Линклар

Шошилинч хабар
16 апрел 2024, Тошкент вақти: 15:50

Зангиотада 2 яшар бола "Тез ëрдам" кечиккани ортидан оламдан ўтди


"Тез ëрдам" машинасини итариб кетаëтган ҳамшира. (Озодлик архивидан)
"Тез ëрдам" машинасини итариб кетаëтган ҳамшира. (Озодлик архивидан)

Тошкент вилояти Зангиота туманининг Қозоғистон чегарасига яқин қисмида яшайдиган Ғуломқодировлар оиласининг кенжаси "Тез ëрдам" кечиккани ортидан пайшанба куни оламдан ўтди.

Воқеани ўрганиш чоғида 2 яшар бола ўлимининг "Тез ëрдам" машинаси йўқ ва малакали тиббий хизмат кўрсатиш имконига эга бўлмаган қишлоқ врачлик пунктидаги аҳвол билан боғлиқлиги ўртага чиқди.

Боланинг қариндошига кўра¸ пайшанба куни эрталаб чопқиллаб юрган бола бирдан ҳушидан кетганида "Тез ëрдам" чақиртирилган ва у ўз вақтида келмаган:

- Бола ўзидан кетиб қолганида Чувалачи қишлоқ врачлик пунктига телефон қилдик. Эрталаб соат 10 га яқин эди. "Тез ëрдам" келмади. Такси тутиб Чувалачи ҚВП га олиб бордик. У ерда биринчи ëрдам кўрсата оладиган одамнинг ўзи йўқ эди. Улар болани "Тез ëрдам" машинасига солиб Кўктерак ҚВПга олиб боришди. Кўктерак ҚВПдан туман касалхонаси детский реанимация бўлимига оборишди. Ўша ерда ўлди¸ дейди боланинг қариндоши.

Зангиота туман ҳокимлигидаги мулозимнинг айтишича¸ болани Кўктерак ҚВП га эрталабки соат 11дан 35 дақиқа ўтганида олиб келишган:

- Соат 11 35 да бола ҳали тирик эди Уни "Тез ëрдам" врачи Шерзод Умаров кўрган. “Кома неясной этиологии” деган ташхис билан биринчи туман болницасининг болалар реанимация бўлимига етказганида ҳам бола тирик бўлган. Болани врач Асқар Назаров қабул қилиб олган. Соат 12 да 2 яшар Ғуломқодиров Улуғбек реанимация палатасида оламдан ўтди. Боланинг жасади ўша куннинг ўзида Зангиота тумани Навоий маҳалласи Чаманзор кўчасида кўчаси 12 уйда яшовчи ота-онасига берилди¸ дейди туман ҳокимлиги мулозими.

Ўлим ҳолати нега қайд қилинмади?

Мавжуд қоидага кўра¸ касалхонада ўлим ҳолати қайд қилинганидан кейин бу борада туман ИИБ га хабар берилиши ва бу ҳақда махсус ҳужжат тўлдирилиши керак эди. Жума куни пешингача бўлган ҳолатда Зангиота туман ички ишлар бўлимида икки яшар Улуғбекнинг ўлгани қайд қилинмаган эди. Тошкент вилоят ҳокимлиги соғлиқни сақлаш бошқармасидаги мулозимнинг Озодликка айтишича техник сабаблар боис ўлимни қайд қилиш кечиккан:

- Кўктерак ҚВП даги ўлим журналига кирмаганлигининг сабаби шуки, врач Шерзод Умаров кўрганида бола кома ҳолатида, аммо тирик бўлган. Биринчи туман касалхонаси жонлантириш бўлими ўлим дафтарига ëзиш ва ИИБга маълумот етказиш нега кечиккани ҳозир ўрганилмоқда. Чувалачи ҚВПда "Тез ëрдам" машинаси ва малакали мутахассисларнинг йўқлиги масаласи ҳам ўрганилмоқда¸ деди мулозим.

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлигининг ўзини таништирмаган мулозими қишлоқ врачлик пуктларини "Тез ëрдам" машинаси ва малакали кадрлар билан таъминлаш борасида ишлар режаланганини айтиш билан кифояланди.

Унга кўра¸ шу кунларда 5 ёшгача бўлган болалар ўлими ҳар 100 минг болага 14 тагa тўғри келмоқда.

Мулозимнинг айтишича, бундан 5 йил олдин Ўзбекистондаги 5 ëшга тўлмаган ҳар 100 минг боладан 15 таси ўлгани ҳисобга олинса, бу борада олға силжиш бор.

Қиёслаш учун: ЮНИСЕФга кўра, Швецияда йилига 5 ёшгача бўлган ҳар 100 минг боладан 3 нафари нобуд бўлади.

XS
SM
MD
LG