урушдан қочган кўплаб озарбайжонлар учун яна Озарбайжон назорати остига ўтган туманларга қайтиш неча йиллик орзу рўёби каби туюлиши мумкин. Бироқ ишсиз ва шарт-шароитсиз қолиб кетишни ўйлаб, уларнинг аксари қайтишга шошилмаяпти.

Оғали қишлоғида, ясси адирлар орасида асфальт йўл ёқалаб оқ-яшил тусли янги уйлар қаторлаштириб қурилган. Тевараги иҳоталанган хонадонлар ҳали бўм-бўш, аммо Озарбайжон президенти айтишича, 27 йил бурун бу ерларни ташлаб кетган озарбайжонлар ҳадемай қайтиб, бу уйларга жойлашади.

20-21 октябрь кунлари Тоғли Қорабоққа туташ Зангилан туманига ташрифи чоғида президент Илҳом Алиев туман тарихида “янги давр” бошланганини айтди. 1993 йилдан Арманистон ҳукми остида бўлган ушбу туман ўтган йили олти ҳафталик қонли уруш чоғида қайтариб олинган эди.

90-йиллар бошида Тоғли Қорабоғдаги уруш туфайли қочиб кетган минглаб озарбайжон оилалари бу ерларга қайтишни орзу қилишади. Бироқ, расмий ваъдаларга қарамай, кўплаб репатриантлар кўнглида ҳадик бор: улар инфратузилма, мактаб ва касалхоналар, энг муҳими иш ўринлари ҳали етарли эмас, деб ҳисоблашади.

Оғалида нутқ сўзларкан, Алиев биринчи “ақлли қишлоқ” лойиҳаси Зангилон туманида амалга оширилажагини айтди.

Давлат ОАВларида зўр бериб реклама қилинган “ақлли қишлоқ” концепцияси, баёнотларга кўра, анъанавий қишлоқларни янгилаш ва уларга рақамли ва экологик тоза технологияларни жорий этишга қаратилган.

Оғалидаги янги уйлар
Оғалидаги янги уйлар

“Айрим бинолар тайёр, келаси йилдан, балки жорий йил охирларидан собиқ зангиланликларни Зангиланга кўчириб келишни бошлаймиз”, деди Алиев.

БМТ маълумотига кўра, 1988-1994 йилларда қарийб 860 минг озарбайжонлик Тоғли Қорабоғ ва унга туташ туманларни ташлаб кетган.

Оғали тумани маъмурияти вакили Гарай Ҳусейнов Озодликнинг озарбайжон хизматига қайтиши мумкин бўлганлар рўйхати тузиб бўлинганини айтди.

Унинг айтишича, Оғалидаги янги шаҳарчада уч, тўрт ва беш хонали 200 та уй қурилиб, оилаларнинг эҳтиёжига қараб тақсимланади.

ИШСИЗ ҚАНДАЙ ЯШАШ МУМКИН?

Оғалида туғилиб, ҳозирда пойтахт Бокуда яшаётган 51 ёшли Роҳиб Дунямалиев айтишича, президентнинг нутқидан сўнг туман маъмурлари унга она қишлоғига қайтиши мумкинлигини билдирганлар. Аммо Дунямалиевнинг ҳали жавобсиз қолаётган бир талай саволи бор.

“Иш бўлмаса бола-чақани қандай боқамиз?” ажабланади Роҳиб.

Роҳиб Дунямалиев
Роҳиб Дунямалиев

У расмийларнинг ваъда қилинган бир гектаргача ерни беришига шубҳа қилади, ер берилган тақдирда ҳам одамлар маъмурият кўмагисиз экин-тикин қила олмаслигини урғулайди.

“Бунақа ишларни секин-асталик билан, шошмасдан қилиш керак”, дейди у.

Тоғли Қорабоғни қуршаган Зангилан ва бошқа туманлар Арманистон билан кечган 44 кунлик урушдан сўнг, 2020 йил ноябрда имзоланган оташкесим битими доирасида Боку тобелигига ўтган эди.

