Линклар

Шошилинч хабар
13 ноябр 2018, Тошкент вақти: 10:16

RSF: Қамалган журналист тақдири Мирзиёев ҳукумати учун имтиҳондир


Париждаги Чегара билмас мухбирлар ташкилоти (RSF - Reporters sans frontiers) Ўзбекистон ҳукуматини бир ой аввал конституциявий тузумни ағдариш айблови билан ҳибсга олинган журналист Бобомурод Абдуллаевни озод этишга чақирди. Абдуллаев бир ойдан буён Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати ертўласида ҳибсда қолмоқда ва у бу давр ичида яқинлари ва адвокатига кўрсатилмади. Абдуллаев 10 йилдан 20 йилгача муддатларга қамалиши мумкин.

Чегара билмас мухбирлар ташкилоти 27 октябр куни эълон қилган баёнотида Бобомурод Абдуллаевнинг тақдири Ўзбекистоннинг аввалги қаттол раҳбари Ислом Каримовникидан кескин фарқли чиқишлар қилаётган Шавкат Мирзиёевнинг янги ҳукумати учун бир имтиҳон бўлиши айтилади.

"Сабаби Бобомурод Абдуллаев Мирзиёев президентлиги даврида қамалган илк журналистдир”, - дейди Чегара билмас мухбирлар ташкилотининг Европа ва Марказий Осиё дастури раҳбари Йоҳан Биҳр Озодлик билан суҳбатда.

Ташкилот Бобомурод Абдуллаев қийноқларга солинаётган бўлиши мумкинлигидан хавотир билдирган.

“Ўзбекистон ҳукуматини Бобомурод Абдуллаевни озод этишга ва унинг хавфсизлиги ва ўзини ҳимоя қилиш ҳуқуқлари ҳамда уни устидан адолатли судловни кафолатлашга чақирамиз”, - деди Чегара билмас мухбирлар ташкилотининг Европа ва Марказий Осиё дастури раҳбари Йоҳан Биҳр.

44 ёшли журналист Бобомурод Абдуллаев “Фарғона ру” нашри мухбири бўлган ва спорт шарҳловчиси сифатида ҳам танилган журналистдир.

У 27 сентябрь куни таъмирга берган машинасини устхонадан олиш учун уйидан чиқиб кетганича йўқолиб қолган.

Орадан бир кун ўтиб, унинг Тошкентдаги "Гвардейский" номи билан билинган Миллий Хавфсизлик хизматининг изоляторида экани маълум бўлди.

1 октябрь куни Тошкент шаҳрининг Юнусобод туман суди журналистга нисбатан Жиноят Кодексининг 159-банд 4-қисми билан айблов эълон қилди.

Журналист расман 2011 йилдан "Усмон Ҳақназар"имзоси остида "амалдаги тузумни ўзгартиришга чақирувчи" мақолалар чоп этиш ва Ўзбекистонда "инқилоб қилиш"га уринишда гумонланмоқда.

Бобомурод Абдуллаевнинг оиласига ва уни ҳуқуқий ҳимоя қилиши лозим бўлган адвокатига у билан учрашишига руҳсат берилмади.

Бундан аввал Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси, Халқаро Пен клуб, Human Rights Watch ташкилотлари ҳам Бобомурод Абдуллаевни озод қилиш талаби билан чиққанди.

Amnesty International журналист ҳаёти хавф остида деган баёнот эълон қилган.

Бобомурод Абдуллаев Тошкентда Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик ташкилоти ҳомийлигида ўтказилган "Марказий Осиёда очиқ журналистика" халқаро конференцияси арафасида ҳибсга олинди.

Чегара билмас мухбирлар ташкилотининг Европа ва Марказий Осиё дастури раҳбари Йоҳан Биҳр Тошкентдаги анжуман пайти улар Ўзбекистон ҳукумати расмийларидан Бобомурод Абдуллаев иши бўйича маълумот ололмаганликларини айтди.

“Президент Мирзиёев ислоҳотлари пайдо қилган умидлар силсиласида Бобомурод Абдуллаевнинг кейинги тақдири ҳозирги ҳукумат учун бир имтихон бўлади", дея билдирди Йоҳан Биҳр.

Тошкентдаги анжуман арафасида 4 октябр куни ўзбекистонлик журналист Солижон Абдураҳмонов 9 йилу 4 ойлик қамоқ ортидан Қарши шаҳридаги Шайхали қамоқхонасидан озод этилгани ҳақда Озодлик хабар берган эди.

Чегара билмас мухбирлар ташкилотига кўра, ҳозир Ўзбекистон қамоғида камида тўртта журналист қолмоқда.

XS
SM
MD
LG