Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 07:36

Ўзбекистондаги пойафзал фабрикалари синиш арафасида турибди


“Ўзбекчармпойафзали” уюшмаси маълумотига кўра, ҳозирги кунда мамлакатда юздан зиёд пойафзал ишлаб чиқариш ва шу каби корхона фаолият юритади.
“Ўзбекчармпойафзали” уюшмаси маълумотига кўра, ҳозирги кунда мамлакатда юздан зиёд пойафзал ишлаб чиқариш ва шу каби корхона фаолият юритади.

Ўзбекистон президент 9 йил муқаддам имзолаган 1050- сонли қарори билан маҳаллий ишлаб чиқарувчиларга берилган имтиёз ва преференциялар 2018 йил 1 январидан ўз кучини йўқотиши ортидан мамлакатдаги чарм маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи ўнлаб корхоналар синиш ёқасига келиб қолган.

Озодлик суҳбатлашган корхона эгаларининг айтишича, божхона имтиёзлари ҳамда преференциялари бекор бўлгач, четдан тери ва тагчарм олиб келиш қимматга тушмоқда, оқибатда маҳаллий ишлаб чиқарувчилар маҳсулотлари таннархи кўтарилиб, бозорда импорт маҳсулотлар билан рақобатга дош беролмай қолди.

Фарғона вилоят, Қўқон шаҳридаги “Kokand Future shoes, OOO” корхонаси аёллар ва эркаклар учун турли хил чарм маҳсулотлари ишлаб чиқаради.

2011 йилда фаолиятини бошлаган корхона Ўзбекистон президентининг 1050- сонли қарорида берилган имтиёзлардан фойдаланиб келди.

Корхона раҳбари Содиқжон Солиев Озодлик билан суҳбатда, шу йил бошида президент қароридаги имтиёзлар ўз кучини йўқотгач, корхона банкротлик ёқасига келиб қолганини айтди.

- Илгари 190 та одам ишлаган корхонада бугун 40 та ишчи қолган. Олдин кунига 5 мингта пойафзал чиқарган бўлсак, ҳозир кўпи билан 300 та чиқаряпмиз. Кўряпсизми аҳволни, - деб сўзида давом этади қўқонлик тадбиркор.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:02:44 0:00
Бевосита линк

- Ўн йиллик имтиёз олиб ташлангани бизга катта зарба бўлди. Четдан олиб келадиганимиз хом ашёни ҳар бирига божхона тўлови 10 баробар ошди. Олдин 10 минг долларлик юк учун 200 доллар разтаможка тўлаган бўлсак, ҳозир 2 минг доллар тўлашга мажбур бўляпмиз. Бундан ташқари ишлаб чиқарувчиларга 5 фоизлик солиқ қўшилди. Ташқаридан кириб келган хомашёга божхона тарифлари ортиши сабаб махсулотимиз тан нархи ҳам ошиб кетди. Ўзимизда хомашё базаси йўқ. Четдан олишга мажбурмиз. Бошқа томондан чегаралар очилиб, контейнер-контейнер тайёр маҳсулотлар кириб кела бошлади. Биз улар билан конкуренция қилолмайдиган даражада қолдик. Ишчи ўринлар камайди, ишлаб чиқариш камайди, банкрот ёқасига келиб қолдик. Банкдан олган кредитларимизни тўлолмаяпмиз. Дебет йўқ. 2 миллиард сўм қарзимиз бор. Тўрт ойдан буён кирим йўқ, - дейди “Kokand Future shoes, OOO” корхонаси раҳбари Содиқжон Солиев.

Бухородаги болалар учун ортопедик пойафзал ишлаб чиқаришга ихтисослашган “Erkatoy-Bolajon, OOO” ширкати ҳам имтиёзлар муддати тугагач, касодга юз тутган.

Олдин йилига 10 мингта пойафзал чиқарган бу ширкатнинг ишлаб чиқариш қуввати тўрт ой ичида икки баравар камайди.

