Линклар

Озодлик фош қилган милиция зобити ишдан ҳайдалди

  • Озодлик

Жиззах шаҳри, Фурқат маҳалласидаги 27-сонли милиция таянч пункти

Жиззах шаҳрида аёлнинг сочидан юлган Фурқат маҳалласи участка нозири Дилшод Маҳмудов ишдан ҳайдалди. 15 август куни милиция формасидаги кишининг аёлни сочидан тортаётгани акс этган видео Озодликда эълон қилингач, Маҳмудов устидан маъмурий иш очилиб, шаҳар прокуратурасига сўроққа чақиртирилган эди.

18 август куни Озодликка маълум бўлишича, Жиззах шаҳар Фурқат маҳалласи участка нозири Дилшод Маҳмудов ишдан ҳайдалган.

Бу ҳақда Озодликка маълум қилган Жиззах шаҳар ҳуқуқ-тартибот идораларидаги манбага кўра, Маҳмудов айнан “аёлни сочидан тортиб, милиция ходимига тўғри келмайдиган ҳаракат қилгани учун” ишдан бўшатилган.

“Маҳмудов ҳозир ишламайди. 27-сонли милиция таянч пунктига шаҳар ИИБсидан вақтинча янги ходимлар келган. Шаҳар милицияси бошлиғи муовини Тўрабек Қунишевнинг ўзи ҳам ҳозир шу ерда”, - деди исми сир қолиши шарти билан Озодликка гапирган ИИБ ходими.

15 август куни Жиззах шаҳри марказида милиция зобити аёлни сочидан тортаётгани акс этган видео Озодликда эълон қилингач, ижтимоий тармоқларда милициянинг ҳатти-ҳаракати кескин қораланди.

"Милиция ходимларининг фуқароларга ҳайвондек муносабатда бўлишига қачонгача кўз юмииш мумкин", - деб ёзди Facebook тармоғининг Имрон Қодиров исмли фойдаланувчиси.

Озодлик милиция зобитининг аёл киши сочини тортгани билан боғлиқ воқеанинг видеода акс этмаган жиҳатларини ҳам ўрганди.

Гувоҳлардан бирининг Озодликка айтишича, аёлни ўзидан ҳам айб ўтган.

“Участковой мелиса аёлни қандай тинчлантиришни билмади. Аёл қичқириб, мелисага қаршилик кўрсатди, участкавойни шундай чора қўллашга мажбур қилди”, - дейди исми сир қолиши шарти билан Озодликка гапирган жиззахлик.

Озодлик участка нозири Дилшод Маҳмудовнинг ўзи билан ҳам 16 август куни боғланганди.

У воқеани эшитгач, "шамол бўлмаса дарахтнинг учи қимирламайди", дея жавоб қилди ва 5 минутдан сўнг қўнғироқ қилишимизни сўраб, телефон гўшагини қўйиб қўйди.

Ўшандан буён Маҳмудов қўнғироқларга жавоб бермаяпти.

Видеолар самараси

Сўнгги пайтларда ижтимоий тармоқларда ўзбекистонлик тартиб посбонларининг зўравонликлари акс этган видеолар тез-тез тарқатилмоқда.

Озодлик радиосининг ижтимоий тармоқлар бўйича мутахассиси Тўлқин Умаралиевга кўра, Ўзбекистон каби ёпиқ жамиятларда тармоқлар ҳақиқатга эришишда асосий ролни ўйнамоқда:

- Энг осон йўли, ҳозир бирор бир ноҳақликни кўрсангиз ва бу ўз ҳаётингизга хавф солмаса, буни ижтимоий тармоқларга, Телеграм ёки Ватсап орқали жўнатишингиз мумкин. Менимча, бу нарса жуда катта эффект беради, фойда беради ва беряпти. Чунки омманинг баҳси, барибир, катта куч,- дейди Тўлқин Умаралиев.

Ўтган йилнинг март ойида Озодлик муштарийларидан бири Самарқандда икки нафар милиция ходими бир аёлни машина юкхонасига солишга уринаётгани тасвирланган видеони йўллаганди.

Видео Озодликда эълон қилингач милиция ходимлари ишдан бўшатилганди.

2016 йилнинг май ойида эса Тошкентнинг Учтепа тумани Фарҳод маҳалласи участка нозири Иззатилла Ҳошимов 55 яшар аёлни тепгани учун ишдан ҳайдалганди.

Озодлик милиция формасидаги кишининг руҳий ҳаста экани айтилган аёлни калтаклагани акс этган видеони эълон қилган, бу эса ижтимоий тармоқларда жамоатчилик томонидан кескин қораланганди.

Сизнинг фикрингиз

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG