Линклар

Шошилинч хабар
19 январ 2020, Тошкент вақти: 15:09

Фарғонада ота-оналардан фарзандини отинойи ёки домлага бермаслик ҳақида тилхат олинмоқда


Фарғона вилоятининг барча мактабларида йиғилишлар ўтказилиб, ота-оналардан "фарзандимни ёзги таътил давомида диний таълимот берадиган отинойи ва домлаларга бермаслик ва жиноятчиликни келтириб чиқарувчи компьютер ўйинларини ўйнамасликларига кафолат бераман", деган мазмунда тилхатлар ёздириб олинди.

Фарғоналик ота-оналар Озодликка етказган бу хабарни Фарғона вилояти Халқ таълими бошқармаси мулозими тасдиқлади.

12 ёшли фарзанди Марғилон шаҳридаги 4- мактабга борадиган Шерали Дўстёров Озодлик билан суҳбатда 28 май куни мактабда йиғилиш ўтказилиб, ота-оналардан шундай тилхат олингани ва ўзи ҳам шу ҳужжатга имзо чекканини айтди.

- Ёзда болаларингиз бекор, қаровсиз қолиб, турли диний ёки жиноий гуруҳларга қўшилиб кетмасин, зўравон ўйинлар ўйнамасин, дейишяпти-да. Шу ҳақда тайёр ёзилган тилхатни бериб чиқишди, боласининг исми, ўқийдиган синфини киритиб, ҳамма шунга имзо қўйди, - дейди Дўстёров.

Фарғонадаги мактабларда ота-оналардан олинган тилхат.
Фарғонадаги мактабларда ота-оналардан олинган тилхат.

​Фарғона вилоят Халқ таълими бошқармасининг исмини айтмаган мулозими ота-оналардан бу каби тилхатларнинг олинишига водийда ўз фарзандларини бепул диний тарбия беришни таклиф қиладиган домла ва отинойиларга берувчилар кўпайгани сабаб эканини айтди.

Мулозим Озодлик билан суҳбатда ота-оналарга фарзандларини қизиқиши бўйича тўгаракларга бериш тавсия этилганини қўшимча қилди.

- Болам ёзда бекор юрмасин, ҳалол-ҳаромни тушунсин, деб фарзандларини ҳар хил отинойи, домлаларга бераётганлар кўп. Оқибатда фарзандлари ҳар-хил диний гуруҳларга қўшилиб кетаётгани ҳолатлари ҳам бўляпти. Ундан кўра, бола ёзда ҳунар ўргансин, ёзги лагерга борсин, деяпмиз. Бундан ташқари фарзандларини қаровсиз қолдириб, турли давлатларга чиқиб кетаётганлар бор. Уларга ҳам тушунтиряпмиз, болаларингиз назоратсиз қолмасин деяпмиз, келажакда яхши инсон бўлиб, юрт равнақига ҳиссасини қўшсин, деяпмиз. Шу мақсадда фарзандим назоратини ўз зиммамга оламан, деган тилхатлар оляпмиз. Бундан ташқари ҳар хил компьютер ўйинлари чиққан, четдан фильмлар келяпти, уларнинг таъсиридан ҳам болаларни ҳимоя қилайлик деяпмиз, ота-оналар ҳам буни тушунишяпти, - деди Фарғона вилояти Халқ таълими бошқармаси мулозими.

Наманганлик маҳалла фаоли Убайдулло Азимов ҳам Озодлик билан суҳбатда ёш болаларни домла ва отинойилардан масофада ушлаш тарафдори эканини айтди.

- Ёш болалар ўқишини ўқисин. Болани мияси чалғимасин, дейишяпти-да. Фақат, мактабда берилган дарсликларни ўқисин. Мактабни яхши ўқиса олийгоҳларда ўқийди, етук одам бўлиб етишади-да. Мактабни битирганидан кейин масжидга борсин, - дейди Убайдулло Азимов.

Фарғонадаги "Саодат" жоме масжиди имомининг исмини айтмаган ёрдамчиси болаларни диний илм олишдан чеклаш нотўғри эканини айтди.

- Бунақа тилхатлар олиниши нотўғри. Айниқса, ҳозир болалар диний билимини оширайлик, дейилаётган бир пайтда. Сиз буни тепадагиларга олиб чиқинг, шундай тилхат ёздираётганларга чора кўришсин, - деди "Саодат" жоме масжиди мутаваллиси.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Шайх Абдулазиз Мансур мактабларда ота-оналардан фарзандларини диний таълимот берадиган отинойи ва домлаларга бермаслик ҳақида тилхатлар олинаётганидан хабарсиз эканини айтди.

- Ҳозир мамлакатда ёшларни ҳам диний маълумотли қилайлик, Худони танисин, ҳалол-ҳаромни тушунсин, жиноятга қўл урмасин, деган яхши гаплар бўлиб турибдию, бу гапдан мен ҳайрон қоляпман, - деди Абдуазиз Мансур.

Ўзбекистондаги мактабларда ота-оналардан бу каби тилхатлар биринчи марта олинаётгани йўқ.

Илгари Ўзбекистондаги айрим мактабларда ота-оналардан "Фарзандимнинг мактабга келиши ва кетишини назорат қилишни ўз зиммамга оламан", -деган мазмунда тилхатлар олингани ҳақда Озодлик хабар берган эди.

Бундай ҳаракатлар ўқувчилар мактаб ташқарисида бўлган вақтда ўқитувчилардан жавобгарликни соқит қилиш учун қилиниши айтилади.

Шарҳларни кўринг (5)

Бу форум ёпилган
XS
SM
MD
LG