Ширкат раҳбари Фотима Сайдуллаева Озодлик билан суҳбатда хомашёлар тугаб бораётгани ва корхона фаолияти вақтинча тўхтатилиши мумкинлигидан хавотир билдирди.

- Биз болалар учун соғлом, ортопедик туфлилар ишлаб чиқарамиз. Шунинг учун сифатли тери ишлатамиз. Туркия, Хитой, Ҳиндистондан олиб келамиз. Илгари божхона тарифлари енгиллиги сабабли терининг 1 дециметри, яъни 10 сантиметрга 10 саниметр терининг нархи 920 сўмга тушган бўлса ҳозир 1 ярим минг сўмдан кўп бўляпти. Шунинг учун маҳсулотимиз тан нархи ошиб, ҳамма Хитойдан олиб келинган сифатсиз туфлини олишга ўтди, бизники ўтмай қоляпти. Ахир бизники ортопедик, Хитойдан келган туфлилар бизни болаларимизни майиб қилади. Шунинг учун ҳукуматимиз четдан тайёр маҳсулотларга божхона солиқларини ошириб, маҳаллий ишлаб чиқаришни қўллаб-қувватлаш учун четдан хомашёга солиқларни камайтирса яхши бўлар эди, - деди Фотима Сайдуллаева.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:04:08 0:00
Бевосита линк

“Ўзбекчармпойафзали” уюшмаси маълумотига кўра, ҳозирги кунда мамлакатда юздан зиёд пойафзал ишлаб чиқариш ва шу каби корхона фаолият юритади.

Бу корхоналар Ўзбекистон президенти 2009 йилнинг 28 январида имзолаган “Маҳаллий ноозиқ-овқат истеъмол товарлари ишлаб чиқариш кенгайтирилишини рағбатлантириш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида корхоналар фойда солиғи ва мулк солиғи, ягона солиқ тўловлари, ноозиқ-овқат истеъмол товарлари ишлаб чиқаришда фойдаланиладиган асбоб-ускуналар, бутловчи буюмлар, республикада ишлаб чиқарилмайдиган хом ашё ҳамда материалларни божхона тўловларидан 2018 йилнинг 28 январигача озод этилган эди.

Озодлик билан суҳбатлашган корхона раҳбарлари бож имтиёзлари бекор бўлгани уларнинг келгусидаги режаларига қаттиқ зарба бўлаётгани, ишчи ўринларни кўпайтириш ўрнига қисқартиришга мажбур бўлишаётганини айтишди.

- Президентимиз маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватламаса ҳаммамиз касод бўламиз. Минглаб одам ишсиз қолади, - дейди бухоролик тадбиркор Фотима Сайдуллаева.

Озодлик “Ўзбекчармпойафзали” уюшмаси билан боғланди.

Исми сир қолиши шарти билан Озодликка гапирган уюшма мулозимининг айтишича, тадбиркорлар кўтараётган муаммодан Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасидаги мутасаддиларнинг хабари бор.

- Тадбиркорларга имтиёз ва имкониятлар берилиши тез кунда ҳал бўлади, бу бўйича тегишли ҳужжатлар имзоланиши кутиляпти, - деди “Ўзбекчармпойафзали” уюшмаси мулозими.

Бироқ масала қачон ҳал бўлади, ҳукумат қандай имтиёз ва имкониятларни бериш ниятида?

Бу саволга Озодлик “Ўзбекчармпойафзали” уюшмасидан аниқ жавоб ололмади.

- Ўйлаймизки, минглаб ишчиларни ишсиз қолдириши мумкин бўлган бу муаммони президентимиз эътиборсиз қолдирмайди, муаммо тез ҳал бўлади, - деди “Kokand Future shoes, OOO” корхонаси раҳбари Содиқжон Солиев.

XS
SM
MD
LG