Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 10:45

“Янги Аҳмадбой”: “Голден кэш” судда, мижозлар пулларнинг қайтарилишини талаб қиляпти  


Ўтган йилнинг ноябрь ойида “Голден кэш” ҳуқуқ тартибот идоралари назарига тушди. Ширкат ёпилиб, беш ходими қамоққа олинди.
Ўтган йилнинг ноябрь ойида “Голден кэш” ҳуқуқ тартибот идоралари назарига тушди. Ширкат ёпилиб, беш ходими қамоққа олинди.

Ўзбекистонликларнинг турли молиявий пирамидаларга катта миқдорда пул бериб, алданиб қолиш ҳолатлари янгилик эмас.

Аммо ҳодисадан-ҳодисага фирибгарлик кўлами кўпайса кўпайганки, камаймаган.

Фарғоналик 52 ёшли Фотима (исми унинг илтимосига кўра ўзгартирилди) уч йил аввал ўз ихтиёри билан “Голден кэш”га 5 минг доллар миқдоридаги пули ҳамда тилла буюмларини берганини айтади.

“Мен қизимни ўқишига деб 5 минг долларгача пул йиғиб қўйгандим. Тилла буюмларни қўшиб 10 минг доллар қилиб берганман. Йиллик 260 фоизгача дивиденд берамиз, деган. Ҳамма ишонаётганди шунга. Ўтган йил ноябрида “Голден кэш”ни босишди. Ноқонуний молиявий пирамида экан. Пулим, тилла буюмларим уларда қолиб кетди.

Ҳозир шу фирма ҳисобида 3 миллиард сўм бормиш, қолганини ташқарига чиқариб юборишган экан. Ҳозир уч мингдан ортиқ одам пулини қайтариб ололмай сарсон бўляпти. Одамлар бир сўм пулини икки сўм қилай, битта машина олай ёки уй олай деб борини сотиб яхши умидда қўйган. Кредитлар олиб шу ерга қўйган. Ёлғиз онаман. Эрим икки йил аввал коронавирусдан ҳаётдан кўз юмган”, - дейди Фотима.

“Голден кэш” ширкати 2020 йил юошида ташкил топган. Компания мижозларига бир йилга 262 фоизлик дивидентли омонатларни таклиф этиб келган.
“Голден кэш” ширкати 2020 йил юошида ташкил топган. Компания мижозларига бир йилга 262 фоизлик дивидентли омонатларни таклиф этиб келган.

“Голден кэш” тилла дўконлар тармоғи 2020 йил январь ойида ташкил топган. Марказий идораси Фарғонада бўлган. Компания мижозларига бир ой учун 40 фоиз, бир йил учун эса 262 фоизлик дивидентли омонатларни таклиф этиб келган.

Бу ижтимоий тармоқлар ва оммавий ахборот воситаларида фаол реклама қилинган.

“Уйини сотиб, пул қўйганлар бор. Бир йилда уч баравар қилиб қайтарилади, деб роса реклама қилишди. Ишондик. Вазирлар Маҳкамасидан берилган лицензияси бор экан-да. Аҳмадбой бўлмаса керак, деб ўйлади кўпчилик. Ишонмасдан бўлмасди-да”, - дейди Фотима.

Молиявий пирамидадан азият чекканлардан яна бири андижонлик Дилобар. У уйини сотиш орқали “Голден кэш”га 10, 7 минг доллар сармоя киритганини айтади.

“Пулни ҳисобига қонуний тўлаганмиз. Уларни Вазирлар Маҳкамасидан берилган лицензиясини кўрганмиз. Ҳукумат уларга рухсат берган экан, демак, қонуний бўлган. Шунинг учун, биз шу пулимизни қайтариб беришларини сўраяпмиз. Бормаган жойимиз қолмади. Инфаркт холатига тушиб қолганлар бўлди.

Жонига қасд қилганлар бўлди. Бор-будини олиб бориб топшириб, кўчада қолганлар бор. Мен ҳам бир-икки сўм фойда қиламан, деб уйимни сотдим, пулимни қайтариб беришларини талаб қиламан. Ўзбек халқи кимга ишонишни билмайди. Вазирлар маҳкамасига боришди, дод-фарёд қилишяпти, лекин киргизмаяпти. ИИБдагилар келиб олиб кетяпти. Сабр қилинглар, кўриб чиқияпмиз, деб жўнатворяпти”, - дейди Дилобар.

Ўтган йилнинг ноябрь ойида “Голден кэш” ҳуқуқ тартибот идоралари назарига тушди. Ширкат ёпилиб, икки нафар украин ва уч нафари тожик фуқаролари бўлган таъсисчилар фирибгарликда гумонланиб қамоққа олинди.

Қамалганлардан бирининг рафиқаси Маҳлиё Аҳмедова Озодлик билан суҳбатда таъсисчиларнинг мол-мулки мусодара қилингани, ҳибсга олиш пайти куч қўлланилганини айтди.

“Ҳибсга олиш “Интерконтиненталь” меҳмонхонасида бўлди. Ўша ерда тақдимот ўтказаётган эдик. Компанияни бир йиллиги бўлган. Унгача ҳеч қанақа муаммо бўлмаган. Адлия вазирлигидан берилган сертификатларимиз ҳам бор эди. Уриб, тепиб олиб кетди. Мен ҳам бир кун ўтириб чиқдим. Машина, телефонларимизни мусодара қилди. Ҳозир менинг турмуш ўртоғим ва яна тўрт киши Зангиотадаги қамоқда”, - дейди Маҳлиё Аҳмедова.

