Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 14:52

Тошкентда болалар Ҳайит намозига қўйилди, Наманганда эса айримлари қайтарилди


Ўзбекистоннинг аксар масжидларида 15 июнь куни ўқилган Рамазон ҳайити намозига болаларнинг кириши аввалги йилларга нисбатан эркинроқ бўлгани кузатилди. Лекин, Наманган вилоятининг айрим масжидларида аввалгидек болалар намозга қўйилмаганидан шикоятлар бўлди.

Озодликка келган ва ижтимоий тармоқларда билдирилган шикоятларда Наманганнинг Косонсой туманидаги Эшон бобо, Бузурукхўжа жоме масжиди, Поп туманидаги Имом Зайнобиддин, Саид Жалолхўжа жоме масжидлари номи тилга олинди.

Айтилишича, 15 июн кунги Ҳайит намози вақтида 18 ёшга тўлмаган болалар бу масжидларга киритилмаган.

Хусусан, Косонсой туманидаги Эшон бобо масжидига борган Азимжон, Озодлик билан суҳбатда, фарзандларини қайтаришга мажбур бўлганини айтди.

- Ўзбекистоннинг ҳамма жойида Ҳайит намозига болалар киритиляпти, бизни Намангандаги масжидларда ҳали ҳам эски замондан қолган тақиқлар сақланиб қоляпти. Нимагалигини тушунтириб берадиган одам борми? - дея савол ташлади 3 фарзанди масжидга киритилмаганини айттган наманганлик Азимжон.

Facebook.com ижтимоий тармоғида Поп туманидаги Саид Жалолхўжа масжидига Ҳайит намозига борганини айтган фойдаланувчи: "Масжид ҳовлисига киритилмади, кўчада туришди", деб ёзди.

Шунингдек, Намангандаги аксар масжидларда болалар Рамазон ойида таровеҳ намозига ҳам қўйилмаганидан ҳам шикоятлар кузатилди.

Facebook тармоғида Дилшод Ҳалилов исмли фойдаланувчи бу ҳақда шикоят қилиб, президент Шавкат Мирзиёев қабулхонасига ёзгани, аммо аниқ жавоб олмаганини билдирди.

Наманганлик журналист Носир Зокир болаларнинг масжидларга киритилмаганини Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев олиб бораётган “эркинлаштириш сиёсати"га зид, деб билишини айтади.

- Менимча, айрим масжидлар ўзгаришлардан хабарсиз қолиб, ҳали ҳам ўзбошимча, аввалгидай иш тутаётган бўлса керак-да. У даврлар ўтиб кетди, болаларни ҳам киритишса, Ҳайит яна ҳам файзли бўлади, - деди айрим масжидларда болалар Ҳайит намозига қўйилмаётганидан хабари борлигини айтган Носир Зокир.

Наманганлик маҳалла фаоли Убайдулло Азимов вазиятдан хабари борлигини, аслида ёш болаларни масжиддан узоқроқ тутиш тарафдори эканини билдирди.

- Ёш болалар ўқишини ўқисин. Болани мияси чалғимасин, дейишяпти-да. Фақат, мактабда берилган дарсликларни ўқисин. Мактабни яхши ўқиса олийгоҳларда ўқийди, етук одам бўлиб етишади-да. Мактабни битирганидан кейин масжидга борсин, - дейди Убайдулло Азимов Озодлик билан суҳбатда.

Наманганлик блоггер Аббос Асад ҳам айни мавзуни тилга олиб, болаларга масжид эшикларини ёпиш билан уларнинг радикаллашувига йўл очган бўламиз, деб фикр билдирди.

- Масжид эшикларини очиш керак, диний чекловларни олиб ташлаш керак, ана шунда ёшларнинг радикаллашуви олдини олган бўламиз, - дейди Аббос Асад.

Лекин, Тошкент шаҳри ва бошқа вилоятлардан Озодликка йўлланган хабарлар ва видеотасвирларда аксарият масжидларда болалар бу йил илк бор Ҳайит намозларига қаршиликсиз киритилгани кузатилди.

Ўзбекистонда ҳайит намози адо этилди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:00:59 0:00

Ўтган ой Тошкент шаҳар имом хатиби Одилхон қори Юнусхон ўғли, ёш болалар учун энди масжидлар дарвозаси очилди, деб маъруза қилган эди.

"Ёш болаларга нисбатан озгина монеълик бўлган жойи бор эди. Бугундан бошлаб, ёш болалар учун бемалол дарвозалар очилди", - деган эди Одилхон қори 18 май кунги маърузасида.

Лекин, бу имом ўз баёнотига нима сабаб бўлганини изоҳламаган, шунингдек, Диний идора ҳам бу борада бирор расмий баёнот бермаган эди.

Ҳозирча, Намангандаги вазият ва умумиятла, болаларнинг ҳайит намозларига қўйилиш-қўйилмаслиги борасида Озодлик Ўзбекистон Мусулмонлар идорасидан бирор аниқ изоҳ ололмади.

Хусусан, идора раиси ўринбосари Шайх Абдулазиз Мансур болаларнинг Наманганда Ҳайит намозига киритилмаганидан хабарсиз эканини айтди.

Ўтган ой Ўзбекистондаги айрим мактабларда ота-оналардан фарзандларини ёзги таътил пайти отинойи ёки домлага бермаслик ҳақида тилхат олингани ҳақда Озодлик хабар берган эди.

XS
SM
MD
LG