Линклар

Андижонда “Дамас” ҳайдовчилари милицияга бепул хизмат қилишга мажбурланмоқда


Андижонда милиция “Дамас” ҳайдовчиларини кечаси билан ихтиёрий-мажбурий тарзда навбатчилик қилишга, йўл-патрул хизмати ходимларини шаҳардаги назорат постларига бепул ташишга мажбурлаётганини айтишмоқда. Андижон Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси мулозими Озодлик билан суҳбатда шаҳарда "Осойишталик посбонлари" тадбири ўтказилаётгани ва шу тадбир доирасида “Дамас” ҳайдовчиларидан ёрдам сўралаётган бўлиши мумкинлигини айтди.

Андижонлик ҳайдовчилардан бири Озодлик билан суҳбатда ўзи ва ҳамкасблари кун бўйи йўловчи ташиб, кечаси милицияга бепул хизмат қилишга мажбурланаётганини айтади.

-Тўхтатиб машина техпаспортини олиб қўяди. Кейин тўртта милиция ходими машинага минади, “кетдик” дейди. Шу билан эрталаб 5 гача уларнинг хизматида, постма-пост юрамиз. Айрим "Дамас"лар томига сирена ҳам қўйиволишган. Шу холатдан норози бўляпмиз, - дейди исми сир қолишини истаган андижонлик ҳайдовчи.

Милиция билан тортишадиган ҳайдовчиларга эса, қоидани бузгани ва машина жарима майдончасига олиниши мумкинлиги билан пуписа қилинмоқда.

-Тезликни оширгансан, иккинчи полосага ўтгансан, дейди. Камчилик топади. Айрим ҳайдовчилар навбатчилик қилишдан пул бериб қутилмоқда. 20 минг сўм билан қутулса бўлади. Чунки бу кечаси милицияга хизмат кўрсатгандан арзонга тушади. Навбатчиликда эса, камида 15-20литр бензин кетади. Бунинг устига вақт кетади. Туни бўйи навбатчилик қилгандан кейин уйга бориб кун ярмигача ухлашдан бошқа чора қолмайди, - дейди андижонлик “Дамас” ҳайдовчиси.

Андижон Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси мулозими Озодлик билан суҳбатда “Дамас” ҳайдовчиларидан ёрдам сўралаётган бўлиши мумкинлигини тасдиқлади.

- Ҳозир Андижонда "Осойишталик посбонлари" тадбири ўтказиляпти. Шу тадбир доирасида айрим ҳайдовчилардан қонун доирасида ёрдам сўралаётган бўлиши мумкин. Лекин, ҳеч ким ҳайдовчиларни бунга мажбурлаётгани йўқ, - деди Андижон милицияси мулозими.

Ўзбекистон Ички ишлар органлари тўғрисидаги қонуннинг 20 – моддасида милиция ходимлари ташкилот ва фуқароларнинг транспорт воситаларидан фойдаланиш тартиби ҳамда мулк эгаси кўриши мумкин зарари ва сарф-ҳаражатларини қоплаш тартиби белгилаб қўйилган.

“Ташкилотлар ва фуқароларнинг транспорт воситаларидан мажбурий тарзда фойдаланганлик натижасида харажатлар қилинган ёки зарар етказилган тақдирда, шунингдек транспорт воситасининг эгасига мулкий зарар етказилган тақдирда ушбу харажатларнинг ёки зарарларнинг ўрнини ички ишлар органлари томонидан қоплаш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади”, - дейилган қонунда.

Лекин, ҳайдовчилар милиция уларга ҳатто ёнилғи пулини бермаётганини айтишди.

- Ҳеч бўлмаса газимизни қуйиб беринг, десак “ватан учун хизмат қилябсан” дейди. Мана шу ҳолат бизни ғазаблантиряпти, - дейди андижонлик ҳайдовчи.

Ўзбекистонда “Дамас” ҳайдовчилари милиция хизматига жалб этилиши биринчи марта рўй бераётгани йўқ.

Ўтган йилги пахта мавсумида Ўзбекистоннинг бир қанча вилоятларида, жумладан Андижонда ҳам милиция "Дамас" машиналарини тўхтатиб, уларни ҳашарчиларни ташишга мажбурлагани ҳақда Озодлик хабар берган эди.

XS
SM
MD
LG