Бунгача мазкур ҳудудлар этник арманлар оккупацияси остида бўлган, арманлар уларни ўзини мустақил деб эълон қилган Тоғли Қорабоғ атрофидаги “хавфсизлик зонаси” деб ҳисоблаган. Зангиланнинг катта қисми кимсасиз эди, озарбайжонлардан қолган уйлар эса таланган ва вайрон қилинган. Айрим уйларнинг чордеворлари ҳозиргача сақланган.

Қорабоғлик қочқинлар кўп йиллар давомида Озарбайжон ҳукуматининг “сизларни албатта уйларингизга қайтарамиз” деган ваъдаларига ишониб, оғир шарт-шароитда яшаб келди. Мамлакат улкан нефть ва газ захираларига эга бўлса-да, ҳукумат муҳтожларнинг ҳаммасини ҳам уй-жой билан таъминлай олмади, кўпчилик контейнер ва темир йўл вагонларини бошпана тутишга мажбур бўлди.

Ўтган йилги уруш тугаганидан кейин айрим қочқинлар Озарбайжон тобелигига қайта олинган туманларга қайтишга уринишди. Одамлар эски уй-жойларидан нима қолганига қизиқишди. Айрим репатриантлар махсус рухсатномасиз, ҳали белгиланмаган йўллардан сафарга чиқиб, арман қўшинлари кўмган миналарга тўқишиб нобуд бўлдилар. Экспертлар фикрича, қайтариб олинган ҳудудларни миналардан тозалаш камида ўн йилга чўзилиши мумкин.

Оғали қишлоғи маъмурияти вакили Гарай Ҳусейновнинг Озодликка айтишича, аввало репатриантлар рўйхатини тўлиқ тасдиқлаб, шундан сўнггина кўчириш режасини тузиш керак. У ҳукумат аввало катта ёшлиларни, мактаб ва боғчалар қуриб битказилганидан кейин эса ёш болали оилаларни кўчириб боришни мўлжаллаётганини маълум қилди.

Бу одамлар Оғалида ўзларини қанақа ҳаёт кутаётганини ҳануз тўла тасаввур эта олмай, ҳадиксираб турган бўлсалар ҳам Озарбайжон ҳукумати қайтарилган ҳудудларда инфратузилма лойиҳаларини амалга оширишни тўхтатгани йўқ. Мазкур лойиҳалар саноат корхоналари, электр станциялари ва темир йўлларни ҳам ўз ичига олиши айтилмоқда.

ТУРКИЯ КЎМАГИДА

26 октябрь куни Алиев ёнига унинг турк ҳамкасби ва иттифоқчиси Ражаб Тоййиб Эрдўғон етиб келди. Икковлон 2020 йилда арманлардан тортиб олинган биринчи шаҳар – Фузулийда бунёд этилган халқаро аэропортнинг очилиш маросимида қатнашишди.

Илҳом Алиев ва Ражаб Тоййиб Эрдўғон Фузулийдаги янги аэропорт очилишида.
Илҳом Алиев ва Ражаб Тоййиб Эрдўғон Фузулийдаги янги аэропорт очилишида.

Озарбайжон расмийларига кўра, яқин иттифоқчи бўлмиш Туркия ширкатлари инфратузилма лойиҳаларида ва бу туманларни тиклашда етакчи рол ўйнайди.

Эрдўғон ва Алиев минтақадаги янги автомагистрал ва Зангиландаги “ақлли агропарк” қурилишини бошлаб беришди.

Бокуда истиқомат қилаётган собиқ зангиланлик Нурисан Ҳасанов кўчириш режасида оилаларнинг ҳозирги аъзолари сони инобатга олинишидан умидворлигини айтади.

– У пайтлар болалар ёш эди, ота-оналари билан бирга туришарди. Ҳозир эса кўпчилиги оила қуриб, ҳар ёққа кўчиб кетган, ҳар бирининг кап-катта фарзандлари бор. Уйлар қурилиши ва аҳолини жойлаштириш режасида шулар ҳам ҳисобга олинадимикан?

XS
SM
MD
LG