Линклар

Бош вазир Мирзиёев 9 та ГЭС қурмоқчи эди, Президент Мирзиёев 42 та қурмоқчи


Ўзбекистон Республикаси Президенти 3 май куни имзолаган гидроэнергетикани ривожлантириш тўғрисидаги қарор йиллардан буён электр энергияси тақчиллигини ўз бошидан кечириб келаётган ўзбекистонликлар учун умид муждаси бўлиши мумкин. Лекин худди шундай қарорни Мирзиёев бош вазир лавозимида ишлаб турганида имзолаганига 2 йил ҳам тўлмадику? Кечаги қарорнинг аввалгисидан нима фарқи бор? Аввалгиси қандай ижро этилди?

Ўзбекистонда 2017-2021 йилларда 42 та янги гидро электростанция (ГЭС) қурилади ва ишлаб турган 32 та ГЭС модернизацияланади. Бу ҳақда Президент Мирзиёев имзолаган қарорда айтилди.

Бош вазир Мирзиёев қарорининг Президент Мирзиёев қароридан фарқлари

2015 йилнинг 16 ноябрида Шавкат Мирзиёев бош вазир сифатида худди шу масаладаги бошқа бир қарорни имзолаган эди.

Бош вазир Мирзиёевнинг қарори "2016-2020 йилларда гидроэнергетикани ривожлантириш дастури тўғрисида" эди.

Президент Мирзиёевнинг қарори "2017-2021 йилларда гидроэнергетикани янада ривожлантириш дастури тўғрисида"дир.

Бош вазир Мирзиёевнинг қарорида 9 та ГЭС қуриш ва мавжуд 15 та ГЭСни модернизациялаш назарда тутилган.

Президент Мирзиёевнинг қарорида 42 та янги ГЭС қуриш ва мавжуд 32 та ГЭС модернизациялаш назарда тутилган.

Бош вазир Мирзиёевнинг қарорини Президент Мирзиёев “семиртиргани” 1 ярим йил муқаддам бошланган ишлар жадал суръатлар билан кетаётганидан даракми?

Бу масалани Бош вазир Мирзиёев имзолаган дастурга киритилган бир ГЭС мисолида ўргандик.

Ўзбекистондаги "оқсоқол" ГЭС

Бош вазир Мирзиёев 2015 йилда имзолаган дастур доирасида модернизацияланиши режалаштирилган ГЭС лар орасида “Тошкент ГЭСлари каскади”га кирувчи 1- ГЭС ҳам бор.

Станция модернизацияланганидан сўнг унинг қуввати 6 МВтга етказилиши, йилига 40,71 млн. кВт/с электр энергияси ишлаб чиқариши режалаштирилган. (Қиёслаш учун Ўзбекистондаги йирик Фарҳод ГЭСининг қуввати йилига 830 млн. кВт/с)

1- ГЭСни модернизациялашга 28,5 млн. доллар сарфланиши, бу пулнинг 19,5 миллиони қарзга олиниши назарда тутилган.

Ҳукумат режасига биноан 1- ГЭСни модернизациялаш ишлари шу кунларда жадал давом этаётган бўлиши керак.

Озодликка бу ишнинг давом этмаётгани, ҳатто бошланмаганини “Ўзбекэнерго” давлат акциядорлик компанияси етакчи мутахассисларидан бирининг айтганларидан маълум бўлди.

Ўзбекистондаги "оқсоқол" ГЭС модерн бўлиш учун пул кутаяпти

Исми сир қолиши шарти билан Озодлик саволларига жавоб берган мутахассиснинг айтганлари будир:

“Тошкент ГЭСлари каскади”га кирувчи 1- ГЭС Ўзбекистонда қурилган энг биринчи ГЭСдир.

1926 йили ишга тушган, яъни 91 йилдан буён тинимсиз ишлаётган 1- ГЭСга ўша вақтда ҳар бири 1 мгВтлик 4 та агрегат ўрнатилган. Уларнинг ресурси тугаганига бир неча 10 йил бўлган, 4 та агрегатнинг 1 таси ҳар доим ремонтда бўлади. Модернизация қилингач, 1- ГЭСга ҳар бири 3 мгВтлик 2 та гидроагрегат ўрнатилади.

1- ГЭСни модернизациялаш ишлари 2015 йилги дастурда айтилганидай, 2016 йилда бошланиб, бу йил якунланиши керак эди. Лекин инвестор ҳали пул ажратмагани учун ишлар бошлангани йўқ. 1- ГЭСнинг ПТО лойиҳаси тайёр, улар экспертизадан ўтказилган, лекин пул ажратилиши кутилаяпти.

“Тошкент ГЭСлари каскади”нинг 9- ГЭСи бўйича ҳам аҳвол шундай: ПТО лойиҳаси тайёр, консультантлар тайинланган, модернизацияни амалга оширувчи бош пудратчини танлаш учун тендер эълон қилиниши кутилмоқда”, деди “Ўзбекэнерго” давлат акциядорлик компанияси етакчи мутахассисларидан бири.

Суҳбатдошимиз 2015 йилги дастурга киритилган бошқа ГЭСлар бўйича маълумот беришни истамади.

Шундай қилиб, "ҳамма гап пулда!"

Президент Мирзиёевнинг янги қарорида назарда тутилган 42 та янги ГЭС қурилиши истиқболларига оид саволга жавобан мутахассис аввалига кулди, кейин, “ҳамма гап пулда, пул бўлса, ундан кўпини ҳам қурса бўлади”, деб жавоб берди тагдор қилиб.

Президент қароридан кўзланган мақсад

Президент Мирзиёевнинг "2017-2021 йилларда Гидроэнергетикани янада ривожлантириш дастури тўғрисида"ги қарори Республика энергетика балансида қайта тикланадиган энергия манбалари миқдорини босқичма-босқич ошириб бориш ва шу асосда экологик тоза генерация манбалари яратиш, мавжуд бўлган гидроэлектро станцияларнитехник ва технологик қайта жиҳозлаш, халқаро тажрибани ҳисобга олиб сув манбаларидан самарали фойдаланиш, энергетика манбаларининг ўзаро мувофиқлиги даражасини ошириш ва шунинг ҳисобидан аҳоли ва корхоналарнинг электр энергиясига бўлган талабини тўлиқ қондириш мақсадида қабул қилинган.

Қураман деганга имкон кўп ёки Ўзбекистон қанча электр қуввати ишлаб чиқаради?

Бундан 10 йил муқаддам баъзи нашрлар мутахассисларга таяниб, Ўзбекистондаги сув омборлари, ирригация каналлари ва тоғ дарёларида умумий қуввати 1,18 минг МВт лик, йилига 48 млрд кВт/с электр қуввати ишлаб чиқариши мумкин бўлган 141 та ГЭС қуриш мумкинлиги тўғрисида ёзган эди.

Орадан 10 йил ўтиб ҳам, бу баҳолар принципда ўзгарган эмас.

Ўзбекистонда йилига 50 млрд кВт/с атрофида ишлаб чиқариладиган электр қувватининг ГЭСларга тўғри келадиган улуши жуда кичикдир. Баъзи мутахассислар ГЭСлар улуши 10 фоиз деса, энергетика масалалари бўйича мутахассис, “Ўзбекнефтегаз”нинг собиқ раҳбари Анвар Ҳусаиновнинг айтишича, ГЭСрарнинг улуши янада оз – 2 фоизнинг атрофида, холос.

Анвар Ҳусаинов билан суҳбатни тингланг:

XS
SM
MD
LG