Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 09:55

Peugeotга ишга кириш учун француз тилини ўрганганлар "Ёшлар иттифоқи"дан хафа


Жиззахда бир гуруҳ коллеж битирувчилари "Ёшлар иттифоқи"нинг ваъдаларига ишониб, вилоятда ишга туширилажак Peugeot автомобиль заводига ишга кириш учун юз минглаб сўм тўлаб француз тилини ўрганганган.

Лекин, уч ой ўтиб ваъдалар ёлғон бўлиб чиққан.

Ёшлар Иттифоқи мулозими Озодлик билан суҳбатда коллеж битирувчиларига франуз тилини ўрганиш тавсия этилгани, лекин уларга заводда иш ваъда қилинмаганини айтди.

"Ўзавтосаноат" ширкати мулозими эса, Peugeot автомобиль заводида ишлаш учун француз тили асосий талаб эмаслигини билдирди.

Исми сир қолиши шарти билан Озодликка гапирган жиззахлик коллеж биритувчиси, "Ёшлар Иттифоқи"нинг ваъдаларига учиб, Жиззахдаги “Invi Study” тил ўрганиш марказида ойига 172 минг сўм пул тўлаб февралдан бери ҳафтасига 5 кун француз тили ўргангани, лекин пули ва вақти зое кетганини айтди.

- Янги очиладиган Peugeot автомобиль заводига мастерликка француз тилидан имтиҳон бўлади, имтиҳондан ўтганлар Францияга иш ўргангани олиб кетилади, деб ваъда беришган. Ўшанда вилоятдан юз киши Францияга олиб кетилиши ҳақидаги ваъдаларни ўз қулоғим билан эшитдим. Биз ҳам шунга ишониб, улар айтган тил марказига ойига 172 минг сўм пул тўлаб ўқидик. Жуда қиммат бўлса ҳам шу пулни тўладик. Ҳозир ҳаммамизнинг хафсаламиз пир. Иш ҳам йўқ экан, ҳозирча завод ҳам йўқ экан, - деди Озодлик билан суҳбатда жиззахлик коллеж ўқувчиси.

Жиззахлик коллеж биритувчиси, "Ёшлар Иттифоқи"нинг ваъдаларига учиб, “Invi Study” тил ўрганиш марказида ойига 172 минг сўм пул тўлаб, француз тили ўрганган.
Жиззахлик коллеж биритувчиси, "Ёшлар Иттифоқи"нинг ваъдаларига учиб, “Invi Study” тил ўрганиш марказида ойига 172 минг сўм пул тўлаб, француз тили ўрганган.

Ёшлар иттифоқининг Жиззах бўлими мулозими Озодлик билан суҳбатда ҳеч ким коллеж битирувчиларига Peugeot автомобиль заводида иш ваъда қилмаганини айтди.

- Бизни Peugeot автомобиль заводидаги ўринларга иш ваъда беришга ҳаққимиз йўқ. Биз, шунчаки, ёшларга чет тилларни ўрганишни тавсия қиляпмиз холос. Бу ерда бўлган учрашувлардан бирида вилоятда Peugeot автомобиль заводи очиляпти, француз тилини ўргансангизлар, балки, шу заводга ишга кириш имкони бўлар, деб мисол сифатида айтилганди. Лекин, биз ҳеч кимга иш билан таъминлашни ваъда қилмаганмиз, - деди Ёшлар иттифоқи мулозими.

Озодлик суҳбатлашган "Ўзавтосаноат" ширкати мулозими эса Peugeot автомобиль заводида ишлаш учун француз тилини билиш асосий талаб эмаслигини айтди.

- Заводда ишга олинганда қўлидан нима келади? Мутахассислиги нима? Қайси соҳа бўйича ўқиган? Мана шу шартлар бўйича қабул қилиниши мумкин. Тил билиши ҳам муҳим, лекин бу асосий талаб эмас, - деди "Ўзавтосаноат" ширкати мулозими.

Жиззахдаги “Invi Study” тил ўрганиш маркази ўқитувчиларидан бири Озодлик билан суҳбатда вилоятда Peugeot автомобиль заводи очилиши сабабли француз тилини ўрганувчилар кўпайганини айтди.

- Олдинлари қизиқиш катта эмас эди. Бу йилдан жуда кўп. Энди заводга ишга кирадими, кирмайдими баҳонада тил ўрганишяпти. Шунинг ўзи фойда, зарар эмас. Заводга кирмаса, бошқа жойга кириши мумкин, - дейди жиззахдик француз тили ўқитувчиси.

Ўзбекистонда йўловчи ва юк ташишга мўлжалланган Peugeot ва Citroën русумидаги автомобилларни ишлаб чиқарувчи завод “Жиззах” эркин инвестиция ҳудудида 2018 йилнинг 1 майидан ишга туширилиши режалаштирилаётгани айтилганди.

Кейинчалик заводнинг очилиши 2018 йилнинг декабрига қолдирилгани билдирилди.

"Ўзавтосаноат" ширкатига кўра, Peugeot автомобиль заводида 600та янги иш ўринлари яратилади.

Корхона йилига 16 минг дона замонавий автомобиль ишлаб чиқариш қувватига эга бўлади. Маҳсулот ички бозордан ташқари яқин ва узоқ хориж давлатларига ҳам экспорт қилинади.

"Корхонани лойиҳалаштириш Peugeot Citroen компанияси инженерлари билан биргаликда амалга оширилмоқда. Келажакда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотда маҳаллийлаштириш улушини 50%га еткизиш режалаштирилмоқда", - деб билдирилган "Ўзавтосаноат" ширкати расмий сайтида.

XS
SM
MD
LG