Линклар

15 декабр 2017, Тошкент вақти: 21:10

"Бек Барака"да пахтага деб йиғилган пуллар талон-тарож қилинганини прокуратура текширмоқда

  • Ҳурмат Бобожон/Озодлик

Тошкентдаги Бек Барака савдо комплекси.

Тошкент ҳуқуқ-тартибот идоралари “Бек Барака” бозорида пахтага деб йиғилган пуллар талон-тарож қилингани ҳолатини текширмоқда. Озодлик ўтган ой Тошкентнинг “Бек Барака”, “Абу Сахий” ва “Карвон” бозорлари ҳудудидаги ҳар бир дўкондордан пахта терими учун нақд пул ёки мардикор топиб бериш талаб қилингани ҳақида хабар қилган эди.

Тошкентнинг Зангиота тумани ҳудудидаги “Бек Барака” савдо мажмуасидаги дўкон эгаларидан бири Озодликка Тошкент прокуратураси ходимлари дўкондорлар ва бозор маъмуриятини пахтага пул йиғилгани юзасидан сўроқ қилаётганини айтди.

- Афтидан пахтага деб йиғилган миллионлаб сўм ҳеч қаерга топширилмаган, кимнингдир чўнтагига кетган. Ҳар битта дўкондан 1.000.000 сўмдан пул йиғилган. Бозорда мингга яқин дўкон бор, ҳисобланг, бир миллиард сўм бўлади. Шу пул қаерга кетди? Прокуратура ҳозир шуни текширяпти, - деди “Бек Барака” бозоридаги дўкон эгаларидан бири.

Озодлик ўтган ой Тошкентнинг “Бек Барака”, “Абу Сахий” ва “Карвон” бозорларида дўкондордан пахта терими учун нақд пул йиғилгани ҳақида хабар қилган эди. Ўшанда пахтага пул беришга қарши чиққанларга дўконлари муҳрланиши билан пўписа қилинганди.

Бозорда пахтага деб пул йиғилганини бошқа дўкондорлар ҳам тасдиқлашди.

– Пахтага пул берасан, бўлмаса дўконинг мухрланади, деб келишади. Бермасдан иложимиз йўқ-да. Нафақат пахтага, ҳайкалга ҳам 500минг сўмдан пул йиғишди. Қанақа ҳайкалга эканини билмаймиз. Ҳайкалга дейишди, бердик. Бермай ҳам кўринг, - дейди "Бек Барака" бозоридаги дўкондор.

Озодлик бозордаги пул йиғишлар юзасидан “Бек Барака” бозори маъмуриятига боғланди. Лекин, бозор маъмуриятидагилар бу ҳақда гапиролмасликларини айтишди.

Бу йилги пахта мавсумида талаба ва бюджет ходимлари пахта теримидан озод этилиши ортидан улар ўрнига одам ёллаш учун пул йиғиш холатлари кўпайди.

Пахта теримини қўллаб-қувватламаган дўконлар муҳрланди.

Наманган шаҳридаги "Сардоба бозори"да сотувчилар пахта йиғим-теримида иштирок этмагани учун 177-дўкон муҳрлаб қўйилган эди.

Дўконга 23 октябрь куни муҳр урилган бўлиб, у неча кунга муҳрлангани маълум қилинмаган.

Сизнинг фикрингиз

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG