Линклар

Шошилинч хабар
19 январ 2020, Тошкент вақти: 15:09

Эски паспорт муддати тугашига 1 ой қолди. Паспорт столларида "ур-йиқит' бошланди (ВИДЕО)


Тошкент вилояти, Тошкент тумани паспорт столидаги 31 май кунги манзара.

Ўзбекистонда жорий йилнинг 1 июлидан бошлаб эски (нобиомтрик) паспортларнинг амал қилиш муддати тугаши, шу муддат ичида эски паспортини янги биометрик паспортга алмаштирмаганлар жавобгарликка тортилиши ҳақидаги Ўзбекистон Республикаси ИИВ Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бош бошқармаси​огоҳлантируви ортидан мамлакатдаги паспорт бўлимлари олдида турнақатор навбатлар пайдо бўлди.

Расмийларга кўра, 1 июлгача эски паспортини янги биометрик паспортга алмаштирмаганлар уч минимал ойлик миқдоригача жаримага тортилиши мумкин.

Эски паспорт муддати тугаяпти¸ паспорт столларида ур-йиқит
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:00:56 0:00

Тошкент вилояти Тошкент туманидан Telegram орқали хабар йўллаган муштарий туманнинг Паспорт столи биноси олдида биометрик паспорт олиш учун юзага келган вазиятни суратга олиб Озодликка жўнатди.

“Бошлиқ кондиционерлик салқин хонада ўтириб оддий халққа қўполлик қилмоқда. Оддий халқ паспорт алмаштириш учун иссиқ дим коридорларда навбат кутишга мажбур”, - деб ёзди Тошкент туманида паспорт олишга навбатга турган муштарий.

Тошкент вилояти, Тошкент тумани паспорт столидаги 31 май кунги манзара.
Тошкент вилояти, Тошкент тумани паспорт столидаги 31 май кунги манзара.

Озодлик мухбирининг аниқлашича, нафақат Тошкент вилояти, балки мамлакатнинг деярли барча ҳудудларидаги Паспорт бўлимлари бинолари олдида шу кунларда турнақатор навбатлар юзага келган.

- Навбатга 69-инчи бўлиб ёзилдим, - деди Тошкентнинг Учтепа тумани паспорт столида навбат кутаётган 32 ёшли тошкентлик Тоҳир, - агар аризамни бугун топширсам, бир ойда паспорт тайёр бўлар экан. Лекин, бугун навбатим келишига кўзим етмаяпти..

Маълумки, 1 июлдан эски паспортлар амал қилиш муддати тугайди ва янги паспортни олишга улгурмаганлар учун маъмурий жавобгарлик белгиланган.

Тошкент шаҳар Паспорт бўлими ходими Озодлик билан суҳбатда 1 июлгача эски паспортини янги биометрик паспортга алмаштирмаганлар уч минимал ойлик миқдоригача жаримага тортилишлари мумкинлигини айтди.

- 1 июлгача янги паспорт олмаганлар ярим минимал ойликдан уч минимал ойликгача жаримага тортилади. Яъни 86 минг сўмдан 540 минг сўмгача жарима, - деди Тошкент шаҳар Паспорт бўлими ходими.

Лекин, одатда 10 иш кунида берилиши керак бўлган паспорт аксар вилоятларда, жумладан Тошкент паспорт столларида ҳам бир ойдан ошиқроқ вақтда берилмоқда.

Паспорт столидагилар паспорт олиш учун мурожаатлар кўпайиб кетгани боис паспорт тайёрлаш жараёни чўзилиб кетаётганини айтишди.

- Бугун ариза топширганларга паспорт 1 июлгача тайёр бўлади. Одам жуда кўп. Асосан четда юрганлар ва қариялар. Аввалдан ҳаракат қилишлари керак эди. Паспорт олишга тўрт йил вақт берилди, бир ой қолганда паспорт алмаштириш эсига тушяпти. - деди Тошкентнинг Чилонзор тумани паспорт столи ходими.

Аҳолига паспортни алмаштириш учун қўшимча имконият бериш масадида ИИББ Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармаси ҳамда унинг туманлардаги бўлимлари 26 майдан бошлаб, тонги соат 9да эмас, балки 8 да иш бошлашни йўлга қўйди.

Шунга қарамай айрим вилоятларда паспорт столи олдида навбатлар ниҳоятда кўплиги сабабли айримлар 1 июлгача ҳам паспортини алмаштиришга улгурмаслиги мумкин.

Паспортини алмаштириш учун Россиядан махсус Ўзбекистонга келган бухоролик Зафар Олот тумани паспорт столида навбат кўплиги сабабли уч кундан буён ариза топширолмаётганини айтади.

- Ит эгасини танимайди. У ëқдан ҳам очеред, бу ëқда ҳам очеред. Кимлардир таниш-билиш қилиб безочеред кириб кетади. Навбатга туринглар, деса, уруш-жанжал бўлиб кетади. Бунақа аҳволда янги паспортга аризани умуман топширолмасам керак, - дейди Зафар.

Бухоронинг Олот тумани паспорт столи олдидаги манзара.
Бухоронинг Олот тумани паспорт столи олдидаги манзара.

Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси 2015 йил 6 февраль куни эълон қилган қарорга кўра, жорий йилнинг 1 июлидан бошлаб ўзбекистонликларнинг эски (нобиометрик) турдаги паспорти муддати тугайди.

Ўзбекистонда 2011 йилнинг январидан бошланган биометрик паспортга ўтиш жараёни 2015 йилнинг декабрига қадар тўла якунланиши кўзда тутилган эди.

Дастлаб эски русумдаги паспортларнинг 2015 йил 31 декабригача амалда бўлиши эълон қилинган.

Кейинчалик Вазирлар Маҳкамаси эски паспортларнинг мамлакат ичидаги амал қилиш муддатини 2018 йил 1 июлигача узайтирди.

Лекин хорижда эски паспорт билан юрган Ўзбекистон фуқароси амал қилиш муддати тугамаган бўлса, ундан ватанига қайтиш учун учинчи мамлакатлар ҳудуди орқали транзит ўтишлари учун бир марталик ҳужжат сифатида фойдаланиши мумкин.

XS
SM
MD
LG