Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 07:13

Жиззахда мактаб котибаси осилган ҳолда топилди


Жиззах вилояти Зомин туманининг Даштобод шаҳарчасида жойлашган 50-умумтаълим мактабининг 29 ёшли котибаси ўз уйи молхонасида осилган ҳолда топилди. Яқинлари аёл ўзини осганини Озодликка айтди. Туман Ички ишлар бўлими мазкур ҳолат бўйича суриштирув олиб бораётганини маълум қилди.

Ҳодиса 31 август куни Жиззахнинг Зомин тумани Даштобод шаҳарчаси Улуғбек маҳалласида рўй берди.

Ўзини осган аёлнинг исми Озодликка маълум, лекин журналистика одоби нуқтаи назаридан таҳририят унинг исмини очиқламайди.

Шу қишлоқ аҳли вакилларидан бирининг Озодликка айтишича, аёл мактабда тарқалган ўз шахсига оид гап-сўзга чидай олмаган ва молхонаси айвонининг тўсинига ўзини осган.

- Бу аёл узоқ турмушга чиқмай қолган. Ўзини осишидан олдин мактаб раҳбарларидан бири билан дон олишиб юрган, деган гап сўз бутун қишлоққа тарқаб кетганди-да. Шу иснодга чадай олмай ўзини осган, - дейди марҳумнинг ҳамқишлоғи.

Озодликка маълум бўлишича, ўзини осган аёлнинг отаси Улуғбек маҳалласи фаолларидан.

Лекин у қизининг ўлими юзасидан Озодликка гапиришни истамади.

Зомин тумани Ички ишлар бўлими расмийлари эса мазкур ҳолат бўйича суриштирув олиб бораётганини айтиш билан чекланди.

50-сонли мактаб директори Улфат Холиқов ўзи ва ҳамкасблари котиба қиз ўзини осгани ҳақидаги хабардан ларзага келганини айтди.

- Жуда яхши аёл эди. Ҳозир нимага бунақа қилганига ҳайронмиз. Ҳар хил гап-сўз. Бу иш бўлишидан олдин кулиб, ўйнаб юрганди. Бирданига шу хабарни олдик. Лекин, мактабда ким биландир юргани ҳақидаги гап-сўзлар бўлмаган гап, - дейди Холиқов.

Жиззах вилояти Зомин туманидаги 50-умумтаълим мактаб сўнгги уч йил ичида иккинчи марта матбуот назарига тушмоқда.

2015 йилда айни мактабнинг жисмоний тарбия ўқитувчиси жинсий эҳтиёжини етти яшар ўқувчи қизларга нисбатан ғайритабиий усулда қондирганликда гумонланиб, ҳибсга олинган эди.

Ҳозирда ўқитувчи 17 йилга озодликдан маърум қилинган эди.

Ўзбекистонда ёшлар орасида ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари учраб туради.

Ўтган ой Янгийўл тумани, Навоий маҳалласи, Ниҳол кўчасида Янгийўл иқтисодиёт касб-ҳунар коллежининг 3-курс ўқувчиси, 1999 йилда туғилган қиз ошхона тўсинига ўзини осган ва қиз вафот этган эди.

2017 йилда Самарқандда 63 ёшли ҳамқишлоғи зўрлаган 17 ёшли қиз ўзини осгани ҳақда Озодлик хабар берган эди.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев мамлакатда аёллар ўртасида суиқасд ҳолатлари соат сайин ортаётганини айтганди.

Мирзиёв ўз қабулхонасига келиб тушган мурожаатларнинг 70 фоизи аёлларга тегишли эканлигини таъкидлаган.

Президент Хотин-қизлар қўмитаси нима иш қилишни билмаётганини айтиб, бундай тизимнинг кераклигини савол остига қўйганди.

XS
SM
MD
LG