Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 21:02

Қўйлиқ деҳқон бозори Ўртачирчиққа кўчирилади. Ўрнидан метро ўтиши мумкин.


Қўлиқ деҳқон бозори Тошкентнинг энг гавжум бозорларидан саналади.
Қўлиқ деҳқон бозори Тошкентнинг энг гавжум бозорларидан саналади.

Тошкент шаҳридаги энг йирик бозорларидан бири бўлган Қўйлиқ деҳқон бозори Тошкент вилоятининг Ўртачирчиқ туманига кўчирилади.

Қўйлиқ деҳқон бозори маъмурий жиҳатдан пойтахт Тошкентга қарашли Бектемир тумани ҳудудида жойлашган. Бектемир эса¸ Тошкент вилояти тасарруфидаги Ўртачирчиққа туташ.

Бектемир тумани ҳокими муовини Ботир Бобоевнинг Озодликка билдиришича, Ўртачирчиқ туманидаги “Бектемир Нур Агро” ва “Турсунов Улуғбек Агро” фермер хўжаликларига бириктирилган 55 гектар ер майдони янги бозор қурилиши учун ажратилган.

Бозорнинг янги жойга қачон кўчирилиши номаълум. Бектемир тумани ҳоким муовинига кўра, Ўртачирчиқ туманидаги янги бозор қуриб битмагунича¸ Қўйлиқ деҳқон бозори ишлаб туради:

- У ерда деҳқон бозори учун 10,9 гектар, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш ва сақлаш учун 16 гектар ер ажратилган. Қишлоқ хўжалик махсулотларини улгуржи савдо мажмуаси ҳам бўлади, бунинг учун 17 гектар ер майдони ажратилаяпти. Бундан ташқари автомобиллар ва йўналишли транспорт воситалари учун жойлар бўлади. Жами 55 гектар ер ажратиб берилган, - деди Озодлик мухбири 27 апрель куни гаплашган Бектемир ҳокимлиги расмийси Бобоев.

Айни пайтда¸ ҳоким муовини¸ янги савдо мажмуасининг қачон қуриб битказилиши ва Қўйлиқ деҳқон бозорининг у ерга қачон кўчирилиши номаълумлигини билдирди:

- Биринчи навбатда, қуриш ишлари амалга оширилади. Савдо мажмуаси битказилганидан кейин Қўлиқ деҳқон бозори у ерга қўчирилади. Бозор битмагунича Қўйлиқ бозори ишлаб туради, - деди Бектемир тумани ҳокими муовини Ботир Бобоев.

Ҳоким муовинига кўра, деҳқон бозори кўчирилгандан кейин ҳам Қўйлиқдаги буюм бозори ва қурилиш бозорлари ўз жойида қолади.

Тошкентнинг Бектемир туманида жойлашган Қўйлиқ деҳқон бозори пойтахтнинг энг гавжум ва арзон бозорларидан саналади.

Тошкент шаҳар ҳокимлиги маълумотига кўра, салкам 10 гектар майдонни эгаллайдиган Қўйлиқ деҳқон бозорида 4 мингта савдо растаси, 174 та турғун савдо шохобчаси ва 120 та дўкон бор.

"Тошкентни Қўйлиқ бозорисиз тасаввур қилиш қийин..."

Озодлик гаплашган айрим тошкентликларга кўра¸ Тошкентдаги энг арзон деҳқон бозорининг кўчирилиши ҳақидаги гап-сўзлар аҳоли орасида йиллардан бери мавжуд.

Қўйлиқ деҳқон бозоридан дўкон ижарага олиб, озиқ-овқат сотиш билан шуғулланиб келаëтган савдогарлардан бири кўпчилик бу бозорни Ўзбекистон пойтахти қиëфаси учун муҳим жой деб билишини айтади:

- Бозорни саккиз йилдан бери кўчиришади. Шунча катта бозорни кўчириш осонми? Албатта¸ кўчиришмаса яхши эди. Биз ҳам шу ерга ўрганганмиз, одамлар ҳам ўрганишган-да. Бизга ҳам¸ харидорларга ҳам ноқулайлик бўлади. Тошкентни Қўйлиқ бозорисиз тасаввур қилиб бўладими. Шаҳардан узоққа кўчирса¸ менимча¸ у бозорга ҳеч ким бормайди. Ким бозор-ўчар учун Ўртачирчиққа борарди, - дейди ўзини Шоислом деб таништирган савдогар.

"Қўйлиқдан Ўртачирчиққа кўчадиган бозорга автобуслар қўйилади"

Бектемир тумани ҳокими муовини Ботир Бобоев янги савдо мажмуаси озиқ-овқат хариди учун бозорга тушувчиларга узоқлик қилмаслиги, Тошкентнинг "Дўстлик" метро бекатидан Ўртачирчиқда қуриладиган янги бозорга махсус автобуслар қўйилиши режада борлигини айтди.

Ижтимоий тармоқларда¸ Қўйлиқ деҳқон бозорининг кўчирилиши¸ унинг атрофидаги транспорт тирбандлиги муаммосини ҳал қилишига умид қилаëтганлар¸ бу режани қўллаб-қувватламоқда.

Қўйлиқ деҳқон бозори кўчирилганидан сўнг унинг ўрнида нима қурилиши ҳозирча маълум эмас.

Тошкент шаҳар ҳокимлигининг Озодлик суҳбатлашган мулозими Қўйлиқ деҳқон бозори ўрнида Қўйлиқ билан Тошкентнинг "Дўстлик" метро бекатини боғлайдиган ерусти метроси қурилиши режада борлигини истисно қилмади.

XS
SM
MD
LG