14 июнь куни Тошкентнинг Шайхонтоҳур тумани судида “Голден кэш” бўйича маҳкама бўлиши керак эди, аммо номаълум сабабларга кўра суд мажлиси 21 июнга қолдирилган.

Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигига кўра, компания фаолиятидан бир неча минг фуқаро жабр кўрган, улар ширкатга 100 дан 10 минг долларгача бўлган олтин ва кумуш буюмлар берган.

"Голден кэш" ўз фаолиятини ижтимоий тармоқларда тарғиб қилиб борган.
"Голден кэш" ўз фаолиятини ижтимоий тармоқларда тарғиб қилиб борган.

Жами 2065 кишидан бир йилда 63 миллиард сўмдан ортиқ маблағ тўпланган.

Корхонанинг банк ҳисобида эса 3.5 миллиард сўм борлиги аниқланган. Аммо, ҳозиргача мижозларнинг дивиденд учун тўлаб қўйган пуллари қайтарилиш-қайтарилмаслиги борасида расмий маълумот берилмаган.

Озодлик бу борада Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги ва Бош прокуратурага мурожаат қилди ва изоҳ кутмоқда.

Маҳлиё Аҳмедова “Голден кэш” қонун доирасида фаолият олиб борганини иддао қилади.

“Бир йилга қўяди пулни, компани унгача оборот қиладими, шундан фоизини чиқариб берарди. Ҳаммаси қонун доирасида бўлган. Ҳозир энди буларни етти ойдан бери ушлаб ўтирибди. Қўйиворса пулини чиқариб берар эдик. Қўйиқормаяптику. Одамлар сарсон”, - дейди Маҳлиё Аҳмедова.

Молиявий пирамидалар

"Молиявий пирамида - энг кенг тарқалган фирибгарлик турларидан бири. Бу аллақачон йиғилган маблағлардан олинган даромад янги иштирокчилар ҳисобидан тўланадиган схема. Фирибгарлар одатда яхши манипулятор бўлиб, одамларга моҳирлик билан таъсир қилади, янги усулларни ўйлаб топади. Ҳужумчилар кўчмас мулк, облигациялар ва қимматли қоғозлар сотиб олишни таклиф қиладилар, улар гўёки ўта фойдали интернет лойиҳаларига, қурилиш ёки қишлоқ хўжалигига сармоя киритадилар ва ўта самарали ишлаб чиқаришга сармоя киритиш кампаниясини олиб борадилар.

Постсовет ҳудудида дастлаб молиявий пирамидалар ўтган асрнинг саксонинчи йиллари охирида, иқтисодий таназзул даврида пайдо бўлган. Ўшанда минглаб одам “МMM” пирамидаларига пул тикиб, куйиб қолганди.

Банк тизимига ишонч унча катта бўлмаган Ўзбекистонда ҳам одамларнинг жамғармаларини турли йўллар, турфа усуллар билан ўзлаштириш ҳоллари кўп учрайди.

Бу каби ҳолатларнинг энг машҳури бўлган чинозлик Аҳмадбой пирамидаси қулаган 2016 йилдан буён ўтган вақт мобайнида яна минглаб одам турли кўринишдаги молиявий пирамида қурбонлари бўлди.

Чет элга ишга жўнатаман деб фуқаролардан миллионлаб сўм олган ўнлаб хусусий бандлик агентликлари ёпилди. Айримларига нисбатан жиноят ишлари қўзғатилди.

Бундан ташқари, одамларга туяқуш¸ автомобиль¸ тимсоҳ боласи келтириб бераман, деб алдаб, пулини олган ширкатлар устидан суд жараёнлари бўлиб ўтди.

Молиявий фирибгарликлардан зарар кўрганлар сони юз мингларни ташкил қилиши айтилади.

Тошкентлик ҳуқуқшунос Иномжон Болтаев фирибгарлик ҳолатлари кўпайишида лицензия берувчи давлат идораларининг ҳам айби борлигини айтади.

"Уч-тўрт йил бўлдики, Аҳмадбой деймизми, мана, яқинда "Straus House" туяқуш ширкати ёки автомобиллар савдоси билан шуғулланувчи мана бу ширкат ёки ва ҳоказо, мана "Human" бандлик агентлиги ва бошқа хусусий бандлик агентликлари билан боғлиқ холатлар бўлди. Буларнинг фаолиятини ўрганиб, шундай дейишимиз мумкинки, бу ширкатларга тўлиқ ўрганилмасдан лицензиялар берилган ва бундай ҳолатлар келиб чиқишида лицензия берган ташкилотлар, давлат идораларининг ҳам маълум маънода айби бор, деб ўйлайман".

2019-2021 йиллар давомида Озодлик қатор хусусий ширкатлар ўзбекистонликларни алдагани тўғрисидаги мақолаларни эълон қилган. Бунинг ортидан уларнинг айримлари фаолияти тўхтатилган, айримларига нисбатан жиноят ишлари очилган.

XS
SM
MD
LG