Линклар

Шошилинч хабар
28 апрел 2024, Тошкент вақти: 19:53

Тилхатлар рейтинги - талабалар "пахтани оғзимга солмайман" деб тилхат ëзмоқда


ТАТУ талабаси тилхати "Тилхатлар танлови"нинг ғолиби, деб топилди.
ТАТУ талабаси тилхати "Тилхатлар танлови"нинг ғолиби, деб топилди.

Ўзбекистонда мажбурий меҳнатга барҳам берилаётгани тўғрисида турли минбарлардан айтилаётган гаплар кўпаяётгани баробарида шундай меҳнатга мажбурланаётганлар, хусусан, талабалардан “пахтага ўз хоҳишим билан чиқаман”, деган мазмунда тилхат олиш ҳолатлари ҳам кўпаяяпти. Озодликда ана ўшандай тилхатлардан ўнлаби тўпланиб қолганки, бугун ўша тилхатлар орасида танлов ўтказдик. Танлов ғолибига рамзий "Оқ олтин" медалини тақдим этадиган бўлдик.

"Фидойи ёшлар"

Шу кунларда бутун Ўзбекистон бўйлаб давом этаётган пахта йиғим-теримида ёшу қари, эркагу аёл, талаба ёшлар иштирок этмоқда.

“Олтин қўллар” яратган “оқ олтин” теримида тадбиркорлар ёки улар ёллаган мардикорлар; боғча болалари ва мактаб ўқувчиларининг ота-оналари ёки улар ёллаган мардикорлар; маориф ва тиббиёт муассасалари ходимлари ёки улар ёллаган мардикорлар қатнашмоқда.

Чуқур илдизлари Совет Комсомолига бориб тақаладиган “Камолот”нинг меросхўри – “Ёшлар иттифоқи” бу йилги мавсумда мисли аввалги йилларда кўрилмаган ташаббус билан чиқди: пахта терувчи “Фидойи ёшлар” гуруҳларини тузди.

"Тилхатлар танлови" рейтинги

(Рўйхатусти Бешлиги)

“Фидойи ёшлар”дан илҳом олганми ёки қалблари қўри ҳароратини пахта даласида бироз пасайтириш мақсадидадами, ҳар қалай мамлакатдаги олий ўқув юртлари талабалари мавсум бошланиши биланоқ далага интила бошлади.

Деканату ректоратларнинг қаршилигини улар тилхатлар, кафолат хатлари билан енгиб ўтишга уринмоқда. Тилхат ва кафолат хатларида улар пахта теримида юз бериши мумкин бўлган ҳар қандай бало-қазо учун масъулиятни мардларча ўз зиммаларига олмоқдаларки, биз бугун ана ўша ҳужжатларнинг Рўйхатусти- Топ Бешлигини тузишга қарор қилдик.

Шундай қилиб,

5- ўринда Самарқанд Давлат тиббиёт институти даволаш факультети талабасининг кафолат хати.

Хатга имзо чекувчи бўлғуси дўхтир пахтани “чаноғида қолдирмасдан теришга” кафолат берган. Бироқ кафолат хатини имзоловчи талаба ўз зиммасига олган мажбуриятларни бажармаса, “талабалар сафидан чиқарилиши тўғрисида огоҳлантирилгани”ни тан оладию лекин қайси қонунга биноан ўқишдан ҳайдалишини кўрсатмаганки, натижада бу ҳужжат тузаётганимиз рейтингнинг қуйидан жой олди.

4- ўринда Муҳаммад Ал-Хоразмий номидаги ТАТУ талабалари ва ишчи ходимлари имзолаган тилхат.

Бу ҳужжатда “тилхат” сўзи ишлатилмагани билан мазмун-моҳиятига кўра, у тилхатдир.

ТАТУ талабасининг тилхати анча батафсил ёзилган бўлиб, талаба ўз зиммасига олган мажбуриятлардан биринчиси “пахта толасини оғизга солмаслик”дир. Тилхатда, шунингдек, талаба “ортиқча юк кўтармаслик” мажбурияти ҳам бор.

Лекин талаба пахта даласида кўтарадиган юкнинг меъёри белгилаб қўйилмаганки, бу камчилик ТАТУ талабаси тилхатининг 4- ўринда қолишига жиддий сабаб бўлди.

3- ўринда Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институти талабасининг кафолат хати.

Бу ҳужжатга фахрли 3- ўринни раво кўрганимизга унинг анчайин пухта ёзилгани сабаб бўлди. Бу ҳужжатни имзолаган талаба ота-онасининг шахсига оид барча маълумотларни институт раҳбарларига тақдим этиш мажбуриятини ҳам зиммасига олганки, бу маълумотлар пахтадан кейин ҳам керак бўлиши, муҳими – институт раҳбарияти билан ота-оналар ўртасида чин инсоний муносабатларнинг мустаҳкамланишига ҳисса қўшади.

2- ўринда яна Самарқанд Давлат тиббиёт институти даволаш факультети талабаси кафолат хатининг яна бир варианти.

Рейтингимизнинг 5- ўрнини эгаллаган вариантдан фавқулодда фарқ қиладиган бу вариант фавқулодда пухта ёзилганки, натижада “тилхатлар танлови”нинг кумуш медалини қозонди.

18 пунктли бу тилхатни имзолаб, унинг ҳар бир бандига батамом риоя қилган талаба институтни битиргач, ҳар қандай катта корхонанинг Хавфсизлик техникаси муҳандиси бўлиб ишлаши мумкин. Дўхтирхонани эса, уйида очиб олса ҳам бўлаверади.

Ва ниҳоят, 1- ўрин!

“Тилхатлар танлови”нинг мутлақ ғолиби Тошкент ахборот технологиялари университети талабаси тилхатидир.

ТАТУ талабасининг бу йилги тилхати рейтингимизнинг 4- ўринни эгаллаган бўлса, худди шу ўқув юрти талабасининг 2015 йилги тилхатини мусобақамизнинг “Оқ-олтин” медалига сазовор, деб топдик.

Бу ерда гап Ахборот технологиялари университети талабасининг тилхатни қўлда ёзганидагина эмас. Гап бу тилхат анъаналар бардавомлиги, авлодлар орасидаги ришталар узилмаслиги тимсоли эканлигидадир.

Хуллас, Советча ҳайқириқни бироз ўзгартириб, Тилхат жил, Тилхат жив, Тилхат будет жить! деймиз.

“Бу тилхатлар ноқонунийдир”

Ҳазилни бир четга йиғиштириб, жиддий гапга ўтиладиган бўлса, юқорида тилга олинган тилхатларнинг барчаси талабаларнинг ўзлари ўйлаб топган нарса эмаслигини ҳамма билади. Матни ўқув юрти раҳбарияти томонидан ёзиладиган ва талабаларга қўл қўйдириб олинадиган бундай тилхатлар олиш йилдан-йилга урф бўлиб бораётгани сабабини олий ўқув юртининг собиқ ўқитувчиси, руҳшунос олим Маҳмуджон Йўлдошевдан сўрадик.

- Талабадан бундай тилхат олиш қонунга хилоф. Контракт асосида ўқишга кирган талабани қандай қилиб пахтага олиб бориш мумкин?! Ахир унинг отаси пулни пахта териши учун тўлагани йўқку? деб, саволга савол билан жавоб берди домла.

Маълумки, бу йил ҳокимлар, вазирлар турли минбарлардан мажбурий меҳнат тақиқланиши ҳақида кўп гапирди. Президент Мирзиёевнинг ўзи ҳам 19 сентябрда БМТ Бош Ассамблеясининг 72- сессиясида қилган чиқишида бундай деди:

“Халқаро меҳнат ташкилоти билан ҳамкорликда болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатга барҳам бериш бўйича таъсирчан чоралар кўрилди”.

Бас, шундай экан, ўқув юртлари раҳбарлари талабаларга тилхат ёздириш билан ўзларини потенциал жазодан ҳимоя қилаётгандир?

Бу саволга жавобан Маҳмуджон Йўлдошев “бу тилхатларнинг нотўғри, ноқонуний эканлигини пахта териб катта бўлган адвокат ҳам исботлай билади”, деди.

Ҳуқуқшунос фикри

Маҳмуджон Йўлдошев айтган фикрни тошкентлик ҳуқуқшунос Гулнора Оқилова ҳам такрорлади.

- Агар пахта даласида талабага бирон кор-ҳол бўлгудай бўлса, ундан олинган тилхат ўқув юрти раҳбариятини жавобгарликдан сақлаб қололмайди. Чунки, ўқув юрти пахтага жўнатмаса, талаба бормасди ҳам, тилхат ҳам ёзмасди. Ахир, болалар ўз хоҳиши билан тилхат ёзиб бермайдику, тўғрими? Талабадан тилхат олиш қонунга зиддир, деди ҳуқуқшунос.

Озодлик бошқа икки ҳуқуқшунос билан ҳам суҳбатлашди. Уларнинг фикрича, мақолага илова қилинган тилхатлар талабаларнинг меҳнатга мажбурланганига далил бўлувчи ҳужжат сифатида тан олиниши мумкин.

***

“Тилхатлар танлови”да конкурсдан ташқари иштирок этган тилхатлар ҳам борки, улардан баъзилари билан таништирамиз.

Ўзбекистон Давлат жаҳон тиллари университети халқаро журналистика факультети талабалари “Валентин куни”ни нишонламаслик тўғрисида тилхат берган. 2015 йили ёзилган бу ҳужжат билан талаба “факультетни обрўсизлантирмасликка кафолат берган”:

​Тилхат ёзиш амалиёти Ўзбекистон аҳолисининг барча қатламларига ёйилганига навбатдаги тилхат далилдир. АЁҚШ ходими қуйидаги тилхатни ёзар экан, ўз зиммасига мамлакат ёнилғи заҳирасини тежаш мажбуриятини олган.

Озодлик архивидаги яна бир тилхат 2014 йили ёзилган бўлиб, тилхат ёзиш тажрибаси корхона, ташкилот, муассаса ва ўқув юртларидан хонадонларга ҳам кўчганига далилдир. Сирдарё вилоят, Мирзаобод туманидан келган бу ҳужжатга қўл қўйган фуқаро ўз зиммасига оиласидан бир киши пахта теримига қатнашиб, кунига 60 килодан пахта териб бермаса, жазоланишга тайёр эканлигини билдирган.

XS
SM
MD